Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.12.2021 й. 733-сонқарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 4 декабрдаги

733-сон қарорига

ИЛОВА



Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


агротехнологик харита - пахта-тўқимачилик кластери томонидан ҳар йили октябрь ойига қадар тасдиқланадиган ҳамда мавсум давомида барча қилинадиган ишлар ва тахминий харажатларни (ойлар кесимида) акс эттирувчи ҳужжат;


ихтисослашув бўйича қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш - пахта-тўқимачилик кластерининг бизнес режа ва агротехнологик харитасида кўрсатилган қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, экиш ва етиштириш;


пахта-тўқимачилик кластери - бир ёки бир нечта ташкилотлар томонидан пахта хомашёсини етиштириш ва (ёки) шартнома асосида сотиб олишдан уни, шу жумладан бошқа хўжалик субъектлари билан ҳамкорлик асосида чуқур қайта ишлаш жараёнларини ўз ичига олган ишлаб чиқариш мажмуаси;


талабгор - пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш учун ариза берган бир ёки бир нечта юридик шахслар.


3. Пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги шаклда ташкил этилади:

ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ер участкаларида пахта хомашёсини етиштириш;

қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олмасдан пахта хомашёсини шартнома асосида фермер хўжаликлари ва бошқа пахта хомашёси етиштирувчи хўжалик субъектларидан (кейинги ўринларда - пахта хомашёси етиштирувчилар) сотиб олиш;

ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ер участкаларида пахта хомашёсини етиштириш ҳамда пахта хомашёсини етиштирувчилардан шартнома асосида сотиб олиш.

4. Пахта-тўқимачилик кластери билан пахта хомашёси етиштирувчиларнинг ўзаро муносабатлари тарафларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда пахта хомашёсини етиштириш ва етказиб бериш бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган шартнома (кейинги ўринларда - шартнома) асосида амалга оширилади.


5. Пахта-тўқимачилик кластери фаолияти Қишлоқ хўжалиги вазири билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг қарорлари билан ташкил этилади.

6. Пахта-тўқимачилик кластери Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва ушбу Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида фаолият юритади.



2-БОБ. ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК КЛАСТЕРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


7. Пахта-тўқимачилик кластери Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида пахта хомашёсини етиштириш учун мўлжалланган ер участкалари негизида мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган шаклларда ташкил қилинади.

9. Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш учун талабгор ихтиёрий равишда ҳар йили 10 сентябрга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза билан мурожаат қилади.


10. Талабгор аризада пахта-тўқимачилик кластерининг шакли, пахта хомашёсига бўлган талабининг ҳажми аниқ кўрсатиб қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

а) талабгорни давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (гувоҳнома ва устави ҳамда таъсис шартномаси (агар мавжуд бўлса) нусхаси;

б) соҳага оид ишлаб чиқариш қувватлари мавжудлиги тўғрисида маълумотлар;

в) пахта-тўқимачилик кластери фаолияти доирасида зарур бўладиган активлар тўғрисида маълумотлар;

г) талабгор томонидан тасдиқланган, шу жумладан қуйидагилардан иборат бизнес-режа:

пахта хомашёси етиштиришдан бошлаб уни тайёр маҳсулот сифатида сотишгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксиз занжирини, шу жумладан ҳамкорлик асосида ташкил этиш;

инвестиция лойиҳалари, шу жумладан уларнинг қувватлари, молиялаштириш манбалари, яратиладиган иш ўринлари ҳамда экспорт прогноз кўрсаткичлари тўғрисида маълумотлар;

д) ер участкасининг кадастр рақами маълумотлари (ижарага олинган ер участкасида пахта хомашёсини етиштириш орқали ташкил этилаётган бўлса).

11. Давлат хизматлари маркази Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн вақт режимида талабгор томонидан пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига юборади.

12. Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича юборилган аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлигини икки иш кунида кўриб чиқади.

Бунда талабгорнинг:

тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш (ип калаваси, трикотаж мато, газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бўяш) қувватларининг камида иккита босқичини йўлга қўйганлиги;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётганлиги, тугатилиш босқичида эмаслиги, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилмаганлиги ва "ёмон" кредит тарихига эга эмаслиги ҳамда мурожаат санасида кредит (лизинг, банк кафолати, аккредитив) ва солиқлардан муддати ўтган қарздорлиги мавжуд эмаслиги ўрганилади.

