Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2021 й. ПҚ-77-сон "Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.12.2021 й.

N ПҚ-77



ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида сўнгги беш йилда мамлакатимиздаги уста ҳунармандлар сони 7 баробарга, шогирдлар 9 баробарга кўпайиб, соҳада банд бўлганлар сони 230 минг нафарга етди.

Ҳунармандларнинг халқ амалий санъати миллий каталоги яратилиб, фахрий ва халқаро кўргазма ҳамда танловларда ғолиб бўлган 340 нафар усталар ушбу каталогдан ўрин олди. Шунингдек, 1,5 мингга яқин ҳунармандлар туризм реестрига киритилиб, ушбу соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Шу билан бирга, маҳаллабай ишлаш орқали фойдаланилмаётган имкониятларни тўла ишга солиш, ҳунармандлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизимини янада кенгайтириш, ҳунармандчилик маҳсулотлари учун янги бозорларни топиш борасида қўшимча чоралар кўриш талаб этилмоқда.

Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, "уста-шогирд" анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-55-сон қарорига асосан, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида:

лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 триллион сўм маблағ ажратилганлиги;

имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, "уста-шогирд" мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун - 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган маблағларнинг 500 миллиард сўми ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилади;

имтиёзли кредитлар ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 6 ойгача имтиёзли давр билан 225 миллион сўмгача оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кўзда тутилган шартларда ажратилади;

имтиёзли кредитлар ҳунарманднинг талаби бўйича нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади;

олдинги йилларда ҳунармандларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг сўндирилган қисмидан ҳосил бўлган маблағлар айнан ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун қайта йўналтириб борилади;

ҳунармандларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилиши ва уларнинг тижорат банкларига ўз вақтида қайтарилиши юзасидан "Ҳунарманд" уюшмаси тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатади.

Бунда, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредит ажратиш бўйича "oilakredit.uz" электрон платформасида ҳунармандларни онлайн навбатга қўйиш ва уларнинг лойиҳаларини кредитлаш учун алоҳида бўлим ишга туширилади.


3. 2022 йилдан бошлаб Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан:

"уста-шогирд" анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга - шогирдлар тайёрлаши, зарур хомашё сотиб олиши ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаши учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда;

шогирдларга - мустақил фаолиятини бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиши, шунингдек, усталарга - интернет сайтларини ташкил этиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдоридан ошмайдиган қисмига субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилсин.

Бунда, субсидия ажратиладиган ҳунармандлар ва шогирдлар ҳисоби "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан юритилиб, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг "Онлайн маҳалла" электрон платформаси билан интеграция қилинади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Молия вазирлиги ва "Ҳунарманд" уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган субсидияларни ажратиш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. 2022 йилдан бошлаб "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари учун:

ижтимоий солиқ ставкаси йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин;

фаолият юритиш жойидан қатъи назар, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.


5. Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилган 2022 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" (кейинги ўринларда - "Йўл харитаси") иловага мувофиқ тасдиқлансин.

"Йўл харитаси"да назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига шахсий жавобгарлик юклансин.

Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси "Йўл харитаси"да назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2023 йил 1 октябрга қадар Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар савдосига ихтисослашган ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо павильонларини (кейинги ўринларда - савдо павильонлари) ташкил этсин.

Белгилансинки:

савдо павильонлари 150 квадрат метрдан кам бўлмаган майдонда, Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган намунавий лойиҳа асосида ташкил этилади;

савдо павильонларини ташкил қилиш (қуриш) маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

фойдаланишга топширилган савдо павильонлари "Ҳунарманд" уюшмасининг ҳудудий бошқармаларига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан берилади;

"Ҳунарманд" уюшмаси савдо павильонлари орқали ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда реализация ва экспорт қилиш ишларини тизимли ташкил этишга масъул бўлади;

савдо павильонлари хорижий ва маҳаллий туристлар учун мўлжалланган туристик маршрутларга киритилади.


