Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.10.2021 й. 656-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 25 октябрдаги

656-сон қарорига

1-ИЛОВА



Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум

бўлган болаларни уй-жой билан

таъминлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


етим бола - отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки улар суд қарорига асосан вафот этган деб эълон қилинган бола;


ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола - ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги ёки чекланганлиги, бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги ёхуд муомалага лаёқати чекланганлиги, болани тарбиялашдан ёки унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаганлиги, шу жумладан, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортганлиги ёхуд ота-она қарамоғи мавжуд бўлмаган бошқа ҳолатлар сабабли ота-она ёки ягона ота (она) қарамоғидан маҳрум бўлган бола;

уй-жойга муҳтож етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола - ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва меросхўр ва мол-мулкка эгалик қилишнинг бошқа шакллари билан номида уй-жой бўлмаган Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйлари, шунингдек "SOS - Ўзбекистон болалар маҳаллалари" уюшмасининг болалар маҳаллаларида (кейинги ўринларда - ўқув-тарбия муассасалари) тарбияланган, шунингдек, фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олинган 18 ёшга тўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар;

меросхўр ва мол-мулкка эгалик қилишнинг бошқа шакллари билан (бириктирилган) номида реконструкция қилишга муҳтож уй-жой ёки уй-жой қурилиши учун ер майдони бўлган 18 ёшга тўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар;


уй-жойга ордер - уй-жойга муҳтож етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан бериладиган мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида уй-жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланадиган белгиланган намунадаги расмий ҳужжат;


"онлайн-навбат" ахборот тизими - Халқ таълими вазирлиги томонидан яратилган ахборот тизимига киритилган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотлар базаси;


уй-жой - етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаши учун барча зарур шароитларга эга бўлган (таъмирланган ва жиҳозланган (ошхона анжомлари, газ плита, кроват, телевизор, музлатгич, стол-стул)), фойдаланишга тайёр бўлган уй-жой.


3. Уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар (кейинги ўринларда матнда - етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар) ушбу Низомда назарда тутилган тартибда уй-жой билан таъминланиш ҳуқуқига эгадир.


4. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уйлар, тегишли туман (шаҳар)да кўчмас мулк бирламчи бозорида кўп квартирали уйлар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий "Халқпарвар" комиссиялари хулосасига асосан квартиралар кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан тегишли мезонларга мувофиқ ҳолда харид қилинган уйлар ҳисобидан ажратилади.


5. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлаш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


6. Мазкур Низомга асосан ҳар бир етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага уй-жой олиш ҳуқуқи бир марта берилади.



2-БОБ. ЕТИМ БОЛА ВА ОТА-ОНА ҚАРАМОҒИДАН

МАҲРУМ БЎЛГАН БОЛАЛАРНИНГ УЙ-ЖОЙГА

БЎЛГАН ҲУҚУҚИНИ ТАЪМИНЛАШ


7. Етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш жараёнларида уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти (кейинги ўринларда - котибият) масъул орган ҳисобланади.


8. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ўқув-тарбия муассасаларига юборишда ҳамда фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) беришда туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан унинг яшаш жойи бўйича уй-жойини болада сақлаб туриш кафолати белгиланади.


9. Бириктирилган уй-жойга эга бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқув-тарбия муассасаларида, фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларда бўлган тўлиқ даврда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизматни ўташ даврида ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларида бўлган даврида уй-жойга бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади.


10. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ўқув-тарбия муассасаларига юборишда ҳамда фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) беришда ота-оналар ёки бошқа шахслар томонидан сотиб юборилиши ёки бошқача тарзда бегоналаштирилиши натижасида болалар мавжуд уй-жойдан маҳрум бўлган ҳолат аниқланган тақдирда котибият ёки боланинг қонуний вакиллари битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилишлари шарт.

Бунда туман (шаҳар) ҳокимининг қарорида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳисобида уй-жойнинг сақлаб турилиши уни ҳақиқатда қайтариб олиш бўйича суднинг тегишли қарори ижро этилгандан сўнг расмийлаштирилиши кўрсатилади.


11. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уй-жойга муҳтож етим болалар рўйхатида турганида ёки бириктирилган уй-жойга эга бўлганида, етим боланинг ёши 23 ёшдан катта бўлмаган даврда, таълим муассасаларида, ижтимоий уйларида, фарзандликка олган оилаларда, васий (ҳомий) қарамоғида бўлган тўлиқ даврда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизматни ўташ даврида ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларида бўлган даврида мерос бўйича ҳамда давлат томонидан бериладиган уй-жой олишга ва уни сақлаб қолишга бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади.


12. Қуйидаги ҳолатлардан бирида, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг улар ўз ҳисобида сақлаб турилган мерос ҳуқуқидаги уй-жойга қайтиб бориши мумкин эмас деб ҳисобланади:

а) мерос ҳуқуқидаги уй-жойда қуйидаги шахслар яшаётган тақдирда:

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлар, жумладан, вояга етмаган болаларнинг номусига тажовуз қилиш ёки бошқа оғир жиноий ҳатти-ҳаракатлари учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;

фарзандлик, васийлик (ҳомийлик, патронат) мажбуриятларини бажаришдан озод этилган ёхуд четлаштирилган шахслар;

қуйидаги касалликларга чалинган шахслар:

I, II, V гуруҳ диспансер ҳисобидаги барча жойлашинув шаклидаги сил касалликлари (фаол ва сурункали);

барча жойлашинувли ёмон сифатли онкологик касалликлар;

наркологик касалликлар (алкоголизм, наркомания, токсикомания);

ақли заифликнинг барча турлари;

таносил касалликларининг маиший йўл билан юқувчи турлари (захм, сўзак);

б) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола ҳисобида сақлаб турилган уй-жойдан у ўқув-тарбия муассасасида, фарзандлик, васийлик (ҳомийлик, патронат) қарамоғида бўлган даврида сотиш ва бошқача тарзда бегоналаштириш натижасида маҳрум бўлганлиги, агар уй-жойни ҳақиқатда қайтариб олиш бўйича суднинг ижро этилган қарори бўлмаса;

в) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг мустақил ҳаётга киришида уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувига тўсқинлик қиладиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда.


13. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқув-тарбия муассасасини, фарзандлик, васийлик (ҳомийлик, патронат) қарамоғида бўлишининг тугашидан бир йил олдин ёки шу муддатда уларнинг қонуний вакили мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилган ҳолатларнинг бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлган тақдирда, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола ёки унинг қонуний вакили яшаш жойи котибият билан биргаликда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани ўз ҳисобида сақлаб турилган уй-жойига қайтиб боришининг имкони йўқ деб топиш ҳамда уни "онлайн-навбат" ахборот тизимига киритиш масаласини кўриб чиқиш учун Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилади.


14. Халқ таълими вазирлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг котибиятнинг яшаш жойи бўйича ўз ҳисобида сақлаб турилган уй-жойга қайтиб боришига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжудлиги тўғрисидаги тақдимномани бир ой давомида кўриб чиқади ва асослантирилган хулоса қабул қилади.


15. Халқ таълими вазирлиги томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болада, илгари унга банд қилинган уй-жойга қайтиб боришига имкон бермайдиган ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолатлар мавжудлиги тўғрисида ижобий хулосаси мавжуд бўлганда (етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани ўқув-тарбия муассасасида, фарзандлик, васийлик (ҳомийлик, патронат) қарамоғида бўлишнинг тугашига қадар) уни "онлайн-навбат" ахборот тизимига киритилади.


16. "Онлайн-навбат" ахборот тизимига ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқув-тарбия муассасаси томонидан, фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан киритиб борилади.


17. Ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари "онлайн-навбат" ахборот тизимига киритилган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги барча тегишли маълумотлар базасини шакллантиради, сақлайди, маълумотларни доимий янгилаб боради.

Ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари зарур ҳолаларда уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тегишли маълумотларни уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва уларнинг қонуний вакилларидан сўраб олади.


18. Ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни улар ўқув-тарбия муассасасида, фарзандлик, васийлик (ҳомийлик, патронат) қарамоғида бўлиш муддати тугашидан бир йил аввал уй-жойга муҳтожлар сифатида "онлайн-навбат" ахборот тизимига киритади.

Уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муддатидан аввал ҳам "онлайн-навбат" ахборот тизимига киритилиши мумкин.

Муддатида "онлайн-навбат" ахборот тизимига киритилмай қолиб кетган, уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар "онлайн-навбат" ахборот тизимига Халқ таълими вазирлигининг хулосасига асосан киритилади.



