Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.11.2021 й. ПҚ-13-сон "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

17.11.2021 й.

N ПҚ-13



"ҒИЖДУВОН" ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Илова. Пешку ва Қоровулбозор туманларидаги

"Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси таркибига

ўтказилаётган ҳудудларнинг чегаралари



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги "Ургут", "Ғиждувон", "Қўқон" ва "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги ПФ-4931-сон Фармони билан ташкил этилган "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонасининг (кейинги ўринларда - "Ғиждувон" ЭИЗ) фаолиятини кенгайтириш ҳамда Бухоро вилоятида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш мақсадида:


1. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг:

Пешку ва Қоровулбозор туманлари ҳудудида ушбу қарорга иловада келтирилган 100 гектардан, жами 200 гектар бўш турган ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан бошқа ер тоифасига ўтказиш;

ушбу қарорга иловада келтирилган ер участкаларини белгиланган тартибда давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказган ҳолда, "Ғиждувон" ЭИЗ дирекциясига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш орқали "Ғиждувон" ЭИЗ ҳудудини кенгайтириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


2. Белгилансинки, "Ғиждувон" ЭИЗнинг янги ҳудудларида устувор равишда қурилиш саноатини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилади.


3. "Ғиждувон" ЭИЗнинг маъмурий кенгаши уч ой муддатда янги ҳудудларнинг бош режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


4. Қуйидагилар:

"Ғиждувон" ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқишда Бухоро вилояти ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси - буюртмачи этиб;

Бухоро вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар "Ғиждувон" ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.


5. Белгилансинки:

"Ғиждувон" ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилот танлов асосида аниқланади;

"Ғиждувон" ЭИЗнинг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги "Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5101-сон қарори билан Бухоро вилоятига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.


6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

"Ғиждувон" ЭИЗнинг ҳудудида, шу жумладан янги ташкил этиладиган ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5600-сон Фармонига мувофиқ электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади;

"Ғиждувон" ЭИЗга ушбу қарорнинг 1-бандида назарда тутилган ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.


7. Бухоро вилояти ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки йил муддатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида "Ғиждувон" ЭИЗ лойиҳаларини жойлаштириш учун ажратилаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига тенг миқдорда янги ерларни ўзлаштириш чораларини кўрсин.


8. Қуйидагилар:

Бош вазир ўринбосари С.У. Умурзаковга - вазирликлар, идоралар, Бухоро вилояти ҳокимлигининг "Ғиждувон" ЭИЗнинг ривожланиши ва самарали фаолият юритиши, шунингдек, унинг ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ жараёнларни назорат қилиш;

энергетика вазири А.С. Султановга, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.С. Хидоятовга, транспорт вазири И.Р. Махкамовга - "Ғиждувон" ЭИЗ ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларининг объектлари фойдаланишга топширилгунга қадар зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини ҳамда мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб, уларга талаб этиладиган ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


9. Вазирлар Маҳкамаси:

а) бир ой муддатда Ҳукуматнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тегишли ҳужжатини қабул қилсин:

Бухоро вилоятида аукцион савдоларига чиқариладиган норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари рўйхати;

Бухоро вилоятида 2021-2023 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

Бухоро вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида амалга оширилиши таклиф этилаётган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг портфели;

"Ғиждувон" ЭИЗга ўтказилаётган ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини яратиш;

б) уч ой муддатда "Ғиждувон" ЭИЗни бошқа туманларда кенгайтириш юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳасини киритсин.


10. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б. Воитов ва Бухоро вилояти ҳокими Б.К. Зарипов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

Амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида 2022 йилнинг 1 февраль ва 1 июль санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 17 ноябрдаги

ПҚ-13-сон қарорига

ИЛОВА



Пешку ва Қоровулбозор туманларидаги

"Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси

таркибига ўтказилаётган ҳудудларнинг

ЧЕГАРАЛАРИ


1. Пешку тумани, "Жонгелди" МФЙдаги ер майдони, қуйидаги чегаралар билан:

шарқий томондан - "Жонгелди" МФЙ ҳудудидан ўтувчи А380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўли;

шимолий томондан - "Жонгелди" МФЙ ҳудудидан ўтувчи А380 автомобиль йўли;

жанубий томондан - аҳоли пункти;

ғарбий томондан - очиқ майдон.


2. Қоровулбозор тумани, "Бўзачи" МФЙдаги ер майдони, қуйидаги чегаралар билан:

шарқий томондан - А380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг "Бўзачи" МФЙ ҳудуди;

шимолий томондан - А380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўли;

жанубий томондан - аҳоли пункти;

ғарбий томондан - очиқ майдон.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 17 ноябрь