Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.07.2021 й. 477-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 31 июлдаги

477-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм ва спортни

қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигида (кейинги ўринларда - Вазирлик) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, маблағлардан кейинчалик туризм ва спортни ривожлантиришда фойдаланиш учун уларнинг жамланишини таъминлаш мақсадида ташкил этилади. Жамғарма давлат мақсадли жамғармаси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига киритилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


3. Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

жойлаштириш воситаларидан (меҳмонхоналар, туризм базалари ва мажмуалари, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, оилавий меҳмон уйлари, ўтовли оромгоҳлар, санаторийлар ва бошқа меҳмонхона хизматлари - вақтинча яшаш хизматлари кўрсатувчи объектлар) ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғимидан тушадиган тушумлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

туристик (меҳмонхона) йиғими ўз вақтида тўланмаганлиги учун ундирилган пеня;

Хавфсиз туризм жамғармаси ("чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга оширувчи туроператор ва турагентлар томонидан захира қилинадиган маблағлар бундан мустасно) ҳамда Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармасининг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ туризм соҳасидаги давлат активларини сотишдан тушган маблағларнинг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига тақсимланадиган қисмидан тушадиган тушумлар;

муассиси Вазирлик ҳисобланган корхоналар ва ташкилотлар (кейинги ўринларда - давлат ташкилотлари) ихтиёрида солиқлар ва йиғимлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;

хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорларга мувофиқ давлат мулки объектларини реализация қилишдан тушадиган тегишли маблағлар;

давлат ташкилотларининг мол-мулкини (кўчмас мулк бундан мустасно) сотишдан тушган маблағларнинг 50 фоизи;

давлат ташкилотларининг, шу жумладан, Вазирликнинг мол-мулкини ижарага беришдан тушган бюджетга йўналтирилаётган маблағларнинг 50 фоизи;

давлат ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Туризм ва спорт вазирлигининг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда Давлат бюджети маблағларининг, талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;

давлат ташкилотлари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Туризм ва спорт вазирлигининг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағлари, талон-торож, растраталар, камомадлар суммалари;

давлат ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;

жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда унинг филиаллари томонидан ташкил этилган қайта тайёрлаш курсларида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи;

спорт лотереяларини ташкил этиш ва юридик шахслар томонидан спорт лотереяларини ўтказишдан олинган даромаднинг 10 фоизигача бўлган қисми;

тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун аттестациядан ўтказиш ва рухсатномалар бериш, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини паспортлаштириш ҳисобидан тушадиган маблағларнинг 15 фоизи;

туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан тушадиган маблағлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини депозитларга жойлаштиришдан тушадиган даромадлар бўйича тушумлар;

моддий маданий мерос объектлари, музей, спорт мажмуалари ва бошқа намойиш объектларида замонавий ахборот технологияларини жорий этишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишдан тушадиган маблағлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг маблағлари Жамғармага қонунчиликда белгиланган тартибда жалб этилади.


5. Жамғармага тушадиган маблағлар Вазирлик томонидан очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақлари ва хорижий валютадаги банк ҳисобварақларида жамланади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


6. Жамғарма маблағларидан ҳар йили Вазирлик томонидан тасдиқланадиган, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган даромадлар ва харажатлар сметасига қатъий мувофиқ равишда фойдаланилади.


7. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

а) туризм ва спорт соҳасидаги мақсадли дастурларни молиялаштириш;

б) туризм ва спорт инфратузилмаси объектларини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш;

в) туризм ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан соҳавий хорижий ўқув марказларида ва таълим муассасаларида стажировкадан ўтиш;

г) ҳудудлардаги салоҳиятли туризм объекти ва масканларини бирламчи чораларни кўрган ҳолда туристлар ташрифи учун тайёрлаш ва уларни тарғиб қилиш, шунингдек, ички туризмни оммалаштириш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш (қоплаш);

д) хорижий туризм ва спорт ярмаркаларида, кўргазмаларда, лойиҳалар ва дастурларда қатнашиш;

е) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон Туристик Ташкилоти (ЮНВТО)га аъзолик бадаллари тўлаш;

ж) Вазирлик, шу жумладан унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари фаолиятини молиялаштириш, вакиллик харажатлари ва совғалар харид қилиш;