7. Қурилиш вазирлиги Туризм ва спорт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда савдо павильонларининг намунавий лойиҳаларини ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ҳунармандчилик анъаналари асосида ишлаб чиқсин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Адлия вазирлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар Тошкент шаҳри туманлари, Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ҳамда ҳунармандчилик ривожланган туман ва шаҳарлардаги давлат хизматлари марказлари биноларида доимий фаолият кўрсатувчи миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ва савдо расталари фаолиятини йўлга қўйсин.


9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили "Ўзэкспомарказ" павильонларида "Craft fair Uzbekistan" халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркасини ташкил этиб борсин.

Белгилансинки, ярмаркани ташкил этиш билан боғлиқ бўлган харажатлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4539-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича ҳудудларга бириктирилиб, миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича масъул этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва ваколатхоналарининг туризм фаолиятига кўмаклашиш, жумладан ҳунармандчилик маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш борасидаги фаолияти юзасидан ҳисоботларини ҳар олти ойда бир маротаба Олий Мажлис Сенатида эшитиш амалиёти йўлга қўйилсин.


11. Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги "Ҳунарманд" уюшмаси, Бадиий академия, Фанлар академияси Санъатшунослик институти билан биргаликда 2022 йил 1 майга қадар ҳар бир ҳудуднинг миллий урф-одатлари, халқ амалий санъати ва миллий давлатчилик тарихини ўзида акс эттирган, шунингдек, хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотадиган музейлардаги ноёб экспонатлар репликациялари асосида янги ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналарини тайёрлаб, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширсин.


12. Туризм ва спорт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва "Ҳунарманд" уюшмаси "Ҳунармандчилик марказлари" ва "Уста-шогирд" мактабларини туристик маршрутларга киритиш чораларини кўриб борсин.


13. Молия вазирлиги уч ой муддатда Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, "Катта Дўмбиробод" маҳалласида "Ҳунармандчилик маркази" ва "Уста-шогирд мактаби" биносини қуриш ишларини якунлаш ҳамда зарур асбоб-ускуна ва инвентарлар билан жиҳозлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард сўмгача маблағ ажратсин.

Бунда, маблағлар ҳақиқатда бажарилган ишлар бўйича "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан тақдим этиладиган асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ажратилади.


14. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

маҳаллаларда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича ҳоким ёрдамчилари ва "Ҳунарманд" уюшмаси қуйи тузилмаларининг ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

ҳоким ёрдамчилари ва "Ҳунарманд" уюшмасининг ҳудудлардаги масъул ходимлари билан биргаликда маҳаллаларда ҳунармандчилик лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш чораларини кўрсин.


15. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, "Ҳунарманд" уюшмаси ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни таъминласин.


16. Савдо-саноат палатаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Савдо-саноат палатаси раиси А.И. Икрамов, "Ҳунарманд" уюшмаси раиси У.Т. Абдуллаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                               Ш. Мирзиёев




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 30 декабрдаги

ПҚ-77-сон қарорига

ИЛОВА



2022 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"


Т/р

Чора-тадбирлар номи

Молиялаштириш манбалари

Ижро муддати

Амалга ошириш учун масъуллар:

вазирлик ва идоралардан

Вазирлар

Маҳкамасидан

I. ҲУНАРМАНДЧИЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ МОЛИЯВИЙ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИНИ ЯРАТИШ

1.

2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 500 миллиард сўм ажратиш.

Бунда:

имтиёзли кредитларни ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 6 ойгача имтиёзли давр билан 225 миллион сўмгача ажратиш;

имтиёзли кредитларни ҳунарманднинг талаби бўйича депозит ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан кейинчалик унга хизмат кўрсатувчи банк тариф сиёсатига мувофиқ, нақд пул олиш имконияти билан тақдим этиш;

олдинги йилларда ҳунармандларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг сўндирилган қисмидан ҳосил бўлган маблағларни айнан ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун қайта йўналтириб бориш;

ҳунармандчилик субъектларига оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланиш ва уларни тижорат банкларига ўз вақтида қайтариш юзасидан "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатиш.

Тижорат банклари кредитлари

2022 йил давомида

Марказий банк (Захидов), "Халқ банки" АТ (Атабаев), "Микрокредитбанк" АТБ (Бутаев), "Агробанк" АТБ (Маматқулов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Қўчқоров, Умурзаков)

2.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредит ажратиш бўйича "oilakredit.uz" электрон платформасида ҳунармандларни онлайн навбатга қўйиш ва лойиҳаларини кредитлаш учун алоҳида бўлимни ишга тушириш.


