Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.08.2021 й. 525-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 августдаги

525-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини

назорат қилиш давлат инспекцияси ходимларини

моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда - Инспекция) ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.


2. Инспекция ходимларини мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш қуйидаги маблағлар ҳисобидан амалга оширилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджет маблағлари ҳисобидан ходимларга:

40 фоиз миқдорида меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти;

узоқ муддат узлуксиз хизмати учун лавозим маошига устама;

йилда икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида мукофот;

йилда бир марта ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида моддий ёрдам;

бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан моддий ёрдам.

б) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ( кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан марказий аппарат ходимларига:

байрам кунлари учун мукофотлар;

хизмат мажбуриятларини виждонан бажарганлиги учун лавозим маошларига устамалар;

соғлиғини тиклаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида моддий ёрдам;

йилига бир марта қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун моддий ёрдам.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИДАН

МАРКАЗИЙ АППАРАТ ХОДИМЛАРИНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШ МИҚДОРИ ВА

ШАРТЛАРИ


3. Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни, Конституция куни, Янги йил ва Наврўз байрами учун ходимлар лавозим маошининг (рағбатлантирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда) бир бараваригача миқдорда рағбатлантирилади.


4. Хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажариб келаётган ташаббускор ходимларга лавозим маошининг (рағбатлантирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда) 200 фоизигача ҳар ойлик устамалар белгиланади.

Устаманинг аниқ миқдори:

Инспекция бошлиғига - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

Инспекция бошлиғи ўринбосари ва марказий аппарат ходимларига - Инспекция бошлиғи томонидан белгиланади.


5. Ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда (жамоа шартномасига мувофиқ) йўл-транспорт харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача ҳамда ходимнинг овқатланиши харажатларига кўмаклашиш мақсадида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда тўловлар амалга оширилади.


6. Зарур ҳолларда (рағбатлантирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда) икки ойлик лавозим маоши миқдорида (кам таъминланган оилалар, ходимнинг даволаниши, 50, 55, 60 юбилей ёши муносабати билан, шунингдек, пенсияга чиққанда, тўй, дафн маросими ва бошқалар учун) ходимларга касаба уюшмаси билан келишган ҳолда моддий ёрдам пули берилади.


7. Ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун ҳар йили бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорда тўлов амалга оширилади.



3-БОБ. ХОДИМЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

ТАДБИРЛАРИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


9. Қуйидагилар Инспекция ходимларини рағбатлантиришни молиялаштириш манбаи ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Жамғарма маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


10. Ходимларни моддий рағбатлантиришни молиялаштириш манбалари ва миқдори қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси ҳамда бюджетдан ташқари жамғарма бўйича харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

Инспекция Жамғарма маблағлари ҳисобидан марказий аппарат ходимларини келгуси йилда рағбатлантириш бўйича таклифларини ҳар йили 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


11. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 17 август