Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонаси ҳудудига шахслар ва транспорт воситаларининг кириши, ҳудудда бўлиши ҳамда ҳудуддан чиқиб кетиши, товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш ҳамда ушбу ҳудудда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ва маҳсулотларни реализация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.07.2021 й. 409-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 1 июлдаги

409-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Термиз халқаро савдо маркази"

эркин савдо зонаси ҳудудига шахслар ва транспорт

воситаларининг кириши, ҳудудда бўлиши ҳамда ҳудуддан

чиқиб кетиши, товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш ҳамда

ушбу ҳудудда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш

ва маҳсулотларни реализация қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Термиз халқаро савдо маркази" эркин савдо зонаси (кейинги ўринларида - Марказ) ҳудудига шахслар ва автотранспорт воситаларининг кириши, ҳудудда бўлиши ҳамда ҳудуддан чиқиб кетиши, товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш, шунингдек, ушбу ҳудудда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ва маҳсулотларни реализация қилиш тартибини белгилайди.


2. Марказ ҳудуди алоҳида ажратилган 26 гектар ер майдонни ва "Termez Cargo Centre" МЧЖ ҳудудини ўз ичига қамраб олиб, коридор орқали туташади.


3. Марказ ҳудуди божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган ҳисобланади. Марказ ҳудудида божхона назорати зоналари божхона органлари томонидан белгиланади.

Марказ чегаралари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси ҳисобланади.


4. Марказ ҳудуди орқали ўтадиган барча шахслар, транспорт воситалари ва товарлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат тартиб-таомилларидан ўтказилади.


5. Назорат тартиб-таомилларини амалга оширишда қурол-яроғ, техника, назорат-техника воситалари, муҳандислик иншоотлари, хизмат итлари, шунингдек, инсон ҳаёти ва саломатлиги, ҳайвонлар, ўсимликлар учун хавфсиз ҳамда товарлар ва транспорт воситаларига зарар етказмайдиган дезинфекция воситаларидан фойдаланиш мумкин.


6. Марказ ҳудудига олиб кирилаётган, ундан олиб чиқилаётган товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати ҳамда расмийлаштируви божхона назорати зоналарида амалга оширилади.


7. "Ягона дарча" ва интерактив механизмлар асосида божхона, солиқ, сертификация, фитосанитария, ветеринария, транспорт, банк ва валюта айирбошлаш, мобиль алоқа ҳамда мижозлар учун тиббиёт ва меҳмонхона, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва бошқа хизматлар йўлга қўйилади.


8. Юк автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жараёнлари ҳар бир автотранспорт воситасининг кириш ва чиқиш вақтини автоматлаштирилган қайд этиш тизими ҳамда навбатларни бошқариш электрон тизими орқали амалга оширилади.


9. Назорат ўтказиш жойи орқали ўтувчи шахслар давлат назорати органи ходимларининг талабига биноан зарур ҳужжатлар, багаж, қўл юки, валюта қимматликларини назорат ва текширувдан ўтказиш учун тақдим этади, назорат ва текширувни ўтказишга кўмаклашади.


10. Транспорт воситалари ва товарлар техника хавфсизлигига риоя этилган ҳолда, ташувчи вакили ёки товарга ваколатли шахс ёхуд транспорт воситаси ҳайдовчиси иштирокида божхона назоратидан ўтказилади ҳамда улар божхона органининг талабига кўра кўздан кечириш қийин бўлган барча жойларни кўрсатиши шарт.


11. Идентификация воситалари (пломбалар, муҳрлар ва бошқалар) бузилганлиги ва (ёки) уларга шикаст етганлиги ёки назорат ўтказиш жойидан ўтувчи шахс контрабанда предметларини ёхуд ноқонуний олиб кетилаётган товарларни яширган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи белгилар аниқланганда, божхона органи бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг қарори асосида, шунингдек, назорат чораси хавфни бошқариш тизимида мавжуд бўлса, ушбу шахс, товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назорати шакллари қўлланиши мумкин.


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўздавкарантин" инспекцияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда - давлат назорат органлари) томонидан назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш чоғида ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, ҳуқуқбузарлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига дахлдор бошқа шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилади.


