Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.02.2021 й. 101-сон "Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.02.2021 й.

N 101



БОЖХОНА АУДИТИНИ ЎТКАЗИШ

ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, божхона аудитини амалга ошириш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармонига мувофиқ Давлат божхона қўмитасига божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш бўйича қўшимча вазифа юкланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

а) камерал божхона аудити давлат божхона хизмати органлари томонидан ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудга бормасдан қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида камерал божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;

хорижий давлатларнинг тегишли органларидан олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мос келмаслиги;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 188-моддасида назарда тутилган божхона назорати шакллари ўтказилиши натижалари бўйича божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкин деб ҳисобланганда;

ваколатли вазирлик ва идораларга сўровномалар юбориш натижаси бўйича олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мувофиқ эмаслиги;

б) сайёр божхона аудити давлат божхона хизмати органлари томонидан ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойда қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида сайёр божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;

божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкинлигини кўрсатувчи камерал божхона аудити натижаларига кўра сайёр божхона аудити ўтказиш зарурияти вужудга келганда;

божхона органлари талабига асосан белгиланган муддатда хабарномада кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларнинг тақдим этилмаслиги;

камерал божхона аудити натижалари бўйича тузилган далолатнома юзасидан ваколатли шахснинг эътирози бўлган саволларга аниқлик киритиш зарурати юзага келганда;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 188-моддасида назарда тутилган божхона назорати шаклларининг ўтказилиши натижалари бўйича божхона қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкинлиги ҳолатига аниқлик киритиш учун товар ва транспорт воситалари сақланадиган жойларга чиқиб, улар бўйича амалга оширилган операцияларнинг қонунийлигини ўрганиш ва текшириш зарурияти юзага келганда;

в) божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юкланган божхона органи мансабдор шахслари "Bojxona auditi" автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик тарзда тақсимланади. Бунда сайёр божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юклатилган божхона органи мансабдор шахслари ҳақидаги маълумотлар сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисида божхона органи қарори билан тасдиқланади.


3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат божхона хизмати органлари томонидан товарларни чиқаришга рухсат берилгандан сўнг божхона аудитини ўтказиш тартиби;

божхона аудити тамойиллари ва усуллари, аудит объектларини танлаш усуллари ва механизми;

божхона аудитини ўтказишдан аввал ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисини хабардор қилиш тартиби;

божхона аудитини ўтказишдан аввал мустақил равишда ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувини белгилаш;

божхона аудити натижаларидан келиб чиқиб, қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари аниқланган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш тартиби.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда божхона аудитини амалга ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирларни биргаликда ташкил этсин;

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида божхона аудити ходимларининг малакасини ошириш мақсадида ўқув машғулотларини ташкил этсин, зарур ҳолларда мазкур ўқув машғулотларига хорижий давлатлардан божхона аудити бўйича малакали мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўрсин;

ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари орасида кенг ёритилишини таъминласин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Ушбу қарорнинг 3-банди 2021 йил 1 майда кучга киради.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 25 февраль