Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.02.2018 й. ПҚ-3512-сон "Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.02.2018 й.

N ПҚ-3512



ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН

БОЖХОНА ЧЕГАРАСИ ОРҚАЛИ ТОВАРЛАРНИ

ОЛИБ ЎТИШНИ ЯНАДА ТАРТИБГА СОЛИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни тартибга солиш, товарларнинг божхона расмийлаштируви шартларини умум қабул қилинган жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, божхона жараёнлари ва расмиятчилигини соддалаштириш, шунингдек, божхона чегарасини босиб ўтаётган жисмоний шахслар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

а) жисмоний шахс томонидан республикага олиб кириладиган, божхона тўловларига тортилмайдиган товарларнинг чегараланган нормалари:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари божхона чегаралари оркали олиб ўтишда - 2 000 (икки минг) АҚШ доллари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг темир йўл ва дарё божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда - 1 000 (бир минг) АҚШ доллари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг автойўл (пиёда) божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда - 300 (уч юз) АҚШ доллари;

халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун - бир календарь чорак мобайнида 1 000 (бир минг) АҚШ доллари;

халқаро почта жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун - 100 (юз) АҚШ доллари;

б) божхона тўловларига тортилмайдиган республикага жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган товарларни айрим турлари нормалари 1-иловага мувофиқ;

в) божхона декларациясини тақдим этмаган ҳолда республикадан жисмоний шахслар томонидан олиб кетиладиган товарларнинг чекланган нормалари 5 000 (беш минг) АҚШ доллари;

г) жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарларни республикадан олиб чиқиш нормалари 2-иловага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасидан кесиб ўтиш ҳолатлари бундан мустасно;

д) мазкур банднинг "а" - "г" кичик бандларида кўрсатилган меъёрлар доирасида товарларни жисмоний шахс томонидан божхона чегарасидан олиб кирилиши ва олиб чиқилиши мажбурий ёзма декларациясиз амалга оширилади, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарлар мустасно;

жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда товарларнинг миқдори ҳисобга олинади ва бунда товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб қаралади;

мазкур банднинг "а" - "г" кичик бандларида кўрсатилган меъёрлардан ошганда ҳамда жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун товарлар олиб ўтилганда, қонун ҳужжатларига биноан олиб кирилаётган товарларнинг барча суммасига нисбатан божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари қўлланилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишган ҳолда жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган товарлар меъёрларини ва олиб ўтиш шартларини белгилаши мумкин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (М.В. Тохирий) Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х. Комилов) билан биргаликда ушбу қарорнинг тартиб-қоидаларини республика аҳолиси ва хорижий давлатлар фуқароларига ўз вақтида етказиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширишни таъминласин.


3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мазкур қарорнинг тартиб-қоидаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 1 июлдаги ПҚ-1118-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқ ҳолга келтирсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитаси раиси М.В. Тохирий зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 6 февралдаги

ПҚ-3512-сон қарорига

1-ИЛОВА



Божхона тўловларига тортилмайдиган республикага

жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган

товарларни айрим турлари

НОРМАЛАРИ

Т/р

Товарнинг номи


Ҳар бир жисмоний шахс томонидан олиб

кириладиган товарлар нормалари


1.

Алкогол маҳсулоти, шу жумладан пиво


умумий миқдори 2 литрдан кўп бўлмаган


2.

Тамаки маҳсулотларининг барча турлари


умумий миқдори 10 қутидан кўп бўлмаган


3.

Атир ва ифор таратувчи сувлар


умумий миқдори 3 тадан кўп бўлмаган


4.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари


умумий оғирлиги 65 граммдан кўп бўлмаган


Изоҳ. Ушбу товарлар қиймати жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни олиб ўтишда мазкур қарорнинг 1-банди "а" кичик бандида белгиланган чекланган нормаларга киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 6 февралдаги

ПҚ-3512-сон қарорига

2-ИЛОВА



Жисмоний шахслар томонидан олиб кетиладиган

айрим товарларнинг турлари

НОРМАЛАРИ

Т/р

Қисқача номи


Ҳар бир жисмоний шахс томонидан олиб

чиқиб кетиладиган товарлар нормалари


1.

Гуруч


умумий оғирлиги 3 кг.дан кўп бўлмаган

2.

Нон-булка маҳсулотлари


умумий оғирлиги 5 кг.дан кўп бўлмаган

3.

Гўшт ва гўшт озиқ-овқат маҳсулотлари


умумий оғирлиги 2 кг.дан кўп бўлмаган

4.

Шакар


умумий оғирлиги 2 кг.дан кўп бўлмаган

5.

Ўсимлик мойлари


умумий оғирлиги 2 кг.дан кўп бўлмаган

6.

Янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлари ҳамда қуритилган сабзавот ва мевалар


умумий оғирлиги 40 кг.дан кўп бўлмаган

Изоҳ. Ушбу товарлар қиймати жисмоний шахс томонидан олиб келишда мазкур қарорнинг 1-банди "в" кичик бандида белгиланган чекланган нормага киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)