13. Марказ орқали ҳаракатланаётган шахслар, автотранспорт воситалари ва товарлар бўйича назоратни ўрнатиш мақсадида чегара ва божхона органлари онлайн равишда ўзаро электрон ахборот билан алмашади.

Давлат назорат органларининг ахборот алмашинуви электрон тизимлар орқали амалга оширилади.


14. Марказ ҳудудига товарлар Марказ иштирокчилари томонидан "эркин божхона зонаси" божхона режимига расмийлаштириш орқали жойлаштирилади.

Марказ нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш учун фойдаланиладиган Ўзбекистон товарлари (ортиш-тушириш техникаси, совитиш ускунаси, компьютер техникаси, махсус кийим-бош) божхона режими остида жойлаштирилмайди.

Бунда ушбу товарлар Марказ дирекцияси кафиллиги остида дирекция томонидан тақдим этиладиган рўйхат асосида олиб кирилади ва ушбу товарларнинг ҳисоби алоҳида юритилади.


15. Марказ ҳудудида божхона юк декларациялари асосида олиб ўтиладиган товарлар назорати ва ҳисоби божхона органлари томонидан, чакана тартибда сотиладиган товарлар назорати ва ҳисоби солиқ органлари томонидан амалга оширилади.


16. Марказ иштирокчиси томонидан Марказга келиб тушаётган ва ундан олиб чиқилаётган ҳар бир товарга идентификация коди бириктирилади, шунингдек, ушбу товарлар бўйича солиқ ва божхона органларининг ўзаро интеграциялашган ахборот тизимида ушбу товарларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилиши ҳамда реализация қилиниши тўғрисида белги қўйган ҳолда автоматлаштирилган ҳисоби юритилади.


17. Марказ ҳудудига "эркин божхона зонаси" божхона режимида олиб кириладиган ва чакана тартибда сотиладиган товарлар ҳисобини юритиш, назорат қилиш ва божхона юк декларацияларини назоратдан ечиш (ҳисобдан чиқариш) савдо нуқталарида ўрнатилган давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналарининг идентификацияловчи QR-кодли чеклари асосида, солиқ ва божхона органлари ҳамда Марказ дирекциясининг ўзаро интеграциялашган ахборот дастури орқали амалга оширилади.

Бунда назорат-касса машинасининг товар сотилганлигини тасдиқлайдиган чекидаги QR-кодда (матрик штрих) қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

касса чеки рақами;

назорат-касса машинаси рақами;

харид қилинган сана ва вақт;

товарнинг номи;

товарнинг нархи ва миқдори;

сотувчи томонидан олинган миллий ва (ёки) чет эл валютаси суммаси;

савдо дўкони номи;

савдо дўкони эгаси - солиқ тўловчининг идентификация рақами;

божхона юк декларациясининг рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами;

товарга Марказ ҳудудида сотиш учун бериладиган махсус идентификация рақами.


18. Марказ ҳудудий чегараларининг назорати Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари (кейинги ўринларда - ДХХ Чегара қўшинлари) томонидан амалга оширилади.


19. Марказ ҳудудига ва унинг ҳудудидан товар ҳамда автотранспорт воситалари ҳамда шахсларнинг ҳаракатланиши куннинг ёруғ вақтида ёки етарли даражада ёруғлик билан таъминланган ҳолларда амалга оширилади. Ўтиш вақти икки томонлама келишув асосида белгиланиши мумкин.


20. Шахслар Марказ ҳудудига шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ўтказилади.

Шахслар ва автотранспорт воситалари Марказ ҳудудидан ортга қайтиши фақат улар кирган пункт орқали амалга оширилади. Бошқа йўналишда чиқмоқчи бўлган шахслар ҳамда автотранспорт воситалари Марказ ҳудудига қайтариб юборилади.

Ўзбекистон Республикасининг асосий ҳудудига кириш эҳтиёжи бўлган шахслар "Термиз-автойўл" ўтказиш пункти орқали белгиланган тартибда ўтказилади.

Шахсларнинг Марказ ҳудудида белгиланган муддат давомида бўлиши ДХХ Чегара қўшинлари маълумотлар базаси орқали автоматик тарзда назорат қилинади. Марказ ҳудудида белгиланган муддатдан кўп вақт бўлган шахслар ДХХ Чегара қўшинлари ходимлари томонидан аниқланиб, ички ишлар органлари ходимларига қонуний чоралар кўриш учун топширилади.

