Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 19 "Ходимларнинг даромадлари" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 9-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

9-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 19 "ХОДИМЛАРНИНГ ДАРОМАДЛАРИ"



Мақсад


1. Мазкур стандартнинг мақсади ходимларнинг даромадларини ҳисобга олиш ва улар бўйича маълумотларни ёритиб бериш тартибини белгилашдан иборат. Мазкур стандарт ташкилотлардан қуйидагиларни тан олишни талаб этади:

(a) ходим келгусида тўланадиган ҳақ эвазига хизмат кўрсатганда - мажбуриятни; ва

(б) ташкилот ходим томонидан ходимларнинг даромадлари эвазига кўрсатилган хизмат натижасида юзага келадиган иқтисодий нафни сарфланганда - харажатни.



Қўллаш доираси


2. Мазкур стандарт иш берувчи томонидан ходимларнинг даромадларини ҳисобга олишда қўлланиши лозим, бундан 2-сон МҲХС "Акцияга асосланган тўлов" қўлланадиган ходимларнинг даромадлари мустасно.


3. Мазкур стандарт ходимларнинг даромадлари дастурлари бўйича ҳисобот берилишига нисбатан қўлланмайди (26-сон БҲХС "Пенсия дастурлари бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи"га қаранг).


4. Мазкур стандарт қўлланадиган ходимларнинг даромадлари қуйидаги асосда тақдим этиладиган ходимлар даромадларидан иборат:

(a) ташкилот билан индивидуал ходимлар, ходимлар гуруҳи ёки уларнинг вакиллари ўртасидаги расмий дастурлар ёки бошқа расмий келишувлар асосида;

(б) ташкилотдан бир нечта иш берувчиларнинг миллий, давлат, соҳа ёки бошқа умумий дастурларига тўловларни амалга ошириши талаб этиладиган қонунчилик талаблари асосида ёки соҳа келишувлари асосида; ёки

(в) конструктив жавобгарликни юзага келтирадиган норасмий амалиётлар орқали. Норасмий амалиётлар ташкилот ходимларнинг даромадларини тўлашдан бошқа реал муқобилга эга бўлмайдиган конструктив жавобгарликни юзага келтиради. Конструктив жавобгарликка мисол тариқасида, ташкилотнинг норасмий амалиётларидаги ўзгариш унинг ходимлар билан муносабатларига қабул қилиб бўлмайдиган зарарга сабаб бўлган ҳолатни келтириш мумкин.


5. Ходимларнинг даромадлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) ходимлар тегишли хизматларни кўрсатадиган йиллик ҳисобот даври охиридан кейинги ўн икки ой ичида тўлиқ сўндирилиши кутиладиган қуйидагилар каби ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари:

(i) иш ҳақлари, маошлар ва ижтимоий ҳимоя бадаллари;

(ii) ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили ва ҳақ тўланадиган меҳнатга лаётқатсизлик таътили;

(iii) фойдани бўлишиш ва мукофотлар; ва

(iv) амалдаги ходимларнинг номонетар кўринишда олган даромадлари (масалан, тиббий хизмат, уй ёки автомобиль билан таъминлаш ҳамда бепул ёки имтиёзли нархлардаги товарлар ёки хизматлар);

(б) қуйидагилар каби мехнат фаолиятидан кейинги даромадлар:

(i) пенсия тўловлари (масалан, пенсиялар ва пенсияга чиқиш бўйича бир марталик тўловлар); ва

(ii) мехнат фаолиятидан кейинги бошқа даромадлар, масалан мехнат фаолиятидан кейинги ҳаёт суғуртаси ва меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий хизмат;

(в) қуйидагилар каби ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари:

(i) узоқ муддат ишлаганлиги учун тўланадиган таътил, масалан узоқ муддатли хизмат учун қўшимча таътил ёки ижодий таътил;

(ii) юбилейга бериладиган мукофотлар ёки бошқа узоқ муддатли хизмат учун ҳақлар; ва

(iii) меҳнат лаёқатини йўқотганлиги учун узоқ муддатли нафақалар; ва

(г) ишдан бўшатиш нафақалари.


6. Ходимларнинг даромадлари ходимларга ёки уларнинг қарамоғидагиларга ёки бенефициарларга тақдим этиладиган ҳамда бевосита ходимларга, уларнинг турмуш ўртоқларига, фарзандларига ёки бошқа қарамоғидагиларига ёки бошқаларга, масалан суғурта компанияларига тўланадиган тўловлар (ёки шартли товарлар ёки хизматлар билан таъминлаш) орқали ҳисоб-китоб қилиниши мумкин бўлган ходимларнинг даромадларини ўз ичига олади.


7. Ходим ташкилотга тўлиқ бандлик, қисман бандлик, доимий, бир марталик ёки вақтинчалик асосда хизмат кўрсатиши мумкин. Мазкур стандарт мақсадлари учун, ходимлар тушунчаси директорлар ва бошқа раҳбарият ходимларини ҳам ўз ичига олади.



Таърифлар


8. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:



Ходимларнинг даромадларига оид таърифлар


Ходимларнинг даромадлари - бу ходимлар кўрсатган хизмати эвазига ёки ишдан бушатилиши сабабидан ташкилот томонидан тақдим этиладиган товонларнинг барча шаклларидир.

Ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари - бу ходимлар тегишли хизматларни кўрсатган йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши кутилаётган ходимларнинг даромадларидир (ишдан бўшатиш нафақаларидан ташқари).

Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар - бу меҳнат фаолияти якунлангандан сўнг ходимларга тўланадиган даромадалардир (ишдан бўшатиш нафақалари ва ходимларнинг қисқа муддатли даромадларидан ташқари).

Ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари - бу ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари, меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлари ва ишдан бўшатиш нафақаларидан ташқари ходимларнинг барча даромадларидир.

Ишдан бўшатиш нафақалари - бу қуйидагилар натижасида ходимнинг меҳнат фаолиятини тўхтатиш эвазига тақдим этиладиган ходимларнинг даромадлари:

(a) одатдаги пенсияга чиқиши санасидан олдин ходимнинг меҳнат фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ташкилотнинг қарори натижасида; ёки

(б) меҳнат фаолиятини тўхтатиш эвазига таклиф қилинаётган нафақани олиш тўғрисида ходим томонидан қабул қилинадиган қарор натижасида.



Дастурларнинг таснифланишига оид таърифлар


Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари - бу уларга асосан ташкилот бир ёки бир нечта ходимларига меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар билан таъминлайдиган расмий ёки норасмий келишувлар ҳисобланади.

Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари - бу уларга асосан ташкилот бошқа алоҳида ташкилот (фонд) га қатъий белгиланган бадалларни тўлайдиган ва агар ушбу фонд ходимларнинг жорий ва олдинги даврлардаги хизматига тегишли барча даромадларини тўлаш учун етарли активга эга бўлмаса ҳам, ташкилот қўшимча бадалларни тўлаш бўйича юридик ёки конструктив жавобгарликка эга бўлмайдиган ходимларнинг меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари ҳисобланади.

Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари - бу белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурларидан бошқа меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурларидир.

Бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастурлари - бу белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари (ходимлар даромадлари бўйича давлат дастурларидан ташқари) ёки белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари (ходимлар даромадлари бўйича давлат дастурларидан ташқари) бўлиб, улар:

(a) умумий назоратда бўлмаган турли ташкилотлар томонидан киритилган активларни бирлаштиради; ва

(б) ушбу активлардан иш берувчи ташкилотга боғлиқ бўлмаган тарзда ходимларга бадал ва даромад даражалари аниқланадиган асосда, бирдан ортиқ ташкилотларнинг ходимларига даромадларни тўлашда фойдаланади.



Белгиланган тўловлар бўйича соф

мажбурият (актив) га оид таърифлар


Белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив) - бу дефицит ёки профицит бўлиб, у белгиланган тўловлар бўйича соф активни, ушбу активнинг юқори чегарасигача чеклашнинг ҳар қандай таъсирига тузатилган қийматидир.

Дефицит ёки профицит бу:

(a) белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматидан

(б) дастур активларининг (агар мавжуд бўлса) ҳаққоний қиймати чегирилганидир.

Активнинг юқори чегараси - дастурдан маблағлар қайтарилиши ёки дастурга нисбатан келгуси бадалларда камайишлар шаклида мавжуд бўлган ҳар қандай иқтисодий нафларнинг жорий қийматидир.

Белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қиймати - бу, дастурнинг ҳар қандай активларини чегирмаган ҳолда, жорий ва олдинги даврлардаги ходимлар хизмати натижасида юзага келган жавобгарликни ҳисоб-китоб қилиш учун кутилаётган келгуси тўловларнинг талаб этилган жорий қийматидир.

Дастур активлари қуйидагиларни қамраб олади:

(a) ходимларнинг узоқ муддатли даромадлари бўйича жамғармага тегишли активлар; ва

(б) квалификацияланадиган суғурта полислари.

Ходимларнинг узоқ муддатли даромадлари бўйича жамғармага тегишли активлар - бу шундай активларки, бундай активлар (ҳисобот берадиган ташкилот томонидан чиқарилган ўтказилмайдиган молиявий инструментлардан ташқари):

(a) ҳисобот берувчи ташкилотдан юридик жиҳатдан алоҳида бўлган ва фақатгина ходимларнинг даромадларини тўлаш ёки молиялаштириш учун ташкил қилинган ташкилот (жамғарма) томонидан эгалик қилинади; ва

(б) фақатгина ходимларнинг даромадларини тўлаш ёки молиялаштириш учун фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, (ҳаттоки банкрот ҳолатида ҳам) ҳисобот берувчи ташкилотнинг кредиторларига тўланмайдиган ва қуйидагилар содир бўлмагунча, ҳисобот берувчи ташкилотга қайтарилмайдиган активлардир:

(i) жамғарманинг қолган активлари дастурнинг ёки ҳисобот берувчи ташкилотнинг ходимларга тегишли барча даромадлар бўйича жавобгарликларини тўлаш учун етарли; ёки

(ii) аллақачон тўланган ходимларнинг даромадлари бўйича активлар ҳисобот берувчи ташкилотга қоплаш сифатида қайтарилган.

Квалификацияланадиган суғурта полиси - бу, агар суғурта полиси бўйича пул маблағлари тушиши қуйидаги шартларга жавоб берса, ҳисобот берувчи ташкилотга ўзаро боғлиқ бўлмаган томон (24-сон БҲХС "Боғлиқ томонлар тўғрисида маълумотларни ёритиб бериш"да таърифланганидек) ҳисобланувчи суғурталовчи томонидан чиқариладиган суғурта полисидир*:

(a) белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури асосида фақатгина ходимларнинг даромадларини тўлаш ёки молиялаштириш учун фойдаланилса; ва

(б) ҳисобот берувчи ташкилотнинг кредиторларига тўланмаса (ҳаттоки банкрот ҳолатида ҳам) ва қуйидагилар содир бўлмагунча, ҳисобот берувчи ташкилотга қайтарилмаса:

(i) пул маблағлари тушиши полис барча тегишли ходимларга даромадлар бўйича жавобгарликларини тўлаш учун зарур бўлмайдиган активларнинг профицитини акс эттиради; ёки

(ii) тушумлар аллақачон тўланган ходимларнинг даромадлари бўйича ҳисобот берувчи ташкилотга қоплаш сифатида қайтарилганда.

Ҳаққоний қиймат - бу баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишдан олиниши ёки мажбуриятни ўтказиш учун тўланиши мумкин бўлган нархдир. (13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"га қаранг.)



Белгиланган тўловлар бўйича сарфларга оид таърифлар


Хизмат қиймати қуйидагиларни қамраб олади:

(a) ходимларнинг жорий даврда кўрсатган хизмати натижасида юзага келадиган белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматидаги кўпайиш ҳисобланадиган жорий даврда кўрсатилган хизматлар қийматини;

(б) дастурга ўзгартириш киритиш (белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурига ўзгаришларни киритиш ёки чиқариб ташлаш) ёки уни қисқартириш (ташкилотнинг дастур қамраб олган ходимлари сонини сезиларли камайтириш) натижасида юзага келадиган ходимларнинг олдинги даврларда кўрсатган хизматлари  учун белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматидаги ўзгариш ҳисобланадиган олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қийматини; ва

(в) ҳисоб-китоб қилинганда ҳосил бўладиган ҳар қандай фойда ёки зарар.

Белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоиз - бу давр мобайнида вақт ўтиши билан юзага келадиган белгиланган тўловлар бўйича соф мажбуриятдаги (активдаги) ўзгаришдир.

Белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни қайта баҳолашлар қуйидагиларни қамраб олади:

(a) актуар фойда ва зарарлар;

(б) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизга киритилган суммаларни истисно қилган ҳолда пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромадни; ва

(в) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизга киритилган суммаларни истисно қилган ҳолда активнинг юқори чегараси таъсиридаги ҳар қандай ўзгаришни.

