Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Халқлар дўстлиги" кўкрак нишони тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.06.2021 й. 335-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 1 июндаги

335-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Халқлар дўстлиги" кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Халқлар дўстлиги" кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланадилар.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, маҳаллий ва хорижий ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижодий жамоалар ҳамда бошқа юридик шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва чет эл юридик шахсларини тақдирлашга доир тақдимнома ташаббускор ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда комиссияга киритилади.


3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ УЧУН

ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


4. Ҳудудий миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари ҳар йили 1 майга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда юқори турувчи республика органига тақдим этади.


5. Республика даражасидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари таклифларни белгиланган тартибда ўрганиб чиқади ҳамда ҳар йили 1 июнга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича тақдимномаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига (кейинги ўринларда - қўмита) тақдим этади.

Кўкрак нишони билан такдирлаш бўйича тақдимномаларга номзод ҳақида қуйидаги ҳужжатлар босма ва электрон шаклда илова қилинади:

маълумотнома-объективка;

тавсифнома (аннотация);

паспорт нусхаси (16 ёшга тўлмаган шахслар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси);

фотосурат (3х4 см ўлчамли) - 2 дона;

шахслар ва ташкилотларнинг сўнгги уч йил давомида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари бўйича маълумот.


6. Қўмита раиси томонидан қўмита, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, республика ҳудудида жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари каби ташкилотларнинг вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг кўкрак нишони билан тақдирлашга оид тақдимномаларни кўриб чиқиш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда - комиссия) ташкил этилади.

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 1 июлга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.


7. Комиссиянинг асосий вазифаси мукофотга номзодларни танлашда юзаки ёндашувларга йўл қўймасдан, адолат ва холислик мезонларига кўра комиссия йиғилишларининг ҳақиқий муҳокамалар асосида ўтказилишини таъминлаган ҳолда мукофотга номзодлар бўйича ҳужжатларни Низомда белгиланган муддатларда сифатли ва тўлиқ тайёрлаб, тақдим этишдан иборат.

Комиссия томонидан номзодларни кўриб чиқишда қуйидагилар инобатга олинади:

номзодларнинг мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, шунингдек аҳоли ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширган фаолияти;

миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини оширишдаги иштироки;

хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти;

жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришни тарғиб қилиш бўйича турли инновацион самарали усулларнинг ишлаб чиқилганлиги.


8. Қўмита раиси ўз ташаббусига асосан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда қўмитанинг хорижлик ҳамкорлари, чет элдаги турдош ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакилларини миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.


9. Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 20 июлга қадар чиқарилади.



3-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ


10. Кўкрак нишони ҳар йили 30 июль - Халқлар дўстлиги куни арафасида қўмита раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.


11. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

Бир йўла тўланадиган пул мукофоти қўмитага ажратиладиган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.


12. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати қўмитанинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


13. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.


14. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Қўмита ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсияэ тилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.


16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Халқлар дўстлиги" кўкрак нишонига номзодларни

тақдим этиш ва уларни ўрганиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Ҳудудий миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари.


Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли маҳаллий ҳокимликлар билан келишади.

Келишилган номзодларни юқори турувчи республика органига тақдим этади.


Ҳар йили

1 майга қадар









2-босқич

Республика даражасидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари


Таклифларни белгиланган тартибда ўрганиб чиқади ҳамда кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича тақдимномаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига тақдим этади.


Ҳар йили

1 июнга қадар









3-босқич

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси


Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, республика ҳудудида жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари каби ташкилотларнинг вакилларидан иборат кўкрак нишони билан тақдирлашга оид тақдимномаларни кўриб чиқиш бўйича комиссияни ташкил этади.

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганиб, энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилади.


Ҳар йили

1 июлга қадар









4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси


Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида буйруқ чиқаради


Ҳар йили

20 июлга қадар









5-босқич

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар)


"Халқлар дўстлиги" кўкрак нишони билан тақдирлайди.


Ҳар йили

30 июль - Халқлар дўстлиги куни арафасида



            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 2 июнь