Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасининг Устави (ЎзР ВМ 02.02.2021 й. 47-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 2 февралдаги

47-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонаси

дирекцияси" давлат унитар корхонасининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонаси дирекцияси" (кейинги ўринларда - Дирекция) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади. Дирекция ўзига бириктирилган мулкка нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган доирада ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғига биноан масъул этиб тайинланган давлат органи - муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.


2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисобварақларига, шу жумладан, валюта ҳисобварақларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.


4. Дирекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - "Termiz" xalqaro savdo markazi" erkin savdo zonasi direktsiyasi" davlat unitar korxonasi;

қисқартирилган номи - "Termiz" xalqaro savdo markazi" ESZ direktsiyasi" DUK;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственное унитарное предприятие "Дирекция зоны свободной торговли"Международный торговый центр Термез"

қисқартирилган номи - ГУП "Дирекция СТЗ "Международный торговый центр Термез";

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - "Directorate of free trade zone "International trade center Termiz" State Unitary Company;

қисқартирилган номи - "Directorate of FTZ "International trade center Termiz" SUC.


5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Ат-Термизий кўчаси, 1а-уй.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда - Муассис) ҳисобланади.


7. Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.


8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда иштирокчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.


9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.



2-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ

МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


10. "Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонаси (кейинги ўринларда - "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини, шунингдек, "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш орқали оператив бошқариш, "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ иштирокчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишларни (хизматларни) бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.


11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ ҳудудида махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилишини таъминлаш;

салоҳиятли инвесторлар ва "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорликни, шу жумладан инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш ва танлаб олиш учун қабул қилишни, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур рухсатномалар беришни "ягона дарча" тамойили асосида ташкил этиш;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш, шунингдек, "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ иштирокчилари томонидан инвестиция битимига киритилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗни ривожлантириш дастури амалга оширилишини таъминлаш;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ иштирокчиларининг реестрини юритиш;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ ҳудудида экологик назорат, шунингдек, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг назоратини ташкил этиш;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗга иштирокчилари билан шартномалар асосида маркетинг хизматлари, шунингдек, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ инвесторларни жалб этиш тадбирларини амалга ошириш;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ ҳудудига қизиқиш билдирган инвесторларни, эркин савдо зона иштирокчиларини ахборот билан таъминлаш, шу жумладан уларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувларини ташкил этиш;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ ҳудудидаги ер участкаларини, шунингдек, бинолар ва иншоотларни эркин савдо зонаси иштирокчиларига эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш.

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ ўз фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни ҳам амалга оширишга ҳақлидир.


12. Дирекция қонун ҳужжатларида фаолиятнинг тақиқланмаган бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


13. Дирекция Муассисга ва Сурхондарё вилояти махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгашига ҳисобот беради.


14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;

Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёки белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;

Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;

Дирекция мулки билан амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;

Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;

меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш ёки бекор қилиш.


15. "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗнинг мустақил бюджети ва "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланиш Сурхондарё вилояти махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши томонидан назорат қилинади.


16. "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ дирекциясига белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг Афғонистон Ислом Республикаси билан ташқи иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўринбосари раҳбарлик қилади.


17. Дирекция "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ иштирокчиларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.


18. Дирекция ижро этувчи орган ҳисобланади.


19. Директор:

қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;

Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифода этади;

ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;

Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

Дирекция томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.


20. Директор:

Муассисга Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;

ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларни бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг таъминланиши ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг тўланишини, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг ҳатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун, шу жумладан Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗнинг "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланадиган мустақил бюджети маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.


21. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИ


22. Дирекциянинг устав фонди "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ фаолиятини оператив бошқаришучун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.


23. Дирекция устав фондининг миқдори 5 млрд сўмни ташкил қилади.



5-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИНИ

КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ


24. Дирекциянинг устав фонди қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассис қарорига биноан кўпайтирилади ёки камайтирилади.



6-БОБ. ДИРЕКЦИЯ МУЛКИНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ


25. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.


26. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.


27. Сурхондарё вилояти махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.


28. Директор Муассис билан келишган ҳолда, Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:

асосий воситаларни сотиш, ижарага ёки гаровга бериш;

мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятларининг устав фондига улуш сифатида киритиш;

бошқа хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш ва сотиш;

мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқача тарзда тасарруф этиш.



7-БОБ. ДИРЕКЦИЯ БЮДЖЕТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


29. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат мулки бўлган ва "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

"Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ иштирокчиларининг ажратмалари ва "Термиз халқаро савдо маркази" ЭСЗ иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.



8-БОБ. ЗАХИРА ФОНДИНИ ВА БОШҚА

ФОНДЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


30. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.



9-БОБ. ДАРОМАДНИ (ФОЙДАНИ) ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


31. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.


32. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ҳомийлик хайрияси сифатида йўналтириладиган маблағларнинг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.


33. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарлари ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.



10-БОБ. ҲИСОБОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


34. Дирекция ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланадиган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.


35. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолияти Сурхондарё вилояти махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.


36. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолиятининг натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.



11-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


37. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда, унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.


38. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



12-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИ ТУГАТИШ

ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


39. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.


40. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.

Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 3 февраль