Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Uzbekistan Airways Technics" МЧЖ эркин божхона зонаси ҳудудига товарларни олиб кириш, олиб чиқиш, ҳаво кемаларини таъмирлашда фойдаланиш, уларни тегишли режимларга расмийлаштириш, шунингдек, ушбу товарлар ва хизматлар учун валюта операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.10.2021 й. 652-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 21 октябрдаги

652-сон қарорига

ИЛОВА



"Uzbekistan Airways Technics" МЧЖ эркин

божхона зонаси ҳудудига товарларни олиб кириш,

олиб чиқиш, ҳаво кемаларини таъмирлашда фойдаланиш,

уларни тегишли режимларга расмийлаштириш, шунингдек,

ушбу товарлар ва хизматлар учун валюта операцияларини

амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Uzbekistan Airways Technics" МЧЖ ҳудудида ташкил этилган эркин божхона зонасига (кейинги ўринларда - эркин божхона зонаси) товарларни олиб кириш, олиб чиқиш, ҳаво кемаларини таъмирлашда фойдаланиш, уларни тегишли божхона режимларига расмийлаштириш, шунингдек, ушбу товарлар ва хизматлар учун валюта операцияларини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом мақсадлари учун божхона тўғрисидаги қонунчиликда фойдаланиладиган тушунчалар қўлланилади.


3. Эркин божхона зонасининг фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш "Uzbekistan Airways Technics" МЧЖ томонидан амалга оширилади.

Эркин божхона зонаси ҳудудидан ва бино-иншоотларидан фойдаланишга ҳамда ҳаво кемаларини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишларга "Uzbekistan Airways Technics" МЧЖ билан тузилган шартнома асосида рухсат этилади.


4. "Uzbekistan Airways Technics" МЧЖнинг эркин божхона зонаси бўлган махсус (ажратувчи) белгилар қўйилган ҳудудлари ва бинолари божхона назорати зонаси ҳисобланади. Бунда, эркин божхона зонаси ҳудуди божхона ҳудудида жойлашган деб қаралади.


5. Эркин божхона зонаси чегараси орқали божхона юк декларациялари асосида олиб ўтиладиган товарлар божхона органлари томонидан божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади ҳамда ҳисобга олинади.


6. Эркин божхона зонаси фаолият кўрсатишини таъминлаш учун фойдаланиладиган маҳаллий товарлар божхона режими остида жойлаштирилмайди.



2-БОБ. ЭРКИН БОЖХОНА ЗОНАСИ ҲУДУДИДА БОЖХОНА

НАЗОРАТИНИ ТАЪМИНЛАШ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Эркин божхона зонасининг божхона назорати зонаси ҳисобланган ҳудуд, бино ва иншоотлари:

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган техник, санитария ва ёнғинга қарши талабларга жавоб бериши;

қўриқлаш ва ёнғин назорати сигнализациялари, содир бўлаётган воқеалар бўйича ҳар томондан олинган видео маълумотларни уч ой давомида кўрсатиш имконига эга бўлган, техник ҳужжат асосида давлат назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ўрнатилган, вақт бўйича узлуксиз ишлайдиган видеокузатув воситалари билан жиҳозланган бўлиши;

ёнғин хавфсизлиги талабларига мос бўлган ёнғинни ўчириш тизими ва воситаларига эга бўлиши;

авиация хавфсизлиги нуқтаи назаридан қўриқланиши;

иншоотларда эркин божхона зонасига оид махсус (ажратувчи) белгилар қўйилган бўлиши лозим.


8. Эркин божхона зонасининг нормал фаолият кўрсатиши учун доимий равишда қуйидагилар бўлиши зарур:

ортиш-тушириш ускуналари ва транспорт воситалари;

божхона назорати зонаси сифатида ишлатиш учун мўлжалланган, бино ва иншоотларни, очиқ майдончаларни, божхона назорати зонасига бевосита туташиб кетган бутун ҳудудни тўлиқ назорат қилиш ҳамда божхона органларига видео маълумотларни узатиш, шунингдек, ушбу маълумотларни уч ой давомида сақлаш имконига эга бўлган вақт бўйича узлуксиз ишлайдиган видеокузатув тизими;

алоқа воситалари (шу жумладан телефон, маълумот узатиш тармоғи, Интернет жаҳон ахборот тармоғи).


9. Эркин божхона зонаси фаолият кўрсатадиган бино ва иншоотлардан божхона органлари ходимлари нормал хизмат олиб боришлари учун зарур жиҳозлар билан таъминланган хизмат хоналари ажратилади.



3-БОБ. ЭРКИН БОЖХОНА ЗОНАСИДА ФАОЛИЯТ

ЮРИТУВЧИ ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Эркин божхона зонасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бино ва иншоотларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган техник, санитария ва ёнғинга қарши талабларга жавоб беришини талаб қилиш;

ўзига тегишли бўлган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойдани эркин тасарруф этиш;

шартнома доирасида ажратилган бино ва иншоотлардан фойдаланиш;

ташқи муҳандислик-техник коммуникацияларнинг барқарор ишлашини таъминлашни талаб этиш;

алоқа воситаларидан (шу жумладан телефон, маълумот узатиш тармоғи, Интернет жаҳон ахборот тармоғи) фойдаланиш.