Агар ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан талабгорга камчиликларни бартараф этиш учун беш иш куни берилади. Бунда, ушбу муддат ўтгандан кейин талабгор томонидан етишмайдиган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, Вазирлик аризани қайтаришга ҳақли.

13. Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари беш иш кунида талабгор томонидан мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқ ва камчиликларсиз тақдим қилинган аризани ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларни Вазирликка келишиш, кўриб чиқиш ва кластер ташкил этиш ёки ташкил этмаслик тўғрисида аниқ хулоса олиш учун тақдим этади.

14. Вазирлик тақдим этилган ҳужжатларни беш иш куни ичида мазкур Низомда назарда тутилган асосларга мувофиқ ўрганиб чиқади ҳамда кластер ташкил этиш ёки ташкил этмаслик тўғрисида тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига хабар юборади.

15. Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирлик томонидан тақдим этилган кластер ташкил этиш тўғрисидаги ёзма хабарномага асосан бир иш кунида қарор қабул қилади.

21. Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги тегишли қарор қабул қилингандан сўнг:

уч иш кунида тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари талабгорларни, уларнинг аризалари қаноатлантирилганлиги тўғрисида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали белгиланган тартибда хабардор қилади;

беш иш кунида Вазирлик, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда талабгор ўртасида пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида ўттиз йил муддатга (талабгор чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ёки чет эл юридик шахси бўлган тақдирда йигирма беш йилгача бўлган муддатга) уч томонлама битим (кейинги ўринларда - битим) тузилади. Бунда фаолият юритаётган пахта-тўқимачилик кластери битимнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин битимни янгилашда бошқа тенг шароитларда устунлик ҳуқуқига эга бўлади.

22. Битимда қуйидагилар назарда тутилади:

битимнинг предмети;

ташкил этилаётган пахта-тўқимачилик кластери шакли;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

битимда белгиланган мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлиги;

пахта-тўқимачилик кластерининг йиллар кесимида инвестициялар киритиш ва иш ўринларини яратиш ҳамда уларни амалга ошириш муддатлари;

аудиторлик ташкилотларини жалб қилган ҳолда ҳар йили пахта-тўқимачилик кластерининг фаолиятини таҳлил қилиш, битим, шу жумладан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши, самарадорлик ва молиявий аудитни амалга ошириш шартлари;

битимни бекор қилиш шартлари;

низоларни ҳал қилиш тартиби;

мажбуриятларни бузиш ҳолатларини аниқ белгилаш;

битим тузилган сана ва жой, тарафларнинг реквизитлари, почта манзиллари.

Томонларнинг келишувига кўра битимда бошқа қўшимча шартлар ҳам акс эттирилиши мумкин.


23. Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тарафларнинг келишувига кўра амалга оширилади.


24. Тарафлардан бирининг битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифи қолган тарафлар томонидан рад этилган тақдирда, ушбу масала юзасидан судга мурожаат қилиниши мумкин.


25. Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш тартиби ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



3-БОБ. ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК

КЛАСТЕРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


26. Пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятини юритишда ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини, тижорат банкларидан оладиган кредитларни, ўзининг тасарруфидаги кўчмас мулк объектларини, техника воситалари ва ишлаб чиқариш технологиялари асбоб ва ускуналарини суғурталашда мустақил равишда хоҳлаган суғурта ташкилоти хизматларидан фойдаланиб амалга ошириш;

зарурат бўлганда, агротехнологик харитага ўзгартиришлар киритиш;

ғўза навлари уруғлик чигитларини мустақил равишда ишлаб чиқариш;

сув ресурсларини ўз вақтида етказиб беришни мутасадди ташкилотлардан талаб қилиш;

пахта хомашёсини ўзининг ёки ижарага олинган пахта тозалаш заводида ёхуд тегирмон усулида дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш;

етиштирилган пахта хомашёсидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни эркин тасарруф этиш (пахта толасини экспорт қилиш бундан мустасно);

ишлаб чиқарилган пахта толасининг ўз ишлаб чиқариш қувватлари эҳтиёжидан ортиқ қисмини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиш;

пахта хомашёсидан олинадиган чигит ва бошқа маҳсулотларни мустақил равишда қайта ишлаш ёки уларни, шу жумладан қайта ишланган маҳсулотларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиш.

