Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.11.2020 й. 732-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 19 ноябрдаги

732-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри"

географик ахборот тизими тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўзбекистон Республикаси Давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизими (кейинги ўринларда - геопортал)нинг шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан фойдаланувчи субъектларни, уларнинг вазифалари, жавобгарлиги ҳамда ишлаш тартибини белгилайди.


2. Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


геопортал - жаҳон интернет ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳудудлар тўғрисидаги фазовий маълумотларга (очиқ географик ресурсларга, шаҳарсозлик режалаштириш натижаларига, ерни масофадан туриб зондлашнинг ҳудудий маълумотлар банкига) киришни таъминловчи ахборот тизими;


геопорталнинг ваколатли органи - Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги;


геопортал оператори - геоахборот тизимига техник хизмат кўрсатиш ва ишлашига, шунингдек, "Электрон ҳукумат" билан интеграллашувига масъул "Қурилишда муҳандислик изланишлари, геоинформатика ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-тадқиқот институти" ДУК;


геопортал иштирокчилари - шаҳарсозликка оид ахборот алмашинувида иштирок этувчи, геопортал маълумотларидан фойдаланувчи, шунингдек, тегишли фазовий маълумотлар ва метамаълумотларни тақдим этишни таъминлаб берувчи юридик шахслар;


геопортал фойдаланувчилари - геопорталдан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар;


фазовий маълумотлар - ҳудуддаги объектлар жойлашуви тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳамда муайян шаклда ва координаталар тизимида тақдим этилган ахборот;


метамаълумотлар - объектларни идентификациялаш, топиш, баҳолаш ва бошқаришга имкон берувчи ахборот ёки маълумотларларни тавсифловчи тузилмалардан иборат маълумотлар. Метамаълумотлар катта ахборот оқимларидан автоматик равишда қидириб топиш ва уларни бошқаришга рухсат берадиган муайян моҳиятларни тавсифловчи белгилар ва хусусиятлар тўғрисидаги маълумотларни очиб беради;


мавзуга оид фазовий маълумотлар - аниқ предметли соҳага тааллуқли фазовий маълумотлар;


қатлам - маълум ҳудуддаги объектлар тўплами учун умумий бўлган координаталар тизимида бир мавзуга (муҳандислик-коммуникация, автомобиль йўллари ва бошқалар) алоқадор бир тоифадаги фазовий объектларни рақамли ифодалаш мажмуи.


3. Геопортал шаҳарсозликка оид ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш, ишлов бериш, тизимлаштириш ва сақлашни таъминлайди ҳамда "Электрон ҳукумат" доирасида идоралараро ҳамкорликни амалга оширади.

Геопортал Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги шаҳарсозлик фаолиятига оид фазовий маълумотларни излаш, визуаллаштириш, баҳолаш ва яратиш имконини берувчи автоматик тизимдир.



2-БОБ. ГЕОПОРТАЛНИНГ МАҚСАДИ, ФУНКЦИЯСИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Геопорталнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда жисмоний шахсларни шаҳарсозлик кадастри объектлари тўғрисидаги ишончли маълумотлар билан таъминлаш;

шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорликни такомиллаштириш;

ҳудудларни бошқариш, транспортга оид инфратузилмани ривожлантириш ва иқтисодиёт тармоқларига тегишли бошқа масалаларни самарали ҳал қилиш учун шарт-шароитлар яратиш.

5. Қуйидагилар геопорталнинг функциялари ҳисобланади:

шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги фазовий маълумотларни марказлаштирилган тарзда сақлаш ва бошқариш;

шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги фазовий маълумотлар жамланиши, сақланиши ва визуаллаштирилишининг тақсимланган тизимини ташкил қилиш;

бошқарувга оид қарорлар шаклланиши ва қабул қилинишининг ахборот таъминоти, жумладан, ахборотни излаш ва таҳлил қилиш ва фойдаланувчилар томонидан қўлланилиши учун қулай кўринишда тақдим этиш, шунингдек фазовий маълумотларнинг яхлитлиги, ишончлилиги, ҳимояланганлиги ва хавфсизлигини таъминлаш.