2022 йил январь

Марказий банк (Захидов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов)

Бош вазир ўринбосари (Қўчқоров)

3.

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан қуйидаги мақсадлар учун субсидиялар ажратиш тартибини жорий этиш:

"уста-шогирд" анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга - шогирдлар тайёрлаши, зарур хомашё сотиб олиши ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаши учун бир ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда;

шогирдларга - мустақил фаолиятини бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиши, шунингдек, усталарга - интернет сайтларини яратиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан ошмайдиган қисмига.

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси

2022 йил январь

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги

(Убайдуллаев),

Молия вазирлиги (Ишметов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Қўчқоров, Умурзаков)

4.

2022 йил 1 январдан бошлаб "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари учун:

ижтимоий солиқ ставкасини йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгилаш;

фаолият юритиш жойидан қатъий назар коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлашни аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга ошириш.


Доимий

Молия вазирлиги (Ишметов),

Давлат солиқ қўмитаси (Кудбиев), Энергетика вазирлиги (Султанов),

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (Хидоятов)

Бош вазир ўринбосарлари (Қўчқоров, Умурзаков)

5.

Ҳунармандларнинг юридик шахс ташкил қилган ҳолда фаолият юритиши учун қулай шароит яратиш мақсадида, уларнинг фаолиятини иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичи рўйхатига қўшиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.


2022 йил январь

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги (Холхўжаев), Давлат хизматлари агентлиги (Мухаммадиев), Давлат статистика қўмитаси (Бегалов)

Бош вазир ўринбосарлари (Қўчқоров, Умурзаков)

II. ҲУНАРМАНДЧИЛИК СОҲАСИДА МАРКЕТИНГ ВА САВДО ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ, ЭКСПОРТГА КЎМАКЛАШИШ ВА ҲУНАРМАНДЧИЛИК

МАҲСУЛОТЛАРИНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ

6.

1. Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида ҳунармандлар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар савдосига ихтисослашган ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо павильонларини ташкил этиш.

Бунда:

савдо павильонларини 150 квадрат метрдан кам бўлмаган майдонда, Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган намунавий лойиҳа асосида ташкил этиш;

фойдаланишга топширилган савдо павильонларини Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаларига оператив бошқарув ҳуқуқи билан бериш;

савдо павильонлари орқали ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда реализация ва экспорт қилиш ишларини тизимли ташкил этиш;

савдо павильонлари манзилини хорижий ва маҳаллий туристлар учун мўлжалланган туристик маршрутларга киритиш.

Маҳаллий бюджет ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар

2022 йил

1 июнга қадар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси (Икрамов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов),

Қурилиш вазирлиги (Закиров)


Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Қўчқоров, Абдуҳакимов)

2. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ҳунармандчилик анъаналари асосида савдо павильонларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

2022 йил февраль

Қурилиш вазирлиги (Закиров),

"Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

7.

Тошкент шаҳри туманлари, Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ҳамда ҳунармандчилик ривожланган туман ва шаҳарлардаги Давлат хизматлари марказлари биноларида доимий фаолият кўрсатадиган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ва савдо расталари фаолиятини йўлга қўйиш.


2022 йил 1 апрелга қадар

Адлия вазирлиги (Давлетов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

8.

"Ўзэкспомарказ" павильонларида "Craft fair Uzbekistan" халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркасини ташкил этиш.

Экспортни рағбатлан-тириш агентлиги

Ҳар йили

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

9.

"Ҳунармандчилик марказлари" ва "Уста-шогирд" мактабларини туристик маршрутларга киритиб бориш.


Доимий равишда

Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Абдуҳакимов)

10.

Ҳар бир ҳудуднинг миллий урф-одатлари, халқ амалий санъати ва миллий давлатчилик тарихини ўзида акс эттирган, шунингдек, хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотадиган музейлардаги ноёб экспонатлар репликациялари асосида янги ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналарини тайёрлаб, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш.

