Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.04.2021 й. 222-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 19 апрелдаги

222-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ёш олимларни етакчи хорижий

илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий

стажировкаларга юбориш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом олий таълим ва илмий ташкилотлар (кейинги ўринларда - буюртмачилар) томонидан тавсия этилган номзодларни етакчи хорижий илмий ташкилотлар (марказлар, университетлар ва бошқалар)га қисқа муддатли илмий стажировкаларга (кейинги ўринларда - стажировка) юбориш юзасидан танловларни ташкил этиш, ўтказиш, саралаш, молиялаштириш ва стажировка якуни бўйича ҳисобот тақдим этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


номзодлар - буюртмачилар томонидан стажировка ўташга юбориш мақсадида тавсия этиладиган илмий, илмий-педагогик ва техник-муҳандис шу билан бирга, стажёр-тадқиқотчи, докторант, мустақил изланувчи ва таълим олувчи сифатида фаолият юритаётган талабгорлар;


махсус эксперт гуруҳи - стажировка ўташга юбориш бўйича саралаш танловларни ўтказиш, ғолиб ва рад этилган номзодлар тўғрисида хулоса олиш ҳамда ушбу жараённи мувофиқлаштириш ҳуқуқига эга Инновацион ривожланиш вазирлигининг коллегиал органи;


мақсадли танловлар - Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ташаббусига кўра илм-фан соҳасида етакчи хорижий илмий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тузилган англашув битимлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Махкамаси топшириқларини амалга ошириш мақсадида эълон қилинадиган танловлар;


маълумот (ҳужжат)лар - буюртмачилар томонидан стажировка ўташга юбориш мақсадида тавсия этилган номзодлар тўғрисида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами.


3. Стажировка ўташга юбориш Вазирлик томонидан даврий равишда, танлов асосида, календарь йилида камида бир маротаба ташкил этилади.


4. Стажировкалар бир ойдан олти ойгача бўлган давр мобайнида белгиланган муддатларда амалга оширилади.

Бир ойдан кам (15 календарь кундан кам бўлмаган) бўлган муддатга стажировка ўташга юбориш махсус эксперт гуруҳи хулосаси асосида маъқулланган тақдирда амалга оширилади.


5. Стажировка ўташга тавсия этилаётган номзодларни мутахассислик фанидан чет тилида суҳбат ўтказиш, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим даражаси ва кўникмаларини аниқлаш юзасидан дастлабки саралаш танловини ўтказиш бевосита буюртмачилар томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. ТАНЛОВЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


1-§. Номзодларга қўйиладиган талаблар


6. Cтажировка ўташга мутахассислик фани ва хорижий тилларни ўзининг иш фаолиятини амалга оширишда зарур бўлган даражада биладиган, ёши 20 дан 40 гача бўлган номзодлар юборилади.


7. Номзодлар бир йил давомида икки маротаба етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар) стажировка ўташга ғолиб сифатида маъқулланиши мумкин эмас.


8. Танловларда ғолиб деб топилган номзодлар стажировка ўтаб келгандан ҳамда мазкур стажировка бўйича ҳисобот тақдим этгандан сўнг навбатдаги календарь йилидаги эълон қилинган танловларга номзод сифатида тавсия этилиши мумкин.



2-§. Танловни эълон қилиш тартиби


9. Вазирлик стажировкаларга юбориш бўйича танлов ҳақидаги эълонни танлов ўтказишдан камида бир ой олдин Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштиради.

Танлов ҳақида Интернет жаҳон ахборот тармоғи, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳам эълон берилиши мумкин.


10. Танловни ўтказиш ҳақидаги эълонда қуйидагилар акс этиши зарур:

тақдим этиладиган маълумот (ҳужжат)ларнинг аниқ рўйхати, уларни қабул қилиш тартиби, муддатлари ва жойи;

танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

зарур маълумот (ҳужжат)лар рўйхати;

боғланиш учун масъул ходимлар телефони ва электрон почта манзили.



