Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дон учун маккажўхори, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш харажатларини кредитлаш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга етиштирилган маҳсулотни харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.03.2021 й. 130-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 11 мартдаги

130-сон қарорига

3-ИЛОВА



Мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул,

кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дон учун маккажўхори,

дуккакли ва мойли экинларни етиштириш харажатларини

кредитлаш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи,

сақловчи ва экспорт қилувчиларга етиштирилган маҳсулотни

харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини

тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларнинг мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дон учун маккажўхори, дуккакли ва мойли экинларни (кейинги ўринларда - мева-сабзавот маҳсулотлари) етиштириш харажатларини кредитлаш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга етиштирилган маҳсулотни харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг агротехник тадбирлар календарь режасига мувофиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларга ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга (кейинги ўринларда - қарз олувчи) кредит ажратиш учун Жамғарма ва тижорат банклари ўртасида:

а) асосий экин майдонларига баҳорги мавсумда экиладиган мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш харажатларини кредитлаш тўғрисида экиш мавсуми бошлангунга қадар (ҳосил йилининг I чорагида);

б) такрорий экин майдонларига ёзги мавсумда экиладиган мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш харажатларини кредитлаш тўғрисида экиш мавсуми бошлангунга қадар (ҳосил йилининг июнь-август ойларида);

в) "тўқсонбости" усулида экиладиган мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш харажатларини кредитлаш тўғрисида экиш мавсуми бошлангунга қадар (ҳосил йилининг октябрь-декабрь ойларида);

г) етиштирилган мева-сабзавотларни харид қилиш учун айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш тўғрисида ҳосил йиғим-терими мавсуми бошлангунга қадар битим тузилади.

3. Тижорат банки Жамғарма билан тузилган битимга мувофиқ мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш харажатларини кредитлаш учун ҳар ойнинг 5-санасига қадар, шунингдек, етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш учун Жамғармага кредит буюртмаларини тақдим этади.

4. Тижорат банки Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан қарз олувчига мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш харажатларини кредитлаш, шунингдек, етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш учун муддатлилик, қайтаришлилик, тўловлилик, таъминланганлик ва мақсадли фойдаланиш шарти асосида кредит линиясини очади.

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш харажатларини кредитлаш агротехник тадбирлар ўтказиладиган даврнинг, шунингдек, етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш етиштирилган ҳосил йиғим-терими мавсумининг биринчи ойидан бошлаб амалга оширилади.

Мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дон учун маккажўхори, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш харажатларини кредитлаш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга етиштирилган маҳсулотни харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


2-БОБ. ЖАМҒАРМА КРЕДИТ РЕСУРСЛАРИНИ

ТИЖОРАТ БАНКИГА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


5. Жамғарма тижорат банки билан тузилган битимга мувофиқ кредитларни қарз олувчининг:

мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш харажатларини кредитлаш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 12 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга;

етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш учун йиллик 12 фоиз ставкада 12 ой муддатга жойлаштиради.

6. Тижорат банки томонидан кредитлар битимда белгиланган муддатда қайтарилмаса, кредитларнинг қайтарилмаган қисмига фоизлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасига 6 фоиз пункт қўшиб ҳисобланади.

Кредитларнинг мақсадсиз ишлатилган қисмига қўлланиладиган жарима миқдори Жамғарма ва тижорат банки ўртасида тузиладиган битимда белгиланади.

Тижорат банкига жойлаштирилган кредит ресурсларнинг ишлатилмаган қисми тижорат банки томонидан кейинги иш кунидан кечиктирилмасдан Жамғармага қайтарилади.



3-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКИ ТОМОНИДАН ҚАРЗ

ОЛУВЧИНИНГ АРИЗАСИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


7. Қарз олувчи кредит олиш учун унинг асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган тижорат банкига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Агроплатформа" АТ орқали ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси ёки кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида давлат реестри кўчирмаси);

туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг сабзавот экинларини жойлаштириш тўғрисидаги электрон рақамли имзо билан тасдиқланган маълумотномаси;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари томонидан тасдиқланган тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлиги (центнер/гектар) тўғрисидаги маълумотнома.

7-1. Қарз олувчи етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит олиш учун ўзи фаолият кўрсатаётган ҳудуддаги туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлигида мева-сабзавот маҳсулотларини сақловчи, қайта ишловчи ва экспортга йўналтирувчилар рўйхатига киритилган бўлиши лозим.

Қарз олувчи етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини сақловчи, қайта ишловчи ва экспортга йўналтирувчи эканлигини тасдиқловчи маълумотнома олиш учун ўзи фаолият кўрсатаётган ҳудуддаги туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлигига мурожаат қилади, туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлиги тегишли маълумотномани қарз олувчига мурожаат қилган кунда тақдим этади.

Қарз олувчи етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит олиш учун унинг асосий талаб қилиб олингунга қадар сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган тижорат банкига ариза билан бирга мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва экспортга йўналтирувчи эканлигини тасдиқловчи туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлигининг маълумотномасини тақдим этади.