Пахта-тўқимачилик кластери қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


27. Қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олган ҳолда ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги қўшимча ҳуқуқларга эга:

ғўза навларини мустақил жойлаштириш;

ажратилган ер участкаларида алмашлаб экишни жорий этган ҳолда, ушбу ерларнинг контурларини тузиш;

тасдиқланган агротехнологик харитадаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун имтиёзли молиявий ресурслардан фойдаланиш;

минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материалларини импорт қилиш;

қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг бозор тамойилларига асосланган кластер - фермер, кластер - деҳқон хўжалиги, кластер - оилабай пудрат ва қишлоқ хўжалигида иш юритишнинг бошқа замонавий усулларини жорий этиш;

ўзига бириктирилган ер участкаларини шартномага асосан юридик ва жисмоний шахсларга бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижара (уларни учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) асосида бериш.


28. Қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олмасдан ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги қўшимча ҳуқуқларга эга:

ўзи фаолият юритаётган ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинган тақдирда, бўшаган ер участкасини қайта ижарага беришда тенг шароитларда устунлик ҳуқуқидан фойдаланиш;

пахта хомашёси етиштирувчиларга ғўза навларини жойлаштириш бўйича тавсия бериш;

пахта хомашёси етиштирувчилардан тасдиқланган агротехнологик харитага мувофиқ тегишли чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширилишини талаб қилиш;

пахта хомашёси етиштирувчиларга янги замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар ва бошқа зарур товарларни харид қилиш ва технологияларни жорий қилишда кўмаклашиш;

пахта хомашёси етиштириш учун ер участкасини, шу жумладан қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ер участкасини ижара шартномаси асосида ажратиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш;

пахтадан юқори ҳосил олган пахта хомашёси етиштирувчиларни рағбатлантириш.



4-БОБ. ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК

КЛАСТЕРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


29. Пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги мажбуриятларга эга:

бизнес-режа ва битим параметрларига риоя қилиш ҳамда бир йилда камида бир марта ҳисоботларни Вазирликка, Уюшмага ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этиш;

ажратилган имтиёзли молиявий ресурслардан тасдиқланган агротехнологик харитага мувофиқ фойдаланиш;

пахта хомашёси етиштиришдан бошлаб уни тайёр маҳсулот сифатида сотишгача бўлган ишлаб чиқаришнинг узлуксиз занжирини, шу жумладан кооперация асосида ташкил этиш ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;

рақамли ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Уюшма билан пахта-тўқимачилик кластери ўртасида тузилган аъзолик шартномалари доирасида олинган мажбуриятни бажариш ҳамда аъзолик бадалларини белгиланган муддатларда тўлаб бориш.

Пахта-тўқимачилик кластери қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


30. Қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олган ҳолда ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги қўшимча мажбуриятларга эга:

пахта етиштиришда механизация даражасини ошириб бориш ҳамда сув тежайдиган замонавий суғориш технологияларини жорий этиш;

ерларнинг ирригация ва мелиорация ҳолатини яхшилаш, тупроқ таркибини лабораториядан ўтказиш;

ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш, балл бонитетини доимий назорат қилиб бориш.


31. Қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олмасдан ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги қўшимча мажбуриятларга эга:

ўзи фаолият юритаётган ҳудуддаги пахта хомашёси етиштирувчилар билан пахта хомашёсини сотиб олиш бўйича шартнома тузиш;

пахта хомашёси етиштирувчилар билан тузилган шартнома талабларига қатъий риоя этиш.


