Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.08.2021 й. 490-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 3 августдаги

490-сон қарорига

1-ИЛОВА



Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам

кўрсатиш марказлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари (кейинги ўринларда - Марказлар) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Марказлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ички ишлар вазирининг буйруқлари, фармойишлари ва кўрсатмаларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


3. Марказлар ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ҳамда вояга етмаганларни қабул қилиш, вақтинча сақлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва реабилитациясини амалга оширувчи махсус бўлинмаси ҳисобланади.


4. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланиб, мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкларга, шунингдек, вояга етмаганлар тўғрисида идоралараро ахборот алмашиш тизимига ҳамда Марказга қабул қилинган вояга етмаганларга доир маълумотлар базасига эга.

Марказлар банк ҳисобварағига жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ўтказилади, банк ҳисобварағидаги маблағлар фақат қаровсиз болаларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун мақсадли сарфланади.


5. Марказлар бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларига бўйсунади.


6. Марказларда вояга етмаганларни сақлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи махсус шарт-шароитлар таъминланади:

ҳудудни қўриқлаш;

вояга етмаганларнинг шахсий хавфсизлиги ва уларни салбий таъсирлардан юқори даражада ҳимоя қилиш чоралари;

ҳудудга бегона шахсларнинг эркин киришини чеклаш;

марказда сақланаётган вояга етмаганларнинг марказ ҳудудини эркин тарк этишини чеклаш;

вояга етмаганларни кеча-кундуз назорат қилиш;

вояга етмаганларни шахсий текширувдан ўтказиш, уларнинг буюмларини, шунингдек, улар олаётган ва юбораётган посилка ва бошқа почта жўнатмаларини текширувдан ўтказиш.


7. Марказлар фаолиятини ташкил этишда вояга етмаганлар билан профилактик тадбирларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ихтиёрий равишда жалб этилиши мумкин.



2-БОБ. МАРКАЗЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ,

ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ


8. Марказларнинг асосий вазифалари:

қабул қилинган вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

вояга етмаганларга ижтимоий-педагогик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик хусусиятлари, қобилиятлари, қизиқишлари, ижтимоий мослашуви ва реабилитацияси бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш;

вояга етмаганларга тиббий-педагогик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш;

ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда бўлган вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича якка тартибдаги профилактика ишларини ташкил этиш.

Марказлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9. Марказлар ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) қабул қилинган вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида:

вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаган, уларнинг мажбурий умумий таълим олишига тўсқинлик қилган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилишида қатнашади;

етим болалар ва ота-оналар қаровисиз қолган болаларни қабул қилишда васийлик ва ҳомийлик органларига кўмаклашади;

вояга етмаганларнинг доимий ёки вақтинча яшаш манзили бўйича оиласини ўрганиш ишларини ташкил этади;

шахси аниқланмаган вояга етмаганлар бўйича, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳақидаги маълумотларни олиш юзасидан давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳамда фуқаролик жамияти институтларига сўровлар юборади;


б) вояга етмаганларга ижтимоий-педагогик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик хусусиятлари, қобилиятлари, қизиқишлари, ижтимоий мослашуви ва реабилитацияси бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш соҳасида:

ваколатли органлар билан ҳамкорликда Марказларга жойлаштирилган ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда бўлган вояга етмаганлар учун иш жойлари квотасини белгилаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

вояга етмаганларнинг Марказлардан чиқариш даврида уларнинг вояга етганлари орасидан ишсиз бўлганларни ишга жойлаштиради ёки меҳнат бозорининг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга тайёрлаш чораларини кўриш бўйича ишларни ташкил этади;

вояга етмаганларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида улар билан Марказларда ишлаш учун ижод соҳасидаги малакали мутахассисларни жалб қилади;

вояга етмаганларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасидаги қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш бўйича ишларни ташкил этади;


в) вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш соҳасида:

вояга етмаганларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, Конституция ва қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини етказади;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш чораларини кўради;

вояга етмаганлар онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб боради;

вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни ташкил қилади, шунингдек, ҳар бир вояга етмаган билан унда давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган тарбиявий ишар олиб борилишини таъминлайди;


г) вояга етмаганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш ва муҳофаза қилиш соҳасида:

Марказларни дори воситалари, тиббий буюмлар ва зарур тиббий техникалар билан таъминлаш ишларини соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этади;

республика ўқув-тарбия муассасаларига ёхуд вазирлик ва идоралар тасарруфидаги умумтаълим, ихтисослаштирилган таълим муассасаларига жойлаштирилиши режалаштирилган вояга етмаганларни тиббий текширувдан ўтказиш якуни бўйича маълумотларни белгиланган тартибда иш ҳужжатларига қўшиб йиғиб боради;


д) ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда бўлган вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида:

ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда бўлган вояга етмаганларнинг соғлом муҳитда яшашини таъминлаш чораларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади;

қабул қилинган вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлайди

қабул қилинган вояга етмаганлар тўғрисида тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларни хабардор қилади;


е) вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича якка тартибдаги профилактика ишларини ташкил этиш соҳасида:

қабул қилинган вояга етмаганлар билан профилактика ишларини олиб борилишини ташкил этади ва назорат қилади;

якка тартибдаги профилактика ишларини ташкил этиш самарадорлигини ошириш чораларини кўради.

Марказлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.


10. Марказлар ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш доирасида қуйидаги ваколатларга эга:

уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг шахсини аниқлаш, ҳаёти, соғлиғини муҳофаза қилиш ёки улар томонидан такроран ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларни кеча-кундуз қабул қилишни ҳамда вақтинча сақлашни таъминлаш;

олиб келинган вояга етмаганлар билан якка тартибда профилактика ишини олиб бориш, вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлиги, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига имкон яратадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бу ҳақда тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларни хабардор қилиш;

вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига олиб бориш, шунингдек, ушбу муассасаларда сақланаётган вояга етмаганларни жойлаштириш бўйича бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш;

олиб келинган вояга етмаганларни ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини кўриш, улар бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ва нотижорат ташкилотларига тегишли сўровлар жўнатиш ва зарур маълумотларни олиш;

олиб келинган вояга етмаганларни республика ўқув-тарбия муассасаларига ёхуд вазирлик ва идоралар тасарруфидаги умумтаълим, ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юборилиши мақсадга мувофиқлиги юзасидан Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияга хулоса тақдим этиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Марказ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Марказлар уларга олиб келинган вояга етмаганлар бўйича юборилган сўровлар ва бошқа маълумотларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда тақдим этмаган давлат органлари масъул шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) тўғрисида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар прокуратурасини хабардор қилади.



3-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ МАРКАЗЛАРГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН ЧИҚАРИШ

АСОСЛАРИ


11. Марказларга 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган қуйидаги вояга етмаганлар кеча-кундуз қабул қилинади:

ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар назоратисиз ва қаровисиз қолган;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларда яшаётган ҳамда давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун таълим муассасаларини ёхуд бошқа болалар муассасаларини ўзбошимчалик билан тарк этганлар;

ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ёшда бўлганлар;

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий ҳолатининг бузилганлиги билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етишга қодир бўлмаганлар, агар вояга етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш ёки улар томонидан такроран ижтимоий хавфли қилмишлар содир этилишининг олдини олиш зарур бўлса, шунингдек, вояга етмаганларнинг шахси аниқланмаган ёхуд унинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳуқуқбузарликларни содир этганлар, агар уларнинг шахси аниқланмаган бўлса ёхуд уларнинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ҳуқуқбузарликлар содир этган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

ўзининг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилиши тўғрисидаги масаланинг суд томонидан кўриб чиқилишини вақтинча кутиб турганлар;

суднинг ажримига кўра ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига юборилаётганлар.


12. Марказлардан вояга етмаган шахсни чиқариш учун қуйидагилардан бири асос бўлади:

вояга етмаган шахснинг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (васийлик ёки ҳомийлик органи)га топширилиши;

республика ўқув-тарбия муассасасига қабул қилиниши;

болалар-меҳрибонлик уйига қабул қилиниши;

ихтисослаштирилган таълим муассасасига қабул қилиниши;

вояга етмаган шахсда марказда қолишига тўсқинлик қилувчи касаллик аниқланганлиги сабабли уни соғлиқни сақлаш муассасасига юборилиши;

олиб келинган вояга етмаган шахснинг 18 ёшга тўлиши.



4-БОБ. НАЗОРАТСИЗ ВА ҚАРОВСИЗ

ҚОЛГАН ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ

АНИҚЛАШ ВА УЛАРНИ ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


13. Вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар таълим муассасаларида, профилактика инспекторлари хизмат ҳудудида, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари оилаларда ўрганиш (кузатиш) ва профилактик тадбирларни амалга ошириш жараёнида қаровсиз болаларни аниқлайди.

14. Вояга етмаган шахснинг қаровсиз қолганлиги давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар томонидан аниқланган ҳолларда улар бу тўғрисида профилактика инспекторига хабар беради.


15. Профилактика инспектори бирламчи ўрганиш натижаларига кўра бола қаровсиз қолганлиги тўғрисида хулосага келган тақдирда, ушбу хулосани маҳаллий жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғига тақдим этади, маҳаллий жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи эса, хулосани кўриб чиқиб, болани Марказга қабул қилиш юзасидан йўлланма тайёрлайди ва уни Марказга юборади.


16. Марказ ходимлари 5 соат ичида махсус автотранспорт воситасида қаровсиз бола сақланаётган манзилга етиб келиб, уни қабул қилиб олади ва белгиланган тартибда Марказга олиб бориб жойлаштиради.