3-§. Маълумот (ҳужжат)ларни қабул қилиш тартиби


11. Буюртмачилар стажировка ўташга тавсия этилган номзодлар тўғрисида Вазирликка қуйидаги маълумот (ҳужжат)ларни тақдим этадилар:

мазкур Низом 1-иловасига мувофиқ шаклдаги стажировка режаси;

буюртмачиларнинг коллегиал органи (илмий кенгаш, кенгаш, илмий-техникавий кенгаш, илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ва бошқа шаклларда бўлиши мумкин) қароридан кўчирма;

қабул қилувчи томонидан стажировка ўташ учун буюртмачилар номига келган таклифнома (розилик) хати шу жумладан, буюртмачилар томонидан тасдиқланган ва қабул қилувчи томон билан келишилган стажировка даврида амалга ошириладиган ишлар дастури;

номзоднинг маълумотнома-объективкаси (анкета);

олий таълим муассасасини тугатганлигини тасдиқловчи дипломнинг нусхаси ва/ёки илмий даражаси (фан номзоди, PhD ва фан доктори), илмий унвонини (катта илмий ходим, доцент, профессор) тасдиқловчи диплом(лар)нинг нусхаси, агар мавжуд бўлса;

фуқаролик паспорти ёки идентификация IDкартаси нусхаси;

номзоднинг 3х4 см ўлчамдаги оқ фондаги 2 дона рангли фотосурати;

хорижий тиллардан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар, муддати ўтган ҳужжатлар бундан мустасно), агар мавжуд бўлса.


12. Мақсадли танловларни ташкил этишда қабул қилувчи томонидан стажировка ўташ учун таклифнома (розилик) хати Вазирлик номига юборилиши мумкин.

Бунда стажировка давомида амалга ошириладиган ишлар дастури Вазирлик томонидан қабул қилувчи ташкилот ўртасида марказлашган ҳолда келишилиши мумкин.


13. Буюртмачилар номзодлар тўғрисидаги маълумот (ҳужжат)ларни тегишли тартибда расмийлаштирган ҳолда кузатув хати билан ушбу Низомнинг 11-бандида келтирилган кетма-кетликда чоп этилган шаклда Вазирликка тақдим этадилар ёки электрон шаклда Вазирликнинг электрон почта манзилига юборилади.


14. Буюртмачилар раҳбарлари номзодларни тавсия этиш жараёнининг холислиги ва тақдим этилаётган маълумот (ҳужжат)ларнинг ҳаққонийлиги шу билан бирга тавсия этилган номзодларни саралаш, танловларда иштирокини таъминлаш учун шахсан жавоб берадилар.



4-§. Махсус эксперт гуруҳи фаолиятини ташкил этиш тартиби


15. Номзодларни танлов асосида саралаш мақсадида Вазирлик томонидан махсус эксперт гуруҳ(лар)и ташкил қилинади.


16. Махсус эксперт гуруҳи инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи асосида ҳар йили тузилади. Махсус эксперт гуруҳи раҳбари, раҳбар ўринбосари, котиб ва камида беш нафар тоқ сонли аъзолардан иборат бўлади.


17. Махсус эксперт гуруҳи таркибига ўз йўналишида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган, чет тилларини юқори даражада биладиган малакали (турли вазирлик, идоралар, олий таълим ва илмий ташкилотлар) мутахассислар киритилади. Махсус эксперт гуруҳига раҳбарлик қилиш вазифаси вазир ўринбосари даражасидаги раҳбарга юклатилади.

Эксперт гуруҳи раҳбари, зарур ҳолларда қўшимча мутахассисларни (вазирлик, идоралар, олий таълим ва илмий ташкилотлар, шу жумладан ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлари мутахассисларини) эксперт сифатида (овоз бериш ҳуқуқи билан) саралаш, танловларга жалб қилиши мумкин.


18. Махсус эксперт гуруҳи йиғилишлари юзма-юз ёки сиртдан (сўров орқали), шу жумладан юзма-юз йиғилишлар онлайн режимда видеомулоқот шаклида ўтказилиши мумкин.


19. Махсус эксперт гуруҳи йиғилишини ўтказиш учун кворум унинг таркибининг учдан икки қисмини ташкил этиши лозим.

Махсус эксперт гуруҳи баённомалари гуруҳ раҳбари томонидан тасдиқланади ва иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.


20. Стажировкаларга юбориш орқали кадрлар тайёрлаш жараёнини жадал ривожлантириш ва сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш, олий таълим ва илмий ташкилотларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ундан республиканинг инновацион ривожланишида самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида махсус эксперт гуруҳи қуйидагиларга ҳақлидир:

1-босқич саралаш танловларда маълумот (ҳужжат)ларни тақдим этилмаган қисмини тўлдириш учун эълон қилинган танловлар муддатини узайтириш;

2-босқич саралаш танловларда стажировка дастурларини қайта тақдимот ҳимоясини ўтказишга рухсат бериш.


