Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.01.2022 й. 26-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 17 январдаги

26-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни

қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - "Меҳр дафтари" жамғармаси) маблағларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва назорат қилиш тартибини белгилайди.


2. "Меҳр дафтари" тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан "Меҳр дафтари" жамғармаси ташкил этилади.


3. "Меҳр дафтари" жамғармаси юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари шаклидаги очилган ғазна ҳисобварақларида жамланади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


"Меҳр дафтари" тизими - етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини руёбга чиқаришга ҳамда жамиятга ижтимоийлашувига кўмаклашиш, уларни васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларни рағбатлантириш, шунингдек, болаларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлиш сабабларини ҳар томонлама ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган тизим;


ўқув-тарбия муассасалари - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Республика болалар ўқув-тарбия муассасалари, Оилавий болалар уйлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Болалар уйлари, "SOS - Ўзбекистон болалар маҳаллалари" уюшмаси бўлинмалари (болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари, ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари ва ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматлари);


етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар - ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари ва битирувчилари ҳамда васийликка (ҳомийликка, патронатга) олинган болалар.



2-БОБ. "МЕҲР ДАФТАРИ" ЖАМҒАРМАСИ

МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

МАНБАЛАРИ ВА УЛАРНИ

УНДИРИШ ТАРТИБИ


5. Қуйидагилар "Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво, табиий вино ҳамда импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотлари бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоизи миқдоридаги ажратмалар (кейинги ўринларда - Махсус ажратма);

ҳомийлик маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Махсус ажратманинг ҳисоботини тақдим этиш ва унинг тўлов муддати кечиктирилган ҳар бир кун учун Солиқ кодексига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан Махсус ажратма ўзлари рўйхатдан ўтган ҳудудда ташкил этилган "Меҳр дафтари" жамғармасига тўланади.


7. Махсус ажратманинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва "Меҳр дафтари" жамғармасига белгиланган муддатларда тўланиши бўйича назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.


8. Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан Махсус ажратма бўйича ҳисобот шакли тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда Махсус ажратма тўловчиларига етказилади.


9. Махсус ажратма бўйича ҳисоботни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 292-моддасига мувофиқ амалга оширилади.



3-БОБ. "МЕҲР ДАФТАРИ" ЖАМҒАРМАСИ

МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


10. Қуйидагилар "Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ҳал этиш, истеъдодли болаларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларнинг таълим-тарбиясини ташкил этиш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, айниқса ногирон ва сурункали касалликлари бўлган болаларнинг соғлигини тиклаш ва сақлаш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг коммунал тўловлар бўйича қарздорликларини қоплаш;

болаларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлиш сабабларини ўрганиш натижасига кўра аниқланган муаммоларини бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган оилаларни рағбатлантириш;

қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа харажатларни қоплаш.

"Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларининг ушбу бандда назарда тутилмаган бошқа мақсадларга йўналтирилишига йўл қўйилмайди.



4-БОБ. "МЕҲР ДАФТАРИ" ЖАМҒАРМАСИ

МАБЛАҒЛАРИНИ САРФЛАШ ВА БОШҚАРИШ


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ намунавий таркибда "Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг васийлик кенгаши (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши) ташкил этилади.

Васийлик кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.


12. "Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларини шакллантириш ва сарфлаш Васийлик кенгаши қарорига кўра амалга оширилади.

Васийлик кенгаши қарори Васийлик кенгаши йиғилишининг баёни билан расмийлаштирилади.


13. "Меҳр дафтари" жамғармаси маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган моддий ёрдамлар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тасдиқланган "Йўл харитаси"га мувофиқ Васийлик кенгаши қарорига асосан амалга оширилади.

Бунда:

Васийлик кенгаши томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган моддий ёрдам уларнинг муаммолари ва орзу-истакларидан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз беш бараваригача бўлган миқдорда берилади;

моддий ёрдам етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муаммоларининг ҳажми ва ҳаётий муҳимлигидан келиб чиқиб, Васийлик кенгаши қарорига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз беш бараваридан кўп бўлган миқдорда, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан кўп бўлмаган миқдорда берилиши мумкин;

моддий ёрдам "Йўл харитасида" назарда тутилган мақсадлар учун масъул ижрочилар билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган тартибда молиялаштирилади ва тўғри-тўғридан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда (банк пластик карточкалари орқали ва пул ўтказиш йўли билан) тўланишига йўл қўйилмайди.