Актуар фойда ва зарарлар - бу белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматидаги ўзгаришлар бўлиб, у қуйидагилар натижасида юзага келади:

(a) тажриба асосида киритиладиган тузатишлар (олдинги актуар фаразлар билан ҳақиқатда содир бўлган ҳодиса ўртасидаги тафовутларнинг таъсирлари); ва

(б) актуар фаразлардаги ўзгаришларнинг таъсирлари.

Пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромад - бу дастур активлари бўйича ўзлаштирилган ва ўзлаштирилмаган фойдалар ёки зарарлар билан бирга, тизим активлари бўйича олинган фоизлар, дивидендлар ва бошқа даромадлардан қуйидагиларнинг чегирилганидир:

(a) дастур активларини бошқариш бўйича ҳар қандай сарфлар; ва

(б) дастурнинг ўзи томонидан тўланадиган ҳар қандай солиқ, бунда белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматини баҳолашда фойдаланилган актуар фаразларга киритилган солиқдан ташқари.

Ҳисоб-китоб қилиш - бу белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури асосида таъминланган даромадларнинг айрим қисми ёки ҳаммаси бўйича барча кейинги юридик ёки конструктив жавобгарликларни бартараф этадиган операциядир, бундан тизим шартларида қайд қилинган ва актуар фаразларда ҳисобга олинган ходимларга, ёки улар номидан, тўланадиган даромадлар истисно.



Ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари


9. Ходимларнинг даромадлари улар хизмат кўрсатган йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши кутилса, ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари қуйидаги моддаларни ўз ичига олади:

(a) иш ҳақлари, маошлар ва ижтимоий ҳимоя бадаллари;

(б) ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили ва тўланадиган касаллик таътили;

(в) фойдани бўлишиш ва мукофотлар; ва

(г) ходимларнинг жорий номонетар тарздаги даромадлари (масалан, тиббий хизмат, уй ёки автомобиль билан таъминлаш ҳамда бепул ёки имтиёзли нархлардаги товарлар ёки хизматлар).


10. Ташкилот томонидан ҳисоб-китоб муддати бўйича кутишлар вақтинчалик ўзгарганида ташкилотдан ходимларнинг қисқа муддатли даромадларини қайта таснифлаш талаб этилмайди. Лекин, агар даромаднинг хусусиятлари ўзгарса (масалан, жамғариладиган даромаддан жамғарилмайдиган даромадга ўзгарса) ёки агар ҳисоб-китоб муддати бўйича кутишлардаги ўзгариш вақтинчалик бўлмаса, ташкилот ушбу даромад ҳали ҳам ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари таърифига тўғри келишини кўриб чиқади.



Тан олиш ва баҳолаш


Ходимларнинг барча қисқа муддатли даромадлари


11. Ходим ташкилотга ҳисобот даври мобайнида хизмат кўрсатган бўлса, ташкилот ушбу хизмат эвазига ходимга тўланиши кутилаётган қисқа муддатли даромаднинг дисконтланмаган суммасини қуйидагича тан олиши лозим:

(a) мажбурият (ҳисобланган харажат) сифатида, олдин тўланган ҳар қандай суммани чегиргандан сўнг. Агар олдин тўланган сумма ходим даромадларининг дисконтланмаган суммасидан ошса, ташкилот ушбу ошган қисмни актив (олдиндан тўланган харажат) сифатида тан олиши лозим, бунда олдиндан тўлов, масалан, келгуси тўловлар камайишига ёки пул маблағлари билан қайтарилишга олиб келади.

(б) харажат сифатида, бунда бошқа МҲХС ходимларнинг даромадларини активнинг қийматига киритишни талаб этмаса ёки киритишга рухсат бермаса (масалан, 2-сон БҲХС "Захиралар" ва 16-сон БҲХС "Асосий воситалар" га қаранг).


12. 13, 16 ва 19-бандларда ташкилот ишланмаган вақт учун тўланадиган ходим даромадлари, фойдани бўлишиш ва мукофотлар дастурлари шаклида бўлган ходимларнинг қисқа муддатли даромадларига нисбатан 11-бандни қандай қўллаш лозимлиги тушунтирилган.



Қисқа муддатли ишланмаган вақт учун тўловлар


13. Ташкилот 11-бандга мувофиқ ишланмаган вақт учун тўланадиган ҳақ шаклидаги ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари бўйича кутилаётган сарфларни қуйидаги ҳолларда тан олиши лозим:

(а) ходимлар келгусида тўланадиган ишланмаган вақт учун компенсацияларга уларнинг ҳуқуқини оширадиган хизмат кўрсатганида, ишланмаган вақт учун жамғариладиган тўланадиган ҳақ ҳолатида.

(б) тўланадиган ишламаган вақт содир бўлганида, жамғарилмайдиган ишланмаган вақт учун тўланадиган ҳақ ҳолатида.


14. Ташкилот турли сабабларга кўра, жумладан меҳнат таътиллари, касаллик ва қисқа муддатдаги меҳнатга лаёқатсизлик бўйича таътил, декрет таътили, суд маслаҳатчиси вазифасини ўташ ёки ҳарбий хизматни ўташ таътили туфайли ходимларга ишланмаган вақт учун ҳақ тўлайди. Ишланмаган вақт учун тўланадиган ҳақлар икки тоифага бўлинади:

(a) жамғариладиган; ва

(б) жамғарилмайдиган.


15. Ишланмаган вақт учун жамғариладиган тўланадиган ҳақ, агар жорий даврдаги ҳуқуқдан тўлиқ фойдаланилмаган бўлса, келгусига ўтказиладиган ва келгуси даврларда фойдаланиладиган ишланмаган вақт учун тўланадиган ҳақ ҳисобланади. Ишланмаган вақт учун жамғариладиган тўланадиган ҳақ қопланадиган (бошқача айтганда, ходимлар ташкилотдаги ишидан бўшаётганда фойдаланилмаган ҳуқуқ учун ҳақ олишга ҳақли бўлади) ёки қопланмайдиган (ходимлар ишдан бўшаётганда фойдаланилмаган ҳуқуқ учун ҳақ олишга ҳақли бўлмайдиган) бўлиши мумкин. Ходимларнинг ишланмаган вақт учун тўланадиган ҳақи бўйича уларнинг ҳуқуқини оширадиган хизмат кўрсатиши билан жавобгарлик юзага келади. Агар ишланмаган вақт учун тўланадиган ҳақ қопланмайдиган бўлса ҳам, бунда ходимлар жамғариладиган қопланмайдиган ҳуқуқдан фойдаланишдан олдин ишдан бўшаши мумкинлиги эҳтимоли ушбу мажбуриятни баҳолашга таъсир қилишидан қатъий назар, жавобгарлик юзага келади ва тан олинади.


16. Ташкилот ишланмаган вақт учун жамғариладиган тўланадиган ҳақ бўйича кутилаётган сарфни ҳисобот даври охирида жамғарилган фойдаланилмаган ҳуқуқ натижасида тўлаши кутилаётган қўшимча сумма сифатида баҳолаши лозим.


17. Олдинги бандда қайд қилинган усул жавобгарликни фақатгина ходимларнинг даромалари жамғарилиши натижасида юзага келиши кутилаётган қўшимча тўловлар миқдорида баҳоланади. Кўп ҳолатларда, ташкилот фойдаланилмаган ишланмаган вақт учун тўланадиган ҳақ бўйича муҳим жавобгарлик мавжуд эмаслигини баҳолаш учун батафсил ҳисоб-китобларни амалга ошириши зарур бўлмаслиги мумкин. Масалан, фақатгина агар фойдаланилмаган тўланадиган касаллик таътили тўланадиган йиллик таътил сифатида олиниши учун расмий ёки норасмий асос мавжуд бўлса, касаллик таътили жавобгарлиги муҳим бўлиш эҳтимоли мавжуд.

           


        

16 ва 17-бандларга оид мисол


Ташкилот 100 нафар ходимга эга бўлиб, уларнинг ҳар бири йилига беш иш кунлик тўланадиган касаллик таътили олиш ҳуқуқига эга. Фойдаланилмаган касаллик таътили кейинги бир календар йилига ўтказилиши мумкин. Касаллик таътили дастлаб жорий йилдаги ҳуқуқ ҳисобидан ва кейин эса олдинги йилдан ўтказилган қолдиқ ҳисобидан олинади (ЛИФО асосда). 20Х1 йил 31 декабрь ҳолатига ўртача фойдаланилмаган ҳуқуқ ҳар бир ходим учун икки кунни ташкил этади. Олдинги тажриба асосида, ташкилотда 20Х2 йилда 92 нафар ходим беш кундан ортиқ бўлмаган ва қолган 8 нафар ходимнинг ҳар бири ўртача олти ярим кундан тўланадиган касаллик таътилини олиши кутилмоқда.


Ташкилот 20Х1 йил 31 декабрь ҳолатига жамғарилган фойдаланилмаган ҳуқуқ натижасида касаллик тўловининг қўшимча ўн икки кунини тўлаши кутилмоқда (8 нафар ходимнинг ҳар бири бир ярим кундан). Шунинг учун, ташкилот касаллик таътили бўйича тўловнинг ўн икки кунига тенг мажбуриятни тан олади.

     


        

18. Ишланмаган вақт учун жамғарилмайдиган тўланадиган ҳақ келгуси даврга ўтказилмайди: агар жорий даврдаги ҳуқуқдан тўлиқ фойдаланилмаса, улар ўз кучини йуқотади ва ходимларга ташкилотдан ишдан бўшаётганда фойдаланилмаган ҳуқуқ учун ҳақ олиш ҳуқуқини бермайди. Бу одатда касаллик таътили бўйича тўлов (фойдаланилмаган олдинги ҳуқуқ келгуси ҳуқуқни оширмайдиган даражада), декрет таътили ва суд маслаҳатчиси вазифасини ўташ ёки ҳарбий хизматни ўташ учун тўланадиган таътил ҳолатида юз беради. Ташкилот ходимнинг ишда бўлмаслик муддатига қадар мажбурият ёки харажатни тан олмайди, чунки ходим хизмати бундай тўланадиган ҳақ суммасини оширмайди.



Фойдани бўлишиш ва мукофот дастурлари


19. Ташкилот фойдани бўлишиш ва мукофот тўловлари бўйича кутилаётган харажатни 11-бандга асосан фақат ва фақат қуйидаги ҳолларда тан олиши лозим:

(a) ташкилот олдинги ҳодисалар натижасида бундай тўловларни амалга ошириш бўйича мавжуд юридик ёки конструктив жавобгарликка эга бўлса; ва

(б) жавобгарликнинг ишончли баҳоланиши мумкин бўлса.

Ташкилот фақат ва фақат тўловларни амалга оширишдан бошқа реал муқобилга эга бўлмаганда, мавжуд жавобгарлик мавжуд бўлади.


20. Баъзи фойдани бўлишиш дастурларига асосан, агар ходимлар муайян давр мобайнида ташкилотда ишлашда давом этса, улар фойданинг бир қисмини олади. Агар ходимлар муайян давр охирига қадар хизмат қўрсатишда давом этса, улар тўланадиган суммани оширадиган хизматни кўрсатиши билан, бундай дастурлар конструктив жавобгарликларни юзага келтиради. Бундай конструктив жавобгарликларни баҳолаш баъзи ходимларнинг фойдани бўлишиш бўйича тўловларни олмасдан ишдан бўшаши мумкинлигининг эҳтимолини акс эттиради.

           


        

20-бандга оид мисол


Фойдани бўлишиш дастури йил мобайнида хизмат кўрсатган ходимларга ташкилотнинг мазкур йил учун фойдасидан белгиланган улуш тўланишини талаб этади. Агар йил давомида ҳеч бир ходим ишдан бўшамаса, ушбу йил учун йиллик фойдани-бўлишиш бўйича тўловлар фойданинг 3 фоизини ташкил этади. Ташкилот ходимлар қўнимсизлиги ушбу тўловларни фойданинг 2,5 фоизигача камайтиради деб баҳолаган.


Ташкилот фойданинг 2,5 фоизи суммасида мажбуриятни ва харажатни тан олади.

     


        

21. Ташкилот мукофот тўлаш бўйича юридик жавобгарликка эга бўлмаслиги мумкин. Шунга қарамасдан, баъзи ҳолатларда, ташкилот мукофот бериш амалиётига эга бўлади. Бундай ҳолатларда, ташкилот мукофотни тўлашдан бошқа реал муқобил усулга эга бўлмаслиги сабабли конструктив жавобгарликка эга бўлади. Конструктив жавобгарликларни баҳолаш баъзи ходимларнинг мукофот олмасдан ишдан бўшаши мумкинлигининг эҳтимолини акс эттиради.


22. Ташкилот фойдани бўлишиш ёки мукофот дастурига асосан ўзининг юридик ёки конструктив жавобгарлигини фақат ва фақат қуйидаги ҳолларда ишончли баҳолаши мумкин:

(a) дастурнинг расмий шартлари ходимларнинг даромадлари суммасини аниқлаш бўйича формулани ўз ичига олса;

(б) ташкилот тўланадиган суммаларни молиявий ҳисоботни эълон қилиш учун маъқулланишидан олдин аниқласа; ёки

(в) олдинги амалиёт ташкилотнинг конструктив жавобгарлигининг суммаси бўйича аниқ далилни таъминласа.