8. Қарз олувчининг тўлов интизоми ва кредит тарихидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги таъминот турларидан бири қабул қилинади:

қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг тижорат банки фойдасига суғурта қилинганлиги ёки қарз олувчининг бўлғуси ҳосилни суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган кафиллик ёки бошқа таъминот турлари.

Доимий равишда тижорат банки олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариб келаётган қарз олувчига кредит қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминотсиз (ишончли кредитлар) берилиши мумкин.


9. Ушбу Низомнинг 7-бандида қайд этилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг тижорат банки томонидан қарз олувчининг аризаси 3 кун муддатда кўриб чиқилади.

Қарз олувчининг аризаси бўйича ижобий хулоса қилинганда, тижорат банки филиали ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномаси тузилади.

Кредит бериш рад этилганда, тижорат банки рад этиш сабабини асослантирган ҳолда 1 кун муддатда ёзма равишда қарз олувчини хабардор қилади.


10. Кредит қарз олувчининг асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган тижорат банки томонидан берилади.



4-БОБ. ҚАРЗ ОЛУВЧИГА КРЕДИТ

АЖРАТИШ ТАРТИБИ


11. Кредит миқдори Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йили эълон қилинадиган минимал нарх асосида ҳамда тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлигини (центнер/гектар) ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

12. Кредит шартномаси кучга киргандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмасдан қарз олувчига кредит ҳисобварағи очилади.


13. Тижорат банки қарз олувчи билан тузган кредит шартномасига асосан қарз олувчига:

мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш харажатларини кредитлаш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз (шундан банк маржаси 2 фоиз) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга;

етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш учун йиллик 14 фоиз (шундан банк маржаси 2 фоиз) ставкада 12 ой муддатга, кредитни қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз кредит ажратади.

14. Қарз олувчи олган кредитни шартномада белгиланган муддатда сўндирмаса, кредитнинг сўндирилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади.

Кредитнинг мақсадсиз ишлатилган қисмига қўлланиладиган жарима миқдори кредит шартномасида белгиланади.

Қарз олувчи томонидан муддатидан олдин сўндирилган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловлар тижорат банки томонидан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан Жамғармага қайтарилади.



5-БОБ. КРЕДИТЛАР МОНИТОРИНГИ ВА УЛАРНИ

СЎНДИРИШ ТАРТИБИ


15. Кредит ҳисобварағидан тўловлар қарз олувчининг тўлов топшириқномалари асосида амалга оширилади.

Шунингдек, кредит ҳисобварағидан тўловлар электрон тўлов воситаси асосида амалга оширилиши мумкин.


16. Қарз олувчи мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирлар учун кредитдан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ва хизмат кўрсатувчиларни ихтиёрий танлайди.

17. Жамғарма маблағлари айланадиган ҳисобварақларга инкассо топшириқномалари қўйилишига, шунингдек, уларни ундириб олиш ва тақиқ қўйишга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилмайди.


18. Тижорат банки суғурта ташкилотлари билан биргаликда суғурта шартномаси асосида ҳар бир қарз олувчи бўйича мева-сабзавот экинларининг ҳолатини ва бўлажак ҳосилнинг берилган кредитлар қайтарилишини таъминлаш учун етарлилигини аниқлаш мақсадида доимий мониторинг ўрнатади.

19. Мева-сабзавот экинлари экилмаганлиги ёки экин ҳолатининг қониқарсизлиги, шунингдек, агротехник тадбирларнинг кечикиши натижасида кутиладиган ҳосилни олишнинг имкони йўқлиги аниқланганда, бу ҳақда тижорат банки ва суғурта ташкилоти қарз олувчи билан биргаликда уч томонлама далолатнома тузади. Ушбу далолатнома асосида тижорат банки кредитлашни тўхтатади ва кредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин сўндириш чораларини кўради. Бу чоралар кредит шартномасида келишилган бўлиши керак.

20. Тижорат банки томонидан қарз олувчига мева-сабзавот маҳсулотларини сотишдан тушган маблағларни жамлаш, кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини сўндириш учун "23210 ҳисобварағи" очилади.

Қарз олувчи "23210 ҳисобварағи"га мева-сабзавот маҳсулотларини сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан, биринчи навбатда, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун олинган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини сўндиради.

21. Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун берилган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари тўлиқ сўндирилгандан сўнг тижорат банки "23210 ҳисобварағи"да қолган маблағларни қарз олувчининг асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига мемориал ордер билан ўтказади, ушбу маблағлардан қарз олувчи эркин фойдаланади.

22. Қарз олувчи томонидан олинган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари муддатидан олдин сўндирилиши мумкин.


23. Кредитни қайтариш муддати келганда ва уни сўндириш учун қарз олувчининг маблағи етарли бўлмаганда, тижорат банки суғурта полиси асосида суғурта ташкилотларига суғурта ҳодисаси рўй берганлиги тўғрисида мурожаат қилади ва (ёки) кредитни сўндиришни бошқа таъминот турларига асосан амалга ошириш чораларини кўради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Кредитларнинг мақсадли сарфланиши бўйича мониторинг юритиш тижорат банкларининг раҳбарлари зиммасига юкланади.