5-БОБ. ПАХТА ХОМАШЁСИ ЕТИШТИРУВЧИЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


32. Пахта хомашёси етиштирувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзи фаолият юритаётган ҳудудда (тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар) исталган пахта-тўқимачилик кластери билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда шартнома тузиш;

тасдиқланган агротехнологик харитадаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун имтиёзли молиявий ресурслардан фойдаланиш;

ўз фаолиятини юритишда ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини, тижорат банкларидан оладиган кредитларни, ўзининг тасарруфидаги кўчмас мулк объектларини, техника воситалари ва ишлаб чиқариш технологиялари асбоб ва ускуналарини суғурталашда мустақил равишда хоҳлаган суғурта ташкилоти хизматларидан фойдаланиб амалга ошириш;

сув ресурсларини ўз вақтида етказиб беришни мутасадди ташкилотлардан талаб қилиш;

тасдиқланган агротехнологик харитага мувофиқ ажратилган имтиёзли молиявий ресурслардан фойдаланиш;

ўзига бириктирилган ер участкаларини шартномага асосан юридик ва жисмоний шахсларга бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижара (уларни учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) асосида бериш.

Пахта хомашёси етиштирувчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


33. Пахта хомашёси етиштирувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:

пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган шартномага қатъий амал қилиш;

ажратилган имтиёзли молиявий ресурслардан тасдиқланган агротехнологик харитага мувофиқ фойдаланиш;

етиштирган пахта хомашёсини шартномада белгиланган нархларда сотиш;

пахта етиштиришда механизация даражасини ошириб бориш ҳамда сув тежайдиган замонавий суғориш технологияларини жорий этиш;

ерларнинг ирригация ва мелиорация ҳолатини яхшилаш, тупроқ таркибини лабораториядан ўтказиш;

ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш, балл бонитетини доимий назорат қилиб бориш.

Пахта хомашёси етиштирувчилар қонунчилик ҳужжатлари ва пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



6-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ,

ТЕГИШЛИЛИГИГА КЎРА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР КЕНГАШИ ВА ВИЛОЯТЛАР

ҲОКИМЛИКЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

34. Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашива вилоятлар ҳокимликлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

пахта-тўқимачилик кластеридан бизнес режа ва инвестиция лойиҳаларида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича маълумотларни талаб қилиш;

Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашива вилоятлар ҳокимликлари қонунчилик ҳужжатлари ва пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган битимга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

35. Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қуйидаги мажбуриятларга эга:

битимда назарда тутилган мажбуриятларни ўз вақтида бажариш;

ерларнинг мелиорация ҳолатини яхшилаш мақсадида хўжаликлараро ирригация ва мелиорация иншоотларини капитал таъмирлаш ва тиклаш ишларини амалга оширишда кўмаклашиш;

пахта-тўқимачилик кластерининг ишлаб чиқариш объектларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишига кўмаклашиш;

пахта-тўқимачилик кластерига имтиёзли ва тижорат кредитлари, шунингдек, субсидия ва компенсациялар берилишига кўмаклашиш;

пахта-тўқимачилик кластерининг пахта хомашёси етиштирувчилар билан боғлиқ муносабатларини барқарорлаштиришга кўмаклашиш;

пахта-тўқимачилик кластери ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш.

Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашива вилоятлар ҳокимликлари қонунчилик ҳужжатлари ва пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган битимга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7-БОБ. ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК КЛАСТЕРИ

ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ


36. Пахта-тўқимачилик кластерининг ер участкаларидан фойдаланиши ва ижара ҳуқуқлари, шунингдек, томонлар келишуви бўйича тузилган шартномалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кафолатланади.


37. Пахта-тўқимачилик кластерига ажратилган ер участкалари мазкур Низомнинг 41-бандида ва битимда назарда тутилган асослардан ташқари бошқа асослар билан қайта тақсимланиши ва олиб қўйилиши мумкин эмас.



8-БОБ. ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК КЛАСТЕРИ

ФАОЛИЯТИ МОНИТОРИНГИНИ ЮРИТИШ


38. Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластери томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мажбуриятлари, шунингдек, шартномавий мажбуриятларга риоя этилиши ва пахта-тўқимачилик кластери фаолияти самарадорлиги билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан бир йилда камида бир марта мониторинг ўтказади.