23. Фойдани бўлишиш ва мукофот дастурлари асосидаги жавобгарлик ташкилотнинг мулкдорлари билан операция натижасида эмас, балки ходимнинг хизмати натижасида юзага келади. Шунинг учун, ташкилот фойдани бўлишиш ва мукофот дастурларининг сарфини фойдани тақсимлаш сифатида эмас, балки харажат сифатида тан олади.


24. Агар фойдани бўлишиш ва мукофот тўловлари ходимлар тегишли хизматларни кўрсатадиган йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши кутилмаса, ушбу тўловлар ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари бўлиб ҳисобланади (153 - 158 бандларга қаранг).



Маълумотларни ёритиб бериш


25. Мазкур cтандарт ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари тўғрисида муайян маълумотлар ёритиб берилишини талаб этмасада, бошқа МҲХСлар бундай маълумотлар ёритиб берилишини талаб этиши мумкин. Масалан, 24-сон БҲХС муҳим бошқарув ходимларига тегишли ходимларнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ёритиб берилишини талаб этади. 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш" ходимларнинг даромадлари бўйича ташкилотнинг харажатларини ёритиб беришни талаб этади.



Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар:

белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари

билан белгиланган тўловлар бўйича пенсия

дастурлари ўртасидаги фарқ


26. Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар қуйидагилар каби моддаларни ўз ичига олади:

(a) пенсия тўловлари (масалан, пенсиялар ва пенсияга чиқишда бир марталик тўлов); ва

(б) меҳнат фаолиятидан кейинги ҳаёт суғуртаси ва меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий хизмат каби бошқа меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар.

Ташкилот томонидан меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар тўланишини белгилайдиган келишувлар меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари бўлиб ҳисобланади. Ташкилот мазкур cтандартни бадалларни олиш ва даромадларни тўлаш бўйича алоҳида ташкилотнинг ташкил этилишини тақозо қилиш ёки қилмаслигидан қатъий назар барча бундай келишувларга нисбатан қўллайди.


27. Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари дастурнинг асосий шартларидан келиб чиқадиган унинг иқтисодий моҳиятига боғлиқ ҳолда белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари ёки белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари сифатида таснифланади.


28. Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурларида ташкилотнинг юридик ёки конструктив жавобгарлиги у фондга киритадиган бадаллар суммасида чегараланади. Шундай қилиб, ходимлар оладиган меҳнат фаолиятидан кейинги пенсия қиймати ташкилот (ва балки ходим ҳам) томонидан меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурига ёки суғурта компаниясига тўланадиган бадаллар суммаси ҳамда бадаллар натижасида юзага келадиган инвестиция даромадлари орқали аниқланади. Натижада, актуар риск (даромадлар кутилганидан камроқ бўлиши) ва инвестиция риски (инвестиция қилинган активлар кутилган даромадларни таъминлаш учун етарли бўлмаслиги) аслида ходимларга юкланади.


29. Ташкилотнинг жавобгарлиги у фондга тўловни амалга оширишга рози бўлган суммада чегараланмайдиган ҳолатларга мисоллар тариқасида, ташкилот юридик ёки конструктив жавобгарликка қуйидагилар орқали эга бўлишини келтириш мумкин:

(a) фақатгина бадаллар суммасига боғлиқ бўлмаган ва дастур даромади формуласидаги даромадларни таъминлаш учун активлар етарли бўлмаганида ташкилотдан яна бадалларни тўланишини талаб этадиган дастур даромади формуласи орқали;

(б) бадаллар бўйича муайян даромаднинг, билвосита дастур орқали ёки бевосита кафолат орқали; ёки

(в) конструктив жавобгарликни юзага келтирадиган норасмий амалиёт орқали. Масалан, ҳатто юридик жавобгарлик мавжуд бўлмаганда ҳам ташкилотда инфляцияни ҳисобга олган ҳолда собиқ ходимларга даромадлар суммасини ошириш тажрибаси мавжуд бўлса, конструктив жавобгарлик юзага келиши мумкин.


30. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурларига асосан:

(a) ташкилотнинг жавобгарлиги ишлашда давом этаётган ва собиқ ходимларга келишилган даромадларни таъминлаш ҳисобланади; ва

(б) актуар риск (мукофотлар кутилганидан кўра кўпроқ сарфларни юзага келтиради) ва инвестиция риски аслида ташкилотга юкланади. Агар актуар ёки инвестиция қилиш тажрибаси кутилганидан кўра ёмонроқ бўлса, ташкилотнинг жавобгарлиги кўпайиши мумкин.


31. 32 - 49 бандларда бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастурлари, умумий назорат остида бўлган ташкилотлар ўртасида рискларни тақсимлайдиган белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари, давлат дастурлари ва суғурталанган даромадлар мисолларида белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари билан белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари ўртасидаги фарқлар тушунтирилган.



Бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастурлари


32. Ташкилот бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастурини дастур шартларига (жумладан, расмий шартлар доирасидан ташқарида бўлган ҳар қандай конструктив жавобгарлигига) асосан белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастури ёки белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури сифатида таснифлаши лозим.


33. Агар ташкилот бир нечта иш берувчиларнинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида иштирок этса, агар 34-банд қўлланмаса, у:

(a) белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг мутаносиб улушини, дастур активларини ва дастур билан боғлиқ сарфларни ўзининг бошқа ҳар қандай белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури каби бир хил усулда ҳисобга олиши лозим; ва

(б) 135 - 148 бандлар талаб этадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим (148(г)-банддан ташқари).


34. Бир нечта иш берувчиларнинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурига нисбатан белгиланган даромад ҳисобидан фойдаланиш учун етарли маълумотлар мавжуд бўлмаса, ташкилот:

(a) дастурни 51 ва 52-бандларга мувофиқ худди у белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастури сифатида ҳисобга олиши лозим; ва

(б) 148-банд талаб этадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


35. Бир нечта иш берувчиларнинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурига мисол сифатида қуйидагини келтириш мумкин:

(a) дастур жорий эҳтиёж асосида молиялаштирилади, яъни: бадаллар улар айнан шу даврга тўғри келадиган даромадларни тўлашга етарли бўлиши кутиладиган даражада белгиланади; ва жорий давр мобайнида ишлаб топилган келгуси даромадлар келгуси бадаллар ҳисобидан тўланади; ва

(б) ходимларнинг даромадлари улар хизмат муддатининг давомийлиги асосида аниқланади ва иштирокчи ташкилотлар дастурдан чиқиш санасигача ходимлар томонидан ишлаб топилган даромадлар учун бадалларни тўламасдан дастурдан чиқиш бўйича реал имкониятга эга бўлмайди. Бундай дастур ташкилот учун актуар рискни юзага келтиради: агар ҳисобот даври охирида аллақачон ишлаб топилган даромадларнинг якуний қиймати кутилганидан кўпроқ бўлса, ташкилот ўзининг бадалларини оширишга ёки ходимлар уларнинг даромадлари камайишини қабул қилишига кўндиришига тўғри келади. Шунинг учун, бундай дастур белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури ҳисобланади.


36. Бир нечта иш берувчиларнинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд бўлса, ташкилот белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликдаги, дастур активларидаги ва дастур билан боғлиқ меҳнат фаолиятидан кейинги харажатдаги ўзининг мутаносиб улушини бошқа ҳар қандай белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури каби бир хил усулда ҳисобга олади. Лекин, ташкилот дастурнинг молиявий ҳолатидаги ва фаолияти натижаларидаги ўзининг улушини етарли ишончлилик билан бухгалтерия ҳисоби мақсадларида аниқлай олмаслиги мумкин. Бу қуйидаги шартларда содир бўлиши мумкин:

(a) дастур бошқа ташкилотларнинг жорий ва собиқ ходимлари билан боғлиқ актуар риск хавфи остида дастурда иштирок этадиган ташкилотларни қолдирса ва бунинг натижасида дастурда иштирок этаётган алоҳида ташкилотлар ўртасида жавобгарликни, дастур активларини ва сарфларини тақсимлаш учун мос ва ишончли асос мавжуд бўлмаса; ёки

(б) ташкилот мазкур стандарт талабларини бажариш учун дастур тўғрисида етарли маълумотлар олиш ҳуқуқига эга бўлмаса.

Ушбу ҳолатларда, ташкилот дастурни худди у белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастури сифатида ҳисобга олади ва 148-банд талаб этадиган маълумотларни ёритиб беради.


37. Бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастури билан унинг иштирокчилари ўртасида дастурдаги профицит иштирокчиларга қандай тақсимланиши (ёки дефицит молиялаштирилишини) аниқлайдиган шартномавий келишув мавжуд бўлиши мумкин. 34-бандга мувофиқ, дастурни белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастури сифатида ҳисобга оладиган ва бундай келишувга эга бўлган бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастуридаги иштирокчилар шартномавий келишувдан юзага келадиган актив ёки мажбуриятни ва бунинг натижасидаги даромад ёки харажатни фойда ёки зарарда тан олиши лозим.

           


        

37-бандга оид мисол


Ташкилот 19-сон БҲХСга асосан дастур баҳолашларини тайёрламайдиган бир нечта иш берувчиларнинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида иштирок этади. Шунинг учун, у дастурни худди белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастури сифатида ҳисобга олади. 19-сон БҲХСга асосланмаган молиялаштиришни баҳолаш дастурида 100 миллион п.б.(a) суммасидаги дефицитни акс эттиради. Кейинги беш йил мобайнида дефицитни бартараф этиш мақсадида дастур бўйича тўланадиган бадаллар жадвали шартнома асосида иштирокчи иш берувчилар ўртасида келишиб олинди. Ташкилотнинг шартнома асосидаги жами бадаллари 8 миллион п.б.ни ташкил этади.


Ташкилот пулнинг вақт қиймати бўйича тузатилган бадаллар бўйича мажбуриятни ва тенг суммадаги харажатни фойда ёки зарарда тан олади.


(a) Мазкур стандартда монетар суммалар "пул бирлиги (п.б.)"да ифодаланган.

     


        

38. Бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастурлари биргаликда бошқариладиган дастурлардан фарқ қилади. Биргаликда бошқариладиган дастур оддийгина ягона иш берувчи дастурларининг жамланмаси бўлиб, бунда иштирокчи иш берувчиларга ўзларининг активларини инвестиция мақсадларида бирлаштиришга ва инвестиция бошқаруви ва маъмурий сарфларни камайтиришга имкон бериш учун жамланган бўлади, аммо турли иш берувчиларнинг талаблари фақатгина ўз ходимларининг даромадлари учун ажратилган бўлади. Биргаликда бошқариладиган дастурлар маълум бухгалтерия ҳисобига оид муаммоларни келтириб чиқармайди, чунки уларни бошқа бир ягона иш берувчи дастури каби бир хил усулда ҳисобга олиш учун маълумотлар мавжуд бўлади ва бундай дастурлар иштирокчи иш берувчиларни бошқа ташкилотларнинг жорий ва собиқ ходимлари билан боғлиқ актуар рискларга мойил қилмайди. Мазкур стандартдаги таърифлар ташкилотдан биргаликда бошқариладиган дастурни унинг шартларига (жумладан расмий шартлар доирасидан ташқарида бўлган ҳар қандай конструктив жавобгарликка) мувофиқ белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастури ёки белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури сифатида таснифлашни талаб этади.


39. Бир нечта иш берувчиларнинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурини тугатилишига ёки ташкилотнинг бир нечта иш берувчиларнинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастуридан чиқишига тегишли мажбуриятни қачон тан олишни, ва қандай баҳолашни аниқлашда ташкилот 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар"ни қўллаши лозим.



Умумий назорат остидаги ташкилотлар ўртасида

рискларни тақсимлайдиган белгиланган тўловлар

бўйича пенсия дастурлари


40. Умумий назорат остидаги ташкилотлар ўртасида рискларни тақсимлайдиган белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари, масалан бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилотлари бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастурлари ҳисобланмайди.


41. Бундай дастурда иштирок этадиган ташкилот дастур тўғрисидаги умумий маълумотларни мазкур стандартга мувофиқ бутун бир дастурга нисбатан қўлланадиган фаразлар асосида ҳисобланган бутун бир ҳолатда олиши лозим. Агар гуруҳнинг алоҳида ташкилотларга соф белгиланган даромад қийматини мазкур стандартга мувофиқ ҳисобланган бутун бир дастур учун тўлашни юклайдиган шартли келишув ёки қайд қилинган сиёсат мавжуд бўлса, ташкилот ўзининг алоҳида ёки индивидуал молиявий ҳисоботида юкланган соф белгиланган даромад қийматини тан олиши лозим. Агар бундай келишув ёки сиёсат мавжуд бўлмаса, соф белгиланган даромад қиймати дастур учун юридик жихатдан ҳомий иш берувчи бўлган гуруҳ ташкилотнинг алоҳида ёки индивидуал молиявий ҳисоботида тан олиниши лозим. Бошқа гуруҳ ташкилотлари ўзларининг алоҳида ёки индивидуал молиявий ҳисоботида давр учун тўланадиган бадалига тенг қийматни тан олиши лозим.


