Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Баҳоловчиларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 23.12.2020 й. 805-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 23 декабрдаги

805-сон қарорига

1-ИЛОВА



Баҳоловчиларнинг малака имтиҳонини

ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш

бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Регламент баҳоловчиларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва малака сертификатини бериш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


баҳоловчи - баҳолаш фаолиятини тартибга солувчи ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда берилган баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;


баҳоловчининг малака сертификати (кейинги ўринларда - малака сертификати) - жисмоний шахсга, агар у баҳоловчи ташкилотнинг масъул ходими бўлса ёки баҳоловчи ташкилот томонидан у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган бўлса, мулкни баҳолашни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган сертификат. Малака сертификати беш йил муддатга берилади, унинг амал қилиш муддати беш йилга узайтирилиши мумкин;


баҳолаш фаолиятини тартибга солувчи ваколатли орган (кейинги ўринларда - ваколатли орган) - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги;


малака имтиҳони - талабгорнинг баҳолаш фаолияти соҳасидаги касбий билимларини текшириш шакли;


махсус ўқиганлик ҳақида сертификат - баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмалари таклифларини ҳисобга олган ҳолда ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган дастур бўйича баҳоловчи баҳоловчиларни тайёрлаш марказида махсус ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат;


талабгор - малака сертификатини олишга талабгор бўлган жисмоний шахс.


3. Баҳоловчиларни тайёрлаш марказлари ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган бўлиши ва замонавий ўқув талабларига жавоб бериши, шунингдек, зарур техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан таъминланган ҳамда талабгорлар учун масофавий таълим бериш имкониятларига эга бўлиши керак.


4. Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир баҳоловчи малака сертификати олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмаларининг таклифлари ҳисобга олинган ҳолда ваколатли орган томонидан тасдиқланган малака ошириш дастурлари бўйича камида 40 соатлик малака ошириш курсларидан ўтиши шарт.


5. Малака сертификати давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда - марказ) ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат ҳизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали ваколатли орган томонидан ушбу Регламентга мувофиқ талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда берилади.


6. Марказлар ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви идентификация қилиш воситаларини мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон ҳамкорлик ёрдамида амалга оширилади.


7. Талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

олий иқтисодий, юридик ёки техникавий маълумотга, баҳоловчи ёки баҳоловчининг ёрдамчиси лавозимида сўнгги беш йилда камида бир йил иш стажига ёхуд олий маълумотга эга бўлиши, бунда хорижий давлатларда олинган олий маълумот ёки илмий даража белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида тан олинган тақдирда инобатга олинади.

ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда келишилган дастур бўйича ва баҳолаш ташкилотлари ҳамда баҳоловчилар профессионал бирлашмаларининг таклифларини ҳисобга олинган ҳолда махсус ўқиганлиги ҳақида сертификатга эга бўлиши.

"Баҳолаш иши: баҳолаш фаолияти ва риэлторлик (объектлар бўйича) (5А231501)" ёки "Кўчмас мулкни экспертиза қилиш ва бошқариш: Кўчмас мулкни баҳолаш ва бошқариш (5А340901)" мутахассислиги бўйича олий маълумотга эга бўлган ёки баҳоловчининг халқаро сертификатига эга бўлган талабгор махсус ўқувдан ўтмасдан малака имтиҳонини топширишга ҳақли.



2-БОБ. МАЛАКА ИМТИҲОНИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


8. Баҳоловчиларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.


9. Талабгор ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, марказ ходими талабгор номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинган ҳолларда эса - талабгор мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради ва унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

баҳоловчиларни тайёрлаш марказларида махсус ўқув курсини тугатганлиги тўғрисидаги сертификатнинг нусхаси;

баҳоловчининг халқаро сертификати нусхаси (халқаро баҳоловчи сертификатига эга талабгорлар учун);

меҳнат дафтарчасининг нусхаси (баҳоловчи ёки баҳоловчининг ёрдамчиси сифатида иш стажининг борлигини тасдиқлайдиган "Электрон меҳнат дафтарчаси" тизимидан кўчирма).

Талабгорнинг сўровномасида унинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Сўровномада талабгор электрон манзилининг кўрсатилганлиги унинг сўровнома бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали хабарнома олишга розилигини англатади.

Талабгордан мазкур бандда назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


10. Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

11. Давлат хизматларини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Ариза берувчи давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, тегишли прейскурантга асосан йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.


12. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) марказ орқали мурожаат этилганда:

базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

қолган маблағлар - ваколатли органнинг ҳисобварағига ўтказилади.

