Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.07.2021 й. 421-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 6 июлдаги

421-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор

олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим

дастурлари асосида таълим фаолиятини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишувига (кейинги ўринларда - шартнома) мувофиқ жорий этилган қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низом:

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари билан тузилган шартномага мувофиқ Ўзбекистон Республикасида қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган давлат олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади;

қўшма таълим дастурлари жорий этилмаган олий таълим ташкилотлари, нодавлат ва ҳарбий олий таълим ташкилотлари, Ўзбекистон Республикасидаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Қўшма таълим дастурлари - Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ кадрлар тайёрлашни ва битирувчиларига олий маълумот олганлиги тўғрисидаги барча хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари жойлашган давлатларда тан олинадиган квалификация (диплом) берилишини назарда тутувчи таълим дастури.


4. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари ўртасида тузилган шартномага мувофиқ жорий этилган қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

республика иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва илм-фаннинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек, жаҳон таълим ҳамжамиятига интеграциясини кенгайтириш ҳисобига ривожлантириш;

кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қўшма таълим дастурлари бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг амалиётини хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларда, улар жойлашган давлатларда ва бошқа мамлакатлардаги ташкилотларда ташкил этиш;

педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогик технологияларни ва ўқитиш услубларини фаол такомиллаштириш;

таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотларининг салоҳиятини ошириш;

ҳамкорликда илмий конференциялар ва семинарлар ўтказиш, стажировкалар ташкил этиш ҳамда халқаро илмий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш.


5. Қўшма таълим дастурлари асосида кадрларни тайёрлашда хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти сифатида қуйидагилар жалб қилиниши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида бўлинмалари (филиаллари) мавжуд бўлган ёки қўшма таълим дастурлари асосида фаолият юритаётган хорижий таълим ташкилотлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities) амалдаги рейтингида олий таълим ташкилотлари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим ташкилотлари;

Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Higher Education) тўлақонли аъзолари - ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган олий таълим ташкилотлари;

Америка Қўшма Штатлари, Австралия, Исроил, Канада, Россия, Сингапур, Жанубий Корея, Япония давлатларининг ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган мазкур давлатларнинг олий таълим ташкилотлари;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ қўшма таълим дастурлари асосида кадрларни тайёрлаш ҳуқуқига эга бўлган таълим ташкилотлари.


6. Қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ амалга оширилади.


7. Қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш бўйича томонлар ўртасида имзоланадиган шартномада қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

шартноманинг мақсади ва предмети;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари жойлашган давлатларнинг миллий малакалар рамкаси хусусиятлари;

қўшма таълим дастури тўғрисида маълумот;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

кадрлар тайёрланадиган бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари (магистратура ёки клиник ординатура мутахассисликлари);

талабаларни ўқитиш тили, муддати, шакли ва жойи;

талабаларни ўқишга қабул қилиш ва ўқишдан четлатиш тартиби;

қўшма таълим дастурларини бошқариш тартиби;

ҳамкорликда ўқитишни ташкил этиш тартиби, талабалар ва профессор-ўқитувчилар мобиллигини таъминлаш шартлари;

талабалар билимини баҳолаш тартиби;

таълим натижаларини (ўқитиш кредит-модуль тизими асосида ташкил этилганда - кредитларни) ўзаро тан олиш, кўчириш ва валидация қилиш тизими;

таълим сифатини таъминлаш тизими;

таълим якунида бериладиган диплом ва даража тўғрисида маълумот, диплом ва даража бериш тартиби, шунингдек дипломларнинг макетлари;

қўшма таълим дастурини молиялаштиришга оид масалалар;

таълим дастурига оид интеллектуал мулк ҳуқуқлари;

томонларнинг жавобгарлиги;

шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби;

томонлар муносабатларига нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқ ва низоларни ҳал қилиш тартиби;

тарафларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жойи.

Қўшма таълим дастурини ташкил этиш бўйича шартномада бошқа шартлар ҳам акс эттирилиши мумкин.

Қўшма таълим дастурини ташкил этиш бўйича шартнома ва унга қўшимча келишувларнинг талабаларга ва таълим сифатини таъминлашга тааллуқли бўлган қисми олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.


8. Қўшма таълим дастурлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ижобий экспертиза хулосасига эга бўлган қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этишга рухсат этилади.

Қўшма таълим дастурини экспертизадан ўтказиш бепул амалга оширилади.


9. Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти қўшма таълим дастурини экспертизадан ўтказиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш бўйича шартнома нусхаси;

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти ўзи жойлашган давлатда ваколатли орган томонидан рўйхатдан ўтказилганлигини ва тан олинганлигини (лицензия берилганлиги ва/ёки аккредитациядан ўтганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

қўшма таълим дастури мақсади, бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари ва магистратура (клиник ординатура) мутахассисликлари, таълим давомийлиги, шакли ва жойи тўғрисидаги маълумотлар;

таълим дастурини ишлаб чиқишга асос бўлган миллий малакалар рамкаси, профессионал стандартлар, таълим стандартлари, малака талаблари ёки унга тенглаштирилган ҳужжатлар, ўқув режа ва фан дастурларининг тасдиқланган нусхалари (танлов фанлари бундан мустасно);

ўқув жараёнининг моддий-техник таъминоти, шу жумладан компьютерлар, ўқув лабораториялари, ўқув фанлари хоналари тўғрисида маълумотлар;

профессор-ўқитувчилар штатлари ва дарс берадиган фанлари тўғрисида маълумотлар;

ўқув ва илмий адабиётлар фонди тўғрисида маълумот;

талабаларни ўқишга қабул қилиш, ўқишини кўчириш, курсдан курсга ўтказиш, кредитларни тан олиш, академик жараённи ташкил этиш, таълим сифатини ички таъминлаш ва таълим натижаларини тан олиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг (тартиб, низом ёки йўриқномаларнинг) барча хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан тасдиқланган нусхалари;

барча хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан тасдиқланган таълим якунида бериладиган дипломлар макетлари нусхалари.

Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига ариза берувчи масъул ҳисобланади.

Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар ариза берувчининг ихтиёрига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий веб-сайти орқали электрон тарзда ҳам берилиши мумкин.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қўшма таълим дастурини экспертизадан ўтказиш бўйича аризани қабул қилганидан сўнг 15 иш кунида хулоса беради.


11. Қуйидаги ҳолларда қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш рад этилади:

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти ўзи жойлашган давлатда рўйхатдан ўтказилмаганда, ваколатли ташкилот томонидан тан олинмаганда ёки унга хорижда фаолият юритишга рухсат берилмаганда;

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти мазкур Низомнинг 5-банди талабларига жавоб бермаганда;

қўшма таълим дастурларининг ўқув режасида белгиланган мутахассислик ва ихтисослик фанларининг камида 25 фоизи хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан ташкил этилмаганда;

қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш бўйича шартнома мазкур Низом талабларига жавоб бермаганда;

қўшма таълим дастурининг ўқув режаси ва фан дастурлари уни жорий қилган Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг профилига мос келмаганда;

қўшма таълим дастури асосида ташкил этилган таълим натижалари Ўзбекистон Миллий малакалар рамкасига мувофиқ бўлмаганда;

қўшма таълим дастури бўйича бериладиган академик даража таълим дастурининг профилига мос келмаганда;

қўшма таълим дастури бўйича ўқиш муддатлари бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари бўйича уч йилдан, магистратура мутахассисликлари бўйича бир йилдан, клиник ординатура мутахассисликлари бўйича икки йилдан кам бўлганда;

қўшма таълим дастурида кўзда тутилган кредитлар миқдори Европа кредит тизими бўйича бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари учун 180 ECTSдан, магистратура мутахассисликлари учун 60 ECTSдан, клиник ординатура мутахассисликлари учун 120 ECTSдан кам бўлганда;

қўшма таълим дастурлари бўйича ўқув жараёнига жалб этилган асосий штатдаги илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар улуши жами профессор-ўқитувчилар сонига нисбатан 30 фоиздан кам бўлганда;

қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг сифатли таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориши учун Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотида зарур бино ва иншоотлар, жиҳоз ва моддий-техник базаси мавжуд бўлмаганда;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотида қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш ва келажакда янада ривожлантириш учун етарли ва барқарор молиявий ресурслар мавжуд бўлмаганда;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотида қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш учун етарли даражада маҳаллий ва хорижий (шу жумладан, қўшма таълим дастури ўқитиш тилидаги) дарслик ва адабиётлар мавжуд бўлмаганда;

қўшма таълим дастури битирувчиларига бериладиган олий маълумот тўғрисидаги квалификация (диплом) хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари жойлашган давлатларда тан олинмаганда;

аризачи томонидан мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ таркибда тақдим этилмаганда;

аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда.

Қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни бошқа асослар бўйича, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмас деган сабаблар билан рад этиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қўшма таълим дастурларининг электрон реестри юритилади ва вазирликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.



2-БОБ. ҚЎШМА ТАЪЛИМ ДАСТУРЛАРИ

АСОСИДА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


12. Қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш параметрлари, бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари ва магистратура (клиник ординатура) мутахассисликлари ҳамкор хорижий олий таълим ташкилоти, бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан тасдиқланади.


13. Қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда - Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган қабул қилиш тартибига мувофиқ кириш имтиҳонлари ўтказилади;

иккинчи босқичда - Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг буюртмаси асосида Давлат тест маркази томонидан келишилган муддатларда қўшма таълим дастурида ўқитиш олиб бориладиган чет тилидан кириш имтиҳони ўтказилади. Бунда:

биринчи босқичда кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг камида 30 фоизини тўплаган абитуриентлар иккинчи босқичда ўтказиладиган имтиҳонда иштирок этишга ҳақли;

иккинчи босқичда чет тили бўйича кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг камида 40 фоизини тўплаган абитуриентлар қўшма таълим дастури бўйича ўтказиладиган танловда иштирок этади ҳамда қабул параметрларидан келиб чиқиб, ўқишга қабул қилинади;

қўшма таълим дастурида ўқитиш олиб бориладиган чет тили бўйича бакалавриатда (специалитетда) камида В1 даражадаги, магистратура ва клиник ординатурада камида В2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентлар иккинчи босқичда чет тилидан ўтказиладиган имтиҳондан озод этилади ва уларга мазкур босқич учун максимал балл берилади.


14. Қўшма таълим дастурларига оид зарур маълумотлар, қабул параметрлари ҳамда биринчи ва иккинчи босқичларда кириш имтиҳонларни ўтказиш тартиби қабул жараёни бошланишидан камида икки ой олдин тегишли олий таълим ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.

Қўшма таълим дастурларига ҳужжат топшириш онлайн шаклда амалга оширилади ва имтиҳон натижалари имтиҳон ўтказилган куннинг кейинги куни Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


15. Қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш натижаларини тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади.


16. Қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Қонунчилик ҳужжатларда белгиланган ҳолларда қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш давлат гранти асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда, давлат гранти асосида ўқитиш фақат Ўзбекистон Республикасидаги ўқиш даври учун қўлланилади.

Тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати ҳамда тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти томонидан тегишли бакалавриат (специалитет) таълим йўналиши ёки магистратура (клиник ординатура) мутахассислигининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ўзаро келишилган ҳолда белгиланади.



3-БОБ. ҚЎШМА ТАЪЛИМ ДАСТУРЛАРИ БЎЙИЧА

ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Қўшма таълим дастурлари бўйича ўқиш муддати бакалавриат (специалитет) таълим йўналишларининг (магистратура ёки клиник ординатура мутахассисликларининг) хусусиятларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади.

Бунда:

қўшма таълим дастурлари бўйича ўқиш муддати бакалавриат (специалитет) таълим йўналишларида уч йилдан, магистратура мутахассисликларида бир йилдан, клиник ординатура мутахассисликларида икки йилдан кам бўлмаслиги лозим;

қўшма таълим дастурида кўзда тутилган кредитлар миқдори Европа кредит тизими бўйича бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари учун камида 180 ECTSни, магистратура мутахассисликлари учун камида 60 ECTSни ва клиник ординатура мутахассисликлари учун камида 120 ECTSни ташкил этиши керак.


18. Қўшма таълим дастурлари бўйича олий таълим ташкилотларида ўқув жараёнини ташкил этиш учун бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари ва магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларининг ўқув режа ва фан дастурлари Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари билан биргаликда ишлаб чиқилади.


19. Қўшма таълим дастурларининг ўқув режасида белгиланган мутахассислик ва ихтисослик фанларининг камида 25 фоизи хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан ўқитилади.

Бунда, талабаларнинг хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларида ўқиш муддати ва молиялаштириш масалалари Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти ўртасида тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.


20. Қўшма таълим дастурлари бўйича ўқув жараёнига жалб этилган асосий штатдаги илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар улуши жами профессор-ўқитувчилар сонига нисбатан 30 фоизни ташкил этиши лозим.


21. Қўшма таълим дастурлари бўйича ўқув жараёнига жалб этилган маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади.


22. Қўшма таълим дастурлари асосида олий маълумотли кадрлар тайёрланадиган олий таълим ташкилотларида қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлими (келишувда назарда тутилган ҳолларда - қўшма факультет) ташкил этилиши мумкин. Бунда қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлими (қўшма факультет) штат жадвали факультетлар учун белгиланган нормативларга мувофиқ шакллантирилади.

Қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлимини (қўшма факультетни) олий таълим ташкилоти факультетининг декани мақомига тенглаштирилган раҳбар бошқаради.

Бўлимни сақлаш билан боғлиқ харажатлар қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашдан тушадиган маблағлар ҳисобидан қопланади.


23. Қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлимининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

қўшма таълим дастури бўйича ўқув жараёни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ташкил этилишини таъминлаш;

қўшма таълим дастури доирасида истеъмолчилар талабларига жавоб берадиган таълим хизматларини кўрсатиш ва халқаро таълим стандартларига мос келадиган таълим сифатини таъминлаш;

қўшма таълим дастури бўйича ўқув жараёнини ташкил этадиган норматив-методик таъминотни такомиллаштириш;

талабаларни ўқув режаларига мувофиқ хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларига ўқишга юбориш, ўқув жараёнига хорижлик профессор-ўқитувчиларни жалб этиш масалаларини мувофиқлаштириш ва бу бўйича хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

олий таълим ташкилотининг бошқа тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини олиб бориш ва ривожлантириш;

фан, таълим ва бозор муносабатлари талабларини ўрганган ҳолда қўшма таълим дастури бўйича таълим хизматларини кўрсатиш ва ўқитишнинг илғор технологияларини доимий равишда такомиллаштириш ҳамда таълим жараёнига илғор таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш.


24. Қўшма таълим дастури асосида таҳсил олаётган талабалар билимини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.


25. Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар олий таълим ташкилотининг ўқув интизоми, ички тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши мажбурий ҳисобланади.


26. Қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилотида зарур бино ва иншоотлар, жиҳоз ва моддий-техник базаси, маҳаллий ва хорижий (шу жумладан, қўшма таълим дастури ўқитиш тилидаги) дарслик ва адабиётлар мавжуд бўлиши лозим.


27. Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган битирувчилар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус электрон тизимга киритилади. Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти тизимга киритилган битирувчиларни давлат намунасидаги дипломлар билан таъминлаш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази билан шартнома тузади.

Битирувчиларга бериладиган давлат намунасидаги дипломга қўшма таълим дастури номи ёзилади.

Давлат намунасидаги диплом ва диплом иловаси махсус электрон тизимга киритилган маълумотлар асосида чоп этилади.

Диплом иловасига ҳамкор олий таълим ташкилоти томонидан берилган диплом тартиб рақами ҳам киритилади.



4-БОБ. ҚЎШМА ТАЪЛИМ ДАСТУРЛАРИ БЎЙИЧА

ТАҲСИЛ ОЛАЁТГАН ТАЛАБАЛАР ЎҚИШИНИ

КЎЧИРИШ, ЎҚИШДАН ЧЕТЛАШТИРИШ

ВА ҚАЙТА ТИКЛАШ


28. Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини улар таълим олаётган олий таълим ташкилотининг бошқа таълим йўналишлари (мутахассисликлари) ёки бошқа Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим ташкилотига кўчиришга рухсат этилмайди.

Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини улар таълим олаётган олий таълим ташкилотининг ёки бошқа Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг қўшма таълим дастурларига кўчириши мумкин.


29. Талабаларга академик таътил бериш ва курсдан-курсга қолдириш таълим жараёни олиб бораётган давлатдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинади.


30. Қуйидаги ҳолатларда қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар олий таълим ташкилотидан четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

ўқув интизомини ва Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун;

бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги учун;

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотида бориб ўқишдан бош тортган тақдирда;

олий таълим ташкилоти ва талаба ўртасида тузилган шартнома шартларига амал қилмаган тақдирда;

талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда. Ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди;

вафот этганлиги сабабли.


31. Қўшма таълим дастурлари бўйича таҳсил олиб, талабалар сафидан четлаштирилган талабалар ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти ректорлари (директори) қўшма буйруғи асосида амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси:

зарур ҳолларда қўшма таълим дастурларининг таълим сифатини, таълим жараёни ташкил этилишини, педагог ходимларининг меҳнат фаолиятини, талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражасини (билимини), ўқув жараёнини амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш бўйича мониторинг ўтказади;

қўшма таълим дастурлари педагог ходимлари ва талабалари ўртасида таълим жараёнининг ташкил этилиши ва сифатини аниқлашга оид аноним сўровлар ўтказади ҳамда уларнинг натижаларини таҳлил қилган ҳолда таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.


33. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мониторинг ўтказиш жараёнида қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилоти томонидан мазкур Низом талаблари бажарилмаётганлигини аниқлаганда, ушбу олий таълим ташкилоти билан биргаликда унинг фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мониторинг ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш устидан назоратни ташкил қилади.

Мониторинг ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, олий таълим ташкилотининг мазкур Низом талабларига риоя қилмасдан ташкил этилган қўшма таълим дастурларига талабаларни ўқишга қабул қилиш тўхтатилади.


34. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 июль