Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) қурилмалари қийматининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.01.2022 й. 24-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 17 январдаги

24-сон қарорига

1-ИЛОВА



Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо

этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан)

қурилмалари қийматининг бир қисмини

қоплаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) қурилмалари (кейинги ўринларда - муқобил энергия қурилмалари) қийматининг бир қисмини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қоплаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


қишлоқ хўжалиги ташкилотлари - лимон етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа ташкилотлар;


муқобил энергия қурилмаси - табиий газга нисбатан қайта тикланувчи энергия манбалари - қуёш нури, шамол, сувдан олинадиган электр ва иссиқлик энергиясини ҳосил қилувчи қурилма;


талабгорлар - муқобил энергия қурилмаларини сотиб олган ва унинг харажатларининг бир қисми қоплаб берилиши учун мурожаат қилган қишлоқ хўжалиги ташкилотлари;


субсидия - талабгорлар томонидан лимон етиштириладиган иссиқхоналар учун хорижий давлатлардан ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган муқобил энергия қурилмалари қийматининг Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб бериладиган қисми.


3. Қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан лимон етиштириш мақсадида иссиқхоналарда қўллаш учун сотиб олинган муқобил энергия қурилмалари қийматининг 30 фоизгача бўлган қисми Жамғарма маблағлари ҳисобидан бир марта қоплаб берилади.



2-БОБ. ТАЛАБГОРЛАРГА МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ

ҚУРИЛМАЛАРИ ҚИЙМАТИНИНГ БИР ҚИСМИНИ

ҚОПЛАБ БЕРИШ ТАРТИБИ


4. Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда харид қилинган муқобил энергия (табиий газга нисбатан) қурилмалари қийматининг бир қисми ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича қопланади.


5. Талабгорлар субсидия олиш учун ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ таркибда тузилган лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) қурилмалари қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи туман комиссиясига (кейинги ўринларда - Комиссия) мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда ёзма ёки электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади.


6. Комиссия беш иш кунида ўрнатилган қурилмани жойига чиққан ҳолда қуйидаги кўрсаткичлар асосида ўрганади:

талабгорлар томонидан ўрнатилган муқобил энергия қурилмалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ янги сотиб олинганлигини;

ўрнатилган муқобил энергия қурилмаларининг энергия жиҳатдан самарадорлик кўрсаткичларига (паспортига), техник талабларига мувофиқлиги ҳамда белгиланган тартибда ўрнатилганлиги;

ўрнатилган муқобил энергия қурилмаларининг лимон етиштириладиган иссиқхонани иситиш учун талаб этиладиган қувватга эгалиги ва иссиқхона майдонининг қурилма қувватига мувофиқлиги;

иссиқхона лойиҳа параметрларига мувофиқ қурилганлиги;

лимон кўчатларининг экилиш схемасига амал қилинганлиги.

Муқобил энергия қурилмалари мазкур банд талабларига мувофиқ бўлса, Комиссия ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда ижобий хулоса, агар номувофиқ бўлса салбий хулоса беради.


7. Талабгорлар ўрганиш натижаси юзасидан Комиссиянинг ижобий хулосасини олгандан сўнг беш иш кунида Агентликка ёзма ёки электрон шаклда қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилади:

юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), сўралаётган субсидиянинг суммаси, хизмат кўрсатувчи тижорат банки номи ва банкдаги ҳисобварағи кўрсатилган ҳолда субсидия бериш тўғрисида ариза;

муқобил энергия қурилмаларини сотиб олиш бўйича шартнома нусхаси ва тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

муқобил энергия қурилмаларининг техник паспорти;

Комиссиянинг ижобий хулосаси.


8. Агентлик талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни уч иш куни ичида ўрганиб чиқади.

Бунда тақдим қилинган ҳужжатлар ушбу Низомнинг 7-бандига мувофиқ бўлмаса, лойиҳа ташаббускорларини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор қилади.

Талабгорлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатларда камчиликлар борлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилингандан сўнг камчиликлар етти иш кунида бартараф қилинмаган тақдирда, ҳужжатлар талабгорларга қайтарилади.

Талабгорлар қайтарилган ҳужжатлар бўйича мавжуд камчиликларни тўлиқ бартараф этгандан сўнг Комиссияга қайта тақдим этиши мумкин.

Талабгорлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар ушбу Низом талабларига мувофиқ Жамғарма кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Кенгашнинг йиғилиши бир ойда камида бир маротаба ўтказилади.


9. Жамғарма кенгаши ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

муқобил энергия қурилмаларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун маблағлар ажратиш;

муқобил энергия қурилмаларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун маблағлар ажратишни рад этиш.

Жамғарма кенгашининг қарори хулоса шаклида расмийлаштирилади.


10. Қуйидаги ҳолларда субсидия ажратиш рад этилади:

тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар ҳақиқий ҳолатга тўғри келмаса;

талабгорлар муқобил энергия қурилмаларини имтиёзли шартларда бюджет маблағлари, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар кредитлари ёки бошқа субсидияларни тақдим қилиш шартлари асосида сотиб олган бўлса;

муқобил энергия қурилмаларини сотиб олиш юзасидан шартнома имзоланган кундан бошлаб бир йилдан ортиқ муддат ўтган бўлса;

тақдим этилган ҳужжатлар ушбу Низомнинг 7-бандига мувофиқ бўлмаса.

Мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа ҳолатлар асосида субсидия ажратиш рад этилишига йўл қўйилмайди.

Жамғарма кенгаши қароридан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишлари мумкин.


11. Агентлик Жамғарма кенгаши томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида талабгорларни бир иш куни ичида хабардор қилади.


12. Жамғарма кенгашининг қурилмаларни харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун маблағлар ажратиш тўғрисидаги қарори Агентлик ва талабгорлар ўртасида субсидия ажратиш тўғрисидаги шартномани расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.

Агентлик ва талабгорлар ўртасида уч иш куни ичида субсидия ажратиш тўғрисида шартнома расмийлаштирилади.

Қурилмалар қийматининг 30 фоизгача қисми субсидия сифатида Агентлик томонидан талабгорларнинг аризасида кўрсатилган асосий банк ҳисобварағига бир ой муддатда ўтказилади.



3-БОБ. МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ ҚУРИЛМАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ЮЗАСИДАН МОНИТОРИНГ

ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ


17. Талабгорлар муқобил энергия қурилмалари ўрнатилган иссиқхонада уларни беш йил давомида лимон етиштириш ва қурилмаларни соз ҳолатда сақлаган ҳолда фойдаланиши шарт.

Мазкур шарт талабгорлар билан Агентлик ўртасида субсидия ажратиш тўғрисида тузилган шартномада назарда тутилади.


18. Агентлик беш йил мобайнида субсидия ажратиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган талабларга риоя этилиши юзасидан кўпи билан йилда бир маротаба мониторинг олиб боради.

Мониторинг натижалари юзасидан Агентлик томонидан икки нусхада далолатнома тузилиб, далолатноманинг бир нусхаси Агентликда, иккинчи нусхаси талабгорларда сақланади.

Мониторинг ҳар йили октябрь ойидан келгуси йилнинг апрель ойига қадар ўтказилади.


19. Талабгорлар томонидан ушбу Низом 17-бандининг бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, уч иш кунида Агентлик томонидан ажратилган субсидияни қайтариш ҳақида талабгорларга ёзма хабарнома юборилади.


20. Талабгорлар ушбу хабарномаларни олган кундан эътиборан бир ой мобайнида олинган субсидияни Агентликнинг шартномада кўрсатилган махсус шахсий ғазна ҳисобварағига қайтариши лозим.

Ушбу банд талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқланган йилига қараб, субсидияни қайтариш қуйидаги миқдорда белгиланади:

1-йилда - 100 фоиз; 2-йилда - 80 фоиз; 3-йилда - 60 фоиз; 4-йилда - 40 фоиз; 5-йилда - 20 фоиз.


21. Талабгорлар ажратилган субсидияни белгиланган муддатда қайтармаган тақдирда, Агентлик субсидияни суд тартибида ундириш чораларини кўради.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Жамғарма томонидан ажратилган субсидиядан мақсадли фойдаланишни ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан белгиланган тартибда назорат қилинади.