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

базавий ҳисоблаш миқдорининг 11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон хукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - ваколатли органнинг ҳисобварағига ўтказилади.


13. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда, сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда ваколатли орган талабгорнинг илтимосномасига асосан 5 иш куни ичида хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятини беради.

Талабгорлар томонидан юқорида назарда тутилган муддатда хатолар бартараф этилмаган ёки етишмаётган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, ваколатли орган томонидан сўровномани қабул қилиш рад этилади ва ўша куни бу ҳақида талабгор хабардор қилинади.

Сўровномани қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.


14. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишда уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


15. Талабгор марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг ушбу Регламентнинг 9-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ўн дақиқада ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.


16. Ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб бир кун муддатда талабгорнинг малака имтиҳонига қўйилиши ёки қўйилмаслиги ҳақида қарор қабул қилади, ушбу Регламентнинг 13-бандида назарда тутилган муддатдан сўнг сўровнома тушган кундан бошлаб бир кун муддатда талабгорнинг малака имтиҳонига қўйилиши ёки қўйилмаслиги ҳақида қарор қабул қилади.


17. Талабгорни малака имтиҳонига қўйиш юзасидан қарор қабул қилинганда имтиҳонга қўйилганлар рўйхати имтиҳон комиссиясига топширилади. Бунда малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб, талабгорларнинг сўровномаларига асосан имтиҳон комиссияси назорати остида ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бошқармалари биносида, икки ойда камида бир марта малака имтиҳонлари ўтказилади.


18. Имтиҳон комиссияси таркиби ва тест саволлари ваколатли орган томонидан тасдиқланади. Имтиҳон комиссияси таркибига ваколатли орган ходимлари, шунингдек, баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмалари вакиллари киритилади.


19. Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхати ваколатли органнинг расмий веб-сайтида мавжуд имтиҳон санасидан беш кун олдин жойлаштирилади.


20. Малака имтиҳонини ўтказиш куни, вақти ва жойи тўғрисида маълумот ваколатли органнинг расмий веб-сайтида мавжуд имтиҳон санасидан ўн беш кун олдин жойлаштирилади.


21. Малака имтиҳонига қўйилиши рад этилган талабгор марказга ёки ЯИДХП орқали рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан кейин 3 иш кунида қайта сўровнома бериши мумкин.

Такрорий топширилган хужжатлар кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Камчиликлар бартараф этилганлиги ҳақидаги сўровнома олинган кундан бошлаб икки иш куни давомида ваколатли орган томонидан тақдим этилган ҳужжатлар такроран кўриб чиқилади.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан аввалги рад этиш учун асосларда баён этилмаган сабаблар келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.


22. Малака имтиҳонини топширишда талабгор фуқаролик паспорти, идентификация ID-картаси ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг аслини тақдим этади. Паспорт ёки унинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга эга бўлмаган ёхуд малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар келмаган ҳисобланади ва навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақида талабгор марказда (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.


23. Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин икки марта малака имтиҳонини топшириш учун келмаса, тақдим этилган ҳужжатлар талабгорга қайтарилади. Бунда малака имтиҳонидан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.

Ҳужжатларни қайта топшириш мазкур Регламентда белгиланган умумий тартибда амалга оширилади.


24. Малака имтиҳони компьютерда топшириладиган тест синовлари орқали талабгорнинг танловига кўра ўзбек ёки рус тилида ўтказилади.

Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеоёзувга (овозли) туширилади, видеотасвир ваколатли органда уч йил мобайнида сақланади.

Малака имтиҳонини ўтказиш жараёнини узлуксиз равишда видеоёзувга (овозли) тушириш учун ваколатли орган ва унинг ҳудудий бошқармалари малака имтиҳонларини ташкил этган ҳолда алоҳида тест хоналарини ажратади ҳамда уларни замонавий техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видео камера, интернет алоқа ва бошқалар) билан таъминлаб талабгорлар учун тегишли шарт-шароитлар яратади.


25. Тест саволлари вариантлари ва уларнинг жавоблари баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмалари, шунингдек, баҳоловчиларни тайёрлаш марказлари таклифларини ҳисобга олган ҳолда ваколатли орган томонидан тасдиқланган баҳоловчиларнинг ўқув дастури асосида ишлаб чиқилади.

Тест саволлари қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда янгилаб борилади.


26. Тест синови ўқув дастурининг барча бўлимларини акс эттирадиган камида 75 та саволдан иборат бўлади ва умумий имтиҳон вақти давомийлиги 45 дақиқани ташкил этади.