42. Бундай дастурда иштирок этиш ҳар бир гуруҳ ташкилоти учун боғлиқ томонлар билан операция ҳисобланади. Шунинг учун, ташкилот ўзининг алоҳида ёки индивидуал молиявий ҳисоботида 149-банд талаб этадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.



Давлат дастурлари


43. Ташкилот давлат дастурини бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастури каби бир хил усулда ҳисобга олиши лозим (32 - 39 бандларга қаранг).


44. Давлат дастурлари барча ташкилотларни (ёки муайян тоифадаги, масалан маълум соҳадаги барча ташкилотларни) қамраб олиш учун қонунчилик асосида ташкил этилади ва миллий ёки маҳаллий ҳукумат ёки ҳисобот берувчи ташкилотнинг назорати ёки таъсири остида бўлмаган бошқа орган (масалан, ушбу мақсад учун махсус ташкил этилган мухтор орган) томонидан бошқарилади. Ташкилот томонидан ташкил этилган айрим дастурлар акс ҳолда давлат дастурида қамраб олинадиган даромадларга ўриндош сифатида мажбурий даромадларни ва қўшимча ихтиёрий даромадларни таъминлайди. Бундай дастурлар давлат дастурлари ҳисобланмайди.


45. Ташкилотнинг дастур бўйича жавобгарлигига боғлиқ ҳолда, давлат дастурлари белгиланган тўловлар ёки белгиланган бадаллар сифатидаги хусусиятга эга бўлади. Аксарият давлат дастурлари жорий эҳтиёж асосида молиялаштирилади, яъни: бадаллар улар айнан шу даврга тўғри келадиган даромадларни тўлашга етарли бўлиши кутиладиган даражада белгиланади; ва жорий давр мобайнида ишлаб топилган келгуси даромадлар келгуси бадаллар ҳисобидан тўланади; ва. Шунга қарамасдан, аксарият давлат дастурларида ташкилот келгуси даромадларни тўлаш бўйича юридик ёки конструктив жавобгарликка эга эмас: унинг ягона мажбурияти бадалларни уларнинг муддати келиши билан тўлаш ҳисобланади ва агар ташкилот давлат дастури аъзоси бўлган ходимларнинг хизматидан фойдаланишни тўхтатса, олдинги йилларда унинг ходимлари томонидан ишлаб топилган даромадларни тўлаш жавобгарлигига эга бўлмайди. Шунинг учун, давлат дастурлари одатда белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари деб таърифланади. Лекин, давлат дастури белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури бўлса, ташкилот 32 - 39 бандларни қўллайди.



Суғурталанган даромадлар


46. Ташкилот меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурини молиялаштириш учун суғурта бадалларини тўлаши мумкин. Агар ташкилот қуйидагилар бўйича юридик ёки конструктив (ёки бевосита ёки дастур орқали билвосита) жавобгарликка эга бўлмаса, у бундай дастурни белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастури сифатида ҳисобга олиши лозим:

(a) ходимларга даромадларини уларнинг муддати келган пайтда тўлаш; ёки

(б) агар суғурталовчи жорий ва олдинги даврлардаги ходим хизматига тегишли бўлган барча келгуси даромадларни тўламаса, қўшимча суммаларни тўлаш.

Агар ташкилот бундай юридик ёки конструктив жавобгарликка эга бўлса, у бундай дастурни белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури сифатида ҳисобга олиши лозим.


47. Суғурта полиси орқали суғурталанган даромадлар ташкилотнинг ходимларга даромадлар бўйича жавобгарлиги билан бевосита ёки автоматик боғлиқликка эга бўлиши талаб этилмайди. Суғурта полисларини қамраб оладиган меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурларига ҳам бошқа молиялаштириладиган дастурлар каби бухгалтерия ҳисоби ва молиялаштирилиш ўртасидаги фарқлар тааллуқлидир.


48. Ташкилот меҳнат фаолиятидан кейинги даромад тўлаш мажбуриятини юридик ёки конструктив жавобгарликни (ёки бевосита, дастур орқали билвосита, келгуси суғурта бадалларини белгилайдиган усул орқали ёки суғурталовчи билан ўзаро боғлиқ томон билан операция орқали) сақлайдиган суғурта полисига бадал тўлаш орқали молиялаштирса, суғурта бадаллари тўлови белгиланган бадал келишувидаги суммага эквивалент бўлмайди. Бунда, ташкилот:

(a) квалификацияланадиган суғурта полисини дастур активи сифатида ҳисобга олади (8-бандга қаранг); ва

(б) бошқа суғурта полисларини қоплаш ҳуқуқлари сифатида тан олади (агар полислар 116-банддаги мезонни қаноатлантирса).


49. Суғурта полиси муайян дастур иштирокчиси ёки дастур иштирокчилари гуруҳи номида бўлса ва ташкилот полис бўйича ҳар қандай зарарни қоплаш учун ҳеч бир юридик ёки конструктив жавобгарликка эга бўлмаса, ташкилот ходимларга даромадларини тўлаш бўйича мажбуриятга эга бўлмайди ва фақат суғурталовчи даромадларни тўлаш бўйича жавобгарликка эга бўлади. Бундай шартномалар асосида ўзгармас суғурта бадаллари тўлови моҳиятан мажбуриятни бажариш учун инвестиция эмас, балки ходимларга даромад тўлаш жавобгарлигини бажариш ҳисобланади. Ўз навбатида, ташкилот актив ёки мажбуриятга ортиқ эга бўлмайди. Шунинг учун, ташкилот бундай тўловларни белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурига бадаллар сифатида ҳисобга олади.



Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар:

белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари


50. Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурларини ҳисобга олиш оддий ҳисобланади, чунки ҳисобот берувчи ташкилотнинг ҳар бир давр учун мажбурияти ушбу давр учун тўланадиган сумма билан аниқланади. Ўз навбатида, мажбуриятни ёки харажатни баҳолашда ҳеч қандай актуар фаразлар талаб этилмайди ва ҳеч қандай актуар фойда ёки зарар юзага келиши эҳтимоли мавжуд бўлмайди. Бундан ташқари, мажбуриятлар дисконтланмаган асосда баҳоланади, лекин уларнинг тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши ходимлар тегишли хизматларни кўрсатадиган йиллик ҳисобот даври тугаганидан сўнг ўн икки ойдан олдин амалга оширилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно.



Тан олиш ва баҳолаш


51. Ходим ташкилотга давр мобайнида хизмат кўрсатган бўлса, ташкилот ушбу хизмат эвазига белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурига тўланиши лозим бўлган бадални қуйидагича тан олиши лозим:

(a) олдин тўланган ҳар қандай суммани чегиргандан сўнг, мажбурият (ҳисобланган харажат) сифатида. Агар олдин тўланган сумма ходим даромадларининг дисконтланмаган суммасидан ошса, ташкилот олдиндан тўлов, масалан, келгуси тўловларда камайишга ёки пул маблағлари билан қайтарилишга олиб келадиган ушбу ошган қисмни актив (олдиндан тўланган харажат) сифатида тан олиши лозим.

(б) харажат сифатида, бунда бошқа МҲХС ходимларнинг даромадларини активнинг қийматига киритишни талаб этмаса ёки киритишга рухсат бермаса (масалан, 2-сон БҲХС "Захиралар" ва 16-сон БҲХС "Асосий воситалар" га қаранг).


52. Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурига бадалларнинг тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши ходимлар тегишли хизматларни кўрсатадиган йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин кутилмаса, улар 83-бандда қайд қилинган дисконт ставкаси орқали дисконтланиши лозим.



Маълумотларни ёритиб бериш


53. Ташкилот белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари учун харажат сифатида тан олинган суммани ёритиб бериши лозим.


54. 24-сон БҲХС талаб этадиган ҳолатда, ташкилот муҳим бошқарув ходимлари учун белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурларига тўланган бадаллар тўғрисидаги маълумотни ёритиб беради.



Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар:

белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари


55. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурларини ҳисобга олиш мураккаб ҳисобланади, чунки мажбуриятни ва харажатни баҳолашда актуар фаразлар талаб этилади ва актуар фойда ва зарарнинг эҳтимоллиги мавжуд. Бундан ташқари, мажбуриятлар дисконтланган тарзда ҳисобланади, чунки улар ходимлар томонидан тегишли хизматларни кўрсатганидан кўп йиллардан сўнг ҳисоб-китоб қилиниши мумкин.



Тан олиш ва баҳолаш


56. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари молиялаштирилмаган бўлиши мумкин ёки улар ташкилотнинг ва айрим ҳолларда унинг ходимларининг бадаллари шу каби ташкилотга ёки фондга тўланиши орқали тўлиқ ёки қисман молиялаштирилиши мумкин. Муддати келганда молиялаштирилган даромадларни тўлаш нафақат фонднинг молиявий ҳолатига ва инвестиция фаолиятининг натижасига, балки ташкилотнинг фонд активларидаги ҳар қандай камомадни қоплаш қобилиятига ва хоҳишига боғлиқ бўлади. Шунинг учун, ташкилот аслида дастур билан боғлиқ актуар ва инвестиция рискларини ўз зиммасига олган бўлади. Шундай экан, белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури учун тан олинган харажат давр учун тўланадиган бадал суммасига тенг бўлиши талаб этилмайди.


57. Ташкилот томонидан белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурларини ҳисобга олиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

(a) дефицит ёки профицитни аниқлаш. Бу қуйидагиларни ўз ичига олади:

(i) жорий ва олдинги даврларда ходимлар кўрсатган хизматлари эвазига олган даромадларининг ташкилот учун якуний қийматини ишончли баҳолаш учун актуар усулидан, прогноз қилинадиган шартли бирлик усулидан фойдаланишни (67 - 69 бандларга қаранг). Бу эса ташкилотдан жорий ва олдинги даврларга қанча суммадаги даромадлар тегишли эканлигини аниқлашни (70 - 74 бандларга қаранг) ҳамда даромаднинг қийматига таъсир этадиган демографик ўзгарувчилар (масалан ходимлар қўнимсизлиги ва ўлим кўрсаткичи) ва молиявий ўзгарувчилар (масалан маошларнинг ва тиббий сарфларнинг келгусидаги ошишлари) тўғрисида баҳолашлар (актуар фаразлар) қилишни талаб этади (75 - 98 бандларга қаранг).

(ii) белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг ва жорий даврда кўрсатилган хизматлар қийматининг жорий қийматларини аниқлаш учун ушбу даромадларни дисконтлашни (67 - 69 ва 83 - 86 бандларга қаранг).

(iii) белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматидан ҳар қандай дастур активларининг ҳаққоний қийматини (113 - 115 бандларга қаранг) чегириш.

(б) белгиланган тўловлар бўйича соф активни активнинг юқори чегарасигача чеклашнинг ҳар қандай таъсирига тузатган ҳолда, (а) бандда аниқланган дефицит ёки профицит суммаси сифатида белгиланган тўловлар бўйича соф мажбуриятнинг (активнинг) суммасини аниқлаш (64-бандга қаранг).

(в) фойда ёки зарарда тан олинадиган суммаларни аниқлаш:

(i) жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати (70 - 74 бандлар ва 122А-бандга қаранг).

(ii) ҳар қандай олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати ва ҳисоб-китоб қилиш бўйича фойда ёки зарар (99 - 112 бандларга қаранг).

(iii) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоиз (123 - 126 бандларга қаранг).

(г) қуйидагиларни қамраб олган ҳолда, бошқа умумлашган даромадда тан олинадиган белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)нинг қайта баҳолашларини аниқлаш:

(i) актуар фойда ва зарарларни (128 ва 129-бандларга қаранг);

(ii) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизга киритилган суммалардан истисно қилган ҳолда пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромадларни (130-бандга қаранг); ва

(iii) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизга киритилган суммаларни истисно қилган ҳолда, актив юқори чегарасининг таъсиридаги ҳар қандай ўзгаришни (64-бандга қаранг).

Ташкилот бирдан ортиқ белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурига эга бўлса, у юқоридаги амалларни ҳар бир муҳим дастурга нисбатан алоҳида қўллайди.


58. Ташкилотнинг молиявий ҳисоботида тан олинадиган суммалар ҳисобот даври охирида аниқланиши мумкин бўлган суммалардан сезиларли фарқ қилмаслиги учун белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив) етарли даражада мунтазам аниқланиши лозим.