17. Марказ бошлиғи ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарининг ўринбосари - жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи (Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи)га қаровсиз бола қабул қилинганлиги ҳақида навбатчилик қисми орқали хабар беради.


18. Марказ бошлиғининг сўровига асосан ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаси мутахассислари 3 соат ичида Марказга етиб келиб, қаровсиз болани белгиланган тартибда тиббий текширувдан ўтказади.

Тиббий текширув хулосасига кўра қаровсиз боланинг даволанишга муҳтожлиги (ақлий ва руҳий ривожланишда ёшига нисбатан орқада қолган, тан жароҳати, касаллиги, ҳомиладорлиги) аниқланган ҳолларда у даволаниш учун тегишли соғлиқни сақлаш муассасасига ёки ақлий ва руҳий ривожланишда ёшига нисбатан орқада қолаётган болаларга мўлжалланган муассасага жойлаштирилади.


19. Марказ 48 соат ичида қаровсиз боланинг шахсини аниқлайди, унинг ўқиши ва хулқ-атворини, оиласидаги муҳитни ҳамда қаровсиз қолишига сабаб бўлган омилларни тўлиқ ўрганади, боланинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳолатига баҳо бериш натижасига кўра ижобий хулосага келса, уни ота-онаси (ота-она ўрнини босувчи шахслар)га топширади.

Марказдан ота-онаси (ота-она ўрнини босувчи шахслар)га топширилган боланинг ўқиши, хулқ-атвори ва оиласидаги муҳит бир йил давомида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар томонидан маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар органлари билан биргаликда мониторинг қилиб борилади.

Мониторинг давомида боланинг ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолаётганлиги кузатилса, уни белгиланган тартибда Марказга қайтариш чоралари кўрилади.


20. Марказ боланинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳолатига баҳо бериш натижасига кўра унинг ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилада яшаётганлиги ва давлат ёрдамига муҳтожлиги тўғрисида хулосага келса, ушбу болани Марказда 48 соатдан ортиқ, бироқ 30 кундан (зарурат бўлганда 45 кундан) кўп бўлмаган вақт давомида сақлаш ҳақида судга илтимоснома киритади.

Ушбу илтимоснома 24 соат ичида Марказда сайёр ёки онлайн шаклда ўтказиладиган ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд илтимосномани кўриб чиқиш жараёнида қаровсиз боланинг ота-онаси (ота-она ўрнини босувчи шахслар) рози бўлмаган ҳолда ҳам уни Марказга ва келгусида ихтисослаштирилган таълим муассасасига қабул қилиш масаласини кўриб чиқади.


21. Қаровсиз боланинг доимий яшаш жойи бошқа минтақа ҳудудида бўлса, Марказ 48 соат ичида уни тегишли ҳудуддаги Марказга олиб бориб топширади.


22. Вояга етмаганларни 48 соатдан кўп бўлмаган муддатга Марказларга қабул қилишга туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари ёки Марказ бошлиғи ёхуд унинг ўринбосарларининг қарори асос бўлади.

Вояга етмаганларни 48 соатдан кўп бўлган муддатга Марказларга қабул қилиш учун суднинг қонуний кучга кирган ажрими асос бўлади.


23. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар томонидан вояга етмаганлар назоратсиз ва қаровсиз қолганлиги аниқланганда вояга етмаганлар марказга қабул қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида туман (шаҳар) ички ишлар органларининг энг яқин таянч пунктига ёки Марказга олиб келинади.

Вояга етмаганларни марказларга қабул қилиш борасидаги тадбирлар мазкур Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.


24. Марказ бошлиғи ёки унинг ўринбосарлари вояга етмаган шахс ушбу Марказга қабул қилинганлиги тўғрисида мазкур Марказ жойлашган ҳудуддаги прокурорни ва Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияни зудлик билан, лекин узоғи билан 24 соатдан кечиктирмасдан хабардор қилади.

25. Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссия тақдим этилган ҳужжатларни зудлик билан кўриб чиқиб, 48 соатдан кўп бўлмаган муддатда туман (шаҳар) ички ишлар органлари ёки марказ бошлиғининг ёхуд унинг ўринбосарларининг вояга етмаганни Марказга қабул қилиш тўғрисидаги қарорини келишиб беради.

26. Вояга етмаганлар ва уларнинг буюмлари Марказга жойлаштирилишидан олдин бир жинсга мансуб икки ёки ундан ортиқ шахслар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилади.

Шахсий кўрик натижасида тан жароҳати ҳолатлари аниқланганда ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига хабар берилади ҳамда Марказда сақланиши ман этилган буюмлар олиб қўйилади ва ўтказилган шахсий кўрик натижасига кўра далолатнома расмийлаштирилади.


27. Марказга олиб келиниши тақиқланган буюмлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклда юритилади.


