Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.03.2021 й. 158-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 27 мартдаги

158-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия

қилинган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат

реестрини юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрини (кейинги ўринларда - давлат реестри) юритиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


андоза нав - давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган, Ўзбекистон Республикасининг турли тупроққлим шароитли ҳудудларида кенг жорий этилган қишлоқ хўжалиги экини нави;


"Agrotest.uz" ахборот тизими (кейинги ўринларда - ахборот тизими) -қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг синови бўйича маълумотларни ва давлат реестрини электрон кўринишда шакллантириш ҳамда янгилаб боришнинг автоматлаштирилган ахборот тизими;

истиқболли навлар - қишлоқ хўжалиги экинлари давлат нав синовининг дастлабки йилларида хўжалик кўрсаткичлари ва хусусиятлари, маҳсулот сифати ҳамда бошқа белгилари бўйича давлат реестрига киритилган нав ва дурагайлардан устун бўлган нав ва дурагайлар;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) томонидан тасдиқланган тартиб асосида Ўзбекистон Республикасининг турли табиий тупроққлим шароитли ҳудудларида жойлашган нав синаш станциялари ва участкаларида ҳамда ариза берувчи томонидан танланган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг хўжалик учун фойдали белгилари бўйича ўрганиш;


нав - ўсимликлар гуруҳи бўлиб, у наслдан наслга барқарор ўтувчи, муайян генотип ёки генотиплар комбинациясини бошқаларидан ажратиб турувчи белгиларга қараб аниқланади ва айни бир ботаник таксондаги бошқа ўсимликлар гуруҳидан бир ёки бир неча белгилари билан фарқланади. Клон, линия, биринчи авлод дурагайи, популяция навнинг муҳофаза қилинадиган объектларидир;


навларнинг хўжалик учун фойдали белгилари - қишлоқ хўжалиги навларининг ҳосилдорлиги, ўсиш даври, касаллик ва зараркунандаларга, турли тупроққлим шароитларига чидамлилиги ҳамда маҳсулотнинг сифати вабошқа белгилари;


патент эгаси - селекция ютуғига берилган патент эгаси;


талабнома берувчи - қишлоқ хўжалиги экинлари навларини давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш мақсадида Марказга мурожаат этувчи резидент ёки норезидент (юридик ва жисмоний шахслар);

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги экперт комиссияси (кейинги ўринларда - Эксперт комиссияси) - Марказ томонидан ўтказилган синов натижалари асосида қишлоқ хўжалиги экинлари навларини Давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш ва ундан чиқариш бўйича таклифларни кўриб чиқиш бўйича соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар вакиллари таркибидаги идоралараро коллегиал орган;


эксперт баҳолаш - Марказ мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида кам тарқалган қишлоқ хўжалиги экинлари навлари бўйича синов ишларини ариза берувчининг ўзи танлаган майдонларда ўтказиш, ваколатли давлат муассаси мутахассислари, ариза берувчи ва бошқа давлатларнинг соҳадаги ваколатли ташкилотлари томонидан тақдим этилган синов натижаларидан фойдаланиш.


3. Давлат реестри қуйидагиларни тизимли ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида юритилади:

қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини синаш ва эксперт баҳолаш;

патент эгасининг хоҳишига кўра муҳофаза ҳужжатлари билан ҳимоя қилинган қишлоқ хўжалиги экинлари навларини рўйхатдан ўтказишва экишга тавсия этиш;

талабнома берувчининг хоҳишига кўра муҳофаза ҳужжатлари билан ҳимоя қилинмаган қишлоқ хўжалиги экинлари навларини рўйхатдан ўтказиш ва экишга тавсия этиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинлари тўғрисида муҳим ва энг сўнгги маълумотларни йиғиш, таҳлил этиш, ўзаро алмашиш мақсадида ахборот фаолиятини ташкил этиш.


4. Марказ қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрини юритувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари навлари синовини ўтказиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлардан тушган маблағлар давлат реестрини жорий этиш ва юритиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


6. Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

ВА УНГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


7. Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини Давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш учун талабгор Марказга ахборот тизими орқали талабнома ва унга илова қилинадиган тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

8. Марказ беш иш куни ичида талабнома берувчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини кўриб чиқади. Зарур ҳолларда талабнома берувчидан қишлоқ хўжалиги экинлари навлари бўйича қўшимча маълумотлар сўраб олинади.