3-БОБ. УЙ-ЖОЙГА МУҲТОЖ БЎЛГАН ЕТИМ

БОЛАЛАР ВА ОТА-ОНА ҚАРАМОҒИДАН

МАҲРУМ БЎЛГАН БОЛАЛАРНИНГ

ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


19. Уй-жойга муҳтож бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар "онлайн-навбат" ахборот тизимидан котибиятлар томонидан уй-жой билан таъминланганлигини тасдиқловчи тегишли маълумотлар (ҳужжатлар) "онлайн-навбат" ахборот тизимига бириктирилгандан сўнг чиқарилади.


20. Етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола қуйидаги ҳолатларда "онлайн-навбат" ахборот тизимидан чиқарилади:

мазкур Низомга мувофиқ уй-жой берилганда;

ҳужжатларда ҳисобга қўйишга асос бўлган маълумотларнинг ҳақиқатга мос келмаслиги аниқланганда.


21. Котибият томонидан етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола 3 кун муддат ичида "онлайн-навбат" ахборот тизимидан чиқарилганлиги тўғрисида хабардор этилади.


22. Етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола уни "онлайн-навбат" ахборот тизимидан чиқарилишидан норози бўлган тақдирда бўйсунув тартибида юқори турувчи органига ёки бевосита судга шикоят қилиши мумкин.


23. Уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар рўйхатининг "онлайн-навбат" ахборот тизимига киритилиши ва доимий янгиланиши Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. ЕТИМ БОЛАЛАР ВА ОТА-ОНА

ҚАРАМОҒИДАН МАҲРУМ БЎЛГАН БОЛАЛАР

УЧУН УЙ-ЖОЙЛАР АЖРАТИШ


24. Ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолда оиланинг иккинчи аъзоси ҳам уй-жой билан таъминланган деб ҳисобланади ва тенг мулкий ҳуқуққа эга бўлади.

Ногиронлиги бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади.


25. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ улар 30 ёшга тўлгунга қадар уй-жойни сотиш, ҳадя қилиш ёки гаровга қўйиш ёхуд ижарага бериш ҳамда уй-жойда ўзи ва оила аъзолари (эри ёки хотини, фарзандлари) дан ташқари бошқа фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳуқуқисиз ажратилади.

Бунда, етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг асослантирилган мурожаати асосида маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жойнинг умумий майдонини кенгайтириш ва мазкур бандда назарда тутилган талабларни сақлаб қолиш шарти билан сотишга рухсат берилади.


26. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш жараёнида қуйидагилар тақиқланади:

битта кўп квартирали уй-жойнинг ҳар бир кириш йўлагидаги квартираларда бир нафардан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш;

икки ва ундан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун кўп квартирали уй-жойдан битта квартира ажратиш (улар ўртасида никоҳ тузилган ҳоллар мустасно);

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун алоҳида кўп қаватли уй-жойлар қуриш ва бу ерда уларнинг барчасини жойлаштириш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун ётоқхоналардан уй-жойлар ажратиш (харид қилиш).


27. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан ажратилади ҳамда ушбу уй-жойлар яшаш учун барча зарур шароитларга эга бўлган (таъмирланган ва жиҳозланган) ҳолда топширилади.


28. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлашни ташкил этиш, уй-жойларнинг адолатли тақсимланиши ва ўз вақтида ажратилишини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти томонидан амалга оширилади.


29. Халқ таълими вазирлиги томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жой билан таъминланиши ҳолати ҳақидаги маълумотлар ҳар ойда янгиланади ҳамда расмий веб-сайтда жойлаштириб борилади.



5-БОБ. ЕТИМ БОЛАЛАР ВА ОТА-ОНА

ҚАРАМОҒИДАН МАҲРУМ БЎЛГАН БОЛАЛАР

УЧУН АЖРАТИЛАДИГАН УЙ-ЖОЙЛАРНИ

ХАРИД ҚИЛИШ


30. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой харид қилиш ва қуриш (реконструкция қилиш) учун талаб этиладиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратилади.


31. Давлат бюджети параметрларида Молия вазирлиги учун ажратилган маблағлар таркибида алоҳида сатрда маблағлар режалаштирилиб, кейинчалик ҳақиқий талабдан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига қайта тақсимлаш орқали йўналтирилади.


32. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан ажратилган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўзларига тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига ўтказиб берилади.


33. Ушбу маблағлар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан, белгиланган тартибда, олди-сотди шартномасига асосан уй-жойни балансда сақловчининг ҳисоб рақамига ёки уй-жой эгасининг банк омонат ҳисоб рақамига ҳамда қурилиш пудрат ташкилоти ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан ўтказиб берилади.

Бунда, таъмирлаш ва жиҳозлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.



6-БОБ. ЕТИМ БОЛАЛАР ВА ОТА-ОНА

ҚАРАМОҒИДАН МАҲРУМ БЎЛГАН

БОЛАЛАРГА УЙ-ЖОЙ БЕРИШ


34. Уй-жой бериш тўғрисидаги қарор асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ушбу Низомга 2-иловада белгиланган намунадаги ордер беради, ордер берилган уй-жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади.

Ордерлар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга "онлайн-навбат" ахборот тизими кўра қатъий кетма-кетлик асосида берилади.


35. Ордерда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг исми-шарифи ва отасининг исми, оилавий аҳволи, ёши, туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан ажратилган уй-жойнинг майдони ва тўлиқ манзили кўрсатилади.


36. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мерос ва бошқача тарзда бириктирилган мол-мулкини қуриш (реконструкция қилиш) орқали уй-жой ажратилиши тўғрисидаги ордер берилган тақдирда, ордер расмийлаштирилган вақтдан бошлаб олти ой ичида қуриб битказилади, мазкур Низомнинг 2-бандига асосан жиҳозланади ва белгиланган тартибда топширилади.


37. Қуриш ёки реконструкция қилиш орқали уй-жой берилишида мазкур Низомнинг 2-бандига асосан умумий майдони 30-50 квадрат метр оралиғида бўлган уй-жой қуриб ёки реконструкция қилиб берилади.

Бунда, қурилиш ёки реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш харажатлари тегишли ҳудуддаги бир хонали уйнинг ва жиҳозларнинг ўртача нархидан кўп бўлиши мумкин эмас.


38. Ордер берилган кундан 10 кундан кечикмай етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага, ўрнатилган тартибда, ордерда кўрсатилган уй-жой нотариал расмийлаштириб берилади.


39. Ордер асосида олинган уй-жойлар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола номига расмийлаштирилади, расмийлаштирилган санадан бошлаб ўн йил муддатга уй-жойни сотишга, алмаштиришга ёки бошқача турдаги бегоналаштиришга йўл қўйилмайди.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола руҳий касалликлар бўйича ёки наркология бўйича диспансер ҳисобида турган тақдирда уй-жойни сотиш, алмаштириш ёки бошқача турдаги бегоналаштириш қўшимча икки йил муддатга узайтирилади.


40. Уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатга туриш ва уй-жой билан таъминланиш даври оралиғида икки етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола ўртасида ўзаро никоҳ шартномаси тузилган тақдирда, комиссиянинг мурожаатига кўра, истисно тариқасида, уларнинг бирига мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган талаблар асосида умумий майдони 50 квадрат метргача уй-жой ажратилади.

Бунда, оиланинг иккинчи аъзоси ҳам уй-жой билан таъминланган деб ҳисобланади ва тенг мулкий ҳуқуққа эга бўлади.


41. Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тақдим қилиш мақсадида уй-жой сотиб олишда бир кўп қаватли уй-жойдан кўпи билан иккита квартира сотиб олишниши инобатга олинади.


42. Етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола у ўқув-тарбия муассасасида, фарзандлик, васийлик (ҳомийлик, патронат) қарамоғида бўлиши тугаётган йилнинг охирги чорагига қадар бўлган муддатда уй-жойлар билан таъминланадилар.


43. Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола учун сотиб олинган ва жиҳозланган уй-жой фақат шахсий фойдаланишда бўлиши лозим. Уйдан бошқа шахслар фойдаланиши, уйни ижарага берилиши, ҳар қандай кўринишдаги бегоналаштирилиши ўрнатилган тартибда таъқиқланади.