28. Пул маблағлари ёки моддий қийматга эга бўлган буюмлар, ҳужжатлар, шахсий ашёлар ва бошқа буюмлар Марказнинг ушбу буюмларни сақлаш учун масъул этиб тайинланган ходимига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклда расмийлаштирилган далолатномага мувофиқ вақтинчалик сақлаб туриш учун топширилади.


29. Марказга жойлаштирилган вояга етмаганлар тўғрисида маълумот улар Марказга олиб келинган куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклда юритиладиган вояга етмаганларни рўйхатга олиш китобига қайд ёзуви киритилади.


30. Марказга қабул қилинган вояга етмаганлар 48 соатгача Марказда сақланса, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги ҳисобга олиш карточкаси (электрон тарзда) тўлдирилади, Марказга жойлаштирилган вояга етмаганлар 48 соатдан ортиқ сақланса, унга нисбатан Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклда ҳисобга олиш йиғмажилди юритилади. Йиғмажилд электрон тарзда юритилиши ҳам мумкин.


31. Жиноят содир этган ва жиноят содир этишда гумонланаётган, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситалари ёки алкоголь ичимликлар таъсирида бўлган, ногиронлик белгиси яққол кўриниб турган, ақли норасо бўлган вояга етмаганлар ҳамда 18 ёшга тўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган шахслар Марказга қабул қилинмайди.



5-БОБ. МАРКАЗДА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ

САҚЛАШ ТАРТИБИ


32. Марказда назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар ўттиз кунгача бўлишлари мумкин. Истисно ҳолларда бу муддат марказ бошлиғи ёки ўринбосарининг илтимосномасига кўра, суднинг ажрими асосида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўн беш кунгача узайтирилиши мумкин.


33. Қуйидагилар вояга етмаганнинг Марказда бўлиш муддатига кирмайди:

эълон қилинган карантин ёки фавқулодда ҳолатлар даври;

вояга етмаганнинг соғлиқни сақлаш муассасасининг ҳужжати билан тасдиқланган ва уни оиласига қайтариш ёки тегишли муассасага юборишга тўсқинлик қилаётган касаллик даври;

суднинг илтимосномани қаноатлантириш ва вояга етмаганни республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тўғрисидаги ажрими юзасидан берилган шикоят (протест)нинг кўриб чиқилиш вақти.


34. Марказга қабул қилинган вояга етмаганлар 20 нафардан ортиқ бўлмаган гуруҳларга тақсимланади. Ўғил болалар ва қиз болалар алоҳида ётоқхоналарга жойлаштирилади.


35. Вояга етмаганлар Марказни ўзбошимчалик билан тарк этишини, ҳуқуқбузарлик содир этилишини истисно этувчи хавфсиз шароитларда сақланади ва кеча-кундуз Марказ ходимлари назорати остида бўладилар.


36. Марказда сақланаётган вояга етмаганларнинг марказ бошлиғи томонидан тасдиқланадиган кун тартибига риоя этишлари навбатчи ходимлар томонидан назорат қилинади. Навбатчи ходимлар таркиби, иш вақти ва хизмат вазифалари марказ бошлиғи томонидан белгиланади.


37. Марказда сақланаётган вояга етмаганлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ота-онасини ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни ўзининг Марказга олиб келинганлиги ёки жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг қарорлари ва мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан юқори турувчи органларга, прокуратура органларига ёки судга шикоят қилиш;

ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муомалада бўлиш;

чекланмаган миқдорда телефонда сўзлашув, бошқа алоқа воситалари орқали мулоқот ҳамда учрашувга келган оила аъзолари ва яқин қариндошлари билан учрашиш, посилкалар, бандероллар, хат ва телеграммалар олиш ҳамда жўнатиш;

тасдиқланган меъёрлар бўйича бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмларини олиш.



6-БОБ. МАРКАЗДА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР

БИЛАН ЯККА ТАРТИБДАГИ ПРОФИЛАКТИКА

ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


38. Марказда сақланаётган вояга етмаганлар билан якка тартибдаги профилактика ишларини ташкил этиш доирасида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:


а) ички ишлар органлари доимий равишда:

вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, уни содир этишда қатнашган шахсларни, вояга етмаганларни ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишга жалб қилиш ҳолатларини, вояга етмаганларга нисбатан ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир этилганлик ҳолатларини аниқлайди;

вояга етмаганларни моддий таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган ёхуд вояга етмаганларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки улар билан шафқатсиз муомалада бўлаётган ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни аниқлайди, уларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш тўғрисида тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга хабар беради;

шахси аниқланмаган вояга етмаганлар бўйича, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳақидаги маълумотларни олиш юзасидан давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларга ҳамда фуқаролик жамияти институтларига сўровлар юборади;

