Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.04.2022 й. ПФ-115-сон "Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

25.04.2022 й.

N ПФ-115



БОЖХОНА ҲУДУДИДА ҚАЙТА ИШЛАШ

БОЖХОНА РЕЖИМИ ҚЎЛЛАНИЛИШИНИ

СОДДАЛАШТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланишни таъминлаш, экспортни қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштириш тартиботларини соддалаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш бўйича операциялар қуйидагилардан иборатлиги маълумот учун қабул қилинсин:

олиб кирилган товарни унинг дастлабки хоссалари ва индивидуал кўрсаткичларини ўзгартириб, лекин қайта ишлаш маҳсулотида уни идентификациялаш имконини берувчи товар хусусиятларини сақлаган ҳолда бевосита қайта ишлаш ёки унга ишлов бериш;

олиб кирилган товардан фойдаланган ҳолда бошқа товар тайёрлаш, монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш, товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш ва таркибий қисмларини алмаштириш;

қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга кўмаклашувчи ёки уларнинг ишлаб чиқарилишини енгиллаштирувчи бошқа товарлардан, агар бу товарлар қайта ишлаш жараёнида тўлиқ ёки қисман ишлатилса, хомашё сифатида фойдаланиш.


2. 2022 йил 1 майдан бошлаб божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи соддалаштирилган тартиби жорий этилсин:

а) товарларни қадоқлаш, ўраш (шу жумладан, қайта ўраш), саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари ҳисобланади;

б) товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришда товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини мажбурий тасдиқлаш ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани тақдим этиш талаб этилмайди;

в) қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормалари агар ушбу нормалар белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса, уларни қайта ишлаш технологияси, ишлаб чиқариш ва (ёки) юк операцияларидаги йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда, қайта ишловчи субъект томонидан тасдиқланади ва божхона органига тақдим этилади.

Тақдим этилган чиқиш нормалари божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатномаларда қайд этилади ҳамда унинг ҳаққонийлиги учун қайта ишловчи субъект жавобгар ҳисобланади;

г) айнан бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш бўйича, контрактлар сонидан қатъи назар, 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга божхона органи томонидан умумий рухсатнома берилади. Бунда, ҳар бир қайта ишлаш операцияси (контракт) учун чиқиш нормаси тақдим этилади;

д) махсус иқтисодий зона иштирокчилари ва ваколатли иқтисодий операторлар учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тартиби қўлланилмайди;

е) қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни "эркин муомалага чиқариш" божхона режимига расмийлаштиришда божхона божи ундирилмайди;

ж) товарларни қайта ишловчи ваколатли шахслар ҳар чоракда Давлат божхона қўмитасининг ахборот тизими орқали божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига риоя қилинганлиги тўғрисида ҳисоботларни Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинган шаклга мувофиқ тақдим этади.


3. Белгилансинки:

товарлар экспорти учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган божхона йиғимлари ставкалари, имтиёзлар, преференциялар ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқачоралар, шу жумладан темир йўлда ташиш тарифлари, субсидиялар ва компенсациялар "реэкспорт" божхона режимида олиб чиқиладиган қайта ишлаш маҳсулотларига ҳам татбиқ этилади;

божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашнинг мақсади товарларни таъмирлаш бўлса, товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатнома талаб этилмайди;

товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатнома ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси томонидан кейинчалик бошқа шахсга (агар ушбу шахс мазкур рухсатнома бўйича барча мажбуриятларни ўз зиммасига олса) ўтказилиши мумкин;

ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг аризасига асосан божхона органи товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш учун рухсатномаларда қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормаларига, қайта ишлаш манзилига, томонларнинг реквизитларига, қайта ишлаш муддатига қонунчиликка зид бўлмаган ўзгартиришлар (қўшимчалар) киритиш ҳуқуқига эга.


4. Мазкур Фармонда назарда тутилган соддалаштирилган тартибни мувофиқлаштириш, унинг самарали ташкил этилишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари орасида тарғиб қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати тузилмасида божхона органларининг умумий чекланган штат бирликлари доирасида 8 та штат бирлигидан иборат Божхона ҳудудида/ташқарисида қайта ишлаш божхона режимини такомиллаштириш бўйича бошқарма ташкил этилсин.


5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида мавжуд тайёр инфратузилмадан самарали фойдаланиб, божхона ҳудудида қайта ишлаш бўйича янги лойиҳаларни ушбу зоналарга жойлаштириш чораларини кўрсин.

Бунда, қайта ишлаш орқали электротехника ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини "Ургут", тайёр кийим-кечакларни "Чуст", маиший электротехника маҳсулотларини "Навоий" ва "Қўқон", фармацевтика маҳсулотларини "Бўстонлиқ", маиший ва саноат кимё маҳсулотларини "Ангрен" ва "Чирчиқ" эркин иқтисодий зоналарида жойлаштириш инобатга олинсин.


6. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда:

а) бир ой муддатда божхона ҳудудида қайта ишлаш учун зарур бўлган технологик асбоб-ускуналар рўйхатини шакллантириб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 июндаги 352-сон қарори билан тасдиқланган рўйхатни кенгайтиришни;

б) икки ой муддатда:

муайян турдаги товарларни божхона ҳудудида/ташқарисида қайта ишлашда амалга оширилиши чекланган айрим операцияларнинг рўйхати ва муайян турдаги товарларга нисбатан божхона ҳудудида/ташқарисида қайта ишлашга йўл қўйилмайдиган ҳолатларни;

айрим турдаги товарларни қайта ишлаш маҳсулотларининг стандарт чиқиш нормаларини белгилашни назарда тутувчи қарор лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Давлат божхона қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда:

бир ой муддатда хорижий давлатлардан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотиш тизимини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 июлдаги "Божхона маъмуриятчилиги ва тартиб-таомилларини янада соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 429-сон қарорига мувофиқ амалиётга киритилган "олиб кириш" ҳамда "олиб чиқиш" каби ташқи савдо контрактларини оммалаштиришга қаратилган, тақдимотлар, ўқитишларни ташкил этсин;

доимий равишда товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш, "божхона омбори", "эркин омбор", "реэкспорт" божхона режимларига расмийлаштириш тартиб-таомилларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларига амалий кўмаклашиш чораларини кўриб борсин;

товарларни мазкур режимларга расмийлаштиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, шунингдек, зарур ҳолларда, божхона ва бошқа тартиб-таомилларни янада соддалаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифларни киритиб борсин;

тадбиркорлик субъектларига яратилган қулайликларни етказиш ҳамда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида, ҳар олти ойда бир марта "тадбиркорлар ҳафталиги" лойиҳасини амалга оширсин.

Белгилансинки, "реэкспорт" божхона режимида олиб чиқиладиган товарларга нисбатан товарлар экспорти учун қонунчиликда белгиланган божхона йиғимлари ставкалари татбиқ этилади.


8. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда:

божхона ҳудудида қайта ишлаш билан шуғулланадиган корхоналар тўғрисидаги маълумотлар ва улар кўрсатадиган қайта ишлаш хизматлари;

республиканинг асосий талаби импорт ҳисобидан қопланаётган тайёр маҳсулотларни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё ва материалларнинг янгилаб бориладиган рўйхатини Электрон кооперация порталига жойлаштириб боришни таъминласин.


9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Давлат божхона қўмитаси, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятини, шунингдек, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимининг афзалликларини очиб бериш учун нашрлар, эшиттиришлар ва тематик теледастурлар ташкил қилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.


11. Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Давлат божхона қўмитаси раиси А.Ю. Мавлонов белгилансин.

Мазкур Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.A. Қўчқоров ва С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 25 апрелдаги

ПФ-115-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

қўшимча ва ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5414-сон Фармони 4-бандининг иккинчи хатбошиси "божхона режимларига" сўзларидан кейин "(бундан божхона ҳудудида/ташқарисида қайта ишлаш божхона режими мустасно)" сўзлари билан тўлдирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябрдаги "Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5587-сон Фармони 1-бандининг биринчи хатбошиси "реализация қилишдан тушган умумий тушумида экспорт" сўзларидан кейин ", шунингдек "реэкспорт" божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқиш" сўзлари билан тўлдирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 октябрдаги "Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6091-сон Фармони 1-бандининг биринчи хатбошиси "экспорт қилувчиларга, шу жумладан асосий фаолият тури савдо-воситачилик бўлган экспорт қилувчиларга" сўзларидан кейин "ҳамда "реэкспорт" божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқувчиларга" сўзлари билан тўлдирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 сентябрдаги "Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6306-сон Фармонида:


а) 2-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан йиллик экспорт ҳажми (шу жумладан "реэкспорт" божхона режимида олиб чиқилган қайта ишлаш маҳсулотлари) ҳажми 20 миллион АҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт (шу жумладан қайта ишлаш маҳсулотлари реэкспорти) билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар 5 миллион АҚШ долларигача миқдорда ҳамда бир йилгача муддатга тақдим этилиши";


б) 4-банднинг учинчи хатбошиси "Европа мамлакатларига қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилишда" сўзларидан кейин "ҳамда "реэкспорт" божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқишда" сўзлари билан тўлдирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 майдаги "Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4337-сон қарорида:


а) 1-банднинг биринчи хатбошиси "экспорт қилувчиларга" сўзларидан кейин ", шу жумладан "реэкспорт" божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқувчиларга" сўзлари билан тўлдирилсин;


б) 3-банднинг биринчи хатбошиси "Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар" сўзларидан кейин ", шу жумладан қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқувчилар" сўзлари билан тўлдирилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги "Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4707-сон қарори 1-бандининг биринчи хатбошиси "маҳсулотларни экспорт қилишда" сўзларидан кейин ", шунингдек қайта ишлаш маҳсулотларини "реэкспорт" божхона режимида олиб чиқишда" сўзлари билан тўлдирилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги "2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4949-сон қарори 3-бандининг биринчи хатбошиси "маҳаллий экспортчи" сўзларидан кейин ", шунингдек қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқадиган" сўзлари билан тўлдирилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги "Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-5087-сон қарори 1-бандининг "б" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"б) Экспортни рағбатлантириш агентлиги экспорт қилувчилар томонидан товарлар улар бўйича тўловларни кечиктириб тўлаш шарти билан экспорт қилинганда (шу жумладан корхоналар томонидан қайта ишлаш маҳсулотларини "реэкспорт" божхона режимида олиб чиқилганда), уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитларни молиялаштиришга тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этади. Бунда, ушбу ресурслар ҳисобидан кредитлар тўловлар кечиктирилган муддатга ва олиб чиқилаётган маҳсулотлар қиймати миқдорида, бироқ 3 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда, йиллик 4 фоизли ставка (шундан, 2 фоизи банк маржаси) билан ажратилади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 26 апрель