Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.10.2021 й. 625-сон "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.10.2021 й.

N 625




ЗЎРЛИК ИШЛАТИШДАН ЖАБР КЎРГАН

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ

ВА МОСЛАШТИРИШ ҲАМДА ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД

ҚИЛИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БОРАСИДАГИ

ИШЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5116-сон қарорига мувофиқ тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5116-сон қарорига мувофиқ:

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика маркази (кейинги ўринларда - Республика маркази) ва жойларда 28 та ҳудудий ҳамда туманлараро намунали марказлар (кейинги ўринларда - ҳудудий марказлар) ташкил этилганлиги;

Республика маркази ва ҳудудий марказларга зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳамда ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларнинг жойлаштирилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин:

хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва чоп этиш;

ўз жонига қасд қилиш кўп содир этиладиган ҳудудларда тажрибали психолог мутахассисларни жалб этган ҳолда, фуқаролар билан якка тартибда учрашувлар ташкил этиш ҳамда уларга манзилли ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш тизимини шакллантириш;

республиканинг олис ҳудудларида яшовчи аҳоли ўртасида руҳий касал ёки руҳиятининг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;

аҳоли, айниқса, руҳий касал ёки руҳиятнинг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган шахслар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш.


3. Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари бўйича Марказ директори ва ходимлари - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳудудий бошқармалари раҳбар ва ходимларига, ҳудудий марказлар директори ва ходимлари - мос равишда туман "Инсон" ижтимоий хизмат марказларининг раҳбар ва ходимларига тенглаштириш. Бунда, тегишли лавозимларни тенглаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан белгиланади;

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан тижорат банкларига кредит ажратиш учун берилган ресурслардан ҳисобланган фоиздан келиб тушадиган маблағлар (банк маржасидан ташқари) ҳисобидан Республика марказига 1 та хизмат ҳамда ҳудудий марказларга 1 тадан навбатчи автотранспорт воситаларини сотиб олиш ҳамда уларни сақлаш;

Республика маркази ва ҳудудий марказлар ходимларининг иш ҳақи, моддий рағбатлантириш, устамалар, уларга тенглаштирилган харажатлар, шунингдек марказларга жойлаштирилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг маълум муддат яшаши билан боғлиқ харажатлар, шунингдек тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун таъсис этилган 1146 қисқа рақамли "ишонч телефони"ни узлуксиз ишлашини таъминлаш билан боғлиқ ҳамда бошқа харажатларни қонунчиликда белгиланган тартибда Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштириш.

4. Республика маркази ва ҳудудий марказлар қуйидаги манбалардан молиялаштирилиши белгилансин:

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда Республика маркази ва ҳудудий марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш, мурожаат этган хотин-қизларга тезкор ва реал ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик меморандумини имзоласин ва уни самарали ижросини таъминлаш чораларини кўрсин;

бир ой муддатда ҳудудий марказлар ходимларининг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёхуд қасд қилишга мойил бўлган, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича малакасини ошириш билан боғлиқ семинар-тренинглар ташкил этсин ва мазкур семинар-тренингларга профессор-ўқитувчилар ҳамда тажрибали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этсин.


6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:

а) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги - оила аъзоларига нисбатан зўрлик ишлатилган ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ҳамда Республика маркази ёхуд ҳудудий марказларни, шунингдек, бундай марказлар борлиги ҳақида жабрланганларни хабардор қилади;

Республика маркази ва ҳудудий марказларга жойлаштирилган ўз жонига суиқасд қилган ёки қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизларга ёрдам кўрсатишда мутахассис зарур бўлган ҳолларда, марказлар директорларининг талабномасига кўра ҳудудий тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган суицидолог, психотерапевт ва тиббий руҳшуносларни Республика маркази ва ҳудудий марказларга жалб қилади;

б) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги - хориждаги ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш учун Республика марказига ҳар томонлама кўмаклашади;

в) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги - Республика маркази ва ҳудудий марказларга жойлаштирилган ёки реабилитациядан ўтган хотин-қизларни Республика маркази ва ҳудудий марказлар директорлари талабномасига асосан касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўради;

г) Республика маркази ва ҳудудий марказларда тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилиб, ўз оиласига қайтган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг оиласидаги муҳитни мунтазам назорат қилиш вазифалари ҳудудий ички ишлар органларининг хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторлари ва профилактика (катта) инспекторлари томонидан амалга оширилади;

д) Республика маркази ва ҳудудий марказларга жойлаштирилган хотин-қизлар орасидан кам таъминланган оилаларда яшаётганлар аниқланганда, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларига моддий ёрдам, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилаларда яшаётганларни "Темир дафтар"га, ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга муҳтожларни тегишлича "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритиш бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимларига Республика маркази ва ҳудудий марказлар директорлари томонидан тақдимномалар киритиб борилади;