вояга етмаганни топиб олиш шароитлари, юриш йўли, транспорт тури, тахминий яшаш жойлари, кун кечириш учун зарур бўлган пул маблағлари ва манбалари ҳамда шахсини аниқлаш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаш йўли билан вояга етмаганнинг шахсини аниқлаш чораларини кўради;

вояга етмаганнинг шахси аниқланганидан сўнг бир сутка мобайнида тегишли ички ишлар органларига, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, шунингдек, манфаатдор давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларига вояга етмаганнинг бўлиб турган жойи ҳақида маълумотлар юборади;

олиб келинган вояга етмаганларни республика ўқув-тарбия муассасаларига ёхуд вазирлик ва идоралар тасарруфидаги умумтаълим, ихтисослаштирилган таълим муассасаларига жойлаштирилиши мақсадга мувофиқлиги ҳақида Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияга хулоса тақдим этади;

б) таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва таълим муассасалари доимий равишда:

вояга етмаганларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнингбошқа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида малакали мутахассисларни жалб қилади;

вояга етмаганларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасидаги қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб беради;

вояга етмаганлар орасида компьютер технологиялари ва Интернетдан фойдаланишни ташкил этиш ҳамда Интернет ахборот тармоғи орқали электрон кутубхона тизимларига кириш имкониятини яратади;

вояга етмаганларнинг орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиб, китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида Марказда мавжуд кутубхоналарни янги адабиётлар билан тўлдириб боради;

вояга етмаганларга белгиланган тартибда дарс машғулотларини ўтказади;

вояга етмаганнинг турмуш тарзи, алоқалари ва ниятини, унинг шахсий фазилатлари, қизиқишлари, ўзбошимчалик билан ўқишни тўхтатиш, оиладан, таълим муассасаларидан кетиб қолиши сабабларини аниқлайди;


в) соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари доимий равишда:

вояга етмаганларга тиббий ёрдам кўрсатади, белгиланган муддатларда тиббий текширувларни амалга оширади;

республика ўқув-тарбия муассасасига ёхуд вазирлик ва идоралар тасарруфидаги умумтаълим, ихтисослаштирилган таълим муассасаларига жойлаштирилиши режалаштирилган вояга етмаганларни республика ўқув-тарбия муассасасига қабул қилиш мумкинлигини аниқлаш учун бевосита Марказларда бепул тиббий текширувдан ўтказади;

Марказда санитария-гигиена меъёрлари талабларига риоя этилишини таъминлайди;


г) Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари доимий равишда:

Марказга жойлаштирилган вояга етмаганларнинг оиласидаги ички муносабатни ва шахслараро муносабатларни ва ижтимоий-маънавий муҳитни фуқаролар йиғини орқали ўрганишни амалга оширади;

оилани ўрганиш жараёнида ундаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, оиладаги ижтимоий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатади;

вояга етмаган нотинч ва муаммоли оилаларда истиқомат қилаётган бўлса, ушбу оиланинг маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган хавф-хатарларни бартараф этиш борасидаги ишларни ташкил этади;

вояга етмаганни имкон қадар ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар ёхуд васий ёки ҳомийлар тарбиясида қолиши бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;


д) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий органлари ҳар ойда камида икки маротаба:

Марказга қабул қилинган ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда бўлган вояга етмаганлар учун иш жойлари квотасини белгилаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

вояга етмаганларнинг Марказдан чиқиш даврида вояга етганлари ичидан ишсиз бўлганларини ишга жойлаштириш ёки меҳнат бозорининг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунарга тайёрлаш чораларини кўради;

бўш иш ўринлари базасидан фойдаланган ҳолда Марказдан чиқарилаётган 18 ёшга тўлган ёшларга бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар тақдим этади;

Марказга қабул қилинганлар ўртасида меҳнат ҳуқуқлари ва муҳофазаси масалалари бўйича кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб боради.


39. Марказ томонидан сақланаётган вояга етмаганлар билан якка тартибдаги профилактика ишларини самарали ташкил этиш доирасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари жалб этилиши мумкин.



7-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСНИ ОТА-ОНАСИГА

ЁКИ УЛАРНИНГ ЎРНИНИ БОСУВЧИ

ШАХСЛАРГА ТОПШИРИШ


40. Марказ томонидан вояга етмаганларни ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (васийлик ва ҳомийлик органлари)га ёхуд уларнинг вакилларига топшириш далолатнома расмийлаштириш орқали амалга оширилади ва бу ҳақида вояга етмаганларни Марказга қабул қилиш китобига тегишли қайд ёзуви киритилади.


41. Вояга етмаганлар оиласига Марказ ходимлари кузатувида қайтарилади.

Вояга етмаганлар ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, шунингдек, уларнинг вакилларига бериб юборилиши мумкин.


42. Ота-онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахсларнинг вояга етмаган фарзандини Марказдан олиб кетиш имконияти йўқлиги аниқланган тақдирда, вояга етмаганни яшаш манзилига кузатиб бориш Марказ томонидан амалга оширилади.


43. Ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилган вояга етмаганнинг яшаш шароити ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан уч ой мобайнида мониторинг қилиб борилади.


44. Вояга етмаганнинг яшаши учун зарур шароитлар йўқлиги ёки бошқа сабабларга кўра яшаш жойига қайтиш имкони бўлмаган тақдирда, марказ бошлиғи бу ҳақида уни қабул қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун унинг яшаш жойи бўйича Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияга хабарнома юборади, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда вояга етмаганни тегишли муассасага жойлаштириш чораларини кўради.


8-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСНИ РЕСПУБЛИКА

ЎҚУВ-ТАРБИЯ МУАССАСАСИГА

ЖОЙЛАШТИРИШ


45. Қуйидаги ҳолларда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларни республика ўқув-тарбия муассасаларига қабул қилиш юзасидан Марказ томонидан Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияларга хулоса тақдим этилади:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг моҳиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган;

айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмасдан жиноий жавобгарликдан озод қилинган, тегишли материаллар Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган бўлса;

ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган бўлса;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамасдан мунтазам равишда ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган бўлса.


46. Марказ томонидан вояга етмаганларни республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш суд ажримига асосан амалга оширилади.


47. Марказ вояга етмаганни жинсига қараб тегишли республика ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш чораларини кўради.


48. Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилиши лозим бўлган вояга етмаганлар ушбу муассасаларга тегишли ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юборилади.



9-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСНИ "МЕҲРИБОНЛИК"

УЙИГА ЁКИ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИГА ЖОЙЛАШТИРИШ


49. Вояга етмаганларни меҳрибонлик уйларига жойлаштириш Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссия қарорига мувофиқ, васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан Марказ ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

50. Ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарининг ўринбосари - жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи (Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи)нинг сўровига асосан уч кун ичида Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссиянинг сайёр ёки онлайн шаклдаги йиғилиши Марказда ўтказилади ҳамда қаровсиз болани унинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши, иқтидори, қобилияти, қизиқишлари ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда тегишли ихтисослаштирилган таълим муассасасига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарор нусхаси тегишли вазирлик ёки идорага юборилади.

51. Тегишли вазирлик ёки идора уч кун ичида Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссиянинг қарорига мувофиқ болани ўқишга қабул қилиш тўғрисида йўлланмани ўзига бевосита бўйсунувчи ихтисослаштирилган таълим муассасасига, йўлланманинг нусхасини эса Марказга юборади.

52. Марказ йўлланмага мувофиқ 48 соат ичида болани тегишли ихтисослаштирилган таълим муассасасига олиб бориб топширади.


53. Ихтисослаштирилган таълим муассасаси ўқув йили давомида (тегишли синфлар учун белгиланган ёшларга мувофиқ равишда) ўзи бевосита бўйсунувчи вазирлик ёки идоранинг йўлланмасига мувофиқ қаровсиз болани қабул квотасидан ташқари 5 фоиз миқдорида ажратилган қўшимча квоталар доирасида синов ва имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилади.



10-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСНИ

КУЗАТИБ БОРИШ


54. Яшаш (қабул қилиш) жойига юборилаётган вояга етмаганлар бепул йўлкира чиптаси, шунингдек, белгиланган нормаларда йўл учун озиқ-овқат ёки пул маблағлари билан таъминланади. Зарурат бўлганда вояга етмаганларга алоҳида кийим-кечак ва пойабзал буюмлари берилиши мумкин.


55. Марказ ходимлари томонидан вояга етмаганларни истиқомат қилиш жойига кузатиб бориш (жойлаштириш) қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1-2 нафар вояга етмаганни кузатиб бориш учун 2 нафар;

3-4 нафар вояга етмаганни кузатиб бориш учун 2-4 нафар;

5 ва ундан ортиқ вояга етмаганни кузатиб бориш учун 4-10 нафар.


56. Вояга етмаганларни яшаш (қабул қилиш) жойига кузатиб бориш Марказнинг шаҳодатланган ходимлари томонидан амалга оширилади. Вояга етмаганнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолат юзага келган ҳолларда хизмат сафарига тиббий ходимлар ҳам жалб этилиши мумкин.


57. Агарда кузатувда уч ёки ундан ортиқ ходим иштирок этадиган ҳолат юзага келса, марказ бошлиғи ҳудудий бўлинмалар бошлиқларига қўшимча ходим ажратишга рухсат берилиши юзасидан билдирги ёзади.


58. Марказ бошлиқлари ҳудудий бўлинмалар бошлиқлари рухсати билан хизмат сафарига юборилаётган ходимлар билан вояга етмаганни кузатиб бориш ва жойлаштириш юзасидан белгиланган тартибда йўриқнома ўтказиб, уларнинг орасидан унвони ва лавозими юқори бўлган ходимни гуруҳ раҳбари этиб белгилаб, йўриқнома баёни билан тасдиқлайди.


