Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш Тартиби (ЎзР ВМ 05.09.2018 й. 707-сон қарорига 2-1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 5 сентябрдаги

707-сон қарорига

2-1-ИЛОВА



Веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси

эгаси, шунингдек блогерга Ўзбекистон Республикаси

қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни

олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш

ТАРТИБИ



1. Мазкур Тартиб веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилган ахборотга ушбу веб-сайт фойдаланувчилари томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда (кейинги ўринларда ахборот ресурслари деб аталади) Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотлар аниқланган ҳолатда веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга ушбу ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Тартибнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш имкони мавжуд бўлган ахборот ресурсларига нисбатан татбиқ этилади.


3. Ушбу Тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


мессенжер - фойдаланувчиларнинг онлайн режимда Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали матн, аудио, аудиовизуал ва бошқа хабарлар ва материаллар, бошқа маълумотлар орқали дарҳол алмашиш, тарқатиш ва узатиш, шунингдек улар ўртасидаги масофадан мулоқот учун мўлжалланган дастур, мобил илова ёки веб-хизмат;


веб-сайт ва (ёки) мессенжернинг саҳифаси - веб-сайт ва (ёки) мессенжернинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги бир қисми (гуруҳлар, каналлар ва бошқалар), унга кириш домен номи ва белгиларидан ташкил топган кўрсаткич бўйича, шунингдек номи орқали амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази (кейинги ўринларда - Марказ) томонидан ахборот ресурсларида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотлар аниқланганда Марказ томонидан 24 соатдан кечиктирмасдан ахборот ресурслари эгаси, шунингдек блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома (кейинги ўринларда хабарнома деб аталади) юборилади.


5. Хабарнома Марказнинг расмий ахборот ресурслари (электрон почта, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлардаги расмий саҳифа) орқали электрон шаклда юборилади.


6. Хабарномада Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот жойлаштирилган ахборот ресурсининг номи, ахборот жойлаштирилган сана кўрсатилади, тақиқланган ахборотга ҳавола ва унинг экрандаги тасвири нусхаси илова қилинади, шунингдек қўшимча равишда ушбу ахборотни тарқатиш учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик тўғрисида маълумотлар келтирилиши мумкин.


7. Ахборот ресурси эгаси, шунингдек блогер хабарномани олган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаши, шунингдек бу тўғрида Марказни унинг расмий ахборот ресурслари орқали электрон шаклда ёки қоғоз шаклида хабардор қилиши лозим.


8. Агар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот ушбу Тартибнинг 6-бандида кўрсатилган муддатда ахборот ресурси эгаси, шунингдек блогер томонидан олиб ташланмаса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки Марказ томонидан ушбу ахборотни олиб ташлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот жойлаштирилган ижтимоий тармоқ ёки мессенжер маъмурига ёки даъво аризаси билан судга мурожаат қилиниши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 24 декабрь