Вояга етмаган шахслар ота-оналаридан бири ҳамроҳлигида уларнинг шахсини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар асосида Марказ ҳудудига кирадилар ва чиқадилар.

Автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилиши жараёнида чегара назоратидан яширинган шахслар аниқланганда, божхона органи томонидан қонуний чоралар кўриш учун чегара назорати бўлинмасига хабар берилади.



2-БОБ. АФҒОНИСТОН ИСЛОМ РЕСПУБЛИКАСИ

ТОМОНИДАН МАРКАЗ ҲУДУДИГА

КИРИШ-ЧИҚИШ ТАРТИБИ


21. Афғонистон Ислом Республикаси фуқаролари ва ушбу давлат ҳудудидан кирувчи бошқа чет давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасига кириш визасини расмийлаштирмасдан ўн кун давомида Марказ ҳудудига кириши, ҳудудда бўлиши ва ундан чиқишлари мумкин.


22. Афғонистон Ислом Республикасидан келаётган шахсларни Марказ ҳудудига ўтказиш "Термиз-автойўл" ўтказиш пунктида янги ташкил этилган йўловчилар терминали орқали амалга оширилади. Бунда республиканинг асосий ҳудудига ҳаракатланаётган фуқаролар оқими билан аралашиб кетишининг олдини олиш мақсадида ушбу терминал турникет билан тўсилади.


23. Афғонистон Ислом Республикаси томонидан Марказ ҳудудига кириб келаётган барча автотранспорт воситалари инспекцион-кўрик мажмуаси (Z-портал сканери)дан ўтказилади ва кўрик майдонида назорат тамойилларидан ўтиб, белгиланган йўналишда ҳаракатни давом эттирадилар.

Марказга транспорт воситаларининг кириш ва чиқиш йўналиши мавжуд автомобиль йўлига туташган ҳудудда белгиланади ҳамда темир панжара билан ажратилади.


24. Йўловчилар белгиланган жойда транспорт воситасидан тушадилар, алоҳида пиёдалар йўлакчаси орқали ҳаракатланиб, йўловчилар терминалида чегара-божхона (шу жумладан, бодисканер ёрдамида) расмийлаштирувидан ўтадилар. Бунда улар ДХХ Чегара қўшинлари маълумотлар базасидан текширилиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларига сана муҳрлари қўйилмаган ҳолда чегара назоратидан ўтадилар. Сўнгра белгиланган жойда транспорт воситасига чиқиш учун кутадилар. Пиёда йўловчилар ўз йўналишида ҳаракатини давом эттирадилар.



3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН ТОМОНИДАН МАРКАЗ

ҲУДУДИГА КИРИШ-ЧИҚИШ ТАРТИБИ


25. Ўзбекистон томонидан Марказ ҳудудига кириш ёки чиқиш "Termez Cargo Centre" МЧЖ ҳудудидаги Гулбаҳор-Айритом автомобиль йўлининг жанубий йўналишида жойлашган 2 та назорат ўтказиш пункти орқали амалга оширилади.


26. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон ҳудудида бўлиб турган чет давлат фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда хизмат кўрсатувчи шахслар ва уларнинг товарлари "Termez Cargo Centre" МЧЖ ҳудудининг 1-назорат ўтказиш пункти орқали ўтказилади.

Бунда улар ДХХ Чегара қўшинлари маълумотлар базасидан текширилиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларига сана муҳрлари қўйилмаган ҳолда чегара назоратидан ўтади. Назорат ўтказиш пункти хизмат кўрсатувчи шахсларнинг киришини ва чиқишини назорат қилиш учун бошқариш назорат тизими билан жиҳозланади.


27. Юк автомашиналари "Termez Cargo Centre" МЧЖ ҳудудининг 2-назорат ўтказиш пункти орқали белгиланган тартибда ўтказилади.



