Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2021 й. 577-сон "Қурилишда ишлатиладиган металл прокати ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.09.2021 й.

N 577




ҚУРИЛИШДА ИШЛАТИЛАДИГАН

МЕТАЛЛ ПРОКАТИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ

КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ички бозорда сотиладиган маҳаллий ва импортдан келтирилган металл прокати сифатининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини таъминлаш орқали республикада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини ҳамда кўп қаватли бино ва иншоотлар қурилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарадиган корхоналарда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда - комиссия) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилансинки, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:

а) индукцион печларда қурилиш учун металл прокати ишлаб чиқариш корхоналарига қуйидаги бажарилиши шарт бўлган асосий талаблар жорий қилинади:

индукцион печда пўлат эригандан сўнг пўлатни комплекс қайта ишлайдиган агрегатда ишлов бериш;

ишлаб чиқариш корхоналарида белгиланган тартибда аккредитация қилинган синов лабораториясининг мавжуд бўлиши ҳамда ушбу лабораторияда эритилган пўлат ва тайёр маҳсулотларнинг ҳар бир партиясини қатъий сифат назоратидан ўтказиш;

б) мазкур қарорнинг 2-банди "а" кичик бандида назарда тутилган асосий талабларни бажарган корхоналарга қурилиш учун мўлжалланган тегишли мувофиқлик сертификатига эга металл маҳсулотларини индукцион печларда ишлаб чиқариш ва уни қўллашга комиссиянннг хулосасига асосан рухсат берилади.


3. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бир ой муддатда комиссия томонидан корхоналарнинг металл маҳсулотларини индукцион печларда ишлаб чиқариш учун рухсат олиш бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш регламентини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда - Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги):

2021 йил 10 октябрга қадар индукцион печлардан фойдаланиб қурилиш учун ишлаб чиқарилган металл прокатига қўшимча жорий этилаётган талабларни инобатга олиб, тегишли сертификатлаштириш тизими қоидалари ва "Қурилишда қўлланиладиган, қора металлдан тайёрланган металл маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги махсус техник регламентга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;

Қорақаппоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда индукцион печларда қурилиш учун металл прокатини ишлаб чиқариш корхоналарида ҳар бир индукцион печда эритиладиган қора металл чиқинди ва парчалари (металл шихтаси)нинг юқори даражада тозалигини таъминлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борсин.


5. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда:

қурилишда фойдаланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳалари бўйича содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган молиявий ва маъмурий жарималарнинг таъсирчанлигини ўрганиб борсин;

2022 йил 1 январга қадар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жарималар миқдорини ошириш ва бошқа таъсир чораларини белгилаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда:

ҳар ойда камида бир марта ички бозордаги қурилиш учун фойдаланиладиган металл прокати сифатини ўрганиш мақсадида қурилиш объектлари ва савдо шахобчаларида назорат харидларини амалга оширсин ҳамда маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларидаги талабларга мувофиқлигини ўрганиб борсин;

назорат харидларн натижаснда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларидаги талабларга номувофиқ деб топилган металл прокати ишлаб чиқарган корхоналар тўғрисидаги маълумотларни ўзларининг расмий веб-сайтларида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борсин.


7. Белгилаб қўйилсинки:

лаборатория синови натижаларига кўра индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун ишлаб чиқарилган металл прокати техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларидаги талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, бу ҳақида бир кун муддатда сертификатлаш органи томонидан Қурилиш вазирлиги ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабардор қилинади;

белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарган корхона аниқланган камчиликларни бартараф этгунга қадар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган жарималарни тўлиқ тўлагунга қадар ушбу маҳсулотни реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди;

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва сертификатлаш органларининг хабарномасига кўра белгиланган талабларга номувофиқ бўлган маҳсулотни сотишни ва ундан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш тўғрисида ишлаб чиқарувчи ва қурилиш ташкилотларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма беради.


8. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси:

2021 йил 10 октябрга қадар эритиш печларидан фойдаланган ҳолда металл прокатини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини назорат қилишнинг аниқ мезонларини белгилаган ҳолда "хавфни таҳлил этиш" тизимини жорий этсин;

"хавфни таҳлил этиш" тизими натижаларига асосан эритиш печларидан фойдаланган ҳолда металл прокати ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларида саноат хавфсизлиги ҳолатини белгиланган тартибда текшириш ишларини ўтказиб борсин.


9. Энергетика вазирлиги бир ой муддатда металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан индукцион печлардан фойдаланган ҳолда курилиш учун ишлаб чиқарилган металл прокати техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларидаги талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, ушбу корхоналарга электр энергияси ва газ таъминоти етказиб бериш бўйича шартномани бир тарафлама бекор қилишни кўзда тутувчи қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


10. Қурилиш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 15 октябрга қадар "Шаффоф қурилиш" электрон портали орқали қурувчи ташкилотларнинг рейтингини шакллантиришда қурувчи ташкилотлар томонидан мувофиқлик сертификатига эга сифатли металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналардан металл прокати харид қилганлиги учун алоҳида баҳолаш мезонини жорий этсин.


11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан биргаликда сифатсиз маҳсулотлар айланмасини чеклаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан мазкур қарорда назарда тутилган талаблар тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали кенг кўламли тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини тизимли равишда олиб борсин.


12. Вазирлар Маҳкамасининг "Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқаришни тартибга солиш ва сифатли металл прокатини қўллаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 17 февралдаги 89-сон қарорининг 3-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Бунда қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарадиган корхоналарда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича комиссиянинг хулосасига асосан белгиланган талабларни бажарган корхоналарга қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқаришга ҳамда қурилишдан бошқа мақсадлар учун металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қўллашда индукцион печлардан фойдаланишга йўл қўйилади".


13. Қуйидагилар:

Техник жиҳатдаи тартибга солиш агентлиги бош директори Д.Н. Саттаровга - индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун ишлаб чиқарилган металл прокатини сертификатлаш тизимини маҳсулот сифати оширилишини назарда тутувчи талаблар билан янада кучайтириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ва уларни келтириб чиқаришга асос бўлувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Б.В. Гулямовга - индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун металл прокати ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларида саноат хавфсизлиги ҳолатини белгиланган тартибда текшириб бориш ва саноат хавфсизлиги талаблари бузилишининг олдини олиш;

қурилиш вазири Б.И. Зокировга - қурувчи ташкилотлар томонидан қурилиш объектларида мувофиқлик сертификатига эга қурилиш материаллари, шу жумладан, металл прокатидан фойдаланилаётганлигини доимий назорат қилиб бориш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Ў. Умурзоқов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                            А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 17 сентябрдаги

577-сон қарорига

ИЛОВА



Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб

чиқарадиган корхоналарда саноат хавфсизлиги талабларига

риоя этилишини назорат қилиш бўйича комиссия

ТАРКИБИ

1. А.Н. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, комиссия раиси


2. Ж.А. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, комиссия раиси ўринбосари


3. Б.И. Закиров

-

қурилиш вазири


4. А.С. Султанов

-

энергетика вазири


5. Б.В. Гулямов

-

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси


6. Д.Н. Саттаров

-

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори


7. Ф.К. Умаров

-

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори


8. О.З. Насритдинходжаев

-

молия вазирининг биринчи ўринбосари


9. А.Б. Войтов

-

инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари


10. Б.К. Абдиназаров

-

иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари


11. И.И. Боқижонов

-

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари


12. А.Р. Жуманазаров

-

Вазирлар Маҳкамаси департаменти бошлиғи ўринбосари, комиссия котиби


           

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 18 сентябрь