Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Хотин-қизлар муаммоларини "Аёллар дафтари"ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Вақтинчалик тартиб (ЎзР ВМ 08.01.2021 й. 2-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 8 январдаги

2-сон қарорига

ИЛОВА



Хотин-қизлар муаммоларини "Аёллар дафтари"ни

юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва

уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича

ВАҚТИНЧАЛИК ТАРТИБ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Вақтинчалик тартиб (кейинги ўринларда - Тартиб) "Аёллар дафтари"ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


"Аёллар дафтари" - ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси;


"Аёллар маслаҳат кенгаши" - ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш ва уларнинг фарзанд тарбиясидаги ролини ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган маслаҳатлар бериш, "одобли қиз", "иффатли келин" ва "маърифатли аёл" ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида ҳар бир фуқаролар йиғинида ташкил этиладиган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи тузилма;


секторлар - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган туман (шаҳар)лар ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг кўмаклашувчи коллегиал ишчи тузилмаси;


секторлар ишчи гуруҳи - сектор раҳбари бошчилигида иқтисодиёт, инвестиция, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаси, давлат бошқаруви органларининг туман (шаҳар)лар тузилмаларининг малакали мутахассислари ва тижорат банклари ходимларидан иборат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланадиган махсус ишчи гуруҳлари.


3. "Аёллар дафтари" ушбу Тартибга иловага мувофиқ схема бўйича юритилади.

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



2-БОБ. "АЁЛЛАР ДАФТАРИ"НИ ШАКЛЛАНТИРИШ


4. Ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай "Аёллар дафтари"га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:

ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар (бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган, шу жумладан, меҳнат қилиш қобилиятини қисман йўқотган, бироқ ишлаш иштиёқи бўлган хотин-қизлар);

боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар (боқувчиси бўлмаган, қўшимча моддий ёрдамга муҳтожлар);

ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнатга қобилиятсиз, ўзгалар парваришига муҳтожлар);

уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган, ёлғиз яшайдиган, уй-жойини таъмирлаш имконияти бўлмаганлар);

нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар (маъмурий бинолар, ертўлалар ва истиқомат қилиш мақсадларига мўлжалланмаган бошқа биноларда ёлғиз ёки оила аъзолари билан биргаликда яшаётган, шунингдек, доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган ҳолда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар);

қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;

тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли даромад манбаига эга бўлмаганлар);

ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар (ҳуқуқий маслаҳат олиш истагида бўлган, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилганлар);

психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).


5. Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари қуйидаги шаклларда ўрганилади:

секторлар ишчи гуруҳлари томонидан бириктирилган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари ходимлари ва фаоллари билан биргаликда барча йўналишдаги муаммоларни ҳар ярим йилда бир маротаба, бунда ярим йиллик биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриш орқали;

хотин-қизларнинг мурожаатларини, шу жумладан, "Аёллар маслаҳат кенгаши"га мурожаатларини кўриб чиқиш орқали.

Ўрганиш давомида хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари анкета-сўровномалар орқали аниқланади.

Хотин-қизларнинг аниқланган муаммолари секторлар штаблари котиблари ва фуқаролар йиғини ходимлари томонидан хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига 3 кундан ошмаган муддатда киритилади.


6. Индивидуал анкеталар секторлар раҳбарлари ва туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғига тўлдирилган кундан бошлаб 1 кун муддатда тақдим этилади.


7. Секторлар раҳбарлари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи 3 кундан ошмаган муддатда индивидуал анкеталар кўриб чиқилишини ташкил қилади.

Индивидуал анкеталарни кўриб чиқиш жараёнида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва бошқа ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.


8. Таҳлил натижалари асосида секторлар раҳбарлари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи томонидан 7 кундан ошмаган муддатда "Аёллар дафтари"га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган "Йўл харитаси" лойиҳаси имзоланган ҳолда, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тасдиқлаш учун киритилади.


9. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан "Аёллар дафтари"га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ва "Йўл харитаси" белгиланган тартибда тасдиқланади ҳамда ижрога қаратилади.


10. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашида тасдиқланган рўйхатлар секторлар штабларининг котиблари томонидан 3 кундан ошмаган муддатда Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига (кейинги ўринларда - ахборот тизими) киритилади.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан тасдиқланган "Аёллар дафтари"га киритилган шахслар рўйхати 3 кун ичида туман (шаҳар)лар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади ва янгилаб борилади.



3-БОБ. "АЁЛЛАР ДАФТАРИ"ГА КИРИТИЛГАН

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ МУАММОЛАРИНИ ТИЗИМЛИ

РАВИШДА ҲАЛ ЭТИШ ВА УЛАРНИ ИЖТИМОИЙ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


1-§. Аёллар дафтари"га киритилган

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш


11. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:

туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, инвестиция бўлимлари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, тижорат банклари билан ҳамкорликда тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларда хотин-қизлар учун яратилаётган янги иш ўринларига ишга жойлаштириш;

туман (шаҳар)лар ҳокимликлари аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан биргаликда мавжуд вакансия ва захира (квота) иш ўринларига ишга жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;

туман (шаҳар)лар ҳокимликлари аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан биргаликда кооперативларга жалб этиш;

туман (шаҳар)лар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил этиш, тадбиркорликка жалб этиш, ўзини ўзи мустақил равишда банд қилишни ривожлантиришга доир фаолиятни ташкил этиш орқали бандликка кўмаклашиш;

ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш чораларини кўриш.

Ушбу бандда кўрсатилган йўналишлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



2-§. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга томорқадан

даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш


12. Туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, тижорат банклари билан ҳамкорликда "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар томорқадан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали бандлигини таъминлаш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;

парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш;

"Томорқа хизмати" ташкилотлари ва "Дала дўконлари"ни ташкил этиш.



3-§. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни

тадбиркорликка жалб қилиш


13. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар уюшмаси, "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамда ҳудудий хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари жойларда ўқув курслари ташкил этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ва "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва бизнес лойиҳаларини тузишга кўмаклашади.


14. Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари орқали тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит олиш истагида бўлган хотин-қизларга тижорат Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

бизнес лойиҳаларни ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда тузишни ўргатиш;

кредит олишга кўмаклашиш;

кредит ажратилгандан сўнг хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш.


15. Кредитлар "Аёллар дафтари"га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

Бунда кредитлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда ажратилади.

Кредитларнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида белгиланади.

Кредитларни илгари олинган кредитлар ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтаришга, чорвачиликни ривожлантириш, шахсий эҳтиёж учун автотранспорт воситаси сотиб олишга, маъмурий харажатларни тўлашга, жумладан, автотранспорт воситасининг таъминоти, мебель, алоқа хизматлари тўлови ва уяли телефон сотиб олишга ҳамда қонун ҳужжатлари ва Марказий банкнинг қоидаларига кўра тақиқланган фаолиятларга ажратишга йўл қўйилмайди.

Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.


16. Кредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан ажратилади.

Кредитлар Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг фамилияси, исми, отасининг исми бўйича алфавит тартибида шакллантирилган қатъий навбат асосида ажратилади.



4-§. "Аёллар дафтари"га киритилган

хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш


17. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт бараваригача бўлган миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.

Ушбу бир марталик моддий ёрдамни тўлаш учун:

а) фуқаролар йиғинлари, секторлар раҳбарлари билан келишилган ҳолда, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг эҳтиёжмандлик даражасидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман (шаҳар)лар кенгашлари томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган хотин-қизларга (ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исм, отасининг исми, паспорт серияси ва рақами кўрсатилган ҳолда) бир марталик моддий ёрдам бериш миқдорлари кўрсатилган рўйхатни туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдим этилади;

б) туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими:

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг даромадлари тушумлари прогнозидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) молия бўлими билан келишилган ҳолда, бир марталик моддий ёрдамни ойма-ой тўлаш графигини шакллантиради ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимларининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосарларига тасдиқлаш учун киритади. Бунда тасдиқланган ойма-ой тўлаш графигининг нусхаси фуқаролар йиғинларига ҳам тақдим этилади;

тасдиқланган графикка асосан ҳар ойнинг 5-санасига қадар фуқаролар йиғинлари томонидан тақдим этилган рўйхатлар асосида тўлов ведомостларини шакллантириб, туман (шаҳар)лар ҳокимликларнинг бухгалтерия бўлимларига ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг тегишли бўлимига (филиалига) тақдим этади;

