Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Экспертлар кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.08.2021 й. 525-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 августдаги

525-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини

назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги

Экспертлар кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Экспертлар кенгашининг (кейинги ўринларда - Экспертлар кенгаши) асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Экспертлар кенгаши гидротехника иншоотларидан бехатар фойдаланиш ва уларнинг ишончли ишлашининг энг муҳим масалаларини кўриб чиққан ҳолда улардан фойдаланишни белгиловчи коллегиал орган ҳисобланади.

Экспертлар кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 22 апрелдаги ПҚ-5090-сон қарорига, Вазирлар Маҳкамасининг "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 16 ноябрдаги 499-сон қарорига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ фаолият юритади.


3. Экспертлар кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.



2-БОБ. ЭКСПЕРТЛАР КЕНГАШИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар Экспертлар кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлиги бўйича идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш;

хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлиги ва ишончли ишлаши бўйича устувор масалаларни кўриб чиқиш;

хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсиз ва ишончли ишлаши учун уларни реконструкция қилиш ва қайта жиҳозлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш юзасидан тавсиялар бериш;

хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлик декларацияси экспертизаси натижалари бўйича қарорлар қабул қилиш.


5. Экспертлар кенгаши:

а) хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектлари рўйхатига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни кўриб чиқади ҳамда хулоса беради;

б) қуйидагиларни:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияларининг экспертиза хулосаларини;

гидротехника иншоотлари диагностикаси ва хавфсизлик декларациялари экспертизаси билан боғлиқ меҳнат сарфлари нормалар (меъёрлар)ини;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш талабларини ўз ичига олган стандартлар ва бошқа техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни;

гидротехника иншоотларининг ҳолати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник талабларни;

гидротехника иншоотларининг ҳолати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган дастурлар ва тадбирларни;

гидротехника иншоотлари хавфсизлик декларацияларини ва уларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни экспертиза қилувчи экспертлар таркибини ҳар уч йилда бир марта;

экспертлар таркибини танлаш бўйича тартибни тасдиқлайди. 



3-БОБ. ЭКСПЕРТЛАР КЕНГАШИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ


6. Экспертлар кенгаши қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича хулосалар, тавсиялар, таклифлар бериш ва қарорлар қабул қилиш;

давлат бошқаруви органларидан ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан Экспертлар кенгаши ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини, хавфсиз ишлашини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бўйича тегишли давлат бошқаруви органларидан ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан қабул қилинган қарорлар, буйруқлар, тасдиқланган иш режалари, кўрсатмалар ва бошқа тегишли маълумотларни талаб қилиб қилиш, зарур ҳолларда тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар мутахассисларини Экспертлар кенгаши ишига жалб қилиш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлик қоидалари қўпол равишда бузилган тақдирда гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланишни вақтинча тўхтатиш бўйича таклифлар киритиш;

сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш ёхуд дарёлар ўзанлари ва уларга туташ иншоотларнинг қуйи ва юқори ҳудудларида хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошираётган ташкилотлар фаолиятини, агар мазкур фаолият гидротехника иншоотларининг хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, белгиланган тартибда тақиқлаш ёки чеклаш тўғрисида таклифлар киритиш.


7. Экспертлар кенгаши аъзоларининг асосий вазифалари   ва функциялари қуйидагилардан иборат:

Экспертлар кенгаши йиғилишида иштирок этиш;

хизмат сафарида ва бетоб бўлганда ёки бошқа холисона сабаблар билан Экспертлар кенгаши йиғилишида қатнашиш имкони бўлмаган тақдирда раис билан ёзма келишилган ҳолда ўрнига ўзининг ваколатли вакили иштирокини таъминлаш;

Экспертлар кенгашининг йиғилишида фаол иштирок этиш, кун тартибидаги масалалар, шунингдек, йиғилиш қарори лойиҳалари бўйича ўзининг таклифларини ўз вақтида бериш ҳамда қарор лойиҳаларини белгиланган тартибда келишиш.



4-БОБ. ЭКСПЕРТЛАР КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Экспертлар кенгаши мазкур Низомга иловада келтирилган таркибдан иборат бўлади.


9. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясининг бошлиғи Экспертлар кенгаши раиси (кейинги ўринларда - раис) ҳисобланади.