59. Мазкур стандарт ташкилотнинг барча муҳим меҳнат фаолиятидан кейинги даромад тўлаш жавобгарликларини баҳолашда малакали актуар ташкилотни жалб этишини маъқуллайди, аммо талаб этмайди. Амалий сабаблар туфайли, ташкилот малакали актуарий ташкилотдан ҳисобот даври охиридан олдин жавобгарликни батафсил баҳолашни амалга оширишни сўраши мумкин. Шунга қарамасдан, ушбу баҳолашнинг натижалари ҳисобот даври охирига қадар содир бўлган ҳар қандай муҳим операцияларга ва ҳолатлардаги бошқа муҳим ўзгаришларга (жумладан бозор нархларидаги ва фоиз ставкаларидаги ўзгаришларга) нисбатан янгиланади.


60. Айрим ҳолатларда, ҳисоб баҳолари, ўртача кўрсаткичлар ва қисқа ҳисоб-китоблар мазкур стандартда таърифланган батафсил ҳисоб-китобларнинг ишончли тахминини таъминлаши мумкин.



Конструктив жавобгарликни ҳисобга олиш


61. Ташкилот даромади белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурининг расмий шартлари асосидаги ўзининг юридик жавобгарлигини, шу билан бирга ташкилотнинг норасмий амалиётларидан юзага келадиган ҳар қандай конструктив жавобгарликни ҳисобга олиши лозим. Норасмий амалиётлар ташкилот ходимларнинг даромадларини тўлашдан бошқа реал муқобилга эга бўлмайдиган конструктив жавобгарликни юзага келтиради. Конструктив жавобгарликка мисол тариқасида, ташкилотнинг норасмий амалиётларидаги ўзгариш унинг ходимлар билан муносабатларига қабул қилиб бўлмайдиган зарарга сабаб бўлган ҳолатни келтириш мумкин.


62. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурининг расмий шартлари ташкилотга дастурдаги унинг мажбуриятини тугатишга рухсат бериши мумкин. Шунга қарамасдан, агар ташкилот ўз ходимлар сақлаб қолмоқчи бўлса, ташкилот учун дастурдаги ўз мажбуриятини (тўловсиз) тугатиш қийин ҳисобланади. Шунинг учун, бунга қарши далил мавжуд бўлмаганда, меҳнат фаолиятидан кейинги даромадларни ҳисобга олиш айни пайтда бундай даромадларни тўлашни ваъда бераётган ташкилот ходимларнинг қолган иш фаолияти давомида шундай йўл тутишни давом эттиришини назарда тутади.



Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот


63. Ташкилот белгиланган тўловлар бўйича соф мажбуриятни (активни) молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тан олиши лозим.


64. Ташкилот белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида профицитга эга бўлса, у белгиланган тўловлар бўйича соф активни қуйидагилардан кичиги бўйича баҳолаши лозим:

(a) белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастуридаги профицит; ва

(б) 83-бандда қайд қилинган дисконт ставкасини қўллаган ҳолда аниқланган активнинг юқори чегараси.


65. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури ортиқча молиялаштирилган бўлса ёки актуар фойдалар юзага келса, белгиланган тўловлар бўйича соф актив юзага келиши мумкин. Ташкилот бундай ҳолатларда белгиланган тўловлар бўйича соф активни тан олади, чунки:

(a) ташкилот ресурсни назорат қилади, бу эса келгуси нафларга эга бўлишда профицитдан фойдаланиш қобилиятини англатади;

(б) ушбу назорат олдинги ҳодисаларнинг натижаси ҳисобланади (ташкилот томонидан тўланган бадаллар ва ходим томонидан кўрсатилган хизмат); ва

(в) келгуси иқтисодий нафлар ташкилот ихтиёрида келгуси бадаллардаги камайиш шаклида ёки бевосита ташкилотга ёки билвосита дефицитга эга бошқа дастурга пул маблағидаги қайтарилиш шаклида мавжуд бўлади. Активнинг юқори чегараси ушбу келгуси нафларнинг жорий қиймати ҳисобланади.



Тан олиш ва баҳолаш: белгиланган тўловлар бўйича

жавобгарликларнинг жорий қиймати ва жорий даврда

кўрсатилган хизматлар қиймати


66. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурининг якуний қийматига кўпгина омиллар, масалан якуний маошлар, ходимлар қўнимсизлиги ва ўлим кўрсаткичи, ходимлар бадаллари ва тиббий харажат йўналишлари таъсир кўрсатиши мумкин. Дастурнинг якуний қиймати ноаниқ ва ушбу ноаниқлик узоқ муддат давомида мавжуд бўлиш эҳтимоли бор. Меҳнат фаолиятидан кейинги даромад тўлаш мажбуриятларининг ва тегишли жорий даврда кўрсатилган хизматлар қийматининг жорий қийматини баҳолашда қуйидагилар зарур ҳисобланади:

(a) актуар баҳолаш усулини қўллаш (67 - 69 бандларга қаранг);

(б) даромадни хизмат даврларида акс эттириш (70 - 74 бандларга қаранг); ва

(в) актуар фаразлар қилиш (75 - 98 бандларга қаранг).



Актуар баҳолаш усули


67. Ташкилот ўзининг белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликларининг жорий қийматини ва тегишли жорий даврда кўрсатилган хизматлар қийматини ҳамда, ўринли бўлганда, олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қийматини аниқлашда прогноз қилинадиган шартли бирлик усулидан фойдаланиши лозим.


68. Прогноз қилинадиган шартли бирлик усули (баъзида, хизмат бўйича мутаносиб тақсимланган ҳисобланган даромад усули сифатида ёки даромад/йиллар хизмат кўрсатиш усули сифатида номланади) хизматнинг ҳар бир даврини даромад олиш ҳуқуқининг қўшимча бирлигини юзага келтирадиган асос сифатида инобатга олади (70 - 74 бандларга қаранг) ва якуний мажбуриятни ҳосил қилишда ҳар бир бирликни алоҳида ҳисоблайди (75 - 98 бандларга қаранг).

        


        

68-бандга оид мисол


Бир марталик тўланадиган даромад ишдан бўшаганда тўланади ва у ҳар йили кўрсатиладиган хизмат учун якуний маошнинг 1 фоизига тенг. 1-йилда маош 10,000 п.б.га тенг ва у ҳар йили 7 фоизга (мураккаб фоиз) ошиши фараз қилинади. Фойдаланиладиган дисконт ставкаси ҳар йил учун 10 фоизга тенг. Қуйидаги жадвал 5-йил охирида ишдан бўшаши кутилаётган ходим учун мажбурият қандай ҳосил бўлишини кўрсатади, бунда актуар фаразларда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди деб фараз қилинади. Тушунарли бўлиши учун, ушбу мисолда ходим ташкилотни вақтлироқ ёки кечроқ тарк этиши мумкинлигининг эҳтимолини акс эттириш учун зарур бўлган қўшимча тузатишлар инобатга олинмайди.

     


Йил

    

1 п.б.

2 п.б.

3 п.б.

4 п.б.

5 п.б.

Қуйидагиларга тегишли даромад:







- олдинги йиллар


0

131

262

393

524

- жорий йил (якуний маошнинг 1% и)


1311

1311

1311

1311

1311

- жорий ва олдинги йиллар


1311

2622

3933

5244

6555

Бошланғич жавобгарлик


-

89

196

324

476

10% лик фоиз ставкаси


-

9

20

33

48

Жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати


899

988

1088

1199

1311

Давр охирига жавобгарлик

            

89

196

324

476

655


Изоҳ:


1. Бошланғич жавобгарлик олдинги йилларга тегишли даромаднинг дисконтланган қийматидир.


2. Жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати жорий йилга тегишли даромаднинг дисконтланган қийматидир.


3. Давр охирига жавобгарлик жорий ва олдинги йилларга тегишли даромаднинг дисконтланган қийматидир.

            


             

69. Ташкилот меҳнат фаолиятидан кейинги даромад тўлаш жавобгарлигини, ҳатто агар мажбуриятнинг маълум қисми ҳисобот давридан сўнг ўн икки ойдан олдин ҳисоб-китоб қилиниши кутилса ҳам, тўлиқ дисконтлайди.



Даромадни хизмат кўрсатиш даврларига тақсимлаш


70. Ўзининг белгиланган тўловлар бўйича жавобгарлигининг жорий қийматини ва тегишли жорий даврда кўрсатилган хизматлар қийматини ҳамда, ўринли бўлганда, олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қийматини аниқлашда, ташкилот даромадни хизмат кўрсатиш даврларига дастурнинг даромад ҳисоблаш формуласига асосан тақсимлаши лозим. Лекин, агар ходим томонидан кейинги йилларда хизмат кўрсатилиши олдинги йиллардагига нисбатан сезиларли даражада кўпроқ даромадга олиб келса, ташкилот даромадни бир текисда тақсимлаши лозим:

(a) ходимнинг хизмати дастлаб дастурдаги даромадларга олиб келадиган санадан (даромадлар кейинги хизматга боғлиқ бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар)

(б) ходимнинг кейинги хизмати дастурдаги кейинги даромадларнинг аҳамиятсиз суммасига олиб келадиган санагача, бунда кейинги маош ошишларидан ташқари.


71. Прогноз қилинадиган шартли бирлик усули ташкилотдан даромадни жорий даврга (жорий даврда кўрсатилган хизматлар қийматини аниқлаш учун) ҳамда жорий давр ва олдинги даврларга (белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликларининг жорий қийматини аниқлаш учун) тақсимлашни талаб этади. Ташкилот даромадни меҳнат фаолиятидан кейинги даромадларни таъминлаш жавобгарлиги юзага келадиган даврларга тақсимлайди. Ушбу жавобгарлик ходимларга ташкилот томонидан келгуси ҳисобот даврларида тўлашни кўзда тутадиган меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар эвазига хизмат кўрсатиши билан юзага келади. Актуар усуллар ташкилотга мажбуриятни тан олишни тасдиқлаш учун етарли ишончлилик билан ушбу мажбуриятни баҳолашга имкон беради.

             


        

71-бандга оид мисоллар


1. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури ҳар бир хизмат йили учун пенсияга чиққанда тўланадиган 100 п.б.га тенг бир марталик даромадни таъминлайди.


100 п.б. миқдордаги даромад ҳар бир йилга тегишлидир. Жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати 100 п.б.нинг дисконтланган қийматидир. Белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг дисконтланган қиймати 100 п.б.нинг дисконтланган қийматининг ҳисобот даврининг охиригача бўлган хизмат йиллари суммасига кўпайтирилганидир.


Агар даромад ходим ташкилотни тарк этиши билан тезда тўланадиган бўлса, жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати ва белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг дисконтланган қиймати ходим кетиши кутилган санани акс эттиради. Демак, дисконтлаш таъсири туфайли, улар агар ходим ҳисобот даврининг охирида ишдан кетганда аниқланиши мумкин бўлган суммалардан кам бўлади.


2. Дастур ҳар бир хизмат йили учун якуний маошнинг 0,2 фоизи суммасида ойлик даромадни таъминлайди. Даромад 65 ёшдан бошлаб тўланади.


Кутилаётган пенсияга чиқиш санасидаги, кутилаётган пенсияга чиқиш санасидан кутилаётган ўлим санасигача тўланадиган баҳоланган якуний маошнинг 0,2 фоизи суммасида ойлик пенсиянинг дисконтланган қийматига тенг даромад ҳар бир хизмат йилига тақсимланади. Жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати ушбу даромаднинг дисконтланган қийматидир. Белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қиймати якуний маошнинг 0,2 фоизи суммасида ойлик пенсия тўловларининг дисконтланган қийматининг ҳисобот даври охиригача бўлган хизмат йиллари суммасига кўпайтирилганидир. Жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати ва белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг дисконтланган қиймати дисконтланади, чунки пенсия тўловлари 65 ёшда бошланади.

     


        

72. Ходим томонидан хизмат кўрсатилиши, ҳатто агар даромадлар келгуси бандликка боғлиқ бўлса ҳам (бошқача айтганда, улар қопланмайди), белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида жавобгарликни юзага келтиради. Ходим хизмати қопланиш санасидан олдин конструктив жавобгарликни юзага келтиради, чунки ҳар бир кейинги ҳисобот даврининг охирида, даромад олиш ҳуқуқига эга бўлишдан олдин ходим кўрсатиши лозим бўлган келгуси хизмат суммаси камайтирилади. Ўзининг белгиланган тўловлар бўйича жавобгарлигини ҳисоблашда, ташкилот баъзи ходимлар ҳар қандай қоплаш талабларини қаноатлантирмаслиги мумкинлигининг эҳтимолини инобатга олади. Шунингдек, баъзи меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар, масалан, меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий даромадлар, фақатгина агар ходим бошқа фаолият юритмаган пайтда муайян ҳодиса содир бўлсагина тўланадиган бўлишига қарамасдан, ходим муайян ҳодиса содир бўлганда даромад олиш ҳуқуқини таъминлайдиган хизматни кўрсатган пайтда жавобгарлик юзага келади. Муайян ҳодиса содир бўлиш эҳтимоли жавобгарликни баҳолашга таъсир этади, лекин жавобгарлик мавжудлигини англатмайди.