21. Махсус эксперт гуруҳининг барча аъзоларига йил якуни бўйича эришилган натижаларга мувофиқ Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик мукофот пули (барча солиқ ва мажбурий тўловларни ушлаб қолган ҳолда) берилади.

Мукофот пулини бериш (тайинлаш) инновацион ривожланиш вазирининг буйруғига мувофиқ амалга оширилади.


22. Махсус эксперт гуруҳининг фаолиятини унинг масъул котиби ташкил этади.


23. Махсус эксперт гуруҳи қабул қилган қарорларининг холислиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгардир.



3-БОБ. САРАЛАШ ТАНЛОВЛАРНИ ЎТКАЗИШ

ВА СТАЖИРОВКАГА ЮБОРИШ ТАРТИБИ


24. Стажировкаларга юбориш бўйича келиб тушган маълумот (ҳужжат)ларни умумлаштириш, номзодларни саралаш танловини ташкил этиш ва ўтказиш тегишли бўлим томонидан амалга оширилади.


25. Жамғарманинг Кузатув кенгаши буюртмачиларнинг юқори турувчи вазирлик ва идораларининг асослантирилган таклифлари бўйича саралаш танлов ўтказмаган ҳолда қарор чиқаришга ҳақли.

Бунда тавсия этилган номзодларнинг малакаси ва унга қўйиладиган талаблар ижроси юзасидан бевосита вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.


26. Номзодлар тўғрисидаги маълумот (ҳужжат)лар 10 иш куни муддатида тегишли бўлим томонидан умумлаштирилиб, махсус эксперт гуруҳига хулоса олиш учун киритилади.


27. Саралаш танловлар икки босқичда ўтказилади. Махсус эксперт гуруҳининг қарори унинг аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Махсус эксперт гуруҳи раҳбарининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


28. Махсус эксперт гуруҳи киритилган маълумот (ҳужжат)ларга асосан камида бир ойлик муддатда икки босқичда қуйидаги тартибда номзодларнинг саралаш танловларини ўтказади.

Саралаш танловларнинг 1-босқичида киритилган маълумот (ҳужжат)лар ушбу Низомнинг 11-бандига мос равишда тўлиқ тақдим этилганлиги ва расмийлаштирилганлиги кўриб чиқилади.

Саралаш танловларнинг 1-босқичи якунлари бўйича маълумот (ҳужжат)лари тақдим этилган номзодлар бўйича саралаш танловнинг 2-босқичида иштирок этишга ўтказилган номзодлар тўғрисида йиғма рўйхат шакллантирилади.

Махсус эксперт гуруҳининг саралаш танловларнинг 1-босқичи натижалари бўйича қабул қилинган қарори Вазирлик веб-сайтида жойлаштирилади.

Саралаш танловларнинг 2-босқичида номзодлар ўз стажировка дастурларини чет тилида тақдимот (презентация) кўринишида ҳимоясини ўтказадилар.

Саралаш танловлар даврида тақдимот ҳимоясида иштирок этмаган (келмаган) номзодларнинг ҳужжатлари махсус эксперт гуруҳининг қарорига асосан рад этилиши мумкин.

Тақдимот ҳимоясида номзодлар танланган тадқиқот ишини қисқа, лўнда ва асосланган ҳолда очиб бериши ҳамда пухта тайёргарлик кўрган ҳолда иштирок этишлари талаб этилади.

Бунда Махсус эксперт гуруҳи тақдимот натижаларига асосан якуний хулоса тайёрлашда қуйидаги мезонларга амал қилади:

хорижий тилларни ўзининг иш фаолиятини амалга оширишда зарур бўлган даражада билиши ва қўллай олиши - 30 баллгача;

стажировка мақсад ва вазифаларининг долзарблиги ҳамда илмий ёки иқтисодий самарадорлиги - 40 баллгача;

стажировканинг олий таълим ва/ёки илмий ташкилотнинг йўналишлари, эҳтиёжлари ва талабларига мослиги - 30 баллгача.

Тақдимот натижаларига асосан камида 60 балл тўплаган номзодлар Махсус эксперт гуруҳи қарори билан ғолиб деб топилади.


29. Ғолиб номзодларнинг стажировка учун талаб этиладиган маблағлари (транспорт, яшаш, овқатланиш ва бошқа харажатлар) Вазирлик томонидан кўриб чиқилгандан сўнг махсус эксперт гуруҳининг якуний хулосаси расмийлаштирилади.

Бунда стажировкага юбориш харажатлари бўйича тегишли асословчи ҳужжатлар номзодлар томонидан Вазирликка тақдим этилиши лозим.