70 фоиздан кам бўлмаган саволларга тўғри жавоб берган талабгор малака имтиҳонидан ўтган ҳисобланади.


27. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:

қонун ҳужжатлари ва йўриқнома материаллар, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;

мобил алоқа воситаси ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;

бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

тест синови кабинетидан ташқарига чиқиш (тест синови ўтаётган хонадан ташқарига чиққан шахслар қайта ичкарига киритилмайди).

Ушбу талабларни бузган талабгорлар тест синови ўтаётган хонадан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади.

Бегона шахсларга малака имтиҳонида иштирок этишга рухсат берилмайди.


28. Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгор малака имтиҳонини такроран топшириш учун малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг ушбу Регламентда белгиланган тартибда малака имтиҳонидан ўтиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.


29. Малака имтиҳонининг натижалари малака имтиҳони ўтказилган кундан сўнг бир кун муддатда ваколатли органнинг буйруғи билан тасдиқланади ва ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

30. Талабгорларнинг тест жавоблари ҳамда имтиҳон комиссиясининг баённомалари ваколатли органда сақланади.



3-БОБ. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

БЕРИШ ВА МАЛАКА СЕРТИФИКАТЛАРИНИНГ

РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


31. Ваколатли орган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган малака сертификатини расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ҳамда икки кун муддатда марказларга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади, ушбу малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида юридик кучга эга бўлади.


32. Малака сертификати мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштиради ва берилган малака сертификатларининг реестрига (кейинги ўринларда - реестр) тегишли ёзув киритилади.


33. Ваколатли орган томонидан берилган малака сертификатларининг реестри юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

малака сертификати олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

шахсини тасдиқловчи (паспорт) маълумотлар ва яшаш манзили;

иш жойи;

малака сертификатининг ҳисобга олиш серияси, рақами ва берилган санаси;

малака сертификатининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги, амал қилиши тўхтатилганлиги, бекор қилинганлиги ва қайта расмийлаштирилганлиги тўғрисида маълумотлар.

Реестр электрон шаклда юритилади.

Реестр шакли ваколатли орган томонидан тасдиқланади.


34. Реестрга киритилган баҳоловчига тааллуқли шахсини тасдиқловчи (паспорт) маълумотлари ва яшаш манзили каби шахсий маълумотлардан ташқари барча маълумотлар, улар билан танишиб чиқиш учун оммабоп бўлиб, ваколатли органнинг расмий веб-сайтида чоп этилади.


35. Марказлар малака сертификати олингандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг сўровига кўра марказлар талабгорга малака сертификатини электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.



4-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


36. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз календарь кун ичида ваколатли органга апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.

Имтиҳон комиссияси бир ҳафта муддатда киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва ваколатли орган белгилаган муддатда талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.


37. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан ваколатли орган томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

имтиҳон натижаларини (ёзма равишда асосланган хат асосида) ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;

апелляцияни қаноатлантириш ва талабгор малака имтиҳонини топширган деб ҳисоблаш тўғрисида.


38. Малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

апелляция мазкур Регламент талабларини бузган ҳолда тақдим этилган бўлса;

апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.


39. Малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисидаги қарор апелляция берган талабгорнинг малака имтиҳони мазкур Регламент талабларига зид равишда ўтказилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда қабул қилинади.


40. Ваколатли орган томонидан апелляция берган талабгор учун малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, такрорий малака имтиҳони мазкур Регламентда белгиланган тартибда ўтказилади.


41. Талабгор такроран апелляция бериши мумкин эмас.


42. Ваколатли органнинг қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга судга шикоят қилиниши мумкин.



5-БОБ. МАЛАКА СЕРТИФИКАТИНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ

ВА ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


43. Баҳоловчи малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашига қадар ваколатли органга малака сертификати муддатини узайтириш учун малака имтиҳонини топшириш тўғрисида мазкур Регламентга 2-иловага мувофиқ сўровнома билан мурожаат қилади. Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

малака ошириш курсларини тамомлаганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;

ҳар йили малака ошириш курсидан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, баҳоловчи махсус ўқувдан ўтганлик ҳақидаги сертификатнинг нусхаси.


44. Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Ариза берувчи давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этганда, тегишли прейскурантга асосан йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Йиғимлар мазкур Регламентнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.


45. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда, сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда ваколатли орган талабгорнинг илтимосномасига асосан 5 иш куни ичида хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятини беради.

Сўровномани қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.


46. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишда уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


47. Талабгор марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг ушбу Регламентнинг 9-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ўн дақиқада ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.