            


        

72-бандга оид мисоллар


1. Дастур ҳар бир хизмат кўрсатилган йил учун 100 п.б.га тенг даромадни тўлайди. Даромадлар ўн йиллик хизматдан сўнг қопланади.


100 п.б. миқдордаги даромад ҳар бир йилга тегишлидир. Биринчи ўн йилликнинг ҳар йилида, жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати ва жавобгарликнинг жорий қиймати ходим ўн йиллик хизматни тугалламаслиги мумкинлигининг эҳтимолини акс эттиради.


2. Дастур ҳар бир хизмат кўрсатилган йил учун 100 п.б.га тенг даромадни тўлайди, бундан 25 ёшдан олдин кўрсатилган хизматлар мустасно. Даромадлар дарҳол қопланади.


25 ёшдан олдин кўрсатилган хизмат учун ҳеч қандай даромад ҳисобланмайди, чунки ушбу санадан олдин кўрсатилган хизмат (шартли ёки шартсиз) даромадларга бўлган ҳуқуқни келтириб чиқармайди . 100 п.б. даромад ундан кейинги ҳар бир йилга тегишли бўлади.

     


       

73. Жавобгарлик ходим томонидан кейинчалик хизмат кўрсатилиши кейинги даромадларнинг муҳим суммасига олиб келмайдиган санагача ошиб боради. Шунинг учун, барча даромадлар ушбу санада тугайдиган ёки ундан олдинги даврларга тегишли бўлади. Даромад дастурнинг даромад формуласига кўра даромадлар алоҳида ҳисобот даврларига тақсимланади. Лекин, агар ходимнинг кейинги йиллардаги хизмати олдинги йиллардагига нисбатан муҳим даражада кўпроқ даромадга олиб келса, ташкилот даромадни бир текисда ходим томонидан кейинчалик хизмат кўрсатилиши кейинги даромадларнинг муҳим суммасига олиб келмайдиган санагача тақсимлайди. Чунки, ходимнинг бутун давр мобайнидаги хизмати пировардида ушбу юқорироқ даражадаги даромадга олиб келади.

           


        

73-бандга оид мисоллар


1. Дастур бўйича ўн йиллик хизмат кўрсатилишидан сўнг қопланадиган 100 п.б.га тенг бир марталик даромад тўланади. Дастур кейинги хизмат учун ҳеч қандай даромадни таъминламайди.


100 п.б.га тенг даромад (1,000 п.б.нинг ўнга бўлингани) биринчи ўн йилликнинг ҳар йилига тегишли бўлади.


Биринчи ўн йилликнинг ҳар йилидаги жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати ходим ўн йиллик хизматни тугалламаслиги мумкинлигининг эҳтимолини акс эттиради. Кейинги йилларга ҳеч қандай даромад тегишли бўлмайди.


2. Дастур 2,000 п.б.га тенг бир марталик пенсияни йигирма йиллик хизматдан сўнг 55 ёшида ҳануз банд бўлган ходимларга ёки хизмат муддатидан қатъий назар 65 ёшида ҳануз банд бўлган барча ходимларга тўлайди.


35 ёшдан олдин қўшиладиган ходимлар учун, хизмат дастлаб 35 ёшда дастурдаги даромадга олиб келади (ходим 30 ёшда ташкилотни тарк этиши ва 33 ёшда қайтиб келиши мумкин, бу даромадларнинг суммасига ёки муддатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди). Ушбу даромадлар кейинги хизматга боғлиқ бўлади. Шунингдек, 55 ёшдан кейинги хизмат кейинги даромадларнинг муҳим суммасига олиб келмайди. Мазкур ходимлар учун ташкилот 100 п.б. даромадни (2 000 п.б.нинг йигирмага бўлингани) 35 ёшдан 55 ёшгача бўлган даврнинг ҳар йилига тақсимлайди.


35 ва 45 ёшлар орасида қўшиладиган ходимлар учун, йигирма йилдан ташқари хизмат кейинги даромадларнинг муҳим суммасига олиб келмайди. Мазкур ходимлар учун, ташкилот 100 п.б. даромадни (2 000 п.б.нинг йигирмага бўлингани) биринчи йигирма йилликнинг ҳар йилига тақсимлайди.


55 ёшида қўшиладиган ходим учун, ўн йилдан ташқари хизмат кейинги даромадларнинг муҳим суммасига олиб келмайди. Мазкур ходим учун, ташкилот 200 п.б. даромадни (2 000 п.б. нинг ўнга бўлингани) биринчи ўн йилликнинг ҳар йилига тақсимлайди.


Барча ходимлар учун, жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати ва жавобгарликнинг дисконтланган қиймати ходим хизматнинг зарурий муддатини тугаллай олмаслиги мумкинлигининг эҳтимолини акс эттиради.


3. Меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий дастур ходим хизматнинг ўн йилидан ортиқ ва йигирма йилидан кам бўлган даврда ташкилотни тарк этганда ходимнинг меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий сарфларини 40 фоизини қоплайди ва ходим йигирма ва ундан ортиқ йиллик хизматдан сўнг тарк этганда ушбу сарфларнинг 50 фоизини қоплайди.


Дастурнинг даромад формуласига асосан, ташкилот кутилган тиббий сарфларнинг дисконтланган қийматининг 4 фоизини (40 фоизнинг ўнга бўлингани) биринчи ўн йилликнинг ҳар йилига тақсимлайди ва 1 фоизини (10 фоизнинг ўнга бўлингани) иккинчи ўн йилликнинг ҳар йилига тақсимлайди. Ҳар йилдаги жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати ходим даромаднинг маълум қисмига ёки барчасига эга бўлиш учун хизматнинг зарурий муддатини тугалламаслиги мумкинлигининг эҳтимолини акс эттиради. Ўн йил ичида ташкилотни тарк этиши кутилаётган ходимлар учун ҳеч қандай даромад ҳисобланмайди.


4. Меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий дастур ходим хизматнинг ўн йилидан ортиқ ва йигирма йилидан кам бўлган даврда ташкилотни тарк этганда ходимнинг меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий сарфларини 10 фоизини қоплайди ва ходим йигирма ва ундан ортиқ йиллик хизматдан сўнг тарк этганда ушбу сарфларнинг 50 фоизини қоплайди.


Кейинги йиллардаги хизмат олдинги йиллардагига нисбатан муҳим даражада кўпроқ даромадга олиб келади. Шунинг учун, йигирма ва ундан ортиқ йилдан сўнг ташкилотни тарк этиши кутилаётган ходимлар учун, ташкилот 71-бандга асосан даромадни бир текисда тақсимлайди. Йигирма йилдан ортиқ хизмат кейинги даромадларнинг муҳим суммасига олиб келмайди. Шу туфайли, биринчи йигирма йилликнинг ҳар йилига тегишли даромад кутилаётган тиббий сарфлар дисконтланган қийматининг 2.5 фоизини (50 фоизнинг йигирмага бўлингани) ташкил этади.


Ўн ва йигирма йил ичида тарк этиши кутилаётган ходимлар учун, биринчи ўн йилликнинг ҳар йилига тегишли даромад кутилаётган тиббий сарфларнинг дисконтланган қийматининг 1 фоизини ташкил этади.


Ушбу ходимлар учун, ўнинчи йилнинг охири билан кутилаётган тарк этиш санаси ўртасидаги хизматга ҳеч қандай даромад тақсимланмайди.


Ўн йил ичида ташкилотни тарк этиши кутилаётган ходимлар учун ҳеч қандай даромад ҳисобланмайди.

     


             

74. Даромаднинг суммаси хизматнинг ҳар йили учун якуний маошнинг ўзгармас улушидан иборат бўлган пайтда, келгуси маош ошишлари ҳисобот даври охиридан олдинги хизмат учун мавжуд бўлган жавобгарликни ҳисоб-китоб қилишда талаб этиладиган суммага таъсир кўрсатади, лекин қўшимча жавобгарликни юзага келтирмайди. Шунинг учун:

(a) 70(б)-банд мақсадиларида, ҳатто даромадлар суммаси якуний маошга боғлиқ бўлса ҳам, маош ошишлари кейинги даромадларга олиб келмайди; ва

(б) ҳар бир даврга тегишли даромад суммаси даромад боғланган маошнинг ўзгармас улуши ҳисобланади.

           


        

74-бандга оид мисол


Ходимлар 55 ёшдан олдинги хизматнинг ҳар йили учун якуний маошнинг 3 фоизига тенг даромадга эга бўладилар.


Кутилаётган якуний маошнинг 3 фоизига тенг даромад 55 ёшгача бўлган ҳар йил учун тегишли ҳисобланади. Бу эса дастур асосан ходимнинг кейинги хизмати кейинги даромадларнинг муҳим суммасига олиб келмайдиган сана ҳисобланади. Ушбу ёшдан кейинги хизматга ҳеч қандай даромад тақсимланмайди.

     


           

          

Актуар фаразлар


75. Актуар фаразлар холис ва ўзаро мутаносиб бўлиши лозим.


76. Актуар фаразлар меҳнат фаолиятидан кейинги даромадларни таъминлашнинг якуний қийматини аниқлайдиган ўзгарувчилар бўйича ташкилотнинг энг яхши баҳолашларидир. Актуар фаразлар қуйидагиларни қамраб олади:

(a) даромадларга муносиб бўлган жорий ва собиқ ходимларнинг (ва уларнинг қарамоғидагиларнинг) келгуси хусусиятлари тўғрисидаги демографик фаразлар. Демографик фаразлар қуйидагилар каби масалаларни ўз ичига олади:

(i) ўлим даражаси (81 ва 82-бандга қаранг);

(ii) ходимлар қўнимсизлиги, яроқсизлик ва эрта пенсияга чиқиш даражаси;

(iii) қарамоғида даромадлар олиш ҳуқуқига эга шахслар бўлган дастур аъзоларининг улуши;

(iv) дастур шартлари асосида мавжуд бўлган тўлов турининг ҳар бир шаклини танлайдиган дастур аъзоларининг улуши; ва

(v) тиббий таъминот дастурлари бўйича тўловлар даражаси.

(б) молиявий фаразлар қуйидагилар каби масалаларни ўз ичига олади:

(i) дисконт ставкаси (83 - 86 бандларга қаранг);

(ii) даромадларнинг ходимлар амалга оширадиган сарфларидан ташқари даромад даражалари ва келгуси маош (87 - 95 бандларга қаранг);

(iii) тиббий даромадлар ҳолатида, келгуси тиббий сарфлар, жумладан талабни бошқариш сарфлари (масалан талабларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишда амалга ошириладиган сарфлар, жумладан юридик ва аджастерлар ҳақи (тузатувчилар тўловлари) (96 - 98 бандларга қаранг); ва

(iv) ҳисобот санасидан олдинги хизматга тегишли бадаллар бўйича ёки ушбу хизматдан келиб чиқадиган даромадлар бўйича дастур томонидан тўланадиган солиқлар.


77. Актуар фаразлар, агар улар ҳам мулоҳазасиз ҳам ортиқча консерватив бўлмаса, холис ҳисобланади.


78. Актуар фаразлар, агар улар инфляция, маош ошиш суръати ва дисконт ставкалари каби омиллар ўртасидаги иқтисодий боғлиқликларни акс эттирса, ўзаро мутаносиб бўлади. Масалан, бирор маълум келгуси даврдаги муайян инфляция даражасига боғлиқ бўладиган барча фаразлар (масалан, фоиз ставкалари ва маош ва даромад ошишлари тўғрисидаги фаразлар) ушбу даврда айнан бир хил инфляция даражасини назар тутади.


79. Ташкилот дисконт ставкаси ва бошқа молиявий фаразларни, агар реал (инфляцияга тузатилган) суммалардаги баҳолар, масалан, гиперинфляцияли иқтисодиётда (29-сон БҲХС "Гиперинфляцияли иқтисодиётда молиявий ҳисобот"га қаранг) ёки даромад индексига боғланган ҳамда айнан бир хил валютали ва шартли индексга боғланган облигацияларнинг кенг бозори мавжуд бўлган ҳолатда, ишончлироқ бўлмаса, номинал (белгиланган) суммаларда аниқлайди.


80. Молиявий фаразлар ҳисобот даврининг охирида мажбуриятлар ҳисоб-китоб қилинадиган давр бўйича бозор кутилишларига асосланиши лозим.



Актуар фаразлар: ўлим даражаси


81. Ташкилот дастур аъзоларининг бандлик давридаги ва ундан кейинги ўлим даражасининг аниқ баҳосини инобатга олган ҳолда ўзининг ўлим даражаси фаразларини аниқлаши лозим.


82. Даромаднинг якуний қийматини баҳолаш учун, ташкилот ўлим даражасидаги кутилаётган ўзгаришларни инобатга олади, масалан, стандарт ўлим даражаси жадвалини ўлим даражасидаги яхшиланиш кўрсаткичлари билан тузатиб боради.