30. Иккинчи босқич танлов ғолиблари тўғрисида ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда тузиладиган якуний хулоса Кузатув кенгашида тасдиқлаш учун Жамғармага киритилади.


31. Саралаш танловларнинг 2-босқичи натижалари Вазирликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириш орқали эълон қилинади.

Ғолиб номзодларни стажировка ўташга юбориш Жамғарма томонидан танлов якунига мувофиқ Жамғарма Кузатув кенгашининг тегишли қарори қабул қилингандан сўнг амалга оширилади.

Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


32. Вазирлик стажировка бўйича саралаш танловларнинг ҳаққонийлигига ва белгиланган муддатларда амалга оширилишига жавобгардир.



4-БОБ. СТАЖИРОВКАЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


33. Стажировкаларга юбориш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


34. Стажировкаларни молиялаштириш тегишли молия йили учун Жамғарманинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатларининг прогноз параметрларида назарда тутилади.


35. Махсус эксперт гуруҳининг якуний хулосасига мувофиқ саралаб олинган номзодларнинг стажировкаси билан боғлиқ харажатлар Жамғарманинг тегишли молия йилида ушбу мақсадлар учун режалаштирилган маблағлари доирасида бўлиши зарур.


36. Вазирлик ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли ишлатилишини йўлга қўйиш мақсадида стажировка билан боғлиқ харажатларни қисқартириш ва оптималлаштириш ҳуқуқига эга.


37. Стажировкалар бўйича харажатлар Вазирлик, Жамғарма ижро этувчи дирекцияси, Буюртмачи ҳамда етакчи хорижий илмий ташкилот ўртасидаги шартнома билан тартибга солинадиган стажировка шартлари, талаблари ва муддатларига мувофиқ амалга оширилади.


38. Стажировкаларга юбориш билан боғлиқ талаблар ва харажатлар ўрнатилган тартибда тузиладиган шартнома, жўнаб кетиш (келиш) санаси ва бошқаларга асосан ўзгариши мумкин.

Бунда номзодлар томонидан режалаштирилган стажировканинг давомийлик муддати Махсус эксперт гуруҳида тасдиқланган стажировка муддатидан ошмаслиги шарт.


39. Стажировка ўташ даврида Жамғарма ажратилган маблағларда оқилона ва мақсадли фойдаланиш ҳамда харажатлар сметасига қатъий риоя этган ҳолда сарфланиши учун Буюртмачи ва номзодлар жавобгар ҳисобланади.



5-БОБ. СТАЖИРОВКА ЯКУНИ БЎЙИЧА

ҲИСОБОТ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


40. Стажировка якуни бўйича молиявий ва илмий ҳисоботлар тақдим этилади.


41. Стажировка ўташ учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш юзасидан молиявий ҳисобот буюртмачилар томонидан тасдиқланган ва тегишли ҳужжатлар, шу жумладан, харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ғолиб номзодлар стажировка ўтаб келган кундан бошлаб 10 иш кунида қоғоз ва электрон шаклда Жамғармага тақдим этилади.

Бунда ҳисобот маълумотларига асосан белгиланган тартибда ишлатилмаган (иқтисод қилинган ва мақсадсиз сарфланган) маблағлар стажировка якунланган кундан бошлаб 25 иш кунида Жамғармага қайтарилиши шарт.


42. Стажировка харажатлари шартномада кўзда тутилган маблағ миқдоридан ошиб кетган ҳолларда, ҳақиқий харажатлар Буюртмачи томонидан қопланади.


43. Стажировка якуни бўйича ғолиб номзодлар томонидан стажировка ўтаб келган кундан бошлаб 10 иш кунида илмий ҳисобот тайёрланади.


44. Илмий ҳисобот буюртмачиларнинг коллегиал органига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритилади.


45. Илмий ҳисобот тасдиқланмаган тақдирда ёш олимнинг стажировка даврида ишлатилган маблағлари унинг иш ҳақидан ушлаб қолиниб, Буюртмачи томонидан Жамғармага ўтказиб берилади.


46. Тасдиқланган илмий ҳисобот ва коллегиал орган қарори нусхаси буюртмачилар расмий кузатув хатига илова қилинган ҳолда коллегиал орган қарори чиққан кундан бошлаб 10 иш кунида қоғоз ва электрон шаклда Вазирликка тақдим этилади.