22-1. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузуридаги Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини субсидиялаш бўйича Техник ишчи гуруҳ томонидан 2025 йил 1 январга қадар ушбу субсидиянинг самарадорлик кўрсаткичи баҳоланади. Бунда:

субсидияни ажратиш натижасида субсидия ажратилган субъектларнинг маҳсулот етиштириш ҳажми ошганда, шунингдек, муқобил энергияни жорий этиш орқали энергия тежашга эришилганда, субсидиянинг самарадорлик кўрсаткичи "ижобий";

субсидия олувчи субъект томонидан олинган субсидиядан фойдаланилмаётганлиги ёки ундан самарасиз фойдаланаётганлиги, шунингдек, субсидиялардан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги аниқланганда, субсидиянинг самарадорлик кўрсаткичи "салбий" деб баҳоланади.

23. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.




Низомга

1-ИЛОВА



Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни

барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан)

қурилмалари қийматининг бир қисмини қоплаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар




1-босқич


Талабгорлар

(Қишлоқ хўжалиги ташкилотлари)


Субсидия олиш учун Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) орқали ишлайдиган янги иситиш қурилмалари қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи туман комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.


Муқобил энергия қурилмаси ўрнатилган иссиқхона ишга туширилгандан сўнг




2-босқич


Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) орқали ишлайдиган янги иситиш қурилмалари қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи туман комиссияси


Талабгор томонидан ўрнатилган муқобил энергия қурилмаларининг жойига чиққан ҳолда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ янги сотиб олинганлигини, энергия жиҳатдан самарадорлик даражаси ҳамда белгиланган тартибда ўрнатилганлиги, лимон етиштириладиган иссиқхонани иситиш учун талаб этиладиган қувватга эгалиги ва иссиқхона майдонининг қурилма қувватига мувофиқлиги, иссиқхона лойиҳа параметрларига мувофиқ қурилганлиги, лимон кўчатларининг экилиш схемасига амал қилинганлигини ўрганади.


Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида




3-босқич


Талабгорлар

(Қишлоқ хўжалиги ташкилотлари)


Комиссиянинг ижобий хулосасини олгандан сўнг Агентликка ёзма ёки электрон шаклда ҳужжатларни тақдим қилади (Юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, сўралаётган субсидиянинг суммаси, жойлашган жойи, хизмат кўрсатувчи тижорат банки номи ва банкдаги ҳисобварағи кўрсатилган ҳолда субсидия бериш тўғрисида ариза, муқобил энергия қурилмаларини сотиб олиш тўғрисидаги шартнома нусхаси ва тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, муқобил энергия қурилмасининг техник паспорти).


Комиссиянинг ижобий хулосасини олгандан сўнг 5 кун ичида




4-босқич


Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги


1. Тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва белгиланган талабларга мувофиқ бўлса, Агентлик ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси кенгашининг навбатдаги йиғилишига киритади.


Ҳужжатлар тақдим қилинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида



2. Кенгашнинг маблағларини ажратиш ҳақидаги қарорига асосан талабгорларга субсидия ажратиш мақсадида шартнома имзолайди ва талабгорларнинг аризасида кўрсатилган асосий банк ҳисобварағига маблағларни ўтказади.

Рад этилса, бу ҳақда талабгорни хабардор қилади.


Кенгаш қарори қабул қилинган кундан бошлаб 1 ой ичида

5-босқич


Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги


Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари билан биргаликда шартномада кўрсатилган параметрлар ва мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг олиб боради.


Беш йил мобайнида, ҳар йил камида бир маротаба




6-босқич


Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги


Мониторинг ва назорат жараёнида шартнома шартлари бажарилмаганлиги ёки тўлиқ бажарилмаганлиги аниқланган тақдирда, ажратилган субсидияни белгиланган тартибда қайтариш чораларини кўради.


Талабгор субсидияни қайтариш ҳақида хабарнома олган кундан бошлаб 1 ой мобайнида







Низомга

2-ИЛОВА



Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо

этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) орқали

ишлайдиган янги иситиш қурилмалари қийматининг

бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратишга

кўмаклашувчи туман комиссиясининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Туман ҳокими, ишчи гуруҳ раҳбари


2. Туман ҳокими ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари


3. Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи


4. Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғи


5. Туман молия бўлими бошлиғи


6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлими бошлиғи

7. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши раиси


8. Туман қишлоқ хўжалиги бўлими масъул ходими, ишчи гуруҳ котиби




Низомга

3-ИЛОВА



Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни

барпо этишда муқобил энергия (табиий газга

нисбатан) орқали ишлайдиган янги иситиш

қурилмалари қийматининг бир қисмини

қоплаш учун субсидия ажратишга

кўмаклашувчи __________ туман

комиссиясига


"                                 "

раҳбари


(ташкилот номи)




томонидан


(Ф.И.О.)