Актуар фаразлар: дисконт ставкаси


83. Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар бўйича (ҳам молиялаштирилган ҳам молиялаштирилмаган) жавобгарликларни дисконтлашда фойдаланиладиган ставка ҳисобот даври охиридаги юқори сифатли корпоратив облигациялар бўйича бозор даромадлилигини инобатга олган ҳолда аниқланиши лозим. Бундай юқори сифатли корпоратив облигациялар бўйича кенг бозор мавжуд бўлмаган валюталар учун, ушбу валюталарда чиқарилган давлат облигациялари бўйича (ҳисобот даври охиридаги) бозор даромадлилиги фойдаланилиши лозим. Корпоратив облигациялар ёки давлат облигацияларининг валютаси ва шарти меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар бўйича жавобгарликларнинг валютаси ва баҳоланган шарти билан изчил бўлиши лозим.


84. Муҳим таъсирга эга актуар фаразлардан бири бу дисконт ставкаси ҳисобланади. Дисконт ставкаси актуар ёки инвестиция рискини эмас, балки пулнинг вақт қийматини акс эттиради. Бундан ташқари, дисконт ставкаси ташкилотнинг кредиторлари дучор бўладиган ташкилотга хос кредит рискини ҳам, келгуси тажриба актуар фаразлардан фарқ қилиши мумкинлигининг рискини ҳам акс эттирмайди.


85. Дисконт ставкаси даромад тўловларининг кутилаётган муддатини акс эттиради. Амалиётда, ташкилот одатда бунга даромад тўловларининг кутилаётган муддати ва суммасини ва даромадлар тўланадиган валютани акс эттирадиган ягона тортилган ўртача дисконт ставкасини қўллаган ҳолда эришади.


86. Айрим ҳолларда, барча даромад тўловларининг кутилаётган сўндириш муддатига мос келадиган етарли даражада узоқ муддатли облигациялар бўйича кенг бозор мавжуд бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда, ташкилот ўринли муддатнинг жорий бозор ставкаларини қисқа муддатли тўловларни дисконтлашда қўллайди ва жорий бозор ставкаларини фойдалилик чизиғи бўйлаб кенгайтирган ҳолда узоқроқ муддатлар учун дисконт ставкани баҳолайди. Белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жами жорий қиймати мавжуд корпоратив ёки ҳукумат облигацияларининг якуний сўндириш муддатидан ташқари тўланадиган даромадларнинг қисмига қўлланадиган дисконт ставкасига нисбатан сезиларли бўлмаслиги мумкин.



Актуар фаразлар: маошлар, даромадлар ва тиббий сарфлар


87. Ташкилот ўзининг белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликларини қуйидагиларни акс эттирадиган асосда баҳолаши лозим:

(a) ҳисобот даври охирида дастур шартларида белгиланган (ёки ушбу шартлардан ташқарида бўлган ҳар қандай конструктив жавобгарликдан келиб чиқадиган) даромадлар;

(б) тўланадиган даромадларга таъсир этадиган ҳар қандай баҳоланган келгуси маош ошишлари;

(в) келгуси даромадларнинг қийматидаги иш берувчининг улушига ҳар қандай чекловнинг таъсири;

(г) ташкилот учун ушбу даромадларнинг якуний қийматини камайтирадиган ходимлардан ёки учинчи томонлардан бадаллар; ва

(д) белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури асосида тўланадиган даромадларга таъсир кўрсатадиган ҳар қандай давлат даромадлари даражасидаги кутилаётган келгуси ўзгаришлар, фақат ва фақат қуйидаги шартларда:

(i) ушбу ўзгаришлар ҳисобот даври охиридан олдин кучга кирган бўлса; ёки

(ii) ушбу давлат даромадлари баъзи кузатиладиган ҳолатда ўзгаришини, масалан, умумий нарх даражаларидаги ёки умумий маош даражаларидаги келгуси ўзгаришлар билан бирга ўзгаришини, акс эттирадиган олдинги маълумот ёки бошқа ишончли далил бўлса.


88. Актуар фаразлар ҳисобот даври охирида дастурнинг расмий шартларида (ёки ушбу шартлардан ташқарида бўлган конструктив жавобгарликда) белгиланган келгуси даромад ўзгаришларини акс эттиради. Бундай ҳолат, масалан, қуйидаги шартларда юз беради:

(a) ташкилот, инфляция таъсирини камайтиришда даромадларни ошириш тарихига эга бўлса ва ушбу амалиёт келгусида ўзгаришини кўрсатадиган ишора мавжуд бўлмаса;

(б) ташкилот ёки дастурнинг расмий шартлари (ушбу шартлардан ташқарида бўлган конструктив жавобгарлик) орқали ёки қонунчилик орқали, дастурдаги ҳар қандай профицитни дастур иштирокчилари манфаатига йўналтиришга мажбур бўлса (108(в)-бандга қаранг); ёки

(в) даромадлар фаолият натижасининг кўзланган кўрсаткичига ёки бошқа мезонга жавобан ўзгарса. Масалан, дастур шартлари шуни таъкидлаши мумкинки, агар дастур активлари етарли бўлмаса, у камайтирилган даромадларни тўлайди ёки ходимлардан қўшимча бадаллар талаб этади. Жавобгарликни баҳолаш фаолият натижасининг кўзланган кўрсаткичининг ёки бошқа мезоннинг таъсирини энг яхши баҳосини акс эттиради.


89. Актуар фаразлар ҳисобот даври охирида дастурнинг расмий шартларида (ёки конструктив жавобгарликда) белгиланмаган келгуси даромад ўзгаришларини акс эттирмайди. Бундай ўзгаришлар қуйидагиларга олиб келади:

(a) олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати, бунда улар ўзгаришдан олдинги хизмат учун даромадларни ўзгартирадиган даражада; ва

(б) ўзгаришдан кейинги даврлар учун жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати, бунда улар ўзгаришдан кейинги хизмат учун даромадларни ўзгартирадиган даражада.


90. Маошнинг келгуси ошишларини баҳолаш инфляцияни, ёшни, лавозим ошишини ва меҳнат бозоридаги таклиф ва талаб каби бошқа омилларни инобатга олади.


91. Баъзи белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари ташкилот тўлаши талаб этилган бадалларни чеклайди. Даромадларнинг якуний қиймати бадаллар бўйича чеклов таъсирини инобатга олади. Бадаллар бўйича чеклов таъсири қуйидагиларнинг қисқароғи бўйича аниқланади:

(a) ташкилотнинг кутилаётган фаолият муддати; ва

(б) дастурнинг кутилаётган фаолият муддати.


92. Баъзи белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари ходимлардан ёки учинчи томонлардан дастур қийматига ҳисса қўшишни талаб этади. Ходимлар бадаллари ташкилот учун даромадлар қийматини камайтиради. Ташкилот учинчи томон бадаллари ташкилот учун даромадлар қийматини камайтиришини ёки 116-бандда айтиб ўтилган қоплаш ҳуқуқи бўлишини кўриб чиқади. Ходимлардан ёки учинчи томонлардан бадаллар дастурнинг расмий шартларида белгиланган бўлиши (ёки ушбу шартлардан ташқарида бўлган конструктив жавобгарликдан келиб чиқиши), ёки ихтиёрий бўлиши мумкин. Ходимлардан ёки учинчи томонлардан ихтиёрий бадаллар ушбу бадаллар дастурга тўланишида хизмат қийматини камайтиради.


93. Дастурнинг расмий шартларида белгиланган ходимлардан ёки учинчи томонлардан бадаллар хизмат қийматини камайтиради (агар улар кўрсатилган хизматга боғланган бўлса) ёки белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)нинг қайта баҳолашларига таъсир қилади (агар улар кўрсатилган хизматга боғланмаган бўлса). Кўрсатилган хизматларга боғланмаган бадалларга мисол тариқасида дастурга оид активлар бўйича зарарлар ёки актуар зарарлар натижасида юзага келадиган дефицитни камайтириш учун талаб қилинадиган бадалларни келтириш мумкин. Агар ходимлардан ёки учинчи томонлардан бадаллар хизматларга боғланган бўлса, ушбу бадаллар кўрсатилган хизматлар қийматини қуйидагича камайтиради:

(a) агар бадалларнинг суммаси хизмат кўрсатиш йилларининг сонига боғлиқ бўлса, ташкилот бадалларни ялпи даромадлар бўйича 70-бандда талаб қилинган тақсимлаш усулидан фойдаланиб хизмат кўрсатиш даврларга тақсимлаши лозим (яъни, дастурнинг бадаллар формуласидан фойдаланиб ёки тўғри чизиқли асосда); ёки

(б) агар бадалларнинг суммаси хизмат кўрсатиш йилларининг сонига боғлиқ бўлмаса, ташкилот бундай бадалларни тегишли хизматлар кўрсатилган даврда кўрсатилган хизмат қийматининг камайиши сифатида тан олишига рухсат берилади. Хизмат кўрсатиш йиллари сонига боғлиқ бўлмаган бундай бадалларга мисоллар ходимнинг маошининг қатъий фоизи бўлган, хизмат даври мобайнида қатъий суммада бўлган ёки ходим ёшига боғлиқ бўлган бадалларни ўз ичига олади.

A1-банд қўллаш бўйича тегишли кўрсатмани таъминлайди.


94. 93(а) бандга мувофиқ хизмат даврларига тақсимланадиган ходимлардан ёки учинчи томонлардан бадаллар учун, бадаллардаги ўзгаришлар қуйидагиларда ўз аксини топади:

(a) жорий даврда ва олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қийматида (агар ушбу ўзгаришлар дастурнинг расмий шартларида белгиланмаган бўлса ва конструктив жавобгарлик натижасида юзага келмаса); ёки

(б) актуар фойда ва зарарлар (агар ушбу ўзгаришлар дастурнинг расмий шартларида белгиланган бўлса ва конструктив жавобгарлик натижасида юзага келмаса).


95. Баъзи меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар давлат томонидан тўланадиган пенсияларнинг ёки давлат тиббий хизматининг даражаси каби кўрсаткичларга боғланган бўлади. Бундай даромадларнинг баҳоланиши тарихий маълумотлар ва бошқа ишончли далилга асосланган ҳолда бундай кўрсаткичларнинг энг яхши баҳосини акс эттиради.


96. Тиббий сарфлар тўғрисидаги фаразлар инфляция ва тиббий сарфлардаги муайян ўзгаришлардан келиб чиқадиган тиббий хизматлар қийматидаги кутилаётган келгуси ўзгаришларни инобатга олиши лозим.


97. Меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий даромадларни баҳолаш келгуси талабларнинг ва ушбу талабларни қондириш қийматининг даражаси ва даврийлиги тўғрисидаги фаразларни талаб этади. Ташкилот унинг хусусий тажрибаси бўйича олдинги маълумотлар, ўринли бўлганда, бошқа ташкилотларнинг, суғурта компанияларнинг, тиббий таъминотчиларнинг ёки бошқаларнинг олдинги маълумотлари, асосида келгуси тиббий сарфларни баҳолайди. Келгуси тиббий сарфларнинг ҳисоб баҳолари технологик ривожланишларнинг, соғлиқни сақлаш хизматларини истеъмол қилиш ёки таъминлашдаги ўзгаришларнинг ва дастур иштирокчиларининг тиббий мақомидаги ўзгаришларнинг таъсирини инобатга олади.


98. Талаблар даражаси ва даврийлиги хусусан ёшга, ходимларнинг тиббий мақомига ва жинсига (ва уларнинг қарамоғидагиларга) нисбатан таъсирчан бўлади ва географик жойлашув каби бошқа омилларга таъсирчан бўлиши мумкин. Шунинг учун, олдинги маълумотлар аҳолининг демографик таркиб маълумотлар учун асос сифатида фойдаланилган аҳоли таркибидан фарқланадиган даражада тузатилиши лозим. Улар олдинги йўналишлар давом этмаслигининг ишончли далили мавжуд бўлганда ҳам тузатилади.



Олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати

ва ҳисоб-китоб қилинганида ҳосил бўладиган фойда ва зарарлар


99. Олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қийматини ёки ҳисоб-китоб қилиш бўйича фойда ёки зарарни аниқлашда, ташкилот белгиланган тўловлар бўйича соф мажбуриятини (активини), қуйидагиларни акс эттирган ҳолда, жорий бозор фоиз ставкалари ва бошқа жорий бозор нархларини ўз ичига оладиган дастур активларининг жорий ҳаққоний қийматидан ва жорий актуар фаразлардан фойдаланган ҳолда қайта баҳолаши лозим:

(a) дастур бўйича таклиф қилинадиган тўловлар ва дастурдаги ўзгартириш, қисқартириш ёки ҳисоб-китобдан олдинги дастур активларини; ва

(б) дастур бўйича таклиф қилинадиган тўловлар ва дастурдаги ўзгартириш, қисқартириш ёки ҳисоб-китобдан кейинги дастур активларини.