10. Экспертлар кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва бошқа ваколатли идораларнинг раҳбариятидан иборат бўлади.


11. Экспертлар кенгашининг фаолияти унинг котиби томонидан ташкил этилади. Экспертлар кенгаши котиби кенгаш аъзоси ҳисобланмайди.


12. Экспертлар кенгаши котиби:

Экспертлар кенгашининг иш режалари бўйича таклифларни олади, таҳлил қилади ва иш режалари лойиҳаларини тайёрлайди ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланишини ташкил қилади;

Экспертлар кенгашининг йиғилиши материаллари ва бошқа зарур ҳужжатлар лойиҳаларини ўз вақтида тайёрлайди, раис билан келишади;

Экспертлар кенгаши йиғилишларини ташкил этади, кенгаш аъзоларини йиғилишдан камида уч кун олдин йиғилиш санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади, тегишли материалларни кўриб чиқиш учун етказади;

Экспертлар кенгаши йиғилиш якуни бўйича қабул қилинган қарорлар асосида кенгаш баённомаси лойиҳасини тайёрлайди, кенгаш аъзолари билан келишади ва белгиланган тартибда тасдиқланишини  ҳамда Экспертлар кенгаши аъзолари ва тегишли ижрочиларга етказилишини таъминлайди;

Экспертлар кенгаши йиғилиш баённомлари ижроси юзасидан тизимли мониторинг олиб боради ҳамда раисга мунтазам равишда маълумот тақдим қилиб боради.


14. Экспертлар кенгаши йиғилиши Экспертлар кенгаши раиси ва унинг ўринбосари раҳбарлигида ҳамда кенгаш аъзоларнинг камида 2/3 қисми иштирок этган тақдирда ўтказилади.

Экспертлар кенгашнинг ҳар бир аъзоси умумий қарордан норози бўлган тақдирда, ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга ва бу баённомада қайд этилади. Баённомада ҳар бир масала бўйича овоз бериш натижалари кўрсатилади. Қўшимча таклиф этилган маслаҳатчилар, мутахассислар ва экспертлар овоз беришда иштирок этмайдилар.


15. Экспертлар кенгаши йиғилишлари унинг иш режасига мувофиқ, шунингдек, заруратга қараб ўтказилади.


16. Кенгаш йиғилишларида холисона сабабларга кўра унинг айрим аъзолари иштирок этмаган тақдирда, Экспертлар кенгаши раиси билан ёзма равишда келишилган ҳолда уларнинг ваколатли вакиллари қатнашади.


17. Экспертлар кенгаши баённомаси Экспертлар кенгаш котиби ва йиғилишда иштирок этган Экспертлар кенгаши барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда раис томонидан тасдиқланади ва кучга киради.


18. Экспертлар кенгашининг ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича қабул қилган қарорлари барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


19. Экспертлар кенгаши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини

назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги

Экспертлар кенгаши

ТАРКИБИ

Лавозимига кўра

-

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясининг бошлиғи, Экспертлар кенгаши раиси

А.С. Назаров

-

cув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, Экспертлар кенгаши раисининг ўринбосари

А.Ҳ. Қўлдошев

-

фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари

М.Ж. Ғаниев

-

Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари

Б.Т. Амирсаидов

-

"Ўзбекгидроэнерго" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари

И.И. Боқижонов

-

Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари

О.А. Холхўжаев

-

"Сирдарё" ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси бошлиғи

М.Я. Махрамов

-

"Амударё" ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси бошлиғи

Ф.С. Агзамов

-

Гидрометеорология хизмати маркази ҳузуридаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори в.в.б.

А.Б. Уразкелдиев

-

Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти директори в.б.

А.И. Ахмедов

-

"Гидролойиҳа" АЖ директори

М.Ф. Наджимов

-

"Ўзсувлойиҳа" АЖ бош директори

Ш.А. Примов

-

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясининг "Гидротехника иншоотларини диагностикаси маркази" ДУК бошлиғи

Ш.А. Исмоилов

-

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясининг Насос станциялари ҳамда гидроэлектрстанцияларнинг хавфсизлиги ва ишончли ишлашини назорат қилиш бўйича катта мутахассиси, Экспертлар кенгаши котиби

Изоҳ. Экспертлар кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, Экспертлар кенгаши таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 17 август