в) туман (шаҳар)лар ҳокимликларининг бухгалтерия бўлимлари тасдиқланган ойма-ой тўлаш графиги ҳамда тўлов ведомостлари асосида "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан зарур маблағларни хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг тегишли бўлимига (филиалига) кўчиради;

г) Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкининг тегишли бўлими (филиали) томонидан бир марталик моддий ёрдам тўловлари ҳар ойнинг 5-27-саналарида амалга оширилади. Ойнинг охирги иш кунида ведомостлар ёпилади, тайинланган, бироқ ўз вақтида талаб қилиб олинмаган моддий ёрдам, уни олувчининг номидаги махсус депозит ҳисобварағига ўтказилади ва олувчининг биринчи талабига кўра тўланади. Ёпилган ведомостнинг бир нусхаси туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдим этилади;

д) туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими муҳтож хотин-қизларга тўланган бир марталик моддий ёрдам тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритади ҳамда ёпилган ведомостнинг нусхасини тегишли фуқаролар йиғинига тақдим этади.

"Аёллар дафтари"га киритилган ва уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларга кўмаклашиш сектор раҳбари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Бир марталик моддий ёрдам олган хотин-қизлар "Аёллар дафтари"дан чиқарилмаган ёки бир йил ичида қайта киритилган ҳолларда бир марталик моддий ёрдам бир календарь йили давомида бир маротаба берилади.



5-§. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга

турар жой ижара компенсациясини тўлаш


18. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари тасдиқланган рўйхат асосида фуқаролар йиғинлари томонидан турар жой учун ижара компенсациясини тўлаб бериш бўйича талабномалар секторлар раҳбарларига ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғига тақдим этилади.

Секторлар раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хулосаси асосида "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси белгиланган тартибда тўлаб берилади. Бунда:

турар жой ижараси тўғрисидаги шартнома уч томонлама - ижарага берувчи, ижарага олувчи ва туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ўртасида 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатга тузилади;

турар жой ижараси учун тўловлар "Аёллар дафтари" жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижарага берувчига тўғридан-тўғри тўланади.

Шартнома суммаси ҳисобланганда:

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар ва улар билан бирга турадиган оила аъзоларига, ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган умумий майдони энг кўпи билан ўн олти квадрат метрдан (кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса йигирма уч квадрат метрдан) кам бўлмаган ҳажмда, бироқ бир оила учун жами 48 кв.м ошмаган ҳолда назарда тутилади;

турар жойдан фойдаланганлик учун ижара ҳақи Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган миқдорларда белгиланади.



6-§. "Аёллар дафтари"га киритилган

хотин-қизларга тиббий хизмат кўрсатиш


19. Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга тиббий хизмат кўрсатиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг соғлиги секторлар ишчи гуруҳлари томонидан тегишли тиббиёт ходимини жалб қилган ҳолда ўрганилади;

ўрганиш натижаси бўйича касаллик аниқланган ва тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтиш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникасига юборилади;

тиббий кўрик натижаси юзасидан кўрсатма бўйича туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида стационар ёки амбулатор шароитда даволанади;

аҳволи оғир бўлган беморларга кўрсатма бўйича вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига ёки республика ихтисослаштирилган марказларига даволаниш учун бепул ордер ажратилади;

ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлган беморлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтиш учун Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига юборилади.



7-§. "Аёллар дафтари"га киритилган

хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш


20. Ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизларга сайёр қабуллар орқали қуйидагилар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади:

прокуратура органлари - ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, судга мурожаат қилиш тартибини тушунтириш, судга мурожаат қилиш учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиш;

ички ишлар органлари - тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ушбу таҳдидлардан ҳимоя қилиш;

адлия органлари - ҳуқуқий маслаҳатлар бериш.


21. Ушбу Тартибнинг 20-бандида кўрсатилган ҳуқуқий ёрдамни кўрсатиш шаклларининг муддатлари ва тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



8-§. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга

психологик ёрдам кўрсатиш


22. Психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизларга "Аёллар маслаҳат кенгаши", Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳузуридаги "Хотин-қизлар ҳуқуқий, психологик маслаҳатхонаси", таълим муассасаларининг малакали психологлари томонидан психологик маслаҳатлар бериб борилади.



