Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.08.2021 й. 491-сон "Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус "1-сон Зангиота" ва "2-сон Зангиота" шифохоналари бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.08.2021 й.

N 491




КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ БИЛАН

КАСАЛЛАНГАН БЕМОРЛАРНИ ДАВОЛАШГА

МЎЛЖАЛЛАНГАН МАХСУС "1-СОН ЗАНГИОТА"

ВА "2-СОН ЗАНГИОТА" ШИФОХОНАЛАРИ БИНО

ВА ИНШООТЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасаларида бино ва иншоотлар ҳамда коммуникация тизимларига техник хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш борасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 25 мартдаги 181-сон қарори билан Тошкент вилоятининг Зангиота туманида махсус шифохоналар қуриш белгиланганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг "Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 4 августдаги 461-сон қарорига асосан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус "1-сон Зангиота" ва "2-сон Зангиота" шифохоналари (кейинги ўринларда - Зангиота махсус шифохоналари) ташкил этилганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 574-ф-сон фармойиши билан қурилиши тугалланган Зангиота махсус шифохоналарини фойдаланишга қабул қилиш бўйича Давлат қабул комиссияси таркиби тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Зангиота махсус шифохоналари бино ва иншоотларидан фойдаланиш дирекциясини (кейинги ўринларда - Дирекция) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Белгилансинки:

Дирекция Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигидаги давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

Дирекция ходимларининг сони ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади;

Дирекцияга Зангиота махсус шифохоналари директорларининг қўшма тақдимномасига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Дирекция ходимлари фаолиятига белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 24 сентябрдаги 583-сон қарори билан белгиланган махсус рағбатлантириш тўловларини тўлаш тартиби жорий этилади.


4. Дирекция фаолиятини йўлга қўйишда "O`zpromholodmontaj" МЧЖ томонидан амалий ёрдам кўрсатиши маълумот учун қабул қилинсин.


5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Давлат қабул комиссияси билан биргаликда беш кун муддатда қурилиши тугалланган Зангиота махсус шифохоналарини фойдаланишга қабул қилиш бўйича Давлат қабул комиссиясининг далолатномасини тасдиқланишини якунласин;

ўн кун муддатда Дирекция томонидан буюртмачи ва бош пудратчилар тақдим қилган асосланган ҳужжатларга мувофиқ фойдаланишга қабул қилинишини таъминласин.


6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

бир хафта муддатда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Зангиота махсус шифохоналари бино ва иншоотлари ҳамда шифохонада мавжуд тиббий ва бошқа турдаги техникаларга хизмат кўрсатиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва бошқа масалаларни қамраб олган ҳолда Дирекциянинг уставини тасдиқласин;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Зангиота махсус шифохоналари бино ва иншоотларини тегишлиги бўйича "1-сон Зангиота" ва "2-сон Зангиота" шифохоналарига белгиланган тартибда берилгандан сўнг, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишини таъминласин;

Молия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда Зангиота махсус шифохоналари бино ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси ташкил этилиши муносабати билан Зангиота махсус шифохоналарининг амалдаги вақтинчалик штат нормативларини қайта кўриб чиқсин ва уларнинг янгиланган штат нормативларини тасдиқласин.


7. Молия вазирлиги:

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Дирекция фаолиятини 2021 йил учун республика бюджетидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирсин, 2022 йилдан бошлаб эса зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида кўзда тутсин.

Дирекцияга Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири A.M. Хаджибаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                            А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 4 август