48. Малака сертификати муддатини узайтириш мазкур Регламентнинг 47-бандида белгиланган талабларга риоя этилганда ва баҳоловчи малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда амалга оширилади.

Малака сертификатининг амал қилиш муддати малака имтиҳони натижалари тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш йилга узайтирилади ва ваколатли орган ЭРИси билан тасдиқланади ҳамда икки кун муддатда марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборилади. Ушбу малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида юридик кучга эга бўлади.


49. Малака сертификати қайта расмийлаштирилганда реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади.


50. Паспортда кўрсатилган талабгорнинг фамилияи, исми, отасининг исми ўзгартирилган ёки паспорти ўзгартирилган тақдирда, баҳоловчи бир ой давомида ваколатли органга расмийлаштириш тўғрисида ушбу маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда марказлар ёки ЯИДХП орқали ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани топшириши шарт.


51. Малака сертификатининг қайта расмийлаштирилиши баҳоловчи томонидан сўровнома берилган пайтдан бошлаб беш иш куни мобайнида амалга оширилади, бунда тегишли ўзгартиришлар реестрга киритилади.

Малака сертификатини қайта расмийлаштиришда баҳоловчидан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Йиғимлар мазкур Регламентнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


52. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


53. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламентнинг талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини доимий назорат қилади ва мониторинг олиб боради.


54. Талабгор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


55. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Баҳоловчиларнинг малака имтиҳонини ўтказиш

ва уларга малака сертификатини бериш

бўйича давлат хизматлари кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Талабгор


Малака сертификатини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади.


Ўз хоҳишига кўра









2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази


1. Сўровнома шаклини тўлдириб, ваколатли органга юборади.



1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқада

2. ЯИДХП


2. Тўлдирилган сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.


2. Аниқ вақт режимида







3-босқич

Ваколатли орган


Ариза тушгандан сўнг малака имтиҳонига қўйишёки рад этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.


1 кун муддатда






Ваколатли орган


Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхати ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


Имтиҳон санасидан 5 кун олдин







4-босқич

Ваколатли орган


Малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг малака сертификатини QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди, марказлар (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.


1 кун муддатда







5-босқич

Давлат хизматлари маркази


1. Малака сертификати олингандан сўнг уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.



1. 10 дақиқада


2. Талабгор ўзи келиб мурожаат қилганда рухсатномани электрон ёки қоғоз шаклида талабгорга тақдим этади.


2. Талабгорнинг сўровига кўра

       





Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



Баҳоловчиларнинг малака имтиҳонини ўтказиш

ва уларга малака сертификатини бериш бўйича

давлат хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

__________________

(санаси)

__________________

(рақами)

1. Ф.И.О.:



2. Паспорт маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, агар мавжуд бўлса):



4. Баҳоловчиларни ўқитиш марказларимахсус ўқув курсининг сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади)



6. Баҳоловчининг халқаро сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади, агар мавжуд бўлса)



7. Меҳнат дафтарчасидан иш стажи ҳақидаги маълумотлар ёки "Электрон ишчи дафтар" тизимидан кўчирма:



8. Манзили:



9. Мобил телефони, электрон почта манзили (e-mail):



10. Баҳоловчининг малака сертификатини олиш учун, малака имтиҳонини топшириш учун



11. Баҳоловчининг малака сертификати амал қилиш муддатини узайтириш учун, малака имтиҳонини топшириш учун



12. Баҳоловчининг малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун*



         

*) Қайта расмийлаштириш учун малака имтиҳонини топшириш талаб этилмайди.






Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI

DAVLATAKTIVLARINI BOSНQARISН AGENTLIGI

___________-sonli


BAНOLOVCНINING MALAKA SERTIFIKATI



Foto

Toshkent sh.



(berilgan vaqti)

O`zbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi tomonidan

          

(kimga - baholovchining F. I. О.)

          

(baholovchining malaka sertifikati berilgan sana va amal qilish muddati)

Pasport ma`lumotlari:


Vakolatli shaxs



(F. I. О.)

O`zbekiston Respublikasi hududida ro`yхatga olingan baholash tashkiloti nomidan mulkni baholashga ruxsat berildi va sertifikatlnagan baholovchi toifasi berildi

O`zbekiston Respublikasi Davlat

aktivlarini boshqarish agentligi

(vakolatli shaxs)


QR-kod

Baholovchi malaka sertifikatining muddati "____"____________ 20___ yildan "____"____________ 20___ yilgacha uzaytirildi.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 24 декабрь