100. Ташкилот дастур ўзгаришидан юзага келадиган олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати, қисқартиришдан юзага келадиган олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати ва ҳисоб-китобда ҳосил бўладиган фойда ёки зарарни, агар ушбу операциялар биргаликда содир бўлса, ўзаро фарқлаши талаб этилмайди. Айрим ҳолатларда, дастурдаги ўзгариш ҳисоб-китобдан олдин содир бўлади, масалан, ташкилот дастурдаги даромадларни ўзгартиради ва кейин ўзгартирилган даромадларни ҳисоб-китоб қилади. Бундай ҳолатларда, ташкилот ҳисоб-китоб бўйича ҳар қандай фойда ёки зарардан олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қийматини тан олади.


101. Агар дастурнинг амал қилиши тўхтатилса ва бунинг натижасида дастурнинг мажбуриятлари бўйича ҳисоб-китоблар қилинса ва дастур тугатилса, ҳисоб-китоблар дастурдаги ўзгариш ва қисқартириш билан бирга содир бўлади. Лекин, агар дастур моҳиятан бир хил даромадларни тақдим этадиган янги дастур билан алмаштирилса, дастурнинг тугатилиши ҳисоб-китоб қилишни англатмайди.


101А. Дастур ўзгариши, қисқариши ёки ҳисоб-китоб қилиниши содир бўлса, ташкилот ҳар қандай олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати ёки ҳисоб-китоб қилиш бўйича фойда ёки зарарни 99 - 101-бандларга ва 102 - 112-бандларга мувофиқ тан олиши ва баҳолаши лозим. Бундай қилишда, ташкилот актив юқори чегарасининг таъсирини ҳисобга олмаслиги лозим. Ташкилот дастурдаги ўзгартириш, қисқартириш ёки ҳисоб-китобдан кейинги активнинг юқори чегарасининг таъсирини аниқлаши ва ушбу таъсирдаги ҳар қандай ўзгаришни 57(г)-бандга мувофиқ тан олиши лозим.



Олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати


102. Олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати дастурдаги ўзгартириш ёки қисқартиришдан юзага келадиган белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматидаги ўзгаришдир.


103. Ташкилот олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қийматини харажат сифатида қуйидаги саналарнинг эртароғида тан олиши лозим:

(a) дастурдаги ўзгартириш ёки қисқартириш содир бўлганда; ва

(б) ташкилот тегишли реструктуризация сарфларини (37-сон БҲХС га қаранг) ёки ишдан бўшатиш нафақаларини тан олганда (165-бандга қаранг).


104. Ташкилот белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурини киритганда ёки бекор қилганда ёки жорий белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида тўланадиган даромадларни ўзгартирганда, дастурда ўзгартириш содир бўлади.


105. Ташкилот дастурда қамраб олинган ходимлар сонини аҳамиятли даражада қисқартирганда, қисқартириш содир бўлади. Қисқартириш алоҳида ҳодисадан, масалан, корхонанинг ёпилиши, фаолиятни тугатилиши ёки дастурнинг тугатилиши ёки вақтинчалик тўхтатилиши каби ҳодисалардан келиб чиқиши мумкин.


106. Олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати ижобий бўлиши (даромадлар киритилиб ёки ўзгартирилиб, белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қиймати ошганда) ёки манфий бўлиши (даромадлар бекор қилиниб ёки ўзгартирилиб, белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қиймати камайганда) мумкин.


107. Ташкилот жорий белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида тўланадиган даромадларни камайтирса ва бир вақтни ўзида дастурга асосан айнан ўша ходимларга тўланадиган бошқа даромадларни оширса, ташкилот ўзгаришни ягона соф ўзгариш сифатида ҳисобга олади.


108. Олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати қуйидагиларни ўз ичига олмайди:

(a) олдинги йилларда кўрсатилган хизмат учун даромад тўлаш жавобгарлиги бўйича ҳақиқий ва олдин фараз қилинган маош ошишлари ўртасидаги тафовутлар таъсирини (олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати мавжуд эмас, чунки актуар фаразлар режалаштирилган маошларга рухсат беради);

(б) ихтиёрий даромад ошишларини, агар ташкилот бундай ошишлар бўйича конструктив жавобгарликка эга бўлса, камайтириб акс эттиришларни ва ошириб акс эттиришларни, (олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати мавжуд эмас, чунки актуар фаразлар бундай ошишларга рухсат беради);

(в) молиявий ҳисоботда тан олинган актуар фойдалар ёки пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромаддан юзага келадиган даромад ошишларининг ҳисоб баҳолари, агар ташкилот, дастурнинг расмий шартлари (ёки ушбу шартлардан ташқарида бўлган конструктив жавобгарлик) ёки қонунчилик орқали, дастурдаги ҳар қандай профицитни дастур иштирокчилари даромадлари учун фойдаланишга мажбур бўлса, бунда ҳатто даромаддаги ошиш расман тақдим этилмаган бўлса ҳам (олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати мавжуд эмас, чунки мажбуриятдаги натижавий ошиш актуар зарардир, 88-бандга қаранг); ва

(г) қопланадиган даромадлардаги (яъни келгуси бандликка шартли бўлмаган даромадлар, 72-бандга қаранг) ошиш, ходимлар янги ёки яхшиланган даромадлар мавжуд бўлмаган пайтда қоплаш талабларини бажарганда (олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати мавжуд эмас, чунки ташкилот даромадларнинг баҳоланган қийматини хизмат кўрсатилганда жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати сифатида тан олган).



Ҳисоб-китоб қилинганида ҳосил

бўладиган фойда ва зарарлар


109. Ҳисоб-китоб қилинганида ҳосил бўладиган фойда ёки зарар қуйидагиларнинг фарқидир:

(a) ҳисоб-китоб қилинаётган белгиланган тўловлар бўйича жавобгарлигининг дисконтланган қиймати, бунда унинг ҳисоб-китоб санасида аниқланган қиймати; ва

(б) ҳисоб-китоб нархи, жумладан ҳисоб-китоб билан боғлиқ ҳолда ташкилот томонидан ўтказилган ҳар қандай дастур активлари ва амалга оширилган тўловлар.


110. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурини ҳисоб-китоб қилиш юз берса, ташкилот ушбу ҳисоб-китоб қилиш бўйича фойда ёки зарарни тан олиши лозим.


111. Ташкилот белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурига мувофиқ таъминланадиган даромадларнинг қисми ёки барчаси бўйича барча кейинги юридик ёки конструктив жавобгарликни (дастурнинг шартлари асосида ходимларга ёки улар номидан тўланадиган ва актуар фаразларда инобатга олинган даромадларнинг тўловидан ташқари) бартараф этадиган операцияни амалга оширганда, ҳисоб-китоб содир бўлади. Масалан, суғурта полисини сотиб олиш орқали суғурта компаниясига иш берувчининг дастурдаги аҳамиятли жавобгарликларининг бир марталик ўтказмаси ҳисоб-китоб ҳисобланади; дастур шартлари асосида, дастур иштирокчиларига уларнинг белгиланган меҳнат фаолиятидан кейинги даромадларини олиш ҳуқуқлари эвазига бир марталик пул маблағларидаги тўлови ҳисоб-китоб ҳисобланмайди.


112. Баъзи ҳолатларда, ташкилот жорий ва олдинги даврлардаги ходим хизматига тегишли даромадларининг айрим қисмини ёки барчасини молиялаштириш учун суғурта полиси харид қилади. Агар ташкилот суғурталовчи суғурта полисида белгиланган ходимларга даромадларини тўламаганда кейинги суммаларни тўлаш бўйича юридик ёки конструктив жавобгарликни сақлаб қолса, бундай полисни сотиб олиш ҳисоб-китоб ҳисобланмайди (46-бандга қаранг). 116 - 119 бандлар дастур активлари бўлмаган суғурта полисларидаги қоплаш ҳуқуқларини тан олиш ва баҳолашга нисбатан қўлланади.



Тан олиш ва баҳолаш: дастур активлари


Дастур активларининг ҳаққоний қиймати


113. Ҳар қандай дастур активларининг ҳаққоний қиймати дефицит ёки профицитни аниқлашда белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматидан чегирилади.


114. Дастур активлари ҳисобот берувчи ташкилотнинг фондга тўлаши лозим бўлган тўланмаган бадалларни ҳамда ташкилот томонидан чиқарилган ва фонд томонидан эгалик қилинадиган ҳар қандай ўтказилмайдиган молиявий инструментларни ўз ичига олмайди. Дастур активлари ходим даромадларига тегишли бўлмаган фонднинг ҳар қандай мажбуриятлари, масалан, тижорат ва бошқа кредиторлик қарзлари ва дериватив молиявий инструментлардан юзага келадиган мажбуриятлар ҳисобига камайтирилади.


115. Дастур активлари дастурга асосан тўланадиган айрим ёки барча даромадларнинг суммаси ва муддати билан аниқ мос келадиган квалификацияланадиган суғурта полисларини ўз ичига олганда, ушбу суғурта полисларининг ҳаққоний қиймати тегишли мажбуриятларнинг жорий қиймати бўлади деб ҳисобланади (бунда суғурта полисларига асосан олинадиган суммалар тўлиқ қопланадиган бўлмаганда талаб этиладиган ҳар қандай камайтиришга шартли равишда).



Қоплаб беришлар


116. Фақатгина бошқа томон белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликни ҳисоб-китоб қилишда талаб этиладиган айрим ёки барча сарфларни қоплаши аниқ бўлганда, ташкилот:

(a) ўзининг қоплашга нисбатан ҳуқуқини алоҳида актив сифатида тан олиши лозим. Ташкилот активни ҳаққоний қийматда баҳолаши лозим.

(б) ўзининг қоплашга нисбатан ҳуқуқининг ҳаққоний қийматидаги ўзгаришларни дастур активларининг ҳаққоний қийматидаги ўзгаришлардек ажратиши ва тан олиши лозим (124 ва 125-бандларга қаранг). 120-бандга мувофиқ тан олинадиган белгиланган даромад дастурининг компонентлари қоплашга нисбатан ҳуқуқнинг баланс қийматидаги ўзгаришлар билан боғлиқ суммаларни чегирган ҳолда тан олиниши мумкин.


117. Баъзида, ташкилот белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликни ҳисоб-китоб қилишда талаб этилган сарфнинг айрим қисмини ёки барчасини тўлашда суғурталовчи каби бошқа томонга мурожаат эта олади. 8-бандда таърифланган квалификацияланадиган суғурта полислари дастур активлари ҳисобланади. Ташкилот квалификацияланадиган суғурта полисларини бошқа барча дастур активлари каби бир хил усулда ҳисобга олади ва 116-банд ўринли ҳисобланмайди (46 - 49 ва 115-бандларга қаранг).


118. Ташкилот эгалик қилаётган суғурта полиси квалификацияланадиган суғурта полиси бўлмаса, ушбу суғурта полиси дастур активи ҳисобланмайди. 116-банд бундай ҳолатларда ўринлидир: ташкилот суғурта полиси асосидаги ўзининг қоплашга нисбатан ҳуқуқини белгиланган даромад дефицити ёки профицитини аниқлашдаги камайтириш сифатида эмас, балки алоҳида актив сифатида тан олади. 140(б)-банд ташкилотдан қоплаш ҳуқуқи билан тегишли мажбурият ўртасидаги боғлиқликнинг қисқача изоҳини ёритиб беришни талаб этади.


119. Агар қоплашга нисбатан ҳуқуқ белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурига мувофиқ тўланадиган айрим ёки барча даромадларнинг суммаси ва муддати билан аниқ мос келадиган суғурта полисига асосан юзага келса, қоплаш ҳуқуқининг ҳаққоний қиймати тегишли мажбуриятнинг жорий қиймати бўлади деб ҳисобланади (бунда қоплаш тўлиқ қопланадиган бўлмаганда талаб этиладиган ҳар қандай камайтиришга шартли равишда).



Белгиланган даромад қийматининг компонентлари


120. Ташкилот, бошқа МҲХС уларни активнинг қийматига киритишни талаб этган ёки киритишга рухсат берган ҳолатларни истисно қилган ҳолда, белгиланган тўловлар бўйича сарфларнинг компонентларини қуйидагича тан олиши лозим:

(a) кўрсатилган хизмат қийматини (66 - 112 бандлар ва 122А-бандга қаранг) фойда ёки зарарда;

(б) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизни (123 - 126 бандларга қаранг) фойда ёки зарарда; ва

(в) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни қайта баҳолашларни (127 - 130 бандларга қаранг) бошқа умумлашган даромад таркибида.


121. Бошқа МҲХСлар айрим ходим даромадлари қийматларини активнинг, масалан, захираларнинг, асосий воситаларнинг, қийматига киритишни талаб этади (2-сон БҲХС ва 16-сон БҲХСга қаранг). Бундай активларнинг қийматига киритилган ҳар қандай меҳнат фаолиятидан кейинги даромад қийматлари 120-бандда келтирилган компонентларнинг тегишли улушини ўз ичига олади.


122. Бошқа умумлашган даромадда тан олинган белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни қайта баҳолашлар кейинги даврда фойда ёки зарарда қайта таснифланмаслиги лозим. Лекин, ташкилот бошқа