Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Пахта хомашёси етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш ҳамда пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китобига миллий валютада ажратилган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш учун компенсация тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.03.2021 й. 130-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 11 мартдаги

130-сон қарорига

1-ИЛОВА



Пахта хомашёси етиштириш ва пахта йиғим-терими

харажатларини кредитлаш ҳамда пахта хомашёси хариди

якуний ҳисоб-китобига миллий валютада ажратилган тижорат

кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш

учун компенсация тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг (кейинги ўринларда - қарз олувчи) пахта хом ашёси етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш ҳамда пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китобига миллий валютада ажратилган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш учун компенсация тўлаш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма ва тижорат банки ўртасида пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш тўғрисида тегишли молия йилидан олдинги йилнинг 1 октябригача битим тузилади.

3. Тижорат банки пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун ҳар ойнинг 5-санасига қадар, пахта йиғим-терими харажатлари учун мавсум даврида ҳар беш кунда Жамғармага кредит буюртманомаларини тақдим этади.

Жамғарма кредит буюртманомаларига мувофиқ тижорат банкларига кредит ресурсларини жойлаштиради.


4. Тижорат банки Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан қарз олувчига пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун муддатлилик, қайтаришлилик, тўловлилик, таъминланганлик ва мақсадли фойдаланиш шарти асосида кредит линиясини очади.

Пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш агротехник тадбирлар муддатларига мувофиқ тегишли молия йилидан олдинги йилнинг 1 октябридан молия йилининг 1 сентябригача амалга оширилади.

Пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш молия йилининг 1 сентябридан бошланади.

Пахта хом ашёси етиштириш харажатларини кредитлаш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

4-1. Жамғарма ҳисобидан пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китобига миллий валютада ажратилган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш ушбу Низомнинг 5-1-боб талабларига мувофиқ, 2022 йил пахта ҳосилидан бошлаб миллий валютада расмийлаштирилган тижорат кредит шартномаларига татбиқ этилади.


2-БОБ. ЖАМҒАРМА КРЕДИТ РЕСУРСЛАРИНИ

ТИЖОРАТ БАНКИГА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


5. Жамғарма тижорат банки билан тузилган битимга асосан кредит ресурсларини:

а) пахта-тўқимачилик кластерларининг пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача йиллик 8 фоиз ставкадан ошмаган миқдорда, 18 ой имтиёзли давр билан умумий фойдаланиш муддати 24 ойга жойлаштиради, бунда, кредитни қайтариш 19-ойдан бошланади ҳамда у сўнгги 6 ойда тенг улушларда қайтарилади;

б) Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун 14 ой муддат билан пахта хом ашёси қийматининг 60 фоизигача йиллик 8 фоиз ставкада кредит ресурсини қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз жойлаштиради;

в) пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун пахта хом ашёси қийматининг 20 фоизигача йиллик 8 фоиз ставкадан ошмаган миқдорда 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ойга кредит ресурсини қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз жойлаштиради.

6. Тижорат банки томонидан кредитлар битимда белгиланган муддатда қайтарилмаса, кредитларнинг қайтарилмаган қисмига фоизлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида ҳисобланади.

Кредитларнинг мақсадсиз ишлатилган қисмига қўлланиладиган жарима миқдори Жамғарма ва тижорат банки ўртасида тузиладиган битимда белгиланади.

Тижорат банкига жойлаштирилган кредит ресурсларининг ишлатилмаган қисми тижорат банки томонидан кейинги иш кунидан кечиктирилмасдан Жамғармага қайтарилади.



