Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Уруғлик учун етиштирилган бошоқли доннинг навларига устама ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.10.2021 й. 641-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 12 октябрдаги

641-сон қарорига

2-ИЛОВА



Уруғлик учун етиштирилган бошоқли доннинг

навларига устама ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом уруғлик учун етиштирилган бошоқли доннинг навларига устама ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.


2. Уруғлик учун етиштирилган бошоқли доннинг навларига устама ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Уруғлик бошоқли дон учун тўланадиган устамалар ҳаражати тайёрланган уруғлик бошоқли дон нархига киритилади.


3. Уруғлик учун етиштирилган бошоқли доннинг навларига устама ҳақ тўлаш ушбу Низомга иловага мувофиқ схемага асосан амалга оширилади.



2-БОБ. УРУҒЛИК БОШОҚЛИ ДОН ЕТИШТИРИШ

МИҚДОРИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда келгуси йил ҳосили учун экиладиган бошоқли дон экин майдонларини аниқлайди.


5. Уруғлик бошоқли дон экиладиган майдонлар ва етиштириладиган уруғлик бошоқли доннинг прогноз ҳажмлари ва навлар бўйича жойлаштириш фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг таклифларига асосан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) томонидан белгиланади.



2-БОБ. УРУҒЛИК БОШОҚЛИ ДОН ЕТИШТИРИШ УЧУН

ШАРТНОМАЛАР ТУЗИШ ВА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


6. Уруғлик бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари оригинал, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик бошоқли дон етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун уруғлик етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари (кейинги ўринларда - уруғлик дон етиштирувчи субъектлар) ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танлов асосида аниқланади.


7. Танлов асосида аниқланган уруғлик дон етиштирувчи субъектлар билан дон корхоналари, ғаллачилик кластерлари ва уруғчилик кластерлари (кейинги ўринларда - уруғлик дон тайёрловчи ташкилотлар) ўртасида қонунчилик ҳужжатларига асосан уруғлик бошоқли дон харид қилиш бўйича шартнома тузилади ва уруғлик донни қабул қилиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шартномада уруғлик учун етиштириладиган бошоқли доннинг селекцион нави, авлоди ва миқдори ҳамда бошқа шартлар кўрсатилади.


8. Элита уруғчилик хўжаликларида юқори авлодли (оригинал) бошоқли дон уруғликларини етиштириш нав оригинаторлари ва Марказ ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.


9. Уруғлик тайёрловчи ташкилотлар томонидан харид қилинган уруғлик дон Ўзбекистон Республикасининг Давлат стандарти (OzDSt2823:2014 "Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари навдорлик ва экиш сифатлари. техникавий шартлар") талабларига мос бўлганда Ўзбекистон Республикаси Президентинниг "Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4634-сонли қарорига мувофиқ оригинал бошоқли дон уруғи учун 200 фоиз, элита учун 100 фоиз ва I-авлод (R-1) учун 65 фоиз миқдорида устама ҳисобланади.


10. Уруғлик дон учун навларга ҳисобланадиган устамалар Марказ ва уруғлик дон тайёрловчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартномаларга мувофиқ улар томонидан келишилган ҳисобот шакллари асосида ҳисобланади ва амалга оширилади.


11. Уруғлик бошоқли дон учун тўланадиган устама харажати тайёрланган уруғлик бошоқли дон нархига киритилади.


12. Уруғлик дон тайёрловчи ташкилотлар томонидан харид қилинган ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази" давлат муассасаси томонидан сертификатланган уруғлик дон учун ҳисобланган устаманинг 95 фоизи уруғлик дон етиштирувчи субъектларга, 2,1 фоизи Марказга ва 2,9 фоизи Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг ҳисобварағига тўлаб берилади.

13. Марказнинг махсус ҳисобварағига тушган маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган йиллик харажатлар сметасига асосан Марказ, унинг ҳудудий бошқармалари ва элита уруғчилик хўжаликларини сақлаш, иш ҳақи ҳамда унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга сарфланади.


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2012 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш, навларни жойлаштириш ва харид қилишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида" 2011 йил 27 сентябрдаги ПҚ-1621-сон қарорига асосан Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институтининг махсус ҳисобварағига уруғлик бошоқли доннинг авлодлари бўйича тўланадиган устамадан тушган 2,9 фоиз маблағ қуйидаги тартибда тақсимланади:

30 фоизи - Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институтининг селекция ва уруғчилик соҳасидаги ишларини яхшилаш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун;

50 фоизи - Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институтининг ҳудудий филиалларининг селекция ва уруғчилик соҳасидаги ишларини яхшилаш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун;

10 фоизи - бошоқли дон экинларининг маҳаллий ва хорижий навлари уруғини етиштирувчи илмий ташкилотлар - нав оригинаторлари, селекция ва уруғчилик соҳаси олимлари ҳамда уруғлик сифатини таъминлашда иштирок этувчи ташкилотларни рағбатлантириш учун;

10 фоизи - уруғлик дон етиштирувчи субъектларнинг раҳбар ва мутахассислари малакасини ошириш, уларни зарур илмий қўлланмалари билан таъминлаш, ўқув-амалий семинарларни ташкил этиш харажатлари учун.


15. Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институтининг махсус ҳисобварағига ўтказилган маблағнинг йиллик харажатлар сметаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Тасдиқланган харажатлар сметасига асосан маблағлар Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институтининг махсус ҳисобварағидан тегишли ташкилотларга ўтказиб берилади.



3-БОБ. НАВ ОРИГИНАТОРЛАРИ, ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ

ИНСТИТУТЛАРИ, СЕЛЕКЦИОНЕРЛАР ВА УРУҒЧИЛИКДА

ШТИРОК ЭТУВЧИ БОШҚА СУБЪЕКТЛАРНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


16. Нав оригинаторлари, илмий-тадқиқот институтлари, селекционерлар ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа субъектлар:

бошоқли дон экинларининг турли тупроққлим шароитларига мос, юқори ҳосилли, эртапишар, жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган, касаллик ва зараркунандаларга, шўрга ва қурғоқчиликка чидамли навларини яратишга ва жорий этишга;

бошоқли дон экинларининг турли тупроққлим шароитига мос, янги ва истиқболли навларининг бирламчи уруғликларини етиштиришга ҳамда кўпайтиришга;

янги бошоқли дон экинлари навлари синовини турли минтақаларда жойлашган нав синаш станциялари ва участкаларида юқори агротехника шароитида олиб боришга, навларни ҳар томонлама объектив баҳолашга, зараркунандаларга чидамли истиқболли навларни ажратиб олишга;

янги бошоқли дон экинлари навларини кенг миқёсда ишлаб чиқаришда синаб кўришга, улардан хўжалик учун қимматли белги кўрсаткичларига эга бўлганларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритиб боришга;

лабораториялар томонидан бериладиган уруғлик бошоқли доннинг давлат стандарт талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи хулосаларнинг ҳаққонийлигини таъминлашга масъулдирлар.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Уруғлик бошоқли дон тайёрловчи ташкилотларга топширилган уруғлик бошоқли дон учун ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги ва ўз вақтида амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳамда Қишлоқ ҳужалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан назорат қилинади.

18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.




Низомга

ИЛОВА



Уруғлик учун етиштирилган бошоқли доннинг

навларига устама ҳақ тўлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўздонмаҳсулот" АК,

1. Келгуси йил ҳосили учун экиладиган бошоқли дон экин майдонларини аниқлаш.


2. Бошоқли уруғлик дон етиштириш прогноз ҳажмларини белгилаш ва навларни жойлаштириш.

Ҳар йили

1 августгача




2-босқич


Дон корхоналари, ғаллачилик ва уруғчилик кластерлари


Уруғлик бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари билан уруғлик бошоқли дон етиштириш бўйича шартнома тузиш.


Ҳар йили 1 сентябргача






3-босқич


Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари


Уруғлик бошоқли дон ҳосилини етиштириш, тузилган шартномага мувофиқ дон корхоналарига, ғаллачилик кластерларига, уруғчилик кластерларига уруғлик бошоқли дон топшириш.


Ҳар йили

15 июлгача




4-босқич



Дон корхоналари, ғаллачилик ва уруғчилик кластерлари


1. Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан топширилган уруғлик дон қийматига нисбатан оригинал уруғликлар учун 200 фоиз, элита учун 100 фоиз ва I-авлод (R1) учун 65 фоиз миқдорида устама ҳисоблаш.


2. Уруғлик дон учун ҳисобланган устаманинг 95 фоизини уруғлик дон етиштирувчи субъектларга, 2,1 фоизини Уруғчиликни ривожлантириш марказига, 2,9 фоизини Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтига берилади.


Ҳар йили 1 августгача





5-босқич


Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институти


Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институтига ўтказилган устама 100 фоиз деб ҳисобланади ва қуйидагича тақсимлаш:

30 фоизини - Дон ва дуккакли дон экинлари ИТИга;

50 фоизини - Дон ва дуккакли дон экинлари ИТИ ҳудудий филиалларига;

10 фоизи навлар оригинаторларини рағбатлантиришга;

10 фоизи уруғлик дон етиштирувчи субъектларида ўқув қўлланмаларга, ўқув-амалий семинарлар ташкил этишга


Дон ва дуккакли экинлари ИТИга ўтказилгандан сўнг




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 октябрь