47. Ғолиб номзодлар стажировка ўтаб келган илмий-тадқиқот ишлари натижалари бўйича хорижий илмий анжуманларда маъруза билан иштирок этиши ва халқаро тан олинган маълумотлар базасидаги етакчи илмий журналларда нашр қилиши, шу билан бирга, камида бир йил давомида Вазирлик томонидан ташкил этиладиган ва бошқа тадбирларда стажировка даврида тўпланган тажрибалар ва олган билим ва кўникмалари борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этиши лозим.


48. Ҳисобот ва маълумотлар ҳаққонийлиги юзасидан буюртмачилар раҳбарлари жавоб берадилар.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


49. Вазирлик ва Жамғарма буюртмачилардан стажировкага юбориш ва якуний ҳисоботлар юзасидан киритилган маълумот (ҳужжат)лар бўйича қўшимча маълумотларни сўраб олишга ҳақлидир.


50. Стажировка ўташ мобайнида танлов ғолибларининг белгиланган тартибда иш жойи ва лавозими шу жумладан, ўртача иш хақи сақланиши лозим.


51. Махсус эксперт гуруҳининг саралаш танловларни ўтказиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорлари бўйича манфаатдор шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


52. Мазкур Низом билан тартибга солинмаган муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари асосида ҳал қилинади.


53. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга

(марказлар, университетлар ва бошқалар) қисқа

муддатли илмий стажировкаларга юбориш

РЕЖАСИ

Т/р

Фамилияси, исми,

отасининг исми


Иш жойи

ва лавозими

(олий таълим

ёки илмий

ташкилот

номи)


Стажировка

мақсад ва

вазифалари


Стажировка

ўтказиладиган

давлат, қабул

қилувчи

ташкилотлар


Стажи-

ровка

давомий-

лиги


Стажировка учун

талаб этиладиган

маблағлар

(транспорт, яшаш,

овқатланиш ва бошқа

харажатлар ҳар бири

алоҳида кўрсатилиши

зарур)


Фан

йўналиши


Кутилаётган

натижалар


1.










2...










        

Изоҳ. Стажировка учун талаб этиладиган маблағлар устуни маълумотлари олий таълим ёки илмий ташкилотлар бухгалтерия ҳисоби ходимлари томонидан тўлдирилади.

Олий таълим муассасаси ёки илмий

ташкилот раҳбари (ўринбосари)

(Имзо)

Ф.И.О

М.Ў.






Низомга

2-ИЛОВА



Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга

қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш

юзасидан танловларни ташкил этиш, ўтказиш,

саралаш, молиялаштириш ва стажировка

якуни бўйича ҳисобот тақдим этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Амалга ошириладиган тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (Вазирлик)


Республикадаги ёш олимларни илмий стажировкаларга юбориш бўйича Вазирлик веб-сайтида танлов тўғрисида эълон жойлаштириш


Танлов бошланишидан камида бир ой олдин







2-босқич

Буюртмачилар


1. Номзодлар рўйхатини шакллантириш ва дастлабки саралаш танловини ўтказиш


2. Номзодлар тўғрисида маълумот ва ҳужжатларни йўлланма хати билан тақдим этиш


Танловда белгиланган муддатда







3-босқич

Вазирлик


Номзодларни саралаб олиш учун Вазирлик ҳузурида Махсус эксперт гуруҳини тузиш


Хар йили январ ойида







4-босқич

Махсус эксперт гуруҳи


Номзодларнинг саралаш танлов босқичларини ўтказиб, якуний хулосани Вазирликка тақдим этиш


Камида бир ой муддатда







5-босқич

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгаши


Ғолиб номзодлар стажировкасини молиялаштириш мақсадида Жамғарма Кузатув кенгашининг тегишли қарорини қабул қилиш


Вазирлик йўлланма хати киритилгандан сўнг камида бир ой муддатда







6-босқич

Вазирлик


Танлов ғолибларини Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш


5-босқич якунлангандан сўнг камида 10 кун муддатда







7-босқич

Буюртмачилар


Стажировка якуни бўйича молиявий ва илмий ҳисоботлар тақдим этиш


Молиявий ҳисобот: стажировка ўтаб келганкундан 10 иш кунида;

Илмий ҳисобот:

коллегиал орган қарори чиқган кундан 10 иш кунида


         

Изоҳ. Ғолиб номзодларнинг стажировкасини молиялаштириш мақсадида мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ маълумотлар Вазирлик йўлланма хати билан Жамғармага Кузатув кенгашида тасдиқлаш учун киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 20 апрель