4-БОБ. МАРКАЗ ҲУДУДИДАН АФҒОНИСТОН

ИСЛОМ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИГА

ТОВАРЛАРНИ ОЛИБ ЎТИШ ҚОИДАЛАРИ


28. Марказ ҳудудидан Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудига:

чет давлат товарларини олиб чиқиш "реэкспорт" божхона режимида;

Ўзбекистон товарларини олиб чиқиш "экспорт" божхона режимида амалга оширилади.


29. Марказ ҳудудидан шахслар томонидан товарларни божхона декларациясини тақдим этмасдан олиб чиқишга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан товарларни божхона декларациясини тақдим этмасдан олиб чиқиш нормалари доирасида рухсат этилади.



5-БОБ. МАРКАЗ ҲУДУДИДАН ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИГА ВА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИ ОРҚАЛИ УЧИНЧИ

ДАВЛАТ ҲУДУДИГА ТОВАРЛАРНИ ОЛИБ

ЎТИШ ҚОИДАЛАРИ


30. Чет эл товарлари Марказ ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига божхона юк декларацияси асосида божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилган ҳолда, товарларга нисбатан ваколатли шахс томонидан танланган божхона режимига жойлаштириш орқали олиб кирилади.

Марказ ҳудудидан чет эл товарларини шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишида божхона тўловлари ундирилмайдиган олиб киришнинг чекланган меъёрлари татбиқ этилмайди.


31. Чет эл товарлари Марказ ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали учинчи давлат ҳудудига олиб чиқилаётганда, улар ваколатли шахс томонидан "транзит" божхона режимига жойлаштирилади.


32. Ўзбекистон товарлари Марказ ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда, "реимпорт" божхона режимига расмийлаштириш орқали олиб кирилади:

товар уни олиб чиқиш учун мўлжалланган тегишли божхона режимига жойлаштирилган пайтдан эътиборан Божхона кодексида белгиланган муддат ичида "реимпорт" божхона режимига ўтказилиши маълум қилиниши керак. Бунда божхона чегараси кесиб ўтилган кун товарни олиб кириш санаси ҳисобланади, товарни олиб чиқиш учун мўлжалланган тегишли божхона режими учун божхона юк декларацияси расмийлаштирилган кун эса, олиб чиқиш санаси ҳисобланади;

товар Марказга кирган дастлабки ҳолатида бўлиши керак, товарнинг табиий эскириш оқибатидаги ёхуд ташиш, сақлаш ёки фойдаланиш (ишлатиш)нинг нормал шароитларида камайиши оқибатидаги ўзгаришлари бундан мустасно;

божхона органлари томонидан товарни идентификациялашни имконияти мавжуд бўлиши керак.

Бунда, ушбу шартларга риоя этилмаган тақдирда, мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган товарларга чет эл товарлари деб қаралади ва уларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилади.



6-БОБ. МАРКАЗ ҲУДУДИДА БОЖХОНА НАЗОРАТИНИ

ТАЪМИНЛАШ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


33. Марказнинг божхона назорати зонаси ҳисобланган ҳудуд ва бинолари:

ер устидаги иморатларда ёки иншоотларда жойлаштирилиши;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган техник, санитария ва ёнғинга қарши талабларга жавоб бериши;

қўриқлаш ва ёнғин назорати сигнализациялари, содир бўлаётган воқеалар бўйича ҳар томондан олинган видео маълумотларни уч ой давомида кўрсатиш имконига эга бўлган, давлат назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ўрнатилган, узлуксиз ишлайдиган видеокузатув воситалари билан жиҳозланган бўлиши;

ёнғин хавфсизлиги талабларига мос бўлган ёнғинни ўчириш тизими ва воситаларига эга бўлиши лозим.


34. Марказга ўтиш пунктларида божхона назоратидан олдин шахсларнинг Марказ ҳудудига олиб кириш тақиқланган ёки чекланган шахсий буюмларини сақлаш учун махсус камералар ташкил этилган бўлиши керак.