6. Қуйидагилар геопорталнинг вазифалари ҳисобланади:

ҳудудлардан амалда фойдаланиш, ҳудудларда қурилиш ишларини амалга ошириш ва ҳудудлар ҳамда шаҳарсозлик фаолияти объектларидан фойдаланиш бўйича регламентлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда юритиш;

шаҳарсозлик ҳужжатларидаги ўзгаришлар динамикасини ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш;

ҳудудда рўй бераётган ўзгаришларнинг ҳисобини юритиш ва уларнинг тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;

шаҳарсозлик вазифаларини ҳал қилиш учун давлат органлари ва ташкилотларини ҳамда жисмоний шахсларни геоахборот билан таъминлаш;

шаҳарсозлик фаолияти объектлари ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш;

ҳудудлар, кўчмас мулк объектлари, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларининг манзилли реестрини шакллантириш;

шаҳарсозлик фаолияти объектларини лойиҳалаш ва қуриш мақсадлари учун бажарилган муҳандислик-техник қидирувлари (шу жумладан, қурилиши тугалланган объектларнинг ижро тасвирлари) материаллари ҳисобини юритиш;

шаҳарсозлик фаолияти объектларида амалга оширилаётган лойиҳа ҳужжатлари ҳисобини юритиш;

шаҳарсозлик фаолиятига оид техник жиҳатдан тартибга солувчи норматив базани юритиш.

шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги фазовий маълумотларни марказлаштирилган тарзда сақлаш ва бошқариш;

шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги фазовий маълумотлар жамланиши, сақланиши ва визуаллаштирилишининг тақсимланган тизимини ташкил қилиш;

бошқарувга оид қарорлар шакллантирилиши ва қабул қилинишининг ахборот таъминоти, жумладан, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва фойдаланувчилар учун қулай шаклда тақдим этиш, шунингдек, фазовий маълумотларнинг яхлитлиги, ишончлилиги, ҳимояланганлиги ва хавфсизлигини таъминлаш.


7. Геопорталнинг фазовий маълумотларидан фойдаланиш тартиби, технологик тузилмаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланади.


8. Геопорталдаги ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорлик ва фазовий маълумотлар алмашинуви векторли ва семантик маълумотларни кўриб чиқиш режимида, шунингдек, сўровлар асосида амалга оширилади.



3-БОБ. ГЕОПОРТАЛ ТИЗИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

АХБОРОТ АЛМАШИНУВИ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК


9. Геопортал доирасида ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорлик геопорталнинг ваколатли органи, геопорталнинг оператори ва геопорталнинг иштирокчилари сифатида - лойиҳа-қидирув ташкилотлари, "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" ДУК ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан амалга оширилади.


10. Геопортал ваколатли органи тизим иштирокчилари, таркиби, қатламлар шаклланиши ва долзарблаштирилиши муддатларининг ҳисобини юритади.


11. Геопортал доирасидаги ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорлик белгиланган тартибда бепул амалга оширилади.


12. Геопортал иштирокчилари мавзуга оид фазовий маълумотлар ва улар тўғрисидаги маълумотлар долзарблигини таъминлаб, ушбу Низомда назарда тутилган тартибда геопортал операторига тақдим этади.


13. Ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорлик геопортал оператори томонидан геопорталга жойлаштирилган ахборот алмашинуви объектларидан фойдаланиш ташкил қилиниши орқали амалга оширилади.


14. Геопортал доирасидаги ахборот алмашинуви WGS-84 координаталар тизимида амалга оширилади.

Геопорталнинг фазовий маълумотларини тарқатиш жаҳон интернет ахборот тармоғи орқали марказлаштирилган тарзда амалга оширилади.


15. Барча фазовий маълумотлар ва метамаълумотлар геопорталнинг ягона маълумотлар банкида ҳисобга олинади.

Геопорталнинг ягона маълумотлар банки ишлаб чиқилиши учун геопортал оператори масъул ҳисобланади.


16. Геопортал оператори қуйидагиларни:

геопортал маълумотларини жойлаштириш ва сақлашга рухсат бериш, рухсатсиз фойдаланишдан уларни ҳимоя қилишни;

геопорталнинг узлуксиз ишлашини;

фазовий маълумотлар алмашинувининг очиқ, умумий қабул қилинган форматларини қўллаб-қувватлашни;

геопортал фазовий маълумотларидан фойдаланиш ҳуқуқларини бошқаришни;

жаҳон интернет ахборот тармоғида эълон қилиш учун мўлжалланган очиқ ахборотдан кўриб чиқиш режимида фойдаланиш параметрларини созлашни;

геопортал ваколатли органининг геопортал ресурсларидан фойдаланиш бўйича йиғма ҳисоботини шакллантиришни таъминлайди.


17. Геопортал ваколатли органи геопорталнинг ягона маълумотлар банкини юритиш учун масъул ҳисобланади.


18. Геопортал иштирокчилари томонидан амалга ошириладиган вазифалар геопортал ваколатли органи томонидан белгиланади.


19. Ягона маълумотлар банкига киритиладиган ахборотлар долзарблиги ва ишончлилиги геопортал иштирокчиси томонидан таъминланади.



4-БОБ. ГЕОПОРТАЛДАН ФОЙДАЛАНИШГА

РУХСАТ ОЛИШ ТАРТИБИ


20. Геопортал иштирокчиси геопортал оператори билан биргаликда геопортал фойдаланувчилари қатламлари таркибини ва геопортал фойдаланувчиларининг тегишли қатламларга кириш ваколатлари (очиқ ёки ёпиқ) даражасини белгилайди.


