Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги тиббий-ижтимоий муассасаларда пуллик хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 01.04.2022 й. 3360-сон билан рўйхатга олинган Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорининг 31.03.2022 й. 52-ИЧ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 1 апрелда 3360-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Тиббий-ижтимоий хизматларни

ривожлантириш агентлиги

директорининг

2022 йил 31 мартдаги

52-ИЧ-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий

хизматларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги

тиббий-ижтимоий муассасаларда пуллик хизмат

кўрсатиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) тизимидаги "Саховат" ва "Мурувват" интернат уйларида, Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, унинг ҳудудий марказларида, Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларда, Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида (бундан буён матнда тиббий-ижтимоий муассаса деб юритилади) пуллик хизмат кўрсатиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


пуллик хизматлар - мижозга тиббий-ижтимоий муассасаларда шартнома асосида ҳақ эвазига мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ кўрсатиладиган хизматлар;


мижоз - тиббий-ижтимоий муассасаларда шартнома асосида пуллик хизматлардан ўз ихтиёрига кўра фойдаланувчи жисмоний шахс.


2. Мижоз тиббий-ижтимоий муассасаларга бепул тиббий-ижтимоий хизмат олиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатсиз (масалан, ордер, йўлланма) бевосита мурожаат қилиши ҳамда пуллик хизматлардан шартнома асосида ҳақ эвазига фойдаланиши мумкин.


3. Тиббий-ижтимоий муассасаларда ташкил этиладиган пуллик хизматлар Давлат бюджетидан молиялаштирилиши белгиланган бепул хизматларнинг сифатига ва ҳажмига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим.


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 575-сон "Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига асосан пуллик хизматлардан фойдаланиш хоҳишини билдирган мижозларда тиббий-ижтимоий муассасаларга қабул қилишга қарши кўрсатмалар аниқланган тақдирда, улар белгиланган тартибда ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларига юборилади.



2-БОБ. ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ МУАССАСАЛАРДА

ПУЛЛИК ХИЗМАТЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Тиббий-ижтимоий муассасалар томонидан мижозларга кўрсатиладиган пуллик хизматлар мазкур Низомга 1-иловадаги рўйхатга мувофиқ ташкил этилади ва амалга оширилади.

Ушбу Низомга 1-иловада назарда тутилмаган пуллик хизматлар тиббий-ижтимоий муассасалар томонидан кўрсатилиши тақиқланади.


6. Тиббий-ижтимоий муассасаларда пуллик хизматларнинг прейскурант нархлари ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар Агентлик билан келишилган ҳолда тиббий-ижтимоий муассаса раҳбари томонидан тасдиқланади.


7. Тиббий-ижтимоий муассасаларда кейинги йил учун кўрсатиладиган пуллик хизматларнинг прейскурант нархлари тиббий-ижтимоий муассаса раҳбари томонидан ҳар йили 25 декабрга қадар тасдиқланади.


8. Мижозларга пуллик хизматларни кўрсатишда тиббий-ижтимоий муассасаларда қуйидагилар мавжуд бўлиши шарт:

мазкур Низомга 2-иловада назарда тутилган шаклда тиббий-ижтимоий муассасанинг қабулхонасида (бундан буён матнда қабулхона деб юритилади) жойлаштирилган мижозга кўрсатиладиган пуллик хизматлар ҳақида маълумот берувчи ахборот бурчаги;

ушбу Низомнинг 6-бандида белгиланган тартибда тасдиқланадиган пуллик хизматларнинг прейскурант нархлари;

мижозларга мазкур Низомга 1-иловада белгиланган пуллик хизматларни кўрсатиш учун даволаш ва муолажа хоналари;

пуллик хизмат кўрсатадиган шифокорлар (мутахассислар) ҳақида маълумотлар (унинг Ф.И.Ш., мутахассислиги, иш стажи, малака тоифаси, унинг соҳада эришган ютуқлари) тақдим этувчи ахборот бурчаги.



