Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.03.2021 й. 145-сон "Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуна ва синамаларини тасарруф этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.03.2021 й.

N 145



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОЖХОНА

ОРГАНЛАРИ ТИЗИМИДА ТОВАРЛАРНИНГ

НАМУНА ВА СИНАМАЛАРИНИ ТАСАРРУФ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА



Божхона хизмати органларида божхона экспертизасини ўтказиш тартибини жаҳон стандартларига мослаштириш, намуна ва синама олиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларига қулай имкониятлар яратиш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки:

а) товарлар намуналарини ёки синамаларини олиш мазкур товарларни идентификациялаш ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига биноан товар кодини аниқлаш мақсадларида амалга оширилади;

б) товарлар намуналари ёки синамаларни тасарруф этиш ҳамда божхона экспертизасини ўтказиш учун зарур сарфлаш материаллари давлат божхона хизмати органларининг ҳар йилги истеъмолидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда харид қилинади;

в) товарлар намуналари ёки синамалари товар партиясининг таркиби ва хусусиятларини тўлиқ ифодалаши ҳамда олинган намуналар ёки синамалар, шунингдек, маълумотлар ишончлилиги учун қуйидагилар шахсан жавобгар ҳисобланади:

товарлар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётганда - божхона органи мансабдор шахси;

товар жисмоний шахс ёки юридик шахслар томонидан тақдим этилганда - жисмоний шахс ёки юридик шахснинг масъул этиб тайинлаган ходимлари;

намуналар ёки синамаларни олиш суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органлари қарорлари асосида амалга оширилганда - ушбу қарорларда масъул этиб тайинланган шахслар.


2. Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказилаётган товарлардан намуналар ёки синамалар танлаб олиш, уларни божхона лабораторияларига тақдим этиш, тасарруф этиш, сақлаш ҳамда йўқ қилиш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 18 март