21. Геопортал функцияларидан фойдаланишга рухсат олиш учун барча иштирокчилар белгиланган тартибда авторизация ва идентификациядан ўтиши талаб этилади.

Геопорталнинг авторизация қилинмаган иштирокчилари геопорталнинг қўшимча функцияларидан фойдаланиш имкониятисиз унинг фақат очиқ ахборотидан эркин фойдаланиши мумкин.


22. Геопортал иштирокчилари ўз мутахассислари таркибидан ахборот алмашинув объектларининг геопорталда долзарблаштирилиши, тақдим этилиши ва жойлаштирилиши учун масъул шахсларни тайинлайди ва геопорталнинг ваколатли органига ушбу шахсларни геопорталда ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича рўйхатдан ўтказиш учун ариза жўнатади.

Аризада масъул ходимлар фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ кўрсатилган ҳолда рўйхат тақдим этилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

маълумотлар диспетчерлари, масъул ходимлар паспортларининг нусхалари;

ушбу ходимлар лавозимга тайинланганлиги ҳақидаги буйруқлар нусхалари;

ходимларнинг геопорталга тегишли маълумотларни киритиш бўйича функционал вазифалари тўғрисидаги маълумотлар.

Геопорталнинг ваколатли органи томонидан ижобий жавоб берилган тақдирда геопортал оператори икки иш куни мобайнида геопорталдан фойдаланишга рухсат олиш учун зарур бўлган рўйхатга олиш маълумотларини (фойдаланувчилар логини ва паролларини) тақдим этади.

Геопортал иштирокчисининг масъул шахсларини рўйхатдан ўтказиш схемаси ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ амалга оширилади.


23. Геопортал оператори ўз мутахассислари таркибидан геопортал иштирокчилари ўртасидаги ахборот алмашинувини таъминлайдиган масъул шахсларни тайинлайди.


24. Мазкур Низом талаблари геопортал иштирокчисининг масъул ходими томонидан бузилганида, геопортал оператори геопорталнинг ваколатли органи билан келишган ҳолда геопортал иштирокчиси масъул ходимини рўйхат олиш ёзувини ёпиб қўйиш ҳуқуқига эга.


25. Геопортал аъзосининг масъул ходими ёки унинг алоқа маълумотлари ўзгарганда, геопортал аъзоси бир иш куни мобайнида электрон почта манзили орқали операторга хабар беради ва бир иш кунида геопортал оператори вақтинча хизмат кўрсатишни тўхтатади.

Кўрсатилган шахс, шунингдек, геопортал иштирокчиси уч иш кунида геопортал операторига ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ёки геопорталдаги иштирокчи жавобгар шахсининг ҳисобга олиш маълумотларини ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ бекор қилиш учун ариза юборади.


26. Геопортал оператори уч иш куни ичида иштирокчи аризасига биноан геопортал иштирокчиси масъул ходимининг геопорталдан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўяди ёки ўзгартиради.

Геопортал иштирокчиси масъул ходимининг геопорталдан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўйиш ёки ўзгартириш ушбу Низомга 6-иловага мувофиқ амалга оширилади.


27. Геопортал иштирокчиси ушбу Низомга 7-иловага мувофиқ қатламларни яратиш ва уларга кириш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисидаги аризани геопортал ваколатли органига юборади.

Геопортал ваколатли органи геопортал оператори ва геопортал иштирокчиси масъул ходимларини хабардор қилиш орқали қатламларни яратиш ва уларга кириш ҳуқуқини рад этади.


28. Геопортал оператори геопорталнинг ваколатли органи томонидан тизимдаги қатламларни яратиш бўйича ариза ижобий кўриб чиқилиши натижалари асосида геопортал иштирокчисининг кейинги хабарномаси билан ўттиз иш куни ичида қатламлар яратади.


29. Геопортал оператори ахборот алмашинув объектларини жойлаштириш учун геопортал иштирокчилари геопорталдан фойдаланишини таъминлайди.


30. Геопортал оператори геопортал иштирокчилари масъул ходимлари ҳамда геопорталда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар ҳисобини юритади, геопорталга кириш ва ундан фойдаланиш жараёнларини мувофиқлаштириб боради.


31. Геопортал операторидан рўйхатга олиш маълумотлари ва иштирокчиси учун қатламлар яратилганлиги ҳақидаги ёзма хабар олганидан кейин геопортал иштирокчиси фазовий маълумотларни киритиши, атрибутив ахборотнинг долзарблигини геопортал орқали амалга ошириши мумкин.