25. Тижорат банкларига жойлаштирилган кредитлардан мақсадли фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.

26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари,

гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дон учун

маккажўхори, дуккакли ва мойли экинларни

етиштириш харажатларини кредитлаш

СХЕМАСИ

Босқич

Амалга ошириш механизми

Муддати

Ижрочилар

1-босқич

Жамғарма ва тижорат банки ўртасида сабзавот етиштириш харажатларини кредитлаш тўғрисида битим тузилади.

Тижорат банки сабзавот етиштириш харажатларини кредитлаш учун Жамғармага кредит буюртманомаларини тақдим этади.

Ҳар йили экиш мавсуми бошланишидан олдин


Ҳар ойнинг

5-санасига қадар

1. Жамғарма


2. Тижорат банки

2-босқич

Жамғарма тижорат банки билан тузилган битимга мувофиқ кредитларни қарз олувчининг асосий майдонларида сабзавот етиштириш харажатларини кредитлаш учун жойлаштириб боради.

Агротехник тадбирлар амалга ошириладиган даврнинг биринчи ойидан бошлаб

1. Жамғарма


2. Тижорат банки

3-босқич

Қарз олувчи кредит олиш учун асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган тижорат банкига ариза тақдим этади.

Агротехник тадбирлар амалга ошириладиган ҳосил йили бошида

Тижорат банки

филиали

4-босқич

Қарз олувчига Жамғарма кредитлари ҳисобидан асосий майдонларда сабзавот етиштириш харажатларини кредитлаш учун кредит линияси ва кредит ҳисобварағи очилади.

Агротехник тадбирлар амалга ошириладиган даврнинг биринчи ойидан бошлаб

Тижорат банки

филиали

5-босқич

Тижорат банки Жамғарма кредитлари ҳисобидан асосий майдонларда сабзавот етиштириш харажатларини кредитлаш учун қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз кредит ажратади.

Кредит шартномасининг амал қилиш муддатига қадар

1. Тижорат банки филиали


2. Қарз олувчи

6-босқич

Тижорат банки ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланиш бўйича мониторинг юритади.

Кредит шартномасинингамал қилиш муддатига қадар

Тижорат банки

филиали

7-босқич

Имтиёзли кредитни ва унга ҳисобланган фоизни сўндиради.

9 ой

1. Қарз олувчи


2. Тижорат банки филиали

8-босқич

Жамғармага кредитларни ва унга ҳисобланган фоизни қайтаради.

9 ой

Тижорат банки





Низомга

2-ИЛОВА


Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи,

сақловчи ва экспорт қилувчиларга етиштирилган

маҳсулотни харид қилиш учун талаб этиладиган

айланма маблағларини тўлдиришга

"револьвер" кредит ажратиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Амалга ошириш механизми


Муддати


Ижрочилар

1-босқич


Жамғарма ва тижорат банки ўртасида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш тўғрисида битим тузилади.

Тижорат банки етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш учун Жамғармага кредит буюртманомаларини тақдим этади.


Ҳосил йилида етиштирилган ҳосил йиғим-терими мавсуми бошланишига қадар


1. Жамғарма

2. Тижорат банки

2-босқич


Жамғарма тижорат банки билан тузилган битимга мувофиқ қарз олувчининг етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш учун тижорат банкига кредит ресурсларини жойлаштириб боради.


Етиштирилган ҳосил йиғим-терими мавсумининг биринчи ойидан бошлаб


Жамғарма

3-босқич


Қарз олувчи етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит олиш учун хизмат кўрсатаётган тижорат банкига ариза билан мурожаат қилади.


Етиштирилган ҳосил йиғим-терими мавсумининг биринчи ойидан бошлаб


Қарз олувчи

4-босқич


Тижорат банки Жамғарма кредитлари ҳисобидан қарз олувчига етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга "револьвер" кредит ажратиш учун кредит линиясини ва ҳисобварағини очади.


Етиштирилган ҳосил йиғим-терими мавсумининг биринчи ойидан бошлаб


Тижорат банки

5-босқич


Тижорат банки Жамғарма кредитлари ҳисобидан қарз олувчига мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдиришга қайтариш муддатини узайтириш хуқуқисиз "револьвер" кредитлар ажратади.


Кредит шартномасининг амал қилиш муддати якунига қадар


Тижорат банки

6-босқич


Тижорат банки ажратилган кредитларни қарз олувчи томонидан мақсадли фойдаланиши бўйича мониторинг юритади.


Кредит шартномасининг амал қилиш муддати якунига қадар


Тижорат банки

7-босқич


Қарз олувчи ва тижорат банки имтиёзли кредитларни ва унга ҳисобланган фоизни сўндириб боради.


12 ой


1. Қарз олувчи

2. Тижорат банки

8-босқич


Тижорат банки Жамғармага кредитларни ва унга ҳисобланган фоизни қайтаради.


12 ой


Тижорат банки

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 11 март