з) Вазирлик ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

и) Вазирлик томонидан ўз тизимида ташкил этиладиган давлат унитар корхоналари ва муассасаларининг устав жамғармаларини шакллантириш ҳамда тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар асосида уларнинг уставларига мувофиқ улар томонидан бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) учун тўловларни амалга ошириш;

к) Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати остида туризм ва спорт тармоғини ривожлантириш учун жалб этилган кредитларни ва улар бўйича фоизларни қайтариш;

л) Вазирлик тизимидаги давлат унитар корхоналари ва муассасаларига авиачипталар харид қилиш, хизмат сафарлари харажатларини қоплаш, аъзолик бадалларини тўлаш, хорижий адабиётлар харид қилиш ва қонунчиликда назарда тутилган хорижий валютадаги бошқа харажатларга ҳақ тўлаш учун хорижий валютада маблағлар ажратиш;

м) Вазирлик ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институти давлат муассасаси фаолиятини молиялаштириш;

н) "Туризм фидойиси" кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаларини тайёрлаш ҳамда туризм соҳасини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

о) нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш, улар фаолиятини рағбатлантириш, туризм ва спорт соҳасидаги лойиҳаларга грантлар ажратиш, шунингдек, фаолияти туризм ва спорт соҳаси билан бевосита боғлиқ бўлган жамоат ташкилотларининг халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини Вазирнинг қарори билан тўлаб бериш;

п) Ҳукумат топшириқлари асосида туризм ва спорт соҳасидаги тадбирлар билан боғлиқ бўлган харажатларни молиялаштириш (қоплаш);

р) туризм соҳасида тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, ёш тадбиркорларни рағбатлантириш. Мазкур рағбатлантириш шартлари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги томонидан белгиланади;

с) Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини ташқи бозорларга ва республика ҳудудида ҳар чоракда қуйидаги ҳисобварақларига маблағлар ўтказиш орқали илгари суриш:

Жамғармага ўтган чорак якунлари бўйича тушган умумий маблағларнинг - Вазирлик ҳузуридаги "Миллий PR-марказ" ДУКга - 20 фоизигача миқдорида;

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларига ўтган чорак мобайнида тегишли ҳудуддаги жойлаштириш воситаларига жойлаштирилган хорижий фуқароларнинг тунаб қолиш сонига мутаносиб равишда - 5 фоиз миқдорида;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига қўшни давлатлар, МДҲнинг бошқа давлатлари ва узоқ хорижий давлатлардан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан республикага келган хорижий фуқаролар сонининг ўсиши асосида - 10 фоизигача миқдорида. Вазирнинг қарори билан уларнинг иш самарадорлигига қараб ўзгартирилиши мумкин;

т) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан ҳамкорликда мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни (дипломатик ваколатхоналарнинг ҳисобига тўғридан-тўғри хорижий валютада пул ўтказиш йўли билан), шу жумладан, B2B учрашувлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дастурлар асосида хорижий делегация вакилларининг харажатларини қоплаш;

ў) моддий маданий мерос объектлари, музей, спорт мажмуалари ва бошқа намойиш объектларида электрон тўлов, турникет (лазер-датчикли) ва видео қайд қилиш мосламаларини ўрнатиш, кириш билетларини олдиндан сотиб олишни назарда тутувчи ягона марказлашган электрон тизимни яратиш, ишга тушириш ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича харажатларни қоплаш;

ф) Жамғармага туристик (меҳмонхона) йиғимдан келиб тушадиган маблағларнинг 10 фоизини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармасига ўтказиш;

х) Вазирлик тизимидаги коллеж ва техникумларнинг иқтидорли, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, чин етим ва ногиронлиги бўлган талабалари (ўқувчилари)ни қўллаб-қувватлаш мақсадида стипендиялар тўлаш. Стипендиялар миқдори вазир қарорига асосан белгиланади.


8. Вазир Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИ ЮЗАСИДАН

ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


9. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


10. Вазир ва бош ҳисобчи бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши, Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.


11. Вазирлик белгиланган тартибда Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади.


12. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинчалик ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун миллий ва хорижий валютада жамғариб бориладиган махсус банк ҳисоб рақамлари ва ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларида қолади.

13. Вазир Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан шахсан жавоб беради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


14. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 31 июль