Ўз маблағлари

2022 йил 1 майга қадар

Маданий мерос агентлиги (Нуруллоев), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Бадиий академия (Нуриддинов),

Санъатшунослик институти (Пидаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Абдуҳакимов)

11.

Миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқишда доимий амалий ёрдам кўрсатиш, жумладан электрон тижорат (E-commerce) йўналиши орқали сотишни кенгайтириш.


Доимий

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

12.

Миллий ҳунармандчилик, халқ амалий ва бадиий санъати тарихи ҳамда  маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган видеороликлар ва "Миллий ҳунармандчилик журнали"ни тайёрлаб, йилига камида икки маротаба янгилаб бориш.

Бунда, ушбу материалларни хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ва йўловчилар эътиборига ҳавола қилиш мақсадида "Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг авиарейс ва "Ўзбекистон темир йўллари"нинг поезд вагонларига доимий жойлаштириб бориш.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги

2022 йил апрель







Доимий

"Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев), Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (Абдухолиқов), Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (Кўчимов), "Дунё" ахборот агентлиги (Суяров), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Ходжаев), Бадиий академия (Нуриддинов),

Транспорт вазирлиги (Махкамов), "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ (Хасилов),

"Uzbekistan Airways" (Хусанов)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Раматов)

13.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва савдо нуқталарини ташкил этиш бўйича дастурни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Бунда, мазкур савдо нуқталарини ташкил этиш харажатларининг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилишини назарда тутиш.


2022 йил апрель

Ташқи ишлар вазирлиги

(Камилов),

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)


14.

Ҳунармандлар томонидан тайёрланган пичоқчилик, шунингдек, ўчоқ, болта, чўян қозон каби экспортбоп маҳсулотларни экспортга ташиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш бўйича Ҳукумат комиссиясига таклиф киритиш.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги

2022 йил февраль

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

15.

Ҳунармандларга ўз маҳсулотларини электрон савдо, жумладан "Amazon", "Еbay" ва "ETSY" каби халқаро онлайн савдо майдонларига жойлаштириш, реклама ва тарғибот қилишларига кўмаклашиш бўйича ҳар бир ҳудудда тегишли ўқув курсларини ташкил этиш.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси

Алоҳида график асосида

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Шерматов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

III. ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФАОЛИЯТИ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН

ХОМАШЁ БАЗАСИНИ ЯРАТИШ

16.

Ҳунармандчилик маҳсулотлари учун хомашё етиштириш, уни қайта ишлаш ва сотишга ихтисослашган кластерлар фаолиятини тўлақонли ташкил этиш.

Бунда:

кластерлар устав капиталини тенг улушларда Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан шакллантириш;

кластерларга ҳунармандчилик ва ипак мато, ипак гиламлари тўқиш фаолиятини ташкил этиш ҳамда қайта тикланадиган хомашё (тутзорлар, қаттиқ турдаги дарахтлар) базасини яратиши учун зарур бўлган ер майдонларини пахтадан қисқартирилган ерлар ҳисобидан ажратиш.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси

2022 йил январь

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Маруфова), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов), Молия вазирлиги (Ишметов),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Ғаниев)

17.

Ҳунармандчиликнинг ёғоч буюмлар ясаш ва ёғоч ўймакорлиги йўналишлари ривожланган ҳудудларда зарур бўлган дарахт турларини экиш ва парваришлаш мақсадида, ташаббускор ҳунармандларга ўзлаштирилмаган ёки пахтадан бўшаган ер майдонларидан камида 10 гектардан ажратиб бериш.

Ташаббускор ҳунармандлар маблағлари

2022 йил февраль

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Ғаниев, Қўчқоров)

18.

Ҳунармандчилик фаолияти учун зарур бўлган хомашё базаси, шунингдек, ҳунармандларнинг маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ва уларни сотишга мўлжалланган "интернет дўкон" онлайн платформасини ишга тушириш.


2022 йил ноябрь

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Шерматов), Молия вазирлиги (Ишметов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

19.

Ҳунармандчилик субъектлари фаолияти учун зарур бўлган, жумладан мис, олтин, кумуш каби хомашё турларини уларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, чекланган миқдорда харид қилишга имкон яратиш мақсадида, Товар-хомашё биржасида ҳунармандлар учун алоҳида савдолар ташкил этиш чораларини кўриш.