Бунда, Вазирлик пахта-тўқимачилик кластерининг бизнес-режа ва битим ҳамда бошқа кўрсаткичлари бўйича маълумотлар базасини юритади.


39. Вазирлик, тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари билан биргаликда таҳлилий маълумотлар асосида соҳадаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.

40. Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ҳар томонлама чуқур таҳлил қилган ҳолда ўрганиб, мониторинг натижаларини ҳисобот йилининг охирида Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб боради.


9-БОБ. БИТИМНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


41. Қуйидагилар битимни бекор қилишга (тўлиқ ёки муайян ҳудудга нисбатан) асос бўлади:

пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида белгиланган тартибда бекор қилинганда;

битим тарафи бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тугатилиши;

битим тарафи бўлган тадбиркорлик субъектларининг битимни бекор қилиш бўйича Вазирликка ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига мурожаатлари;

пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан битимда назарда тутилган мажбуриятлар белгиланган муддатда бажарилмаганда (форс-мажор ҳолатлар ва (ёки) ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра вужудга келадиган ҳолатлар бундан мустасно);

пахта хомашёси етиштирувчиларнинг учдан икки қисми пахта-тўқимачилик кластери томонидан шартнома муносабатларини уч йил давомида бажарилмай келганлигини асословчи ёзма мурожаатлари бўлганда.

Битимни мазкур бандда ва битимнинг ўзида кўрсатилмаган бошқа асосларга кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Мазкур банднинг иккинчи - тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда битимни бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ва Фуқаролик кодекси ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Мазкур банднинг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда битимни бекор қилиш Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг мурожаатларига асосан суд томонидан амалга оширилади.

42. Мазкур Низомга 41-банднинг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг битимни бекор қилиш тўғрисидаги мурожаатлари ёзма равишда Вазирликка юборилади.

45. Вазирлик ёки тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Республика комиссиясининг тавсиясига асосан икки иш кунидан кечиктирмай битимни бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади.

46. Суднинг битимни бекор қилиш тўғрисидаги қарори пахта-тўқимачилик кластерига ҳамда Вазирлик ёки тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

47. Пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган битим бекор қилинган тақдирда, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирликка кластер фаолиятини тугатиш юзасидан бир ой муддатда хабар юборади.

48. Вазирлик икки ҳафта муддатда пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини тугатиш тўғрисида ёзма равишда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига хабар беради.

Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари мазкур хабарномага асосланган ҳолда пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

49. Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, уч иш кунида бу ҳақда фаолияти тугатилган пахта-тўқимачилик кластерини хабардор қилади.


10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


50. Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятида вужудга келадиган низолар қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Низомда назарда тутилган қоидалар асосида белгиланган тартибда ҳал этилади.


51. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА


Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш

СХЕМАСИ

           


Босқичлар

     

    

Масъуллар

   


    

Амалга ошириш механизми

    


   

Ижро муддати

      







1-босқич

Талабгор

(жисмоний ёки юридик шахс)


     

Талабгор (жисмоний ёки юридик шахс) ҳудудда янги пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза билан тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади.

         


Ихтиёрий

равишда







2-босқич

Давлат хизматлари маркази


     

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали талабгор томонидан пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига юборади.

          


Реал вақт

режимида











3-босқич

Қорақалпоғистон

Республикаси Вазирлар

Кенгаши ва вилоятлар

ҳокимликлари


   

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш бўйича юборилган аризаларни қабул қилади ва уларга илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлигини кўриб чиқади ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишиш учун киритади.

        


Беш иш кунида







4-босқич

Вазирлик


         

Тақдим этилган ҳужжатларни мазкур Низомда назарда тутилган асосларга мувофиқ ўрганиб чиқади ҳамда кластер ташкил этиш ёки ташкил этмаслик тўғрисида тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига хабар юборади.

        


Беш иш кунида

5-босқич

       

Қорақалпоғистон

Республикаси Вазирлар

Кенгаши ва вилоятлар

ҳокимликлари

     


Вазирлик томонидан тақдим этилган кластер ташкил этиш тўғрисидаги ёзма хабарномага асосан қарор қабул қилади.


Бир иш кунида

            

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 декабрь