14. Васийлик кенгашининг йиғилишлари ҳар ойда камида бир марта ўтказилади. Васийлик кенгаши раисининг ташаббуси билан ёки заруратга кўра навбатдан ташқари йиғилишлар ҳам ташкил этилиши мумкин.


15. Васийлик кенгаши раиси кенгаш йиғилишларига раислик қилади.


16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти "Меҳр дафтари" жамғармасининг ишчи органи (кейинги ўринларда - ишчи орган) ҳисобланади.


17. "Меҳр дафтари" жамғармаси маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси Васийлик Кенгаши ва ишчи орган таклифлари асосида ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланган харажатлар сметаси тегишли ҳудудий молия бош бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади.

Харажатлар сметасини шакллантиришда ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган йўналишдаги ишларнинг манзилли рўйхати ишчи орган томонидан шакллантирилади.


18. "Меҳр дафтари" жамғармасининг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда фойдаланилади.


19. Васийлик кенгаши:

"Меҳр дафтари" жамғармасига умумий раҳбарлик қилади ва унинг фаолиятини назорат қилади;

ҳар йили 25 декабргача "Меҳр дафтари" жамғармасининг келгуси йил учун даромадлар ва харажатларнинг йиллик параметрлари ҳамда йиллик иш режасини тасдиқлайди;

"Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларини ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган мақсадларга йўналтиради;

"Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларини тақсимлайди, зарур ҳолларда тасдиқланган харажатлар режаларига тегишли ўзгартиришлар киритади;

"Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилади;

"Меҳр дафтари" жамғармаси фаолиятини янада ривожлантириш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини ва техник кўмак маблағларини (грантларни) жалб этиш чораларини кўради;

"Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларини шакллантириш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш билан боғлиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.


20. Ишчи орган:

"Меҳр дафтари" жамғармасининг йиллик иш режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Васийлик кенгашига киритади;

Васийлик кенгаши аъзоларига кенгаш йиғилиши вақти ва ўтказиладиган жойи тўғрисида хабар беради;

Васийлик кенгаши йиғилишининг кун тартибига киритиладиган масалаларни тайёрлайди, йиғилиш баённомасини расмийлаштиради;

давлат томонидан берилган ижтимоий кўмак ва моддий ёрдам тўғрисидаги маълумотларни "Меҳр дафтари"да қайд этиб боради;

"Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мурожаатлари билан ишлайди.

Васийлик кенгаши қарори билан ишчи органга қўшимча вазифалар ҳам юкланиши мумкин.


21. "Меҳр дафтари" жамғармасининг бўш маблағларини тижорат банкларнинг депозитларида жойлаштириш тақиқланади.



5-БОБ. "МЕҲР ДАФТАРИ" ЖАМҒАРМАСИ

ҲИСОБОТИНИ ЮРИТИШ


22. "Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисобот Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан юритилади.


23. "Меҳр дафтари" жамғармаси даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 163-моддасига мувофиқ амалга оширилади.


24. Васийлик кенгаши раиси ҳар чоракда "Меҳр дафтари" жамғармаси даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига ҳисобот бериб боради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. "Меҳр дафтари" жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъулият Васийлик кенгашига юкланади.


26. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳудудий бошқармалари мазкур Низом доирасида амалга ошириладиган ишлар учун ажратиладиган маблағларнинг самарали ва мақсадли ишлатилишини назорат қилади.

27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



"Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар

ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни

қўллаб-қувватлаш жамғармаси васийлик кенгашининг

ТАРКИБИ

1. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими, Васийлик кенгаши раиси


2. Лавозимига кўра

-

Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси бошлиғи Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари


3. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармалари бошлиқлари


4. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шағар Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари


5. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи

6. Келишувга кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар прокурори


7. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Молия бош бошқармаси бошлиғи


8. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси бошлиғи


9. Келишувга кўра

-

"Микрокредитбанк" АТБ ҳудудий филиали раҳбари


10. Келишувга кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутати


11. Келишувга кўра

-

оммавий ахборот воситалари вакили


12. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири, Васийлик кенгаши котиби


       

Изоҳ. Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, Васийлик кенгаши таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

Васийлик кенгаши томонидан кенгаш таркибига давлат улушига эга бошқа тижорат банклари ҳам киритилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 18 январь