е) ҳар ярим йил якунлари бўйича Республика маркази ва ҳудудий марказларда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг ҳайъат йиғилишларида муҳокама қилиб борилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари оғир ижтимоий аҳволдаги шахсларга таъсирчан ёрдам кўрсатиш бўйича ўз ваколати доирасида аниқ мақсадли ишларни амалга оширишда;

зўрлик ишлатишнинг ўз вақтида аниқланиши, бартараф этилиши ва олди олинишини таъминлашда;

Республика маркази ва ҳудудий марказларга мурожаат қилган хотин-қизларга тегишли ёрдам кўрсатишда, оиладаги низоли вазиятларнинг эрта олдини олиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этишда Республика маркази ва ҳудудий марказлар билан бевосита ҳамкорлик қилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Республика маркази ва Тошкент шаҳар ҳудудий маркази жойлашган Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 38-уй манзилидаги Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда Республика марказига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бино ва иншоотларни тегишли ҳудуди билан бирга топшириш, Республика маркази эса қабул қилиб олиш чораларини кўрсин.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ҳафта муддатда хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича ҳудудий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тизимли ижросини таъминласин;

бир ой муддатда ҳар бир ҳудуд хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича ҳудудий ва туманлараро намунали марказлар фаолиятини самарали юритиши учун уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва талаб даражасида зарур шарт-шароит яратиш ишларини якунласин.


10. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Кинематография агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда хотин-қизларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш ишларини кучайтирсин. Ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатларига олиб келувчи муаммоларни ҳал этиш мақсадида мутахассислар ва дин уламоларини жалб қилган ҳолда илмий-оммабоп кўрсатувлар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратсин ва уларнинг телевидение орқали намойиш қилиниши ҳамда ижтимоий рекламалар шаклида жойлаштирилишини таъминласин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Б. Маҳкамова зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                    А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 6 октябрдаги

625-сон қарорига

ИЛОВА



Хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд

қилишнинг олдини олиш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. ХОТИН-ҚИЗЛАР ЎРТАСИДА ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШНИНГ

ОЛДИНИ ОЛИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР

1.

Ҳудудлардаги кўрсаткич ва ҳолатлар ўрганилган ҳолда, хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича манзилли дастурларни тасдиқлаш.

Чора-тадбирлар дастури

Бир ҳафта

муддатда


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

2.

Таълим муассасаларида фаолият кўрсатадиган психологларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасидаги тажрибаларини ошириш мақсадида методик қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқиш.

Методик қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқиш

2021 йил

декабрь

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Маҳалла ва оила" илмий-тадқиқот институти

3.

Маҳаллаларда фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ва бевосита аҳоли билан ишлайдиган мутасадди ташкилотларнинг масъул ходимлари учун руҳий беморлар, руҳиятида юз берган ўзгаришлар туфайли ўз жонига суиқасд қилган шахслар билан ишлашга қаратилган адабиётлар, ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва чоп этишни ташкил этиш.

Ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва чоп этиш

2022 йил

январь-март

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, "Маҳалла ва оила" илмий-тадқиқот институти

II. ХОТИН-ҚИЗЛАР ЎРТАСИДА ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИКДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ТАДБИРЛАР

4.

Ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп содир этиладиган ҳудудларда тажрибали психолог мутахассисларни жалб этган ҳолда "Психолог қабули", "Биз сизни эшитамиз", "Психолог билан учрашув" каби мавзуларда фуқаролар билан якка тартибда учрашувларни ташкил этиш ҳамда учрашувлар натижасини таҳлил қилиб, манзилли чоралар белгилаш.

Учрашувлар

ташкил этиш

Алоҳида

тасдиқланган

режа асосида


Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, "Оила ва хотин-қизлар" илмий-тадқиқот институти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар

5.

Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликда ҳар бир маҳаллада истиқомат қилаётган муаммоли оилаларни аниқлаш, муаммолар сабабларини ўрганиш ва ҳар бир оилага тегишли мутахассисларни (маҳалла фаоллари, фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик комиссиялари аъзолари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, дин уламолари ва ҳ.к.) бириктириш ҳамда профилактика ишларини олиб бориш.

Муаммоли оилаларни аниқлаш ва тегишли мутахассисларни бириктириш


профилактик ишларни олиб бориш

2021 йил

ноябрь




мунтазам

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар

6.

Ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп содир этилаётган ҳудудларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган (зўравонликни бошидан кечирган, яқин одамини йўқотган ва бошқалар) хотин-қизлар ва ёшлар учун махсус хизматлар фаолиятини ташкил этиш ва уларга манзилли ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

мунтазам

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

7.

Маҳаллаларда тиббий патронаж хизматлари орқали руҳий касалланган беморларни ўз вақтида аниқлаш, уларга тиббий-психологик хизматларни кўрсатиш самарадорлигини ошириш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

мунтазам

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

8.