АРИЗА

____________ ҳудудида фаолият кўрсатаётган "____________" фермер хўжалиги (МЧЖ) 20__ йил жами ___ гектар ер участкасининг ___ гектар майдонида _______________ усулида _____ сотих ҳажмдаги лимон етиштириладиган иссиқхонага ________________ муқобил энергия қурилмаси орқали (кўмир, ўтин, мазут) ________ иситиш қувватига эга бўлган _________ қурилма сотиб олиниб, ўрнатилди.

Муқобил энергия қурилмасини етказиб берувчи "______________" (МЧЖ) билан ____ _____ 20__ й. ____-сон шартнома имзоланган ҳамда шартнома предметидаги ишларни бажарилганлигини тасдиқловчи томонлар ўртасида далолатномалар имзоланди.

1. Муқобил энергия қурилмаси тўғрисида маълумот:

2. Тижорат банки номи: "___________" АТБ _____ филиали ва ҳисобварағи ________________________________________________________.

Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) орқали ишлайдиган янги иситиш қурилмалари қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи __________ туман комиссиясининг хулосасини беришингизни сўрайман.

Ушбу муқобил энергия қурилмасидан лимон етиштириш мақсадида камида 5 (беш) йил муддатга мақсадли, самарали ва шикаст етказмаган ҳолда фойдаланишга кафолат бераман

Тегишли ҳужжатлар илова қилинади.

"___________________" фермер хўжалиги (МЧЖ) раҳбари


(имзо)




Низомга

4-ИЛОВА



“ТАСДИҚЛАЙМАН"

__________ тумани ҳокими,

туман комиссияси раҳбари






(имзо)


(Ф.И.О.)



20__ йил "___" _________


Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо

этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) орқали

ишлайдиган янги иситиш қурилмалари қийматининг бир

қисмини қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи

__________ туман комиссиясининг

ХУЛОСАСИ

__________ туманида лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда муқобил энергия орқали ишлайдиган янги иситиш қурилмалари қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича __________ туман ишчи гуруҳи "__________" фермер хўжалигининг 20__ йил "___"_________даги "____"-сон мурожаати ўрганиб чиқилди ва қуйидагилар аниқланди:

1. Қишлоқ хўжалиги ташкилотининг номи: "_______________________" ____;

2. Иссиқхона ва муқобил энергия қурилмаси тўғрисида маълумот:

а) иссиқхона тури: ___________________, ____ сотих ўлчамли, лимон кўчати нави ва сони: _________ ____ та, экиш схемаси _______, экин майдони ___ га, ___ - контур рақами;

б) муқобил энергия тури: ______________ иситиш қуввати (ҳажми) _______

2. Муқобил энергия қурилмасини сотувчи номи ва у билан тузилган шартнома: "______________" (МЧЖ) ____ _____ 202__ й. ____-сон шартнома;

3. Тижорат банки номи: "___________" АТБ ________ филиали.

ХУЛОСА:

"______________" фермер хўжалиги томонидан жами ____ гектарда ___________________, ____ сотих ўлчамли лимон етиштириш учун барпо қилинган иссиқхонада "______________" ишловчи муқобил энергия қурилмаси ўрнатилган ва мазкур қурилма ____ сотих ўлчамдаги иссиқхонани иситиш учун ______ қувватга эга, ушбу қурилмадан камида беш йил мобайнида фойдаланиш шарти билан ______ млн сўм субсидия ажратиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Туман комиссияси аъзолари:

Т/р

Ф.И.О.

Имзо, муҳр

Лавозими

1.



Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари

2.



Туман ҳокими ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи

3.



Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи

4.



Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғи

5.



Туман молия бўлими бошлиғи

6.



Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши раиси

7.



Туман қишлоқ хўжалиги бўлими масъул ходими

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 18 январь