Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларида ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.08.2021 й. 551-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 31 августдаги

551-сон қарорига

ИЛОВА



Олий таълим муассасаларида халқаро

муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган

талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги

муассасаларида ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат олий таълим муассасалари бакалавриат босқичларида халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган, умумий ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган талабаларнинг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналарида (кейинги ўринларда - хориждаги муассасалар) ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қўлланиладиган асосий тушунчалар:


амалиёт раҳбари - талабаларни амалиёт давомида техника хавфсизлиги қоидалари билан таништириш, амалий кўникма ва малакани шакллантиришга кўмаклашиш, амалиёт даврида талаба эгаллаган кўникмаларни баҳолашга масъул этиб белгиланган қабул қилувчи ташкилот ходими;


ишлаб чиқариш амалиёти (кейинги ўринларда - амалиёт) - талабаларда амалий кўникма ва малака ҳосил қилишни назарда тутувчи, назарий билимларни мустаҳкамлаш ҳамда бевосита ишлаб чиқариш шароитида амалда қўллашга қаратилган таълим жараёни;


қабул қилувчи ташкилот - Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари;


халқаро муносабатлар - "Сиёсатшунослик", "Халқаро муносабатлар", "Халқаро иқтисодиёт ва менежмент (минтақалар ва фаолият йўналишлари бўйича)", "Юриспруденция (халқаро ҳуқуқий фаолият)", "Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мамлакатлар ва минтақалар бўйича)" ҳамда "Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар (минтақалар ва фаолият турлари бўйича)" бакалавриат таълим йўналишлари.



2-БОБ. АМАЛИЁТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


3. Амалиёт тегишли бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режасига мувофиқ олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда қабул қилувчи ташкилот билан келишиладиган дастур асосида ташкил этилади.

Амалиёт бир ўқув йилида бир марта 10 кундан кам бўлмаган ва 30 кундан кўп бўлмаган муддатларда ўтказилади. Қабул қилувчи ташкилот имкониятларидан келиб чиқиб, талаба таҳсил олаётган олий таълим муассасаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан тузилган уч томонлама шартномада амалиётнинг аниқ муддати белгиланади.


4. Талабанинг амалиётга шаффоф ва холисона танлов асосида саралаб олиниши ҳамда амалиёт дастурининг шакллантирилиши талаба таҳсил олаётган олий таълим муассасасининг ректори зиммасига юкланади.


5. Амалиётни ташкил этиш учун таълим муассасасининг амалиёт раҳбари тайинланади.


6. Амалиёт икки босқичда амалга оширилади.


7. Биринчи босқичда олий таълим муассасаси томонидан хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган иқтидорли 3-курс талабаларининг рўйхати тузилади ҳамда уларга берилган тавсияномалар билан бирга ҳар йили 1 июлдан кечикмаган ҳолда, Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этилади.

Саралаб олишда талабалардан:

CEFR тизимининг камида С1 даражасига мос келадиган чет тилини билиш тўғрисидаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши;

умумий рейтинг (ўзлаштириш) кўрсаткичлари 80 балл ва ундан юқори бўлиши, фанлардан қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги талаб этилади.


8. Иккинчи босқичда олий таълим муассасаси томонидан тақдим қилинган номзодлар Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилувчи ташкилотнинг талаблари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тақсимланади.

Тақсимотдан сўнг номзодлар Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакилларидан тузилган комиссия томонидан 20 июлгача суҳбатдан ўтказилади. Комиссия таркиби ташқи ишлар вазири томонидан тасдиқланади.

Суҳбат жараёнида комиссия аъзолари томонидан талабанинг ҳужжатлари (тегишли даражада чет тилини билиш тўғрисидаги сертификат, олий таълим муассасасининг тавсияномаси) ўрганиб чиқилади, шунингдек, талабанинг ўз таълим йўналиши бўйича билимларига аниқлик киритилади.


9. Суҳбат натижалари юзасидан комиссия баённомаси расмийлаштирилади.


10. Баённомада талабаларнинг суҳбат натижасига кўра шакллантирилган рўйхати тасдиқланади ва саралаш кўрсаткичлари бўйича энг юқори ўринларни эгаллаган талабалар тўғрисидаги маълумотлар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалиёт ўталадиган давлатга бориб келишда авиачипталарга 20 фоизли чегирма бериш масаласини кўриб чиқиш учун "Uzbekistan Airways" АЖга юборилади.


11. Қабул қилувчи ташкилотда амалиётни ўташга тавсия этилган талабалар дастлаб, Ташқи ишлар вазирлигининг минтақавий ва функционал бошқармаларида қисқа муддатли (уч кундан беш кунга қадар) амалиёт ўтайдилар.

Мазкур амалиёт жараёнида вазирликнинг тегишли бошқармаси масъул ходими томонидан талабага у тақсимланган хорижий давлатнинг ташқи сиёсати ва қонунчилигига оид умумий маълумотлар берилади.



3-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АМАЛИЁТИНИ

ЎТАШ ЖАРАЁНИ


12. Қабул қилувчи ташкилотдаги амалиёт раҳбари талабанинг амалиёт дастури ижросини таъминлайди ва ташкилотнинг ички тартиб қоидалари, ишлаш режимининг хусусиятлари бўйича тушунтириш ишларини олиб боради.


13. Амалиётнинг самарали ташкил этилишига қабул қилувчи ташкилот раҳбари шахсан масъул ҳисобланади.

Қабул қилувчи ташкилот раҳбарига қуйидаги вазифалар юкланади:

амалиёт дастурига мувофиқ талабаларга зарур шарт-шароитларни (амалиёт ўташ учун жой ажратиш, барча хавфсизлик қоидалари талабларига жавоб берадиган турар жой ёки меҳмонхонага жойлаштирилишига кўмак бериш) яратиш;

талабаларга махсус адабиётлар ва ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятини бериш;

ваколатхонанинг ички меҳнат интизомини бузган талаба ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги орқали олий таълим муассасаси ректорига хабар қилиш;

амалиёт якуни юзасидан Ташқи ишлар вазирлигига хулоса тақдим қилиш.



4-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АМАЛИЁТИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


14. Талабанинг амалиётни ўташ учун йўл харажатлари, турар жой, кундалик ва бошқа харажатлари қуйидаги тартибга биноан қопланади:

талабанинг ўз ҳисобидан ёки ҳомийлар хайриялари ҳисобидан;

амалиёт ўташга юбориладиган талабалар рўйхатида энг юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эга, шу жумладан, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган оилалар фарзандларига талабаларнинг ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган харажатлари тегишли олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан.


15. Амалиётни ўташ даврида талабанинг белгиланган тартибда стипендия олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Ушбу Низомни қўллаш жараёнида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


17. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 31 август