2022 йил апрель

Молия вазирлиги (Ишметов), Товар-хомашё биржаси (Бадриддинов), Иқтисодий тараққиёт вазирлиги (Холхўжаев)

Бош вазир ўринбосари (Қўчқоров)

IV. "УСТА-ШОГИРД" АНЪАНАЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ОРҚАЛИ

АҲОЛИНИ ҲУНАРМАНДЧИЛИККА КЕНГ ЖАЛБ ҚИЛИШ

20.

Фарғона вилоятида ҳунармандчилик фаолиятини кенгайтириш ҳамда ҳунармандларнинг маҳсулотларига янги бозорлар топишга шароит яратиш мақсадида, лойиҳаларни амалга ошириш учун 20 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш ва шу орқали 20 мингта янги иш ўринларини ташкил этиш.

Тижорат банклари кредитлари

2022-2024 йиллар

Марказий банк (Захидов), Иқтисодий тараққиёт вазирлиги (Холхўжаев), Фарғона вилояти ҳокимлиги (Бозаров)

Бош вазир ўринбосарлари (Қўчқоров, Умурзаков)

21.

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги собиқ "Бахт уйи" ўрнида "Миллий ҳунармандчилик музейи ва туризм маркази"ни ташкил этиб, ушбу объектларни туристик маршрутларга киритиш.

Маҳаллий бюджет

2022 йил декабрь

Фарғона вилояти ҳокимлиги (Бозаров), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Ортиқов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Абдуҳакимов)

22.

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида янги дизайндаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, электрон савдо платформаси орқали сотиш ва ҳунармандларни маркетингга ўқитиш бўйича "Ҳунармандлар ўқув маркази"ни ташкил этиш.

Маҳаллий бюджет

2022 йил октябрь

Хоразм вилояти ҳокимлиги (Эрманов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

23.

Хоразм вилоятида ҳунармандчилик маҳсулотлари бўйича "Хоразм бренди"ни яратиш ва бозорларга олиб чиқиш дастурини ишлаб чиқиш.

Маҳаллий бюджет

2022 йил апрель

Хоразм вилояти ҳокимлиги (Эрманов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

24.

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида "Ҳунармандлар маркази"ни ташкил этиш ва Шаҳрихонга Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши "World craft counsil" томонидан бериладиган ҳунармандлар шаҳри мақомини олиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш.

Республика бюджети

2022-2024 йиллар

Андижон вилояти ҳокимлиги (Абдурахмонов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Маданият вазирлиги (Назарбеков)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

25.

Жиззах вилоятининг ҳар бир тумани ва шаҳрида талаб юқори бўлган тикувчилик, пазандалик, сартарошлик, ҳунармандчилик каби йўналишларда "Аёллар бизнес марказлари"ни ташкил этиш орқали 25 минг нафар хотин-қизларни давлат ҳисобидан касбга ўқитиш чораларини кўриш.

Маҳаллий бюджет,

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси

2022-2023 йиллар

Жиззах вилояти ҳокимлиги (Салиев), Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (Убайдуллаев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Қўчқоров)

26.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Китоб, Касби туманлари ҳамда Қарши шаҳрида ҳунармандчилик марказларини ташкил этиб, 15 мингдан ортиқ ёшларнинг шогирдликка жалб этилишини таъминлаш.

Маҳаллий бюджет, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси

2022-2023 йиллар

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (Азимов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Қўчқоров)

27.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги "Оқсарой" майдонида жойлашган собиқ "Чорсу" бозори негизида замонавий "Ҳунармандчилик маркази"ни ташкил этиб, "уста-шогирд" анъаналарини йўлга қўйиш.

Маҳаллий бюджет

2022 йил ноябрь

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (Азимов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

28.

Қашқадарё вилоятида қадимий Касби кулолчилигини қайта тиклаш, шунингдек, туманда ёғоч ўймакорлиги ва касаначиликни ривожлантириш мақсадида "Касби ҳунармандлар маркази" фаолиятини йўлга қўйиш.

Маҳаллий бюджет

2023 йил апрель

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (Азимов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

29.