44. Уй-жойни қабул қилиб олувчи етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола мавжуд ижтимоий муҳитга мослашиши, уй-жойдан белигланган санитар ва техник талаблар асосида фойдаланиши, ундан ноқонуний мақсадларда фойдаланилмаслиги, коммунал тўловлари вақтида тўлаб бориши, жамиятда ўз ўринини топиш ва барқарор шахсий даромад манбаига эга бўлиш ва жамиятнинг бошқа ижтимоий нормаларига риоя қилиши талаб этилади.


45. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг янги жойдаги ижтимоий мослашуви уларга уй-жой берилган йилдан бошлаб дастлабки уч йил давомида туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан бир йилда камида икки мартда етим бола хонадонига ташриф буюриш орқали ўрганиб борилади.


46. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг ажратилган уй-жойда яшаши, ижтимоий ҳаётга мослашишида қийинчиликлар аниқланган тақдирда, унга котибият ва тегишли маҳалла органи фаоллари билан биргаликда ижтимоий-писхологик ёрдам кўрсатилади.


47. Туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобга қўйилган ҳамда уй-жой билан таъминланган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги йиллик ҳисоботлар туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 20 январигача, ўз навбатида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 январигача тақдим этилиши лозим.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


48. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар коллеж, академик лицей, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқиётган даврида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда коммунал хизматларнинг меъёрий кўрсаткичлари бўйича фойдаланилган коммунал хизматлар учун тўловларнинг эллик фоизи тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан компенсация қилинади.

Бунда, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда фойдаланиладиган коммунал хизматларнинг меъёрий кўрсаткичлари тегишли туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.


49. Берилган ордерлар, белгиланган талаблар асосида уй-жой билан таъминлангунга қадар ҳуқуқий кучга эга бўлади.


50. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ўз муддатларида мазкур Низом талабларига мувофиқ уй-жой билан таъминлашга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари масъул ҳисобланишади.


51. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар етим болаларга ўз вақтида уй-жой ажратилиши таъминланмаган ёки кечиктириш ҳолатлари кузатилган тақдирда туман (шаҳар) ҳокимлигига туман (шаҳар) прокуратураси томонидан қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилади.


52. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уй-жойлар бериш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


53. Мазкур Низомда белгиланган чора-тадбирлар ва муддатларни ўз вақтида ва сифатли ижро қилинишида сусткашлик ва камчиликларга йўл қўйган мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.




Низомга

1-ИЛОВА



Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган

болаларни уй-жойлар билан таъминлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Механизм


Муддатлар

1-босқич


Ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари


Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойга муҳтож сифатида "онлайн-навбат" ахборот тизимига киритиб боради.


Болани ўқув-тарбия муассасасида ва васий қарамоғида бўлиш муддати тугашидан бир йил аввал




2-босқич


туман (шаҳар)

ҳокимлиги


Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага уй-жой ажаратиш бўйича қарор қабул қилади.


Йил давомида




3-босқич


туман (шаҳар)

ҳокимлиги


Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага берилган уй-жойга кириб яшаши учун ордер берилади.


Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола 18 ёшга тўлган йилда
















4-босқич


туман (шаҳар)

ҳокимликлари


Туман (шаҳар) ҳокимликлари танланган уй-жойни бериш бўйича ордерда кўрсатилган уйни етим бола номига расмийлаштириб берадилар.


Ордер олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида







Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ___________ вилоят ҳокимлиги ( ёки Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши)

___________туман (шаҳар) ҳокимлиги Уй-жой ажратилганлиги тўғрисида

ОРДЕР

Мазкур ордер

йилда туғилган

га


паспорт серияси, рақами. қачон ва ким томонидан берилган.


Ф.И.О


_______________________ тумани ҳудудидан __________________________ манзилдаги

уй-жойни

мақсадида

сўм маблағ ажратишни тасдиқлайди.


(ажратиш ёки қуриш)




Ордер эгаси билан бир қаторда, уй-жойга унинг қуйидаги оила аъзолари ҳам биргаликда яшаши ҳисобга олинган.

Т/р

Қариндошлик даражаси

Ф.И.О.

Паспорт (туғилганлик ҳақида гувоҳнома) серияси

Туғилган йили

1.

турмуш ўртоғи




2.

фарзандлар




..

..




М.Ў

туман (шаҳар) ҳокими





Ф.И.О


(имзо)

_______________ туман (шаҳар) ҳокимлиги 202___ йил.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 26 октябрь