Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси" кўкрак нишони тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.05.2021 й. 285-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 6 майдаги

285-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги

фидойиси" кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси" кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан мамлакатимиз ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва кўпайтириш, улардан оқилона фойдаланиш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритаётган, шунингдек, соҳага оид илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиб, замонавий технологиялардан самарали фойдаланаётган ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.


3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ

УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ

ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


4. Давлат органлари ва ҳудудий ташкилотлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига (кейинги ўринларда - Қўмита) ҳар йили 1 февралга қадар тақдим этади.

Номзодлар бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, унинг сўнгги уч йил давомида ўрмончилик соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.


5. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Қўмита раиси томонидан 5 нафардан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) ташкил этилади.


6. Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.


7. Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили 1 мартга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.



3-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТАРТИБИ


8. Комиссия хулосаси асосида Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 10 мартга қадар чиқарилади.


9. Кўкрак нишони ҳар йили 21 март - Халқаро ўрмончилар куни арафасида Қўмита раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.


10. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари берилади.

Бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.


11. Кўкрак нишони билан тақдирлаш, истисно тариқасида, Қўмита раисининг буйруғига асосан алоҳида ҳолатларда ҳам амалга оширилиши мумкин.


12. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Қўмитанинг Интернет ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


13. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.


14. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Қўмита ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.


16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги

фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Давлат органлари ва ҳудудий ташкилотлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар


Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига тақдим этади.


Ҳар йили 1 февралга қадар









2-босқич

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия


Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулосани қабул қилади.


Ҳар йили 1 мартга қадар









3-босқич

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси


Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг буйруғини чиқаради.


Ҳар йили 10 мартга қадар









4-босқич

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасираиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар)


"Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирлайди.


Ҳар йили 21 март - Халқаро ўрмончилар куни арафасида



       


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 май