9. Давлат реестрида рўйхатдан ўтказиладиган қишлоқ хўжалиги экинлари навлари хўжалик учун фойдали белгиларга эга бўлиши керак. Қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг хўжалик учун фойдали белгилари бўйича синов ишлари ҳар йили Марказ тизимидаги нав синаш станциялари ва нав синаш станцияси ва участкаларининг (ёки талабнома берувчининг ўзи танлаган) ер майдонларида ўтказилади.

10. Синовдан ўтаётган қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг бир ёки бир нечта хўжалик учун фойдали белгилар бўйича кўрсаткичлари андоза навдан устун ва қолган белгилари бўйича андоза нав даражасида бўлиши лозим.


11. Бир йиллик қишлоқ хўжалиги экинлари навлари хўжалик учун фойдали белгилари бўйича камида икки йил, кўп йиллик қишлоқ хўжалиги экинлари навлари учун улар тўлиқ ҳосилга кирган пайтидан камида бир йил мобайнида синовдан ўтказилади.


12. Экперт комиссияси хулосасига кўра, қишлоқ хўжалиги экинлари навлари бир йиллик синов натижалари бўйича давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши мумкин.


13. Марказнинг қишлоқ хўжалиги экинлари навларини экишга тавсия қилиш тўғрисидаги қарори тасдиқлангандан ҳамда талабнома берувчи томонидан тегишли тўловлар амалга оширилгандан кейин уч ой муддатда қишлоқ хўжалиги экинлари навлари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилади.


14. Давлат реестрида қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

ўсимликнинг тури (хили) ва навнинг номи;

талабнома берувчининг номи, манзили ва мамлакат коди;

буюртманинг тартиб рақами;

нав давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган тартиб рақами ва сана;

навнинг муаллифи ва нав оригинаторининг номи, манзили;

воситачининг номи ва манзили (агар мавжуд бўлса);

нав давлат реестридан чиқарилган сана.


15. Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини давлат реестридан ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буйруғи билан шакллантириладиган истиқболли навлар рўйхатидан чиқариш учун қуйидаги ҳолатлар асос бўлади:

қишлоқ хўжалиги экини нави хўжалик учун фойдали белгиларини йўқотганда ва ўзининг хос белги кўрсаткичлари бўйича тавсифига мувофиқ келмай қолган тақдирда;

давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган қишлоқ хўжалиги экини нави уч йилдан кўп вақт давомида хўжалик муомаласига киритилмаган тақдирда;

патент эгаси томонидан қишлоқ хўжалиги экини навини давлат реестри рўйхатидан чиқариш юзасидан мурожаат қилинган тақдирда.


16. Давлат реестри Марказ томонидан ахборот тизимида электрон шаклда юритилади.


3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


18. Ахборот тизимига давлат реестри бўйича маълумотлар Марказ томонидан жойлаштирилади ҳамда жисмоний ва юридик шахслар танишиши учун очиқ ҳисобланади.

19. Нав муаллифи ёки нав оригинатори қишлоқ хўжалиги экинлари навларини Давлат реестри рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги қарордан, шунингдек, Марказнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)дан норози бўлганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун

тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари

давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар


Амалга ошириш механизми



Ижро муддати

1-босқич

Талабнома берувчи

(юридик ёки жисмоний шахс)


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш учун талабгор Марказга талабнома ва унга илова қилинадиган тегишли ҳужжатларни тақдим этган ҳолда мурожаат қилади.


Йил давомида







2-босқич

Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази


Марказ талабнома берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади. Зарур ҳолларда талабнома берувчидан қишлоқ хўжалиги экинлари навлари бўйича қўшимча маълумотларни сўраб олади.


5 иш куни ичида







3-босқич

Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази


Қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг хўжалик учун фойдали белгилари бўйича синов ишлари Марказ тизимидаги нав синаш станциялари ва нав синаш участкаларининг тажриба ер майдонларида ўтказилади.


Ҳар йили







4-босқич

Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази


Бир йиллик қишлоқ хўжалиги экинлари навлари хўжалик учун фойдали белгилари бўйича камида икки йил, кўп йиллик қишлоқ хўжалиги экинлари навлари учун улар тўлиқ ҳосилга кирган пайтидан камида бир йил мобайнида синовдан ўтказилади.


Тегишли равишда икки йил ва бир йил







5-босқич

Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази


Марказнинг қишлоқ хўжалиги экинларини экишга тавсия қилиш тўғрисидаги қарори тасдиқлангандан ҳамда талабнома берувчи томонидан тегишли тўловлар амалга оширилгандан кейин қишлоқ хўжалиги экинлари навлари Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилади.


Тегишли қарор қабул қилинганидан ва тўловлар тўлангандан кейин 3 ой муддатда

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 27 март