Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Бойсун баҳори" халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.02.2022 й. 59-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 7 февралдаги

59-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Бойсун баҳори" халқаро фольклор фестивалини

ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Бойсун баҳори" халқаро фольклор фестивали (кейинги ўринларда - Фестиваль)ни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Фестиваль 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта апрель ойида Бойсун туманида ўтказилади.

Бунда унинг аниқ муддати "Бойсун баҳори" халқаро фольклор фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда - Ташкилий қўмита) томонидан Фестиваль бошланишидан 30 кун олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


3. Фестиваль Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда - ташкилотчилар) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.


4. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш Ташкилий қўмита томонидан мувофиқлаштирилади.



2-БОБ. ФЕСТИВАЛНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Фестивалнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўзбек халқининг ўзига хос фольклор санъатини, шу жумладан, оғзаки шеърий ижодиёт, халқ достонлари, ҳунармандчилик, миллий либослар ва халқ ўйинлари, қадимий урф-одатларни сақлаб қолиш ҳамда уларни кенг тарғиб этиш;

хорижий давлатлар билан ҳамкорликда миллий маданиятлар уйғунлиги ва турфа хиллигини сақлаш ва ривожлантириш, номоддий маданий мероснинг энг яхши намуналарини муҳофаза қилиш ва ривожлантириш;

миллий анъаналарни асраб-авайлаш, ёшларда фольклор санъатига бўлган қизиқишни ошириш;

ўзбек халқининг маданиятини, хусусан, бетакрор фольклор санъатини, шу жумладан, Фестиваль доирасида ҳунармандчилик кўргазмалари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадриятлар ва анъаналарни кенг тарғиб этиш;

турли миллат вакилларини маънавий мулоқотга жалб этиш, миллий анъаналар асосида халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданий туризмни ривожлантириш.



3-БОБ. ФЕСТИВАЛНИ ЎТКАЗИШ

ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


6. Фестиваль ижро дастури асосида мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.


7. Ташкилотчилар томонидан Фестивалнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати (кейинги ўринларда - дастур ва асарлар рўйхати) тасдиқланади ҳамда Фестивални ўтказишнинг аниқ муддати билан бирга Фестиваль бошланишидан уч ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


8. Маданият вазирлиги дастур ва асарлар рўйхатини улар тасдиқлангандан кейин беш кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига етказади.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси дастур ва асарлар рўйхатини улар олингандан кейин уч кун муддатда фольклор ижрочилари ва жамоаларига етказади.


10. Ҳар бир иштирокчи Фестиваль ўтказилишидан 30 кун олдин Ташкилий қўмитага қуйидагиларни тақдим этади:

иштирокчининг маълумотномаси;

ижро дастури ва матни;

аудио ва видео диск.


11. Фестивалда:

якка ижрочилар, фольклор санъати бўйича 12 нафардан, миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишида 4 нафардан ошмаган таркибда ижодий жамоалар чиқишлари намойиш этилади;

ижро асарлари чиройли ва мазмунли чиқиши учун рақслардан ҳам фойдаланиш (бунда рақслар Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланмайди) мумкин;

барча ижро этиладиган асарлар ёддан ижро этилади.


12. Фестиваль қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

фольклор санъати (алла, ўлан, лапар, рақс, терма, маросим қўшиқлари ва ҳоказо);

миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати.


13. Фестивалга хорижий давлатлардан келадиган иштирокчилар ҳужжатлари ва материаллари тегишли давлатлардаги мутасадди ташкилотлар ва муассасалар томонидан Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари орқали тақдим этилади.


14. Номинация бўйича ҳар бир иштирокчининг чиқиш дастурлари ижроси 15 дақиқадан ошмаслиги керак.


15. Фестивалда иштирок этишда фонограммадан фойдаланишга йўл қўйилмайди.


16. Фестиваль доирасида илмий-ижодий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, сайиллар, концертлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.



4-БОБ. ФЕСТИВАЛЬ ИШТИРОКЧИЛАРИНИ

БАҲОЛАШ ВА ҲАЙЪАТ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Ташкилий қўмита томонидан 9-11 нафар аъзодан иборат Ҳакамлар ҳайъати таркиби ва Ҳайъат регламенти тасдиқланади.

Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари киритилади.


18. Фестиваль иштирокчиларининг ижро маҳорати Ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 10 баллик тизим бўйича баҳоланади ва ғолиблар аниқланади.