32. Геопортал иштирокчисининг фазовий маълумотлари киритилгандан ва/ёки долзарблаштирилгандан кейин геопорталнинг ваколатли органи бир иш кунида геопортал иштирокчисига хат жўнатиш йўли билан ахборот алмашинувининг ҳар бир объекти киритилганлигини тасдиқлайди ёки ахборот алмашинуви бўйича объектлар киритилишини сабабларини кўрсатган ҳолда рад этади.

Қатламларни яратиш ва уларга рухсат берилган киришни таъминлаш ушбу Низомга 8-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


33. Геопортал иштирокчиси томонидан қатламдаги фазовий объектларни бир хил услубда акс эттиришнинг имкони бўлмаса, геопортал иштирокчиси ушбу қатламни қатламлар тўплами сифатида тақдим этиб, геопорталнинг ваколатли органига ушбу Низомга 7-иловада келтирилган шаклга мувофиқ қатламларни яратиш ҳақида ариза жўнатиши талаб этилади.


34. Геопорталнинг бошқа иштирокчисига тегишли ёпиқ қатламларга киришга рухсат олиш зарурати туғилса, геопортал иштирокчиси геопорталнинг ваколатли органига ушбу Низомга 9-иловага мувофиқ кўрсатилган қатламлардан фойдаланиш заруратини асослаб берувчи ҳужжатлар илова қилинган аризани жўнатади.


35. Ёпиқ қатламлардан фойдаланиш бўйича геопортал иштирокчисидан ариза тушганда геопорталнинг ваколатли органи уч иш куни мобайнида:

геопортал оператори ва аризада кўрсатилган қатламларга бириктирилган геопортал иштирокчисига қатламлардан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги ариза;

қатламлардан фойдаланиш заруратини асослаб берувчи ҳужжатлар нусхаси илова этилган сўров жўнатади.


36. Сўров тушган кундан бошлаб ўн иш кунида сўровга масъул геопортал иштирокчиси ариза берган геопортал иштирокчисига қатламлардан фойдаланишга рухсат бериш ёки рад этиш ҳақидаги қарор тўғрисида, рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда, геопортал операторини электрон почта орқали хабардор қилади.

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, геопортал оператори уч иш куни мобайнида геопортал иштирокчисининг масъул вакили учун кўрсатилган қатламлардан фойдаланиш имкониятини яратади.

Ёпиқ қатламлардан фойдаланишга рухсат олиш тартиби ушбу Низомга 10-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


37. Ёпиқ қатламлардан фойдаланишга рухсат олиш учун геопортал иштирокчилари геопорталнинг ваколатли органига мурожаат қилади.

Ўз ўрнида, геопорталнинг ваколатли органи геопортал иштирокчиларига 30 календарь кун мобайнида фойдаланиш бўйича тегишли рухсатни келишилишини таъминлайди.



5-БОБ. ФАЗОВИЙ МАЪЛУМОТЛАРНИ

ЙИҒИШ ТАРТИБИ


38. Мавзуга оид фазовий маълумотларни (шу жумладан, муҳандислик-техник қидирувлари) геопорталдан фойдаланиб ягона веб-интерфейс орқали йиғиш ва жойлаштириш геопортал иштирокчилари томонидан амалга оширилади ва WGS-84 координаталар тизимида жойлаштирилади.

39. Геопортал иштирокчиси фазовий маълумотларнинг киритилиши ва/ёки долзарблаштирилишини ягона веб-интерфейс воситасида ушбу даврга мувофиқ амалга оширади.



6-БОБ. ФАЗОВИЙ МАЪЛУМОТЛАРНИ ҚАЙТА

ИШЛАШ ТАРТИБИ


40. Мавзуга оид фазовий маълумотларни акс эттириш билан боғлиқ бўлган муайян ўзгартириш, геопортал иштирокчисининг буюртманомасига кўра геопортал оператори томонидан амалга оширилади.


41. Геопортал иштирокчиси томонидан бир ёки бир нечта ахборот қатламларни ўчириш ушбу Низомга 11-иловага мувофиқ амалга оширилади.

Геопорталнинг ваколатли органи беш иш куни ичида қатламни ўчириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиб, бу ҳақида геопортал оператори ва иштирокчиларини хабардор қилади.

Геопортал оператори геопорталнинг ваколатли органи қабул қилган қарор натижаларига мувофиқ уч иш кунида кўрсатилган қатламни геопортал маълумотлар базасидан ушбу Низомга 12-иловага мувофиқ бутунлай ўчириб ташлайди.


42. Ўчирилган қатламни тиклаш зарурати туғилган тақдирда, қатлам иштирокчиси геопорталнинг ваколатли органига қатламни тиклаш асосларини кўрсатган ҳолда ушбу Низомга 13-иловага мувофиқ ариза юборади.