11. Эркин божхона зонасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари қуйидагиларга мажбур:

божхона органининг талабига мувофиқ эркин божхона зонасидаги товарларни божхона органининг мансабдор шахси иштирокида хатловдан ўтказиш;

санитария, товарларнинг ёнма-ён қўйилиши қоидаларига ва сақлаш режимига, давлат стандартларининг мажбурий талабларига риоя қилиш;

эркин божхона зонасига кириш учун рухсат берилган ходимларнинг (Ф.И.О., лавозими кўрсатилган ҳолда) рўйхати мавжудлигини таъминлаш;

эркин божхона зонасида сақланаётган товарлар турган жойга кириши тўғрисида божхона органлари мансабдор шахсларининг талабларини бажариш;

божхона назорати ва божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун эркин божхона зонасидаги жиҳозланган бинолар ва алоқа воситаларини божхона органлари ходимларига бепул тақдим этиш.



4-БОБ. ТОВАРЛАРНИ ЭРКИН БОЖХОНА ЗОНАСИГА

ОЛИБ КИРИШ, УНДАН ОЛИБ ЧИҚИШ, УЛАРНИ ТЕГИШЛИ

БОЖХОНА РЕЖИМЛАРИГА РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА ҲАВО

КЕМАЛАРИНИ ТАЪМИРЛАШДА ФОЙДАЛАНИШ ҲАМДА

УШБУ ТОВАРЛАР ВА ХИЗМАТЛАР УЧУН ВАЛЮТА

ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


12. Эркин божхона зонасига ҳаво кемаларини (шу жумладан, уларнинг қисм ва агрегатларини) таъмирлаш ёки уларга хизмат кўрсатиш мақсадида четдан келтириладиган авиатехника эҳтиёт қисмлари ва бошқа товарлар "эркин божхона зонаси" божхона режимига расмийлаштириш орқали жойлаштирилади ҳамда сертификатлар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, истисно тариқасида, талаб этилмайди.

Бунда, таъмирлаш мақсадида эркин божхона зонасига олиб кириладиган ҳаво кемаларининг (шу жумладан, уларнинг қисм ва агрегатлари) кириб-чиқишида божхона назорати уларни тегишли божхона режимларига расмийлаштирмаган ҳолда амалга оширилади.


13. Четдан келтириладиган авиатехника эҳтиёт қисмлари ва бошқа товарларни "эркин божхона зонаси" божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига уч иш кунидан ошмаган муддатда божхона юк декларациясини ҳамда товарнинг тижорат ва транспорт ҳужжатларини тақдим этади.


14. Эркин божхона зонасида четдан келтирилиб "эркин божхона зонаси" божхона режимида турган товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилганда, тегишлича "реэкспорт" божхона режимига расмийлаштирилади.


15. Эркин божхона зонаси ҳудудига ҳаво кемаларини (шу жумладан, уларнинг қисм ва агрегатларини) таъмирлаш ёки уларга хизмат кўрсатиш мақсадида маҳаллий товарлар божхона режимига расмийлаштирмаган ҳолда олиб кирилиши мумкин.

Бунда, маҳаллий товарлар:

"эркин божхона зонаси" божхона режимига жойлаштирилмаган ҳолда алоҳида бино(лар)да сақланади;

Ўзбекистон Республикасидан хорижий давлат ҳудудига, шунингдек хорижий ҳаво кемаларига (шу жумладан, уларнинг қисм ва агрегатларига) ўрнатилган ҳолда олиб чиқилганда "экспорт" божхона режимига расмийлаштирилади.


16. Эркин божхона зонаси ҳудудида маҳаллий авиакомпанияларнинг ҳаво кемаларини ҳамда уларнинг қисм ва агрегатларини таъмирлаш учун зарур бўлган четдан келтирилган авиатехника эҳтиёт қисмлари эркин божхона зонаси чегарасидан чиқмаган ҳолда харид қилиниб, "эркин муомалага чиқариш" божхона режимига расмийлаштирилган ҳолда фойдаланилади.


17. Эркин божхона зонасида товарлар ва хизматлар учун валюта операциялари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


18. Эркин божхона зонасига таъмирлаш мақсадида олиб кириладиган ҳаво кемаларининг (шу жумладан, уларнинг қисм ва агрегатлари) ҳамда "эркин божхона зонаси" божхона режимига расмийлаштирилган товарларнинг ҳисоби "Uzbekistan Airways Technics" МЧЖ томонидан юритилади ҳамда бу борада божхона органлари олдида масъул ҳисобланади.

Ушбу товарлар йўқолганда ёки божхона органларининг рухсатисиз бошқа шахсларга бериб юборилган тақдирда, божхона тўловлари тўлиқ тўланади.


19. Эркин божхона зонасининг фаолияти тугатилган тақдирда, "эркин божхона зонаси" божхона режимида турган товарлар эркин божхона зонаси тугатилган кундан эътиборан ўн беш календарь кун мобайнида товарларга ваколати бўлган шахс томонидан бошқа божхона режимига жойлаштирилади.

Ушбу муддат ўтиб бўлгач, божхона органлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли қонуний чораларни кўради.


20. Мазкур Низомнинг 19-бандида назарда тутилган муддат мобайнида кўрсатиб ўтилган товарлар божхона мақсадлари учун "вақтинча сақлаш" божхона режимида турган товарлар ҳисобланади.


21. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 21 октябрь