4-БОБ. "АЁЛЛАР ДАФТАРИ"ГА КИРИТИЛГАН

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


23. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш чоралари:

ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш - Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Жамоат ишлари жамғармаси, "Аёллар дафтари" жамғармаси ва "Саховат ва кўмак" жамғармаси, халқаро молия институтларининг кредит ва грантлари;

томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланишга кўмаклашиш - Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

тадбиркорликни йўлга қўйиш ва кредит олишга кўмаклашиш - Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш" дастурлари, халқаро молия институтларидан жалб этиладиган имтиёзли кредит ва грантлар;

моддий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни тиклаш ва бошқалар - "Аёллар дафтари" жамғармаси, "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари;

турар жой ижараси билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш - "Аёллар дафтари" жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам молиялаштирилиши мумкин.

Мазкур бандда белгиланган манбалар ҳисобидан туман (шаҳар)лар кесимида ажратиладиган маблағлар тақсимоти ҳар чорак учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан ҳар чоракдан олдинги ойнинг 20-санасига қадар туман (шаҳар)лар ҳокимликларига етказилади.

Туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ушбу манбалар ва ўз маблағлари ҳисобидан хотин-қизларга кўрсатиладиган ижтимоий хизмат ва ёрдамларнинг турини ва уларни олувчилар сонини белгилайди.



5-БОБ. "АЁЛЛАР ДАФТАРИ"ДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


24. Хотин-қизлар қуйидаги ҳолларда "Аёллар дафтари"дан чиқарилади:

бандлиги таъминланган ёки доимий даромад манбаига эга бўлганда;

бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш орқали муаммоси ҳал этилганда;

турар жой ижара компенсацияси белгиланган тартибда тўлаб берилганда;

малакали тиббий хизмат кўрсатилганда;

тўлиқ давлат таъминотига олинганда;

аниқланган бошқа муаммолари қонуний ҳал этилганда;

ўз аризасига кўра;

"Аёллар дафтари"га ноқонуний киритиш ҳолати аниқланганда;

бошқа давлатларга доимий яшаш учун чиқиб кетганда;

суднинг озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;

хизматлар кўрсатиш бўйича иш олиб бориш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар юзага келганда;

шахс вафот этган тақдирда.

"Аёллар дафтари"га икки ва ундан ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган хотин-қизларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилиши дафтардан чиқариш учун асос бўлади.

Доимий ва вақтинча яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб ўтганда, доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 кундан кечиктирмасдан "Аёллар дафтари"га тегишли ўзгартиришлар киритилади.


25. Секторлар раҳбарлари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи мазкур Тартибнинг 24-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича "Аёллар дафтари"дан чиқариш юзасидан таклифларни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари муҳокамасига киритади.


26. Хотин-қизларни "Аёллар дафтари"дан чиқариш, унга ўзгартиришлар киритиш Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори асосида амалга оширилади.


27. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори асосида "Аёллар дафтари"дан чиқарилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар секторлар штаблари котиблари томонидан 3 кундан ошмаган муддатда ахборот тизимига киритилади.

"Аёллар дафтари"дан чиқарилган хотин-қизлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан 5 кун ичида бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Секторлар, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ахборот тизимида "Аёллар дафтари"ни юритиш билан боғлиқ масалаларни тўлиқ акс эттириб борилишини таъминлайди.


29. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш:

маҳалла даражасида - туман (шаҳар) секторлари раҳбарлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари;

туман (шаҳар) даражасида - вилоят секторлари раҳбарлари, Касаба уюшмалари федерацияси ҳудудий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармалари;

вилоят даражасида - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар;

республика даражасида - Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси томонидан амалга оширилади.


30. Мутасадди ташкилотларнинг масъул ходимлари, секторлар штабларининг котиблари томонидан "Аёллар дафтари"га киритилган ҳар бир хотин-қизларнинг аниқланган муаммолари бартараф этилганлиги ҳақидаги ҳисоботлар ҳар куни соат 18.00 гача ахборот тизимига киритиб борилади.