Геопорталнинг ваколатли органи қатламни тиклаш юзасидан беш иш куни мобайнида тегишли қарорни қабул қилади.

Геопортал оператори геопорталнинг ваколатли органи қарори асосида ўттиз иш куни мобайнида ўчирилган қатламни тиклайди ёки рад этилишини асослайди.

Ўчирилганлигига бир йилдан кўп бўлмаган қатламларгина тегишли тартибда тикланиши мумкин.


43. Агар геопортал иштирокчиси геопортални тўлдириш учун зарур ахборотга эга маълумотлар базаси ёки реестрни юритаётган бўлса, уни геопортал билан бирлаштириш ёки мавзуга оид фазовий маълумотларни геопортал маълумотлар базасига интеграция қилишни ташкил қилиш мумкин.

Геопортал иштирокчиси бу каби ахборот тизимларини бирлаштириш ёки мавзуга оид фазовий маълумотларни геопортал маълумотлар базасига интеграция қилиш имкониятини геопортал оператори билан келишади.


44. Қоғозда қайд этилган ахборот геопортал иштирокчиси томонидан рақамлаштирилиб, геопортал форматида векторланиши ва WGS84 координаталар тизимида келтирилиши талаб этилади.


45. Рақамланган фазовий маълумотлар геопортал маълумотлар базасига юкланишидан олдин геопортал иштирокчиси томонидан электрон жадваллар шаклига келтирилади.



7-БОБ. ФОЙДАЛАНИШНИНГ ЁПИҚ ДАРАЖАСИДАГИ

АХБОРОТНИ РУХСАТСИЗ ТАРҚАТГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


46. Геопорталда фойдаланишнинг ёпиқ даражасидаги ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқига эга геопортал иштирокчилари ва фойдаланувчилари мазкур ҳуқуқни учинчи шахсга тақдим этиши тақиқланади.


47. Геопорталнинг ваколатли органи, геопортал оператори, геопортал иштирокчилари ва геопортал фойдаланувчилари фойдаланишнинг ёпиқ даражасидаги ахборотлардан фойдаланиш ҳуқуқини белгиланган тартибларга зид равишда учинчи шахсга тақдим этса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган тартибда жавоб беради.


48. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


49. Геопортал фаолияти ваколатли орган таклифига асосан қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.




Низомга

1-ИЛОВА



Рўйхатдан ўтиш учун бериладиган ариза шакли


ТАШКИЛОТ БЛАНКАСИДА



Ўзбекистон Республикаси

Қурилиш вазирлигига


Рўйхатдан ўтиш учун ариза

Ахборот билан тўлдириш ва маълумотлардан фойдаланиш ишларини амалга оширишни таъминлаш учун қуйидаги мутахассисларга "Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизими геопорталининг қуйида санаб ўтилган геоахборот қатламларидан фойдаланиш учун рўйхатга олиш маълумотларини беришингизни сўрайман:

Ф.И.О.

Лавозими

Хизмат телефони

Электрон почта манзили


Фойдаланиш имконияти таъминланиши сўралаётган геоахборот қатламлари





(раҳбарнинг лавозими)


(имзо)

(Ф.И.О)

М.Ў. ______________

Изоҳ. Ҳар бир мутахассиснинг электрон почта манзили такрорланмайдиган ва ташкилотнинг корпоратив электрон почталарида бўлиши лозим.






Низомга

2-ИЛОВА



Геопортал иштирокчисининг масъул

шахсларини рўйхатдан ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддатлари

1-босқич

Иштирокчи


Геопортал мувофиқлаштирувчисига ўз мутахассисларини рўйхатдан ўтказиш учун ариза жўнатади.


Ихтиёрига кўра







2-босқич

Мувофиқлаштирувчи

(Қурилиш вазирлиги)


Геопорталга киришга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиб, бу ҳақида геопортал оператори ва геопортал иштирокчиси масъул шахсларини хабардор қилади.


5 иш куни мобайнида

  

3-босқич

Оператор


Геопорталдан фойдаланишга рухсат олиш учун зарур бўлган рўйхатга олиш маълумотларини тақдим этади.

Гепортал иштирокчисининг маълумотлар диспетчери ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни (паспорт, хизмат гувоҳномаси) тақдим этиб, шахсан геопортал операторининг масъул шахсидан ўзининг рўйхатга олиш маълумотларини олади. Геопортал иштирокчисининг бошқа шахси паспорт ёки хизмат гувоҳномаси ва ишончномани тақдим этиб, геопортал масъул иштирокчисининг рўйхатга олиш маълумотларини олиши мумкин.


