Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Онкологик ва гематологик беморларнинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ҳамда авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.10.2021 й. 643-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 13 октябрдаги

643-сон қарорига

3-ИЛОВА



Онкологик ва гематологик беморларнинг ҳудудлардан

онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган

йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт

ташкилотларига темир йўл ҳамда авиатранспорт

воситалари орқали келиши билан боғлиқ

харажатларни қоплаб бериш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом онкологик ва гематологик беморларнинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.


2. Онкологик ва гематологик беморларга онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларида даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма берилган тақдирда:

Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятиларидан беморнинг танлови асосида темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ;

Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятиларидан темир йўл орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишлилиги бўйича маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.



2-БОБ. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА

ВИЛОЯТЛАРДАН ТЕМИР ЙЎЛ ЁКИ АВИАТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИ ОРҚАЛИ БЕПУЛ КЕЛИШНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


3. Онкологик ва гематологик беморларга онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига (кейинги ўринларда - республика бош тиббиёт ташкилотлари) ушбу тиббиёт ташкилотларининг ҳудудий филлиаллари, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари, ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари (кейинги ўринларда - тиббиёт ташкилотлари) томонидан даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма билан биргаликда ҳудудлардан - Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиши учун махсус ваучер (кейинги ўринларда - ваучер) расмийлаштирилади.


4. Ҳудудлардан республика бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиши таъминловчи ваучер шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.

Бунда Вазирлик томонидан ваучер нусхалари кўпайтирилиб тиббиёт ташкилотларига етказилади.


5. Вазирлик ҳар ойнинг 5-кунига қадар кейинги ой давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика бош тиббиёт ташкилотларига даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма асосида ташриф буюрувчи беморлар сони тўғрисидаги маълумотларни тегишли равишда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ҳамда "Uzbekistan Airways" АЖ га (кейинги ўринларда - транспорт ташкилотлари) тақдим этади.


6. Транспорт ташкилотлари Вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида республика бош тиббиёт ташкилотларига даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма билан келувчи беморлар учун йўл чипталари захирасини шакллантиради.


7. Бемор ёки унинг қонуний вакили республика бош тиббиёт ташкилотларида даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланмани ва ваучерни ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатни унга Тошкент шаҳрига келиши учун зарур бўлган кундан уч иш куни олдин темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларига тақдим қилади ва темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларида ушбу иш куни давомида йўл чипталари бепул расмийлаштирилади.

Бунда:

йўл чипталари "Afrosiob" электропоездлари, "Шарқ", "Насаф", "Ўзбекистон" йўловчи поездлари ҳамда ҳаво кемаси учун тежамкор "econom", шунингдек, бемор ёки унинг қонуний вакили хоҳишига кўра шаҳарлараро қатновчи йўловчи поезди таркибида ҳаракатланувчи йўловчи вагонлар учун плацкарт ёки купе тоифаси бўйича расмийлаштирилади;

бемор ёки унинг қонуний вакили иҳтиёрига кўра қўшимча тўлов асосида тежамкор "econom" тоифасига кирмайдиган йўл чипталари расмийлаштирилиши мумкин.


8. Агар бемор ёки унинг қонуний вакили темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларига мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган муддатдан кеч мурожаат қилган тақдирда, транспорт ташкилоти ушбу беморнинг Тошкент шаҳрига келиши учун зарур бўлган кунга йўл чипталарини расмийлаштиришга агар ушбу йўналишда йўл чипталари қолмаган бўлса, мажбур ҳисобланмайди.


9. Ваучерсиз темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларига мурожаат қилган беморларга белгиланган тартибда пуллик асосда йўл чипталари расмийлаштрилади.



3-БОБ. ТРАНСПОРТ ТАШКИЛОТЛАРИ ТОМОНИДАН

КЎРСАТИЛГАН ХИЗМАТЛАР БЎЙИЧА

ХАРАЖАТЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


10. Тиббиёт ташкилотлари томонидан тақдим этилган ваучерлар асосида расмийлаштирилган йўл чипталари ҳисоботи транспорт ташкилотларининг тегишли ҳудуддий бўлинмалари томонидан умумлаштирилади ҳамда ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-кунига қадар тўловни амалга ошириш юзасидан талабномани шакллантиради ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларига юборади.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари транспорт ташкилотларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан тақдим этилган тўловни амалга ошириш юзасидан талабнома асосида ўн кун муддат ичида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан транспорт ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича харажатларни қоплаб беради.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


12. Тиббиёт ташкилотлари раҳбарлари онкологик ва гематологик беморларга ваучерларни мақсадли расмийлаштириш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.


13. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 14 октябрь