19. Баҳолаш жараёнида:

репертуарнинг бадиий қиймати (этнографик аниқлик ва асар қайта ишланиши ёки стилизациясидаги афзалликлар), материалда ҳудудий ўзига хосликларнинг акс этиши;

маҳорат савияси, халқ ижрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси;

оғзаки, мусиқий, ашулачилик ва рақс миллий анъаналари ижроси услублари ва йўлларининг мутаносиблиги;

безакнинг бадиий савияси (кийимлар, реквизит) ва унинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш;

декоратив-амалий ижод асарлари бадиий савияси асосий мезон ҳисобланади.


20. Иштирокчиларни баҳолашда Ҳакамлар ҳайъати мустақил ҳисобланади.


21. Танловнинг якуний натижалари Ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.


22. Халқаро ҳайъатнинг қарорлари қатъий ва қайта кўриб чиқилмайди.



5-БОБ. МУКОФОТЛАШ ТАРТИБИ


23. Фестиваль ғолиблари қуйидаги пул мукофотлари билан тақдирланадилар:

1-ўрин (ҳар бир номинация бўйича) - 3 500 АҚШ доллари;

2-ўрин (ҳар бир номинация бўйича) - 2 500 АҚШ доллари;

3-ўрин (ҳар бир номинация бўйича) - 1 500 АҚШ доллари.


24. Фестивалнинг ғолибларига Ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва Фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилади.

Халқаро ҳайъат қарори билан энг яхши деб топилган иштирокчилар ҳар бир номинация бўйича биттадан Лауреат дипломлари билан тақдирланадилар.

Бундан ташқари, ҳар бир номинацияда биттадан 1, 2 ва 3-даражали дипломлар, Фестиваль иштирокчиси дипломлари ҳамда ҳар бир қатнашчига махсус диплом берилади.


25. Фестиваль ташкилотчилари, давлат ва нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, корхоналар, муассасалар, жамғармалар, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар иштирокчилар учун махсус мукофотлар, совринлар, эсдалик совғалари ва махсус мукофотлар таъсис этишлари мумкин.



6-БОБ. ФЕСТИВАЛНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


26. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг Сурхондарё вилоятига келиб-кетиши, меҳмонхона ва овқатланиши билан боғлиқ харажатлар Фестиваль сметаси доирасида қопланади.


27. Фестиваль иштирокчиларининг уни ўтказиш белгиланган ҳудудга келиб-кетиши, меҳмонхона ва овқатланиши билан боғлиқ харажатлар уларни Фестивалда иштирок этишга юборган ташкилот томонидан ўз маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.


28. Хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги алоҳида меҳмонхона ва транспорт харажатлари уларни таклиф этган мезбон ташкилот ва муассасалар ёки меҳмонларнинг ўзлари томонидан қопланади.


29. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

30 фоизи - Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Маданият вазирлигига маданий тадбирлар учун ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобига;

70 фоизи - Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қопланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


30. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ кўрикларда, танловларда совринли ўринлар учун бериладиган совринлар, пул мукофотларига солиқ солинмайди, шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.


31. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши ва тўғри тўланишини назорат қилади.





Низомга

ИЛОВА



"Бойсун баҳори" халқаро фольклор

фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Амалга ошириладиган ишлар


Бажариш муддати



1-босқич

Ташкилотчилар


Фестивалнинг ижро дастури ва унда ижро этиладиган асарлар рўйхатини (кейинги ўринларда - рўйхат) тасдиқлайди


Фестиваль бошланишидан уч ой олдин









2-босқич

Ташкилий қўмита


Фестиваль ўтказиладиган аниқ муддатни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади


Фестиваль бошланишидан ўттиз кун олдин









3-босқич

Маданият вазирлиги


Рўйхатни Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига етказади


Фестивалнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати тасдиқлангандан сўнг беш кун муддатда









4-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси


Рўйхатни фольклор ижрочилари ва жамоаларига етказади


Фестивалнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати олингандан кейин уч кун муддатда









5-босқич

Фестиваль иштирокчилари


Фестивалда қатнашиш учун зарур ҳужжатларни Ташкилий қўмитага тақдим қилади


Фестиваль бошланишидан ўттиз кун олдин









6-босқич

Ташкилотчилар, Ташкилий қўмита


Фестивални ўтказади


Фестиваль ўтказиладиган йилнинг апрель ойида









7-босқич

Ташкилотчилар, Ташкилий қўмита


Фестиваль ғолибларини тақдирлайди


Фестиваль якуни бўйича



              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 февраль