2 иш куни мобайнида




Низомга

3-ИЛОВА



Рўйхатдан ўтиш маълумотларини олиш учун ишончнома шакли


ТАШКИЛОТ БЛАНКАСИДА


___- сон И Ш О Н Ч Н О М А

(берилган сана)


(вилоят, шаҳар)

асосида иш кўрувчи



(ташкилот номи)

номидан


(лавозими,фамилияси, исми, отасининг исми)

ушбу ишончнома орқали корхонанинг


(лавозими)

га

(фамилияси, исми, отасининг исми)


(паспорт серияси) ________ N ________________,

да


(берилган санаси)


томонидан берилган,

(ким томонидан берилган)


манзили бўйича рўйхатга олинган

(яшаш манзили)


"Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизими геопортали оператори - _________________________________________ да бизнинг вакил сифатида, ташкилотимизнинг қуйидаги ходимларига геопорталга кириш ва ундан фойдаланиш учун рўйхатга олиш маълумотларини (фойдаланувчиларнинг логин ва пароллари) олиш, шунингдек, ушбу топшириқ билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни амалга ошириш учун берилди:

Ф.И.О.

Лавозими

Телефон рақами



Ушбу ишончнома ваколатларни бошқа шахсга ўтказмаслик шарти билан 20__ й. "___"____________ гача берилди.

(раҳбарнинг лавозими)


(имзо)

(Ф.И.О)

М.Ў. ______________




Низомга

4-ИЛОВА

Рўйхатга олиш маълумотларини ўзгартириш

учун бериладиган ариза шакли


ТАШКИЛОТ БЛАНКАСИДА


Ўзбекистон Республикаси

Қурилиш вазирлигига


"ЎзГАШКЛИТИ" ДУК

Рўйхатга олиш маълумотларини ўзгартириш учун

АРИЗА



20_ й. "__" _______



_______________________ муносабати билан геопортал иштирокчиси масъул ходими Ф.И.О / лавозими / хизмат телефон рақами / электрон почта манзили маълумотларини ўзгартириб, "Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизимининг қуйида санаб ўтилган қатламларидан фойдаланишни тақдим этишингизни (бекор қилишингизни) сўрайман.

Ф.И.О.

Лавозими

Хизмат телефони

Электрон почта манзили


Фойдаланиш учун рўйхатга олиш маълумотлари ўзгартирилиши лозим бўлган геоахборот қатламлари





(раҳбарнинг лавозими)


(имзо)

(Ф.И.О)

М.Ў. ______________




Низомга

5-ИЛОВА



Рўйхатга олиш маълумотларини ўчириш ва

фойдаланиш ҳуқуқларини бекор қилиш учун

АРИЗА


ТАШКИЛОТ БЛАНКАСИДА


Ўзбекистон Республикаси

Қурилиш вазирлигига


"ЎзГАШКЛИТИ" ДУК

"Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри"

географик ахборот тизими геопортали иштирокчисининг

рўйхатга олиш маълумотларини ўчириш ва фойдаланиш

ҳуқуқларини бекор қилиш учун

АРИЗА



20__ й. "___" ________



_______________ муносабати билан "Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизимининг геопортали иштирокчисининг рўйхатга олиш маълумотларини ўчириб, геопорталнинг қуйида санаб ўтилган қатламларидан фойдаланиш ҳуқуқларини бекор қилишингизни сўрайман.

Ф.И.О.

Лавозими

Хизмат телефони

Электрон почта манзили

Фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниши лозим бўлган геоахборот





(раҳбарнинг лавозими)


(имзо)

(Ф.И.О)

М.Ў. ______________




Низомга

6-ИЛОВА



Геопортал иштирокчиларининг рўйхатга олиш

маълумотларини ўзгартириш ёки бекор қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддатлари


1-босқич


Иштирокчи

Масъул шахс алмашганда ёки у тўғрисидаги маълумотлар ўзгарганда геопортал иштирокчиси бу ҳақида геопортал операторини электрон почта орқали хабардор қилади.


1 иш куни давомида







2-босқич


Оператор

Геопортал иштирокчисининг кўрсатилган масъул шахсига хизмат кўрсатишни вақтинча тўхтатиб туради.


1 иш куни давомида







3-босқич


Иштирокчи

Рўйхатга олиш маълумотларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун геопортал операторига ариза жўнатади.


3 иш куни давомида







4-босқич


Оператор

Рўйхатга олиш маълумотларини ўзгартириш ёки бекор қилишни амалга оширади.