59. Кузатилаётган вояга етмаганларга тегишли бўлган ҳужжатлар, улар тўғрисидаги батафсил маълумотлар Марказнинг ижтимоий ходими ҳамда психологи томонидан тайёрланиб, вояга етмаганнинг барча буюмлари билан бирга хизмат сафарига юборилаётган ходимларга тақдим этилади.

Вояга етмаганни Марказга қабул қилишда улардан вақтинчалик сақлаб туриш учун олинган пуллар, ҳужжатлар, шахсий ашёлар ва бошқа буюмлар тилхат билан унинг ота-оналарига ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органлари, таълим муассасаси вакилларига ёки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа шахсларга эса далолатнома орқали топширилади.


60. Марказдаги вояга етмаганларни кузатишда транспорт воситаларнинг барча турларидан фойдаланилади. Кузатишга сарф бўладиган маблағлар белгиланган тартибда вояга етмаганларни марказда сақлаш учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.


61. Республика ўқув-тарбия муассасаларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун мўлжалланган таълим муассасаларини ёхуд бошқа болалар муассасаларини ўзбошимчалик билан тарк этганлиги учун Марказда сақланаётган вояга етмаганлар, агар ушбу муассасалар ёки Марказ бошқа ҳудудларда жойлашган бўлса, вояга етмаган тегишлилиги бўйича Марказ ходимлари кузатувида, агар ушбу муассасалар Марказ билан битта ҳудудда жойлашган бўлса, тегишли муассаса вакиллари кузатувида қайтарилади.

Марказ ҳамда ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатиб ўтилган муассасаларнинг вакиллари вояга етмаган топилганлиги ҳақидаги хабарнома олингандан сўнг уч кун мобайнида вояга етмаганни олиб кетиш учун Марказга етиб келиши шарт.


62. Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган фарзандларини ватанларига қайтариш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилгунга қадар Марказда сақланади.


63. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари Марказлар ходимларига вояга етмаганларни олиб келиш ва уларни яшаш жойларига олиб боришда навбатдан ташқари чипта (шаҳарлараро ва халқаро йўналишларида) сотиб олишларида амалий ёрдам кўрсатади.


64. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси вояга етмаганларни кузатаётган Марказ ходимларига вояга етмаганларни бир транспортдан бошқа транспортга ўтиш чоғида ва йўлнинг охирги пунктларида қўриқлашга, кузатув вақтида қочиб кетган вояга етмаганларни қидиришга ваколатлари доирасида кўмаклашади.



11-БОБ. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


65. Марказ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилади.

Марказ санитария-гигиена меъёрлари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб берадиган, вояга етмаганларни хавфсиз сақлаш учун яроқли биноларда, қоида тариқасида, вилоят марказларида ташкил этилади.


66. Марказга хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимлари ҳамда вояга етмаганларга таълим-тарбия бериш борасидаги тадбирларни амалга оширувчи тарбиячи педагоглар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ туну-кун Марказда фаолият олиб боради.


67. Марказнинг ташкилий тузилмаси ва штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда белгиланади.


68. Марказга бевосита раҳбарликни тегишли равишда ҳудудий бўлинмалар бошлиқлари томонидан тайинланадиган бошлиқ (кейинги ўринларда - Марказ бошлиғи) амалга оширади.


69. Марказ бошлиғи Марказ номидан фаолият кўрсатади, унинг манфаатларини ифодалайди, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномалар тузади.


70. Марказ бошлиғи:

Марказ ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича буйруқ ва қарорлар қабул қилади ҳамда Марказга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Марказ фаолиятида қонунийликни таъминлаш чораларини кўради, ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва интизоми, хизмат фаолияти юзасидан назоратни амалга оширади;

ўз ўринбосарининг ваколатларини белгилайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ички тартиб ва Марказда сақланаётган вояга етмаганларнинг хулқ-атвори қоидалари ва кун тартибини тасдиқлайди;

ўз ваколатлари доирасида Марказнинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.


71. Тегишлилиги бўйича ҳудудий бўлинмалар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини мувофиқлаштириш бўлинма (гуруҳлари) Марказ фаолиятини (хўжалик ва молиявий фаолияти бундан мустасно) мониторинг қилиб боради ҳамда уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифларни Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига тақдим этиш учун ҳудудий бўлинмалар раҳбариятига киритади.



12-БОБ. МАРКАЗНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ, УНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


72. Марказ фаолиятини молиялаштириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар;

ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


73. Марказ фаолияти тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


74. Марказ Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда техника воситалари, транспорт воситалари, мебель, жиҳозлар ва бошқа мол-мулк билан таъминланади.


75. Марказ ходимларининг иш ҳақи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


76. Марказнинг молиявий-статистика ҳисоботлари ҳудудий бўлинмалар молия бўлимлари томонидан юритилади.


77. Марказнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш молия органлари томонидан амалга оширилади.



13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


78. Ваколатли органлар томонидан эълон қилинган карантин ва фавқулодда ҳолатлар даврида Марказга қабул қилинган вояга етмаганлар карантин тугагунга қадар ёки фавқулодда ҳолатлар бартараф этилгунига қадар сақланади.

Карантин даврида Марказга вояга етмаганлари қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.


79. Марказда вояга етмаганларни овқатлантириш ва бошқа маиший хизматлар аутсорсинг хизматини жалб қилиш орқали ташкил этилади ва амалга оширилади.


80. Марказда вояга етмаганларни овқатлантириш ва бошқа маиший хизматлар учун пул маблағлари йиллик буюртмалар бўйича белгиланади ва аутсорсинг хизматлари учун келишилган ҳисоб-китоблар, озиқ-овқат нархлари белгиланган меъёрлар асосида йил бўйича режалаштирилади.


81. Марказ ходимлари штат бирликларини ўзгартириш ҳамда уларни ўзининг функцияси билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири рухсати билан амалга оширилади.


82. Марказ ходимлари хизматни фуқаролик кийимида олиб боради. Марказ ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган байрам кунлари, йиғилишларда, ўқув машғулотлари ўтказилган вақтларда хизмат кийимида бўлишади.


83. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


84. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Вояга етмаганларни ички ишлар органлари

вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам

кўрсатиш марказларига қабул қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъект

Бажариш механизми

Бажариш

муддатлари

1-босқич

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи орган ва муассасалар


1.Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи орган ва муассасалар томонидан ўтказилган тадбирлар ёки бевосита хизмат фаолияти жараёнида ёҳуд тегишли маълумотлар асосида назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар аниқланади.


2.Аниқланган назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар ички ишлар органлари таянч пунктига олиб келиб, улар тўғрисида зудлик билан васийлик ва хомийлик органларига хабар берилади.

Аниқланганда зудлик билан

2-босқич

Васийлик ва хомийлик органлари

Васийлик ва ҳомийлик органлари олинган хабарлар бўйича 3 соат ичида вояга етмаганни қабул қилишнинг қуйидаги турларидан бири бўйича ички ишлар органларига хулоса тақдим қилади:

ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилади;

васийлик ёки ҳомийликка олган шахсларга топширилади;

оила тартибида (патронат) қабул қилинади;

ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи ёҳуд васийлик ва ҳомийликка олган шахсларда уларни қабул қилиш имкони мавжуд бўлмаган ҳолларда Марказга қабул қилинади.

3 соат ичида

3-босқич

Ички ишлар органлари, Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази (кейинги ўринларда - Марказ)

Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан вояга етмаганни ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчига ёҳуд васийлик ва хомийликка топширишнинг имкони мавжуд бўлмаганлиги учун Марказга қабул қилиш бўйича тақдим этган хулосага кўра, зудлик билан вояга етмаганни Марказга қабул қилиш бўйича қарор чиқариб, уни Марказга олиб борилишини таъминлайди.

3 соат ичида

4-босқич

Марказлар

Ички ишлар органлари томонидан васийлик ва ҳомийлик органлари хулосасига кўра олиб келинган Низомнинг 11-бандида келтирилган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларни кеча-кундуз қабул қилади ва 30 кунгача, айрим ҳолларда яна 15 кун сақланишини таъминлайди.

Кеча-кундуз қабул қилиб 30 кунгача (қўшимча 15 кун) сақлайди

5-босқич

Марказлар

Марказга қабул қилинган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар тўғрисида 24 соат ичида Марказ вилоятлар, Тошкент шаҳар ва Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ва Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссия хабардор қилинади.

24 соат ичида

6-босқич

Марказлар

Марказга қабул қилинган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларни 48 соат ичида ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи ёҳуд васийлик ва ҳомийликка топшириш чорасини кўради.

48 соат ичида

7-босқич

Марказлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ёки унда иштирок этувчи орган ва муассасалар билан ҳамкорликда

1. Марказга қабул қилинган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларни 30 кун ичида (ёки айрим ҳолларда 15 кун қўшимча муддатда) улар билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ёки унда иштирок этувчи орган ва муассасалар Низомнинг 28-бандига мувофиқ профилактика ишлари амалга оширилади.


2. Олиб борилган профилактика ишлари натижасида вояга етмаганларни ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчига ёҳуд васийлик ва ҳомийликка топшириш имкони бўлмаган ҳолларда уларни қабул қилишнинг қуйидаги чораларини кўради:

республика ўқув-тарбия муассасаларига қабул қилиш чораларини кўради;

вазирлик ва идоралар ҳузуридаги умумтаълим ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларига юборади.

30 кун (қўшимча 15 кун ҳам кириши мумкин) ичида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 4 август