35. Марказда унинг нормал фаолият кўрсатиш учун доимий равишда қуйидагилар ишчи ҳолатда ва етарли бўлиши керак:

ортиш-тушириш ускуналари ва транспорт воситалари;

омбор асбоб-ускуналари;

ўлчов асбоблари, аниқлиги ва ўлчаш чегаралари эркин омборда сақлашга мўлжалланаётган товарлар хусусиятига мувофиқ бўлган товарларнинг оғирлигини ўлчаш воситалари;

божхона органларининг дастурий таъминоти билан мос келадиган товарлар ҳисобини юритадиган автоматлаштирилган тизим;

божхона назорати зонаси сифатида ишлатиш учун мўлжалланган биноларни, очиқ майдончаларни, божхона назорати зонасига бевосита туташиб кетган бутун ҳудудни тўлиқ назорат қилиш ҳамда божхона органларига видео маълумотларни узатиш, шунингдек, ушбу маълумотларни уч ой давомида сақлаш имконига эга бўлган узлуксиз ишлайдиган видеокузатув тизими;

кўрик ўтказиш учун стол;

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт қутичаси;

алоқа воситалари (шу жумладан телефон, маълумот узатиш тармоғи, Интернетжаҳон ахборот тармоғи);

идора ашёлари ва мебель.


36. Марказ дирекцияси қуйидагиларга мажбур:

солиқ органлари билан ҳамкорликда Марказга келиб тушаётган ва ундан олиб чиқилаётган товарлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ахборот тизимида ушбу товарларнинг олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тўғрисида белги қўйган ҳолда, автоматлаштирилган ҳисоб юритилишини назорат қилиш;

божхона органининг талабига мувофиқ Марказдаги товарларни божхона органининг мансабдор шахси иштирокида хатловдан ўтказиш;

санитария, товарларнинг ёнма-ён қўйилиши қоидаларига ва сақлаш режимига, давлат стандартларининг мажбурий талабларига риоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг божхона иши соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар ва шартларни бажариш;

таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, шу жумладан қайта ташкил этилганлиги, номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганлиги тўғрисида божхона органини беш иш куни ичида хабардор қилиш;

Марказ иштирокчиларининг, шунингдек, Марказга кириш учун рухсат берилган ҳамда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтган (озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишловчи ходимлар учун) ходимларнинг (фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими кўрсатилган ҳолда) рўйхати мавжудлигини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг қонуний талабларини бажариш, шу жумладан, божхона органлари мансабдор шахсларининг Марказда сақланаётган товарлар турган жойга киришини таъминлаш;

божхона назорати ва божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун Марказдаги жиҳозланган бинолар ва алоқа воситаларини божхона органлари ходимларига бепул тақдим этиш.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. Марказнинг ёки Марказ иштирокчисининг фаолияти тугатилган тақдирда, унинг ҳудудида бўлган товарлар тугатилган вақтдан бошлаб олтмиш календарь кун мобайнида товарларга ваколати бўлган шахс томонидан бошқа божхона режимига ўтказилади.


38. Ушбу Низомнинг 37-бандида назарда тутилган муддат мобайнида кўрсатиб ўтилган товарлар божхона мақсадлари учун "вақтинчалик сақлаш" божхона режимида турган товарлар ҳисобланади.


39. Шахс Марказ иштирокчиси мақомидан маҳрум этилган тақдирда, шу жумладан, инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши муддатидан олдин тўхтатилганлиги муносабати билан иштирокчи мақомидан маҳрум этилганда, иштирокчига тегишли бўлган ишлаб чиқариш учун товарлар Марказнинг бошқа иштирокчиси фойдасига бегоналаштирилади ёхуд Марказ иштирокчилари реестрига шахснинг Марказнинг иштирокчиси мақомидан маҳрум этилгани тўғрисидаги ёзув киритилган санадан бошлаб олтмиш календарь кун мобайнида бошқа божхона режимига ўтказилади.


40. Марказ иштирокчиси мақомини йўқотган шахс ўзининг мулки бўлган ишлаб чиқариш учун товарларни бегоналаштирмаганда ёхуд уларни бошқа божхона режимига жойлаштирмаганда, ушбу Низомнинг 39-бандида назарда тутилган муддат ўтиб бўлгач, божхона органлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли қонуний чораларни кўради.


41. Марказ ҳудудига кириш-чиқиш тартибини бузган, шунингдек, ушбу ҳудуддан белгиланмаган жойлардан чиқишга ёки киришга уринган шахслар қўлга олиниб, уларга нисбатан белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрилади.


42. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 1 июль