3 иш куни давомида




Низомга

7-ИЛОВА



Қатламларни яратиш (таркибини ўзгартириш)

учун бериладиган ариза шакли


ТАШКИЛОТ БЛАНКАСИДА



Ўзбекистон Республикаси

Қурилиш вазирлигига

Қатламларни яратиш (таркибини ўзгартириш) учун ариза


20 __ й. "___" _________


"Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизими геопортали доирасида 20__ й. "____"__________  -сон Ахборот алмашинуви тўғрисидаги келишувга мувофиқ

      

учун қуйидаги қатламларни яратиб (таркибини ўзгартириб) беришингизни сўрайман:

(ташкилот номи)


Мавзу бўйича бўлим


Қатламнинг номланиши

Қатламнинг фазовий маълумотлари (географик, атрибутик, семантик, график)

Киритиладиган объектлар тури (нуқта, чизиқ, полигон)

Киритиладиган объектлар кўриниши (ранги, ранг билан тўлдирилиши, шакли, штрихланиши ёки график белгиси)

Қатлам объектларининг эҳтимолий кўрсаткичлари (график белгиларини яратиш учун)

Қатламни шакллантириш муддати


Қатламни долзарблашти-риш муддати ва (ёки) даврийлиги


Қатламнинг оммавий кўриниши

(ҳа / йўқ)











(раҳбарнинг лавозими)


(имзо)

(Ф.И.О)

М.Ў. ______________




Низомга

8-ИЛОВА



Қатламларни яратиш (таркибини ўзгартириш) ва уларга

рўйхатга олинган киришни ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддати



1-босқич


Иштирокчи


Геопортал мувофиқлаштирувчисига қатламлар яратиш (таркибини ўзгартириш) ва улардан авторизация қилинган фойдаланиш учун ариза жўнатади.


Ихтиёрига кўра







2-босқич


Мувофиқлаштирувчи

(Қурилиш вазирлиги)


Қатламлар яратиш (таркибини ўзгартириш) ва улардан авторизация қилинган фойдаланиш учун рухсат бериш ёки рад этиш ҳақидаги қарорни қабул қилади ва бу ҳақида геопортал оператори ва геопортал иштирокчиларини хабардор қилади.


5 иш куни мобайнида







3-босқич


Оператор


Геопортал мувофиқлаштирувчиси томонидан ижобий кўриб чиқилиши натижалари бўйича геопортал қатламларини яратади (таркибини ўзгартиради) ва геопортал иштирокчиларини бу тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.


30 иш куни мобайнида







4-босқич


Иштирокчи


Фазовий маълумотларни киритишни, ахборот алмашинуви объектлари атрибутив ахборотни актуализациясини геопорталнинг ягона веб-интерфейси орқали қатламларни яратиш учун берилган аризада кўрсатилган актуализация даврига мувофиқ амалга оширади.


Доимо

5-босқич


Мувофиқлаштирувчи

(Қурилиш вазирлиги)


Ахборот алмашинувининг ҳар бир объекти киритилганини тасдиқлайди ёки ахборот алмашинуви бўйича қайсидир объектлар киритилмагани сабабларини кўрсатган ҳолда рад этиб, электрон почта орқали геопортал иштирокчисига хат жўнатиш йўли билан хабардор қилади.


1 иш куни мобайнида




Низомга

9-ИЛОВА



Геопортал бошқа иштирокчиларининг ёпиқ қатламларидан

фойдаланишга рухсат олиш учун ариза шакли


ТАШКИЛОТ БЛАНКАСИДА



Ўзбекистон Республикаси

Қурилиш вазирлигига

"Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри"

географик ахборот тизими геопортали бошқа иштирокчиларининг

ёпиқ қатламларидан фойдаланишга рухсат олиш учун

Ариза



20___ й. "____" __________


ижозати билан

(ёпиқ қатлам эгаси бўлган иштирокчи, ташкилот номи)


"Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизими геопортали иштирокчиси бўлган

(ариза берувчи ташкилот номи)

учун "Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри" географик ахборот тизими геопорталининг қуйида санаб ўтилган қатламларидан фойдаланишга рухсат беришингизни сўрайман:

Ф.И.О.

Лавозими

Хизмат телефони

Электрон почта манзили

Фойдаланиш учун рухсат берилиши сўралаётган геоахборот қатламлари





Рухсат тақдим этилиши учун асослар илова қилинади.

(раҳбарнинг лавозими)


(имзо)

(Ф.И.О)

М.Ў. ______________




Низомга

10-ИЛОВА



Геопортал бошқа иштирокчисининг ёпиқ

қатламларидан фойдаланишга рухсат олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбир

Ижро муддати

1-босқич


Иштирокчи


Геопортал бошқа иштирокчисининг кўрсатилган қатламларидан фойдаланишга рухсат берилишини асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда геопортал мувофиқлаштирувчисига ариза жўнатади.

Ихтиёрий







2-босқич


Мувофиқлашти-рувчи

(Қурилиш вазирлиги)


Геопортал оператори ва аризада кўрсатилган, фойдаланиш учун ариза тақдим этилган қатламлар эгаси ҳисобланган геопорталнинг бошқа иштирокчисига кўрсатилган қатламлардан фойдаланишга рухсат бериш учун фойдаланишга рухсат берилишини асословчи ҳужжатларнинг нусхасини илова қилган ҳолда сўров жўнатади.