3-БОБ. ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ МУАССАСАЛАРГА

МИЖОЗЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ПУЛЛИК

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ


9. Тиббий-ижтимоий муассасага пуллик хизматдан фойдаланиш учун мурожаат қилган шахс қабулхонадаги масъул ходим томонидан қабул қилинади ҳамда тиббий-ижтимоий муассасада кўрсатиладиган пуллик хизматлар тўғрисида тушунтириш берилади.

Бунда, шахс тиббий-ижтимоий муассасада кўрсатиладиган пуллик хизматлардан фойдаланиш хоҳишини билдирган тақдирда қабулхона масъул ходими томонидан унга шахсини тасдиқловчи хужжат (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси) асосида амбулатор карта очилади.

Шунингдек, қабулхона масъул ходими томонидан пуллик хизматлардан фойдаланиш хоҳишини билдирган шахсга ушбу Низомнинг 6-бандида белгиланган тартибда тасдиқланадиган прейскурант бўйича шифокорнинг (мутахассиснинг) кўриги ҳамда дастлабки тиббий текширувлар учун ҳақ тўлаш зарурлиги тушунтирилади.


10. Мижоз прейскурант бўйича ҳақ тўлаганидан сўнг қабулхонадаги масъул ходим томонидан тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилиши, шу жумладан маслаҳат олиш учун шифокорга (мутахассисга) юборилади.

Бунда, қабулхона масъул ходими томонидан маслаҳат берувчи шифокорга (мутахассисга) амбулатор картани тақдим этиш зарурлиги тўғрисида мижозга тушунтирилиши лозим.


11. Шифокор (мутахассис) мижозга маслаҳат бериш вақтида уни дастлабки тиббий текширувдан ўтишга юборади. Бунда, дастлабки тиббий текширув натижалари бўйича мижозга асосли ташҳис қўйиш имкони бўлмаганда шифокор (мутахассис) томонидан унга нисбатан қўшимча тиббий текширувлар белгиланиши мумкин.

Текширув натижаларига кўра, шифокор (мутахассис) томонидан мижозга амбулатор ёки стационар шароитда тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилиши белгиланади.

Мижозга амбулатор ёки стационар шароитда тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилиши белгилангандан сўнг шифокор (мутахассис) мижознинг амбулатор картасини қабулхонадаги масъул ходимга топширади.


12. Мижозга стационар шароитда тиббий-ижтимоий хизматлар даволаш ва муолажа хоналарида кўрсатилади.


13. "Саховат" ва "Мурувват" интернат уйларида шартнома асосида пуллик тиббий-ижтимоий хизматнинг кундузги қатнов ҳамда интернат тизими ташкил этилиши мумкин.


14. Пуллик хизмат тиббий-ижтимоий муассаса ҳамда мижоз ўртасида расмийлаштириладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Томонлар ўртасида расмийлаштириладиган шартномада тиббий-ижтимоий хизматларнинг ҳар бир йўналиши бўйича асосий қоидалар, тиббий-ижтимоий муассасанинг вазифалари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги, шу жумладан тўлов шартлари алоҳида кўрсатилади.

Пуллик хизмат кўрсатиш юзасидан шартнома икки нусхада тузилади ҳамда мижоз, унинг ҳомийси (у мавжуд бўлганда) ва тиббий-ижтимоий муассаса раҳбари томонидан имзоланади.

Шартноманинг бир нусхаси мижозга ёки унинг ҳомийсига (у мавжуд бўлганда) берилади, иккинчи нусхаси тиббий-ижтимоий муассасанинг ҳужжатлар йиғма жилдларида сақлаш учун қолдирилади.


15. Кўрсатилган пуллик хизмат натижасида мижознинг соғлиғида салбий оқибатлар юзага келганда, унга етказилган зарар тиббий-ижтимоий муассасанинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда, мазкур етказилган зарар тиббий-ижтимоий муассаса томонидан нотўғри хатти-ҳаракат содир этган шифокордан (мутахассисдан) қонунчиликда белгиланган тартибда ундириб олиниши мумкин.