31. Секторлар раҳбарлари, секторлар ишчи гуруҳлари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбар ходимлари томонидан "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишларни ҳар ойда жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиб боради.


32. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган "Йўл харитаси"нинг ижроси ҳар чоракда камида бир марта халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашида муҳокама қилинади.

Кенгаш сессияларида муаммоларни ҳал қилишга масъул бўлган секторлар ва ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари эшитиб борилади.






Вақтинчалик тартибга

ИЛОВА



"Аёллар дафтари"ни юритиш

СХЕМАСИ

Босқич

Масъул


Чора-тадбир


Муддат



1-босқич

Сектор ишчи гуруҳлари, фуқаролар йиғинлари ходимлари ва фаоллари


Масъул ташкилотлар, "Аёллар маслаҳат кенгаши" аъзолари


1. Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари уйма-уй юриб ўрганилади.



Ҳар ярим йил 1-ойининг дастлабки 15 кунида


2. Хотин-қизларнинг мурожаатлари, шу жумладан "Аёллар маслаҳат кенгаши"га қилинган мурожаатларкўриб чиқилади.

Хотин-қизларнинг муаммолари анкета-сўровнома орқали аниқланади.


Доимий







2-босқич

Сектор штаби котиби, фуқаролар йиғини ходимлари


1. Аниқланган муаммолар хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига киритилади.



3 кундан ошмаган муддатда

Сектор раҳбари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи


2. Индивидуал анкеталарсектор раҳбари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғига тақдим этилади.


3. Индивидуал анкеталар кўриб чиқилиши ташкил қилинади.



1 кун муддатда


4. Анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.


3 кундан ошмаган муддатда







3-босқич

Сектор раҳбари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи


"Аёллар дафтари"га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган "Йўл харитаси" лойиҳасини Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.


7 кундан ошмаган муддатда









4-босқич

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари


"Аёллар дафтари"га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ва "Йўл харитаси" тасдиқланади ҳамда ижрога қаратилади.


Белгиланган тартибда









5-босқич

Сектор штаби котиби


Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашида тасдиқланган рўйхатлар Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилади.


3 кундан ошмаган муддатда









6-босқич

Туман (шаҳар) ҳокимликлари, сектор раҳбарлари, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, Халқ банки, Фермерлар кенгаши, Савдо-саноат палатаси, Тиббиёт муассасалари, Молия, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, прокуратура, адлия, ички ишлар органлари


Вақтинчалик тартибда белгиланган хизматларни кўрсатади.


Белгиланган муддатларда









7-босқич

Сектор раҳбари, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи


"Аёллар дафтари"дан чиқариш юзасидан таклифлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари муҳокамасига киритилади.


Заруратга кўра









8-босқич

Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари


"Аёллар дафтари"дан чиқариш бўйича тегишли қарор қабул қилинади.


Заруратга кўра









9-босқич

Сектор штаби котиби


Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши қарори асосида "Аёллар дафтари"дан чиқарилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилади.


3 кундан ошмаган муддатда









10-босқич

Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари


"Аёллар дафтари"дан чиқарилган аёллар бу ҳақида ёзма равишда хабардор қилинади.


Қарор қабул қилинганидан сўнг 5 кун ичида









11-босқич

Секторлар, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари


Маҳалла ягона ахборот тизими дастурида "Аёллар дафтари"ни юритиш билан боғлиқ масалалар тўлиқ акс эттириб борилиши таъминланади.


Мунтазам равишда









12-босқич

Масъул ташкилотлар ходимлари, сектор штаби котиби


"Аёллар дафтари"га киритилган ҳар бир хотин-қизларнинг аниқланган муаммоларининг бартараф этилганлиги ҳақида ҳисоботлар ахборот тизимига киритиб борилади.


Ҳар куни соат 18.00 гача









13-босқич

Сектор раҳбари, сектор ишчи гуруҳи, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбар ходимлари


"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиб борилади.


Ҳар ойда









14-босқич

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши


1. "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган "Йўл харитаси" ижроси муҳокама қилинади.


2. Кенгаш сессияларида муаммоларни ҳал қилишга масъул бўлган секторлар, идора ва ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари эшитиб борилади.


Ҳар чоракда камида бир маротаба



                

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 9 январь