3 иш куни мобайнида

  

3-босқич


Бошқа иштирокчи


Ариза берган геопортал иштирокчисига қатламлардан фойдаланишга рухсат берилиши ёки рад этилиши ҳақидаги қарор ҳақида, рад этишнинг сабабларини кўрсатган ҳолда, геопортал операторини ёзма равишда ёки электрон почта орқали хабардор қилади.

10 иш куни мобайнида

4-босқич


Оператор


Геопортал бошқа иштирокчисининг ижобий қарори натижаларига кўра кўрсатилган қатламлардан фойдаланиш имкониятини тақдим этади.


3 иш куни мобайнида




Низомга

11-ИЛОВА



Қатлам (қатламлар)ни ўчириш учун

бериладиган ариза шакли


ТАШКИЛОТ БЛАНКАСИДА



Ўзбекистон Республикаси

Қурилиш вазирлигига

Қатлам (қатламлар)ни ўчириш учун

Ариза



20___ й. "___" _________


учун олдин яратилган қуйидаги

(ташкилот номи)


қатлам (қатламлар)ни ўчиришингизни сўрайман.

Мавзуга оид бўлим

Қатламнинг номланиши

Қатламни ўчириш сабаби





(раҳбарнинг лавозими)


(имзо)

(Ф.И.О)

М.Ў. ______________




Низомга

12-ИЛОВА



Геопортал иштирокчиси қатлами (қатламлари)ни ўчириш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддатлари


1-босқич


Иштирокчи


Геопортал мувофиқлаштирувчисига сабабларини кўрсатган ҳолда қатламни ўчириш учун ариза жўнатади.


Ихтиёрий

2-босқич


Мувофиқлаштирувчи

(Қурилиш вазирлиги)


Қатламни ўчириш ҳақида қарор қабул қилиб, геопортал оператори ва геопортал иштирокчисининг масъул шахсларини бу ҳақида хабардор қилади.


5 иш куни мобайнида

3-босқич


Оператор


Геопортал мувофиқлаштирувчиси қарорининг натижаларига кўра кўрсатилган қатламни геопортал маълумотлар базасидан бутунлай ўчириб ташлайди.


3 иш куни мобайнида




Низомга

13-ИЛОВА



Ўчириб юборилган объектлар (қатламлар)ни қайта

тиклаш учун бериладиган ариза шакли


ТАШКИЛОТ БЛАНКАСИДА



Ўзбекистон Республикаси

Қурилиш вазирлигига

Ўчириб юборилган объектлар (қатламлар)ни

қайта тиклаш учун

ариза



20___ й. "___" ____________


учун қуйидаги ўчириб юборилган

(ташкилот номи)


объектлар (қатламлар)ни қайта тиклаб беришингизни сўрайман:

Қатламнинг номи

Объектнинг номи

Манзил ва/ёки координатага боғлиқлиги (объектнинг координатаси, жойлашган манзили)

Объект тўғрисидаги маълумотлар (географик, атрибутив, семантик, график маълумотлар)

Киритиладиган объектлар тури (нуқта, чизиқ, полигон)

Киритиладиган объектлар кўриниши (ранги, ранг билан тўлдирилиши, шакли, штрихланиши) ёки график белгиси)

Бириктирилган файллар номи (агар мавжуд бўлган бўлса)

Объектни қайта тиклашнинг асоси

1

2

3

4

5

6

7


(раҳбарнинг лавозими)


(имзо)

(Ф.И.О)

М.Ў. ______________




Низомга

14-ИЛОВА



Ўчириб юборилган объектлар

(қатламлар)ни қайта тиклаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддатлари

1-босқич


Иштирокчи


Геопортал мувофиқлаштирувчисига сабабларини кўрсатган ҳолда, ўчирилган объектлар (қатламлар)ни қайта тиклашни сўраб мурожаат қилади.


Ихтиёрига кўра

  

2-босқич


Мувофиқлаштирувчи

(Қурилиш вазирлиги)


Геопортал мувофиқлаштирувчиси ўчирилган объектлар (қатламлар)ни қайта тиклаш тўғрисидаги қарорни қабул қилиб, бу ҳақида геопортал оператори ва иштирокчиларини хабардор қилади.


5 иш куни мобайнида

3-босқич


Оператор


Геопортал мувофиқлаштирувчиси қабул қилган қарор натижаларига мувофиқ ўчирилган объектлар (қатламлар)ни қайта тиклаш ишларини бажаради ёки қайта тиклаш имкони мавжуд эмаслиги тўғрисида асосланган рад жавобини беради.


30 иш куни мобайнида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 ноябрь