Самарқанд туманидаги "Конигил" маҳалласида ташкил этилган "Туризм қишлоғи" лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш ва ушбу лойиҳа доирасида 28 та ихтисослашган ҳунармандчилик устахоналарини ташкил этиш.

Ташаббускор тадбиркорлар маблағлари

2022 йил декабрь

Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Турдимов), Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов) "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Абдуҳакимов)

30.

Сирдарё тумани ва Тошкент вилояти чегарасида замонавий "Карвонсарой" мажмуасини ишга тушириб, ҳунармандчилик маҳсулотлари бўйича савдо дўконлари фаолиятини йўлга қўйиш.

Маҳаллий бюджет, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари

2022 йил сентябрь

Сирдарё вилояти ҳокимлиги (Мирзаев), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Холхўжаев), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

31.

Бухоро шаҳрининг Мирдўстим кўчасида жойлашган "Абдуллахон" ва "Модарихон" мадрасаларини таъмирлаб, зардўзлик ва заргарлик марказларини ташкил этиш.

Маҳаллий бюджет

2023 йил март

Бухоро вилояти ҳокимлиги (Зарипов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Маданият вазирлиги (Назарбеков)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

32.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ кўчасида ҳар йили мустақиллик байрами арафасида "Тошкент сувенирлари" кўргазма-ярмаркасини ташкил этиш.

Маҳаллий бюджет

Доимий

Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ортиқхўжаев), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Абдуҳакимов)

33.

Миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати йўналишлари бўйича болалар мусиқа ва санъат мактаблари, "Баркамол авлод" болалар марказлари ҳамда касбга ўқитиш масканларида ўқув-машғулотларини ташкил этиш.

Бунда, ўқув жараёнларига ментор сифатида Халқ амалий санъати усталари миллий каталогига кирган ва узоқ йиллик тажрибага эга бўлган усталарни жалб этиш.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси

Доимий

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов),

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (Убайдуллаев), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Қўчқоров)

34.

Ёш ҳунармандлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва соғлом рақобатни йўлга қўйиш мақсадида "Ёш ҳунармандлар" фестивалини ўтказиш.

Бунда, мазкур фестивалнинг туман ва шаҳар ҳамда вилоят босқичларида сараланган ёш ҳунармандлар иштирокида республика босқичини Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида юксак даражада ўтказиш.

Республика ва маҳаллий бюджет

2022 йил июль - сентябрь

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Ёшлар ишлари агентлиги (Саъдуллаев)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Қўчқоров)

35.

Ҳар бир туман ва шаҳарда, жумладан ҳунармандчилик кириб борган 5 657 та маҳаллада 10 мингдан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш.

Бунда, лойиҳа ташаббускорларига ҳар томонлама кўмаклашиш юзасидан жойлардаги ҳоким ёрдамчилари ва "Ҳунарманд" уюшмаси бўлимларининг ўзаро ҳамкорлик тизимини яратиш.


2022 йил давомида

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (Убайдуллаев), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Қўчқоров)

36.

Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманидаги "Жалолиддин Мангуберди истироҳат боғи" ҳудудида дўппи, гилам, кигиз тўқиш, теридан пўстак, чўгирма, ёғоч ўймакорлик буюмларини тайёрлашга ихтисослашган "Ҳунармандлар шаҳарчаси"ни ташкил этиб, уни туристик маршрутга киритиш.

Ташаббускор тадбиркор ва ҳунармандлар маблағлари

2022 йил сентябрь

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Сариев), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев), Туризм ва спорт вазирлиги (Азамов)

Бош вазир ўринбосарлари (Умурзаков, Абдуҳакимов)

37.

Қадимий қорақалпоқ миллий "кўк кўйлак" матосини ўрганиш ва қайта тиклаш, шунингдек, ушбу йўналишда фаолият юритадиган ҳунармандларга зарур шароит яратиш мақсадида Хўжайли туманида "Ҳунармандлар маркази" фаолиятини йўлга қўйиш.

Маҳаллий бюджет, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари

2023 йил июнь

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Сариев), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), "Ҳунарманд" уюшмаси (Абдуллаев)

Бош вазир ўринбосари (Умурзаков)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 30 декабрь