Ўз жонига суиқасд қилган хотин-қизларни соғлом ҳаётга тўлиқ қайтариш мақсадида уларнинг ҳар бирига алоҳида комплекс чоралар белгилаш ва ижросини назоратга олиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

мунтазам

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

9.

Республиканинг олис ҳудудларида яшовчи аҳоли орасида руҳий касал ёки руҳиятнинг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган шахслар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш.

Режа график тасдиқлаш

алоҳида режа

асосида мунтазам

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

10.

Таълим муассасаларида ўтказиладиган:

тарбиявий соатларда болалар ва ўқувчилар ўртасида ота-онага ҳурмат, оила муқаддаслиги, ҳаётнинг қадрига етиш каби масалаларда суҳбатлар ташкил этиш;

ота-оналар мажлисларида бола тарбиясининг нозик жиҳатлари, уларни камситмаслик, руҳиятига таъсир этувчи жазо чораларини қўлламаслик ва бошқа шу каби тарбиявий аҳамиятга эга бўлган мавзуларда тушунтириш ишларини олиб бориш.

Режа график тасдиқлаш ва унинг асосида суҳбатлар ташкил этиш

Режа-график

асосида

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

11.

Болалар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайдиган механизмларни, жумладан, барча муассаса ва хизматларда болалар ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари тўғрисида тезкор хабардор қилишни жорий этиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


мунтазам

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

12.

Ҳудудларда муаммоли оилаларга ҳаётий тажрибага эга бўлган обрўли кекса авлод вакилларини бириктириш ва шу орқали оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга кўмаклашиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар


мунтазам

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

13.

Телерадиоканаллар орқали оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида оиланинг муқаддаслиги, ҳаётнинг қадрига етиш ва психолог маслаҳат рукнларини ташкил этиш ва мунтазам эфирга узатиб бориш.

Медиа-режа тасдиқлаш ва амалга ошириш

2021 йил

ноябрь

Миллий телерадиокомпания, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

14.

Муқаддас диний китобларда ўз жонига қасд қилиш энг ёмон салбий ҳолат эканлиги бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларини фаоллаштириш.

Тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил қилиш

Режа график

асосида


Дин ишлари бўйича қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

15.

Аҳоли ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш ишларига ҳудудлардаги нодавлат ташкилотларни жалб этиш.

Бунда ўз жонига қасд қилишга уринган, кучли руҳий тушкунликка тушган фуқаролар билан шуғулланиш борасида махсус лойиҳалар ташкил этиш.

Нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш меморандумини имзолаш


2021 йил

ноябрь


Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (келишув асосида)

16.

Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш соҳасида белгиланган вазифалар ижросини муҳокама қилиб бориш бўйича оммавий ахборот воситаларида брифинг ва матбуот анжуманларини ўтказиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар

Ҳар чоракда

камида бир

маротаба


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий телерадиокомпания, Миллий ахборот агентлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси

17.

Телевидение ва кинотеатрларда намойиш этилаётган бадиий ва видеофильмларни, реклама роликларини оила муқаддаслиги, ёшлар маънавиятига ҳамда уларнинг ҳулқ-атворига салбий таъсир этиш нуқтаи назаридан таҳлил қилиб бориш ва бу борада тегишли таклифларни киритиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2021 йил

декабрь

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Миллий телерадиокомпания, Кинематография агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

18.

Руҳий муаммолар, жумладан, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш билан ишловчи хизматлар билан аҳолини таништириш. (Соғлиқни сақлаш, фуқаролар йиғини, таълим муасассалари ва бошқа жойларда мазкур хизматлар телефон рақамлари ва хизмат турлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш)

Ташкилий

чора-тадбирлар

Белгиланган

муддатларда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги

III. ХОТИН-ҚИЗЛАР ЎРТАСИДА ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШНИНГ ОЛДИНИ

ОЛИШ БЎЙИЧА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

19.

Аҳоли, айниқса, руҳий касал ёки руҳиятнинг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган шахслар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш соҳасида етарли билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш.

Қўшма қарор ишлаб чиқиш

2021 йил

декабрь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги

20.

Ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан ишлаш соҳасида хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, шу жумладан, хорижий давлатларга ташриф буюриш орқали тажриба алмашиш.

Ташкилий тадбирлар

2021-2022

йилларда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар

21.

Соғлиқни сақлаш, педагог-психологларни аттестация қилиш жараёнида мутахассисларни ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга эканлиги юзасидан билимларини аниқлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021-2022

йилларда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги

22.

Хорижий мутахассислар иштирокида халқаро илмий конференциялар, маҳорат дарслари, семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш.

Тадбирлар жадвали ишлаб чиқиш

2021 йил

ноябрь


графикни

тасдиқлаш


2022 йил

давомида

амалга ошириш

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, ички ишлар вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, "Оила ва хотин-қизлар" илмий-тадқиқот институти

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 октябрь