16. Мижоз тиббий-ижтимоий муассасадан чиқиш вақтида кўрсатилган пуллик хизматлар юзасидан бажарилган ишлар далолатномаси тузилади ва далолатномага асосан якуний ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилади.

Бунда, мижоз томонидан тўланмасдан қолган маблағлар тўлиқ қопланиши ёки ортиқча тўланган маблағнинг қайтарилиши ўзаро ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилади.


17. Пуллик хизматлар юзасидан мижозлар билан тузиладиган шартномаларни ва якуний ҳисоб-китоб далолатномаларини расмийлаштириш тиббий-ижтимоий муассасанинг бухгалтерия хизмати томонидан амалга оширилади.


18. Мижоз ёки унинг ҳомийси мижоз учун зарур бўлган қўшимча тиббий-ижтимоий хизмат ҳажми учун тўловни рад этган тақдирда, қиймати тўланган пуллик хизматларни мижоз тўлиқ ҳажмда олгандан кейин тегишли даволаш-профилактика муассасасига мурожаат қилиши тушунтирилган ҳолда тиббий-ижтимоий муассасадан чиқарилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2021 йил 25 мартдаги ПФ-6195-сон "Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, "Саховат" ва "Мурувват" интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ пуллик хизматлардан жами тушган маблағларнинг 2 фоизи Агентликнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига йўналтирилади.

Бунда, пуллик хизматлардан тушган жами маблағларнинг 2 фоизи Агентликнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига йўналтирилиши ҳар ой учун кейинги ойнинг 5 санасига қадар амалга оширилади.


20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


21. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий

хизматларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги

тиббий-ижтимоий муассасалар томонидан мижозларга

кўрсатиладиган пуллик хизматлар турлари

РЎЙХАТИ


1-боб. "Саховат" ва "Мурувват" интернат уйлари,

Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат

фахрийлари учун санаторийлар, Уруш ва меҳнат фахрийлари

учун республика пансионатида кўрсатиладиган пуллик

тиббий-ижтимоий хизматлар:


1. Мутахассис кўриги;


2. Ётоқ ўрин билан таъминлаш;


3. Озиқ-овқат билан таъминлаш;


4. Клиник таҳлиллар;


5. Биохимик таҳлиллар;


6. Функционал ташхислаш;


7. Физиотерапевтик муолажалар;


8. Уқалаш;


9. Даволаш бадантарбияси;


10. Дори юбориш (мушак орасига, қон томир ичига, бўғим ичига);


11. Дори воситалари;


12. Тиббий буюмлар.



2-боб. Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш

ва протезлаш миллий маркази, унинг ҳудудий марказларида

кўрсатиладиган пуллик тиббий-ижтимоий хизматлар:


1. Мутахассис кўриги;


2. Ётоқ ўрин билан таъминлаш;


3. Озиқ-овқат билан таъминлаш;


4. Клиник таҳлиллар;


5. Биохимик таҳлиллар;


6. Функционал ташхислаш;


7. Нур ташхислаш;


8. Физиотерапевтик муолажалар;


9. Уқалаш;


10. Даволаш бадантарбияси;


11. Жарроҳлик амалиётлари;


12. Оғриқсизлантириш;


13. Гипс боғлами ўрнатиш;


14. Жароҳатдаги боғламни алмаштириш;


15. Дори юбориш (мушак орасига, қон томир ичига, бўғим ичига);


16. Дори воситалари;


17. Тиббий буюмлар.






Низомга

2-ИЛОВА



НАМУНА

            

(тиббий-ижтимоий муассаса номи)

Мижозга кўрсатиладиган пуллик хизматлар

ҳақида маълумот берувчи

АХБОРОТ БУРЧАГИ

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 1 апрель