3-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКИ ТОМОНИДАН ҚАРЗ

ОЛУВЧИНИНГ АРИЗАСИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


7. Қарз олувчи кредит олиш учун унинг асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган тижорат банкига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Агроплатформа" АТ орқали ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари ҳамда ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан:

ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси ёки кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида давлат реестри кўчирмаси);

туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг ғўза экинини жойлаштириш тўғрисидаги электрон рақамли имзо билан тасдиқланган маълумотномаси;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари томонидан тасдиқланган тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлиги (центнер/гектар) тўғрисидаги маълумотнома;

б) фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида фаолият юритадиган пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари томонидан:

фьючерс шартномаси тузилган фермер хўжаликларининг тасдиқланган рўйхати;

туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг ғўза экинини жойлаштириш тўғрисидаги электрон рақамли имзо билан тасдиқланган маълумотномаси;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари томонидан тасдиқланган тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлиги (центнер/гектар) тўғрисидаги маълумотнома.

8. Қарз олувчининг тўлов интизоми ва кредит тарихидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги таъминот турларидан бири қабул қилинади:

қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг тижорат банки фойдасига суғурта қилинганлиги ёки қарз олувчининг бўлғуси ҳосилни суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган кафиллик ёки бошқа таъминот турлари.

Доимий равишда тижорат банки олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариб келаётган қарз олувчига кредит қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминотсиз (ишончли кредитлар) берилиши мумкин.


9. Ушбу Низомнинг 7-бандида қайд этилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг тижорат банки томонидан қарз олувчининг аризаси 3 кун муддатда кўриб чиқилади.

Қарз олувчининг аризаси бўйича ижобий хулоса қилинганда, тижорат банки филиали ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномаси тузилади.

Кредит бериш рад этилганда, тижорат банки қарз олувчини рад этиш сабабларини асослантирган ҳолда 1 кун муддатда ёзма равишда хабардор қилади.


10. Кредит қарз олувчининг асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган тижорат банки томонидан берилади.



4-БОБ. ҚАРЗ ОЛУВЧИГА КРЕДИТ

АЖРАТИШ ТАРТИБИ


11. Кредит миқдори Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йили эълон қилинадиган минимал нарх асосида ҳамда тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлигини (центнер/гектар) ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

12. Кредит шартномаси кучга киргандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмасдан қарз олувчига кредит ҳисобварағи очилади.


13. Тижорат банки қарз олувчи билан пахта хом ашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун тузган кредит шартномасига асосан:

а) пахта-тўқимачилик кластерларининг пахта хом ашёси етиштириш харажатларини молиялаштириш учун пахта хом ашёси қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоиз ставкадан ошмаган миқдорда (шундан, банк маржаси 2 фоиз), 18 ой имтиёзли давр билан умумий фойдаланиш муддати 24 ойга кредит ажратади, бунда, кредитни қайтариш 19-ойдан бошланади ҳамда у сўнгги 6 ойда тенг улушларда қайтарилади;

б) Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг пахта хом ашёси етиштириш харажатларини молиялаштириш учун 14 ой муддат билан пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 2 фоиз) кредит ажратади;

в) пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун пахта хом ашёси қийматининг 20 фоизигача йиллик 10 фоиз ставкадан ошмаган миқдорда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ойга кредит ажратади.

14. Қарз олувчи олган кредитни шартномада белгиланган муддатда сўндирмаса, кредитнинг сўндирилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади.

Кредитнинг мақсадсиз ишлатилган қисмига қўлланиладиган жарима миқдори кредит шартномасида белгиланади.

Қарз олувчи томонидан муддатидан олдин сўндирилган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари тижорат банки томонидан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан Жамғармага қайтарилади.



5-БОБ. КРЕДИТЛАР МОНИТОРИНГИ ВА

УЛАРНИ СЎНДИРИШ ТАРТИБИ


15. Кредит ҳисобварағидан тўловлар қарз олувчининг тўлов топшириқномалари асосида амалга оширилади.

Шунингдек, кредит ҳисобварағидан тўловлар электрон тўлов воситаси асосида амалга оширилиши мумкин.


16. Қарз олувчи пахта хомашёсини етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирлар учун кредитдан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ва хизмат кўрсатувчиларни ихтиёрий танлайди.


17. Жамғарма маблағлари айланадиган ҳисобварақларга инкассо топшириқномалари қўйилишига, шунингдек, уларни ундириб олиш ва тақиқ қўйишга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилмайди.


18. Тижорат банки суғурта ташкилотлари билан биргаликда суғурта шартномаси асосида ҳар бир қарз олувчи бўйича ғўза экинларининг ҳолатини ва бўлажак ҳосилнинг берилган кредитлар қайтарилишини таъминлаш учун етарлилигини аниқлаш мақсадида доимий мониторинг ўрнатади.


19. Чигит (тўлиқ ёки қисман) экилмаганлиги ёки экин ҳолатининг қониқарсизлиги, шунингдек, агротехник тадбирларнинг кечикиши натижасида кутиладиган ҳосилни олишнинг имкони йўқлиги аниқланганда, бу ҳақда тижорат банки ва суғурта ташкилоти қарз олувчи билан биргаликда уч томонлама далолатнома тузади. Ушбу далолатнома асосида тижорат банки кредитлашни тўхтатади ва кредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин сўндириш чораларини кўради. Бу чоралар кредит шартномасида келишилган бўлиши керак.


20. Тижорат банки томонидан қарз олувчига пахта хомашёси, чигит, ип-калава ва тайёр маҳсулотларни сотишдан тушган маблағларни жамлаш, кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини сўндириш учун "Жамғармадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ажратилган мақсадли маблағлар ҳисобварағи" очилади.

Қарз олувчи "Жамғармадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ажратилган мақсадли маблағлар ҳисобварағи"га пахта хомашёси, чигит, ип-калава ва тайёр маҳсулотларни сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан, биринчи навбатда, пахта хомашёси етиштириш учун олинган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини сўндиради.


21. Пахта хомашёси етиштириш учун берилган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари тўлиқ сўндирилгандан сўнг тижорат банки "Жамғармадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ажратилган мақсадли маблағлар ҳисобварағи"да қолган маблағларни қарз олувчининг асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига мемориал ордер билан ўтказади, ушбу маблағлардан қарз олувчи эркин фойдаланади.


22. Қарз олувчи томонидан олинган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари муддатидан олдин сўндирилиши мумкин.


23. Кредитни қайтариш муддати келганда ва уни сўндириш учун қарз олувчининг маблағи етарли бўлмаганда, тижорат банки суғурта полиси асосида суғурта ташкилотларига суғурта ҳодисаси рўй берганлиги тўғрисида мурожаат қилади ва (ёки) кредитни сўндиришни бошқа таъминот турларига асосан амалга ошириш чораларини кўради.



5-1-БОБ. ПАХТА ХОМАШЁСИ ХАРИДИ ЯКУНИЙ

ҲИСОБ-КИТОБИГА МИЛЛИЙ ВАЛЮТАДА АЖРАТИЛГАН

ТИЖОРАТ КРЕДИТЛАРИ БЎЙИЧА ФОИЗ СТАВКАСИНИНГ

БИР ҚИСМИНИ ҚОПЛАШ УЧУН КОМПЕНСАЦИЯ

ТЎЛАШ ТАРТИБИ

23-1. Пахта-тўқимачилик кластерларига (кейинги ўринларда - қарз олувчи) пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китоби учун 12 ойгача муддатга миллий валютада ажратилган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Жамғарма ҳисобидан компенсация (кейинги ўринларда - компенсация) тўланади.

Бунда тижорат кредитлари бўйича компенсация харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилади.

Пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китобига миллий валютада ажратилган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш учун компенсация тўлаш ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


23-2. Тижорат банки пахта йиғим-терими мавсуми бошлангандан сўнг қарз олувчига пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китоби учун 12 ой ёки унинг талабига кўра 12 ойдан кам бўлган муддатга миллий валютада тижорат кредити ажратилганлиги тўғрисидаги кредит шартномаси нусхасини илова қилган ҳолда Жамғармага ёзма равишда мурожаат қилади.


23-3. Жамғарма пахта-тўқимачилик кластерига хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг мурожаатига асосан 10 иш кунида тижорат банки билан пахта-тўқимачилик кластерига компенсация тўлаш тўғрисидаги битимни тузади.


23-4. Тижорат банки кредит шартномасининг тўлов жадвалига мувофиқ, қарз олувчи томонидан асосий қарз ва унга тегишли фоиз тўловини тўлиқ тўланганлиги тўғрисида тижорат банки томонидан тасдиқланган маълумотномани ҳамда компенсация олиш учун буюртмани Жамғармага тақдим этади.

Бунда тижорат банки томонидан тақдим этилган буюртмага ўзгартириш киритилмайди.


23-5. Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги юзасидан масъулият тижорат банки раҳбарлари зиммасига юкланади.


23-6. Жамғармада Тижорат банклари томонидан пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китоби учун компенсация тўлаш бўйича тақдим этилган буюртмаларни ўрганувчи комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) тузилади.

Комиссия таркиби Жамғармани бошқариш департаменти буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссия тижорат банклари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни 5 иш кунида ўрганиб чиқади ва ўрганиш натижаларига асосан компенсация тўлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилади.

Комиссия қарорига асосан Жамғарма 1 иш кунида тижорат банкини компенсация тўлаш маъқулланганлиги ёки рад этилганлиги (асосланган сабабларни кўрсатган ҳолда) тўғрисида хабардор қилади.

Комиссия томонидан компенсация тўлаш қуйидаги сабабларга кўра рад этилади:

тижорат банки томонидан қарз олувчига пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китоби учун ажратилган кредит:

фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан паст бўлганда;

қайтариш муддати 12 ойдан кўп бўлганда;

хорижий валютада ажратилганда;

аввалги йилларда етиштирилган пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китоби учун ажратилганда.


23-7. Қабул қилинган қарорга асосан Жамғарма 2 иш кунида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига буюртмани тақдим этади.


23-8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги буюртмада қайд этилган маблағларни 2 иш кунидан кечиктирмасдан Жамғарманинг ҳисобварағига ўтказади.

23-9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан маблағ ўтказиб берилгандан сўнг Жамғарма битимга мувофиқ 2 иш кунида тижорат банкига компенсация тўлайди.

23-10. Компенсация ушбу Низомнинг 23-1-бандига мувофиқ тижорат кредитининг расмийлаштирилган муддатидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқатда қолдиқ қарз суммасига ҳисобланади.

Бунда тўлов жадвали бўйича муддати ўтган қарздорликка қайта компенсация ҳисобланишига йўл қўйилмайди. Қарз олувчи миллий валютадаги кредитни уни муддати ўтгандан сўнг қайтарганда ажратиладиган компенсация тасдиқланган тўлов жадвалида қайд этилган суммадан ошмаслиги лозим.


23-11. Компенсация тижорат банки учун ҳар ойда кейинги ойнинг 20-кунигача тақдим этилган буюртмалар бўйича ҳисобланган жорий фоизлар миқдорида ҳисоб-китоб қилинади.


23-12. Жамғарма томонидан тижорат банки ҳисобварағига қарз олувчи учун ҳисобланган фоиз тўловининг бир қисмини қоплаш учун ўтказиб берилган компенсация ушбу қарз олувчининг ҳисобланган фоиз тўловлари учун ҳисоб-китоб қилинади.


23-13. Тўланган компенсация қарз олувчига ҳисобланган компенсация миқдоридан кўп бўлган тақдирда ортиқча маблағлар 2 иш кунидан кечиктирилмасдан Жамғармага қайтарилади.


23-14. Кредит шартномасининг шартлари ўзгарган ҳолларда илгари тасдиқланган ва ҳисобланган компенсация миқдори оширилмайди ҳамда компенсация муддати узайтирилмайди.


23-15. Жамғарма томонидан ажратилган компенсациядан мақсадли фойдаланишни, тўловларнинг ва ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади. Мақсадсиз фойдаланилган компенсация маблағлари битим шартларига асосан Жамғармага қайтарилади.

23-16. Қуйидаги ҳолларда компенсация тўлаш тўхтатилади:

тижорат кредитининг фоиз ставкаси тўғрисидаги маълумотлар нотўғрилиги аниқланганда;

тижорат банкининг компенсация олишдан бош тортганлиги тўғрисидаги мурожаати мавжуд бўлганда.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Кредитларнинг мақсадли сарфланиши бўйича мониторинг юритиш тижорат банклари, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари ҳамда Уруғчиликни ривожлантириш маркази раҳбарлари зиммасига юкланади.


25. Тижорат банкларига жойлаштирилган кредитлардан мақсадли фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.

26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Амалга ошириш механизми


Муддати


Ижрочилар

1-босқич


Жамғарма ва тижорат банки ўртасида пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш тўғрисида битим тузилади.

Тижорат банки пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун Жамғармага кредит буюртманомаларини тақдим этади.


Тегишли молия йилидан олдинги йилнинг 1 октябригача

Ҳар ойнинг 5-санасига қадар


1. Жамғарма

2. Тижорат банки

2-босқич


Жамғарма тижорат банки билан тузилган битимга мувофиқ қарз олувчининг пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун кредит ресурсларини жойлаштириб боради.


Тегишли молия йилидан олдинги йилнинг 1 октябридан молия йилининг 1 сентябригача


Жамғарма

3-босқич


Қарз олувчи кредит олиш учун хизмат кўрсатаётган тижорат банкига ариза билан мурожаат қилади.


Агротехник тадбирлар амалга ошириладиган ҳосил йилида


Қарз олувчи

4-босқич


Тижорат банки Жамғарма кредитлари ҳисобидан қарз олувчига пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун кредит линиясини ва ҳисобварағини очади.


Агротехник тадбирлар амалга ошириладиган ҳосил йилида


Тижорат банки


5-босқич


Тижорат банки Жамғарма кредитлари ҳисобидан қарз олувчига пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз кредит ажратади.


Агротехник тадбирлар муддатларига мувофиқ ҳар йили 1 сентябргача


Тижорат банки

6-босқич


Тижорат банки ажратилган кредитларни қарз олувчи томонидан мақсадли фойдаланиши бўйича мониторинг юритади.


Кредит шартномасининг амал қилиш муддати якунига қадар


Тижорат банки

7-босқич


Қарз олувчи ва тижорат банки имтиёзли кредитларни ва унга ҳисобланган фоизни сўндириб боради.


Тегишлича 14 ой ва 24 ой


1. Қарз олувчи

2. Тижорат банки


8-босқич


Тижорат банки Жамғармага кредитларни ва унга ҳисобланган фоизни қайтаради.


Тегишлича 14 ой ва 24 ой


Тижорат банки

           





Низомга

2-ИЛОВА


Пахта хомашёси хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб

учун миллий валютада ажратиладиган тижорат

кредитлари фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Амалга ошириш механизми


Муддати


Ижрочилар

1-босқич


Қарз олувчи пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китоби учун 12 ойгача муддатга миллий валютада кредит ажратиш юзасидан тижорат банкига ариза билан мурожаат қилади.


Тегишли ҳосил йилининг 1 сентябригача


Қарз олувчи

2-босқич


Тижорат банки қарз олувчига пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китоби учун кредит линияси ва ҳисобварағини очади.


Пахта хом ашёси йиғим-терим мавсумида


Тижорат банки

3-босқич


Тижорат банки қарз олувчига пахта хомашёси хариди якуний ҳисоб-китоби учун миллий валютада тижорат кредити ажратилганлиги тўғрисидаги кредит шартномаси нусхасини илова қилган ҳолда Жамғармага ёзма равишда мурожаат қилади.


Йиғим-терим мавсумида


Тижорат банки

4-босқич


Жамғарма тижорат банки билан қарз олувчига компенсация тўлаш тўғрисидаги битимни тузади.


Мурожаатга асосан 10 иш кунида


1. Жамғарма

2. Тижорат банки

5-босқич


Тижорат банки компенсация олиш учун Жамғармага буюртмани тақдим этади.

Жамғарма тижорат банки томонидан тақдим этилган буюртмани кўриб чиқади.


Кредит ажратилгандан сўнг 5 иш кунида


1. Тижорат банки

2. Жамғарма

6-босқич


Жамғарма тижорат банки томонидан компенсация ажратиш бўйича тақдим этилган буюртмани Молия вазирлигига юборади.

Молия вазирлиги буюртмада қайд этилган маблағларни Жамғарманинг ҳисобварағига ўтказади.


2 иш кунида


1. Жамғарма

2. Молия вазирлиги

7-босқич


Жамғарма тижорат банки билан тузилган битимга мувофиқ тижорат банкига компенсация тўлайди.


Ҳар ойда


Жамғарма

8-босқич


Тижорат банки Жамғармадан ажратилган компенсация маблағларини қарз олувчининг ҳисобварағига ўтказади.


Маблағ ажратилган куннинг ўзида


Тижорат банки


9-босқич


Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва тижорат банки Жамғарма томонидан ажратилган компенсациядан мақсадли фойдаланилишини, тўловларнинг ва ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилади.


Ҳар чоракда


1. Давлат молиявий назорати инспекцияси

2. Тижорат банки

10-босқич


Тижорат банки мақсадсиз фойдаланилган компенсация маблағларини битим шартларига мувофиқ Жамғармага қайтаради.


Бир иш кунида


Тижорат банки

         





Низомга

ИЛОВА


Пахта хомашёси етиштириш

харажатларини кредитлаш

СХЕМАСИ


Босқич

Амалга ошириш механизми

Муддати

Ижрочилар

1-босқич

Жамғарма ва тижорат банки ўртасида пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш тўғрисида битим тузилади.

Тижорат банки пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун Жамғармага кредит буюртманомаларини тақдим этади.

Тегишли молия йилидан олдинги йилнинг

1 ноябригача


Ҳар ойнинг

5-санасига қадар

1. Жамғарма


2. Тижорат банки

2-босқич

Жамғарма тижорат банки билан тузилган битимга мувофиқ кредитларни қарз олувчининг пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун жойлаштириб боради.

Тегишли молия йилидан олдинги йилнинг

1 ноябридан


молия йилининг

1 сентябригача

1. Жамғарма


2. Тижорат банки

3-босқич

Қарз олувчи кредит олиш учун асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган тижорат банкига ариза тақдим этади.

Агротехник тадбирлар амалга ошириладиган ҳосил йили бошида

Тижорат банки

филиали

4-босқич

Қарз олувчига Жамғарма кредитлари ҳисобидан пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун кредит линияси ва кредит ҳисобварағи очилади.

Агротехник тадбирлар амалга ошириладиган даврнинг биринчи ойидан

Тижорат банки

филиали

5-босқич

Тижорат банки Жамғарма кредитлари ҳисобидан пахта хомашёси етиштириш харажатларини кредитлаш учун қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз кредит ажратади.

Агротехник тадбирлар муддатларига мувофиқ ҳар йили 1 сентябргача

1. Тижорат банки

филиали


2. Қарз олувчи

6-босқич

Тижорат банки, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилар-кластерлари ва кооперациялар ҳамда Уруғчиликни ривожлантириш маркази ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланиш бўйича мониторинг юритади.

Кредит шартномасининг амал қилиш муддатига қадар

1. Тижорат банки филиали


2. Пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар


3. Уруғчиликни ривожлантириш маркази

7-босқич

Имтиёзли кредитни ва унга ҳисобланган фоизни сўндиради.

Тегишлича 14 ой ва 22 ой

1. Қарз олувчи


2. Тижорат банки филиали

8-босқич

Жамғармага кредитларни ва унга ҳисобланган фоизни қайтаради.

Тегишлича 14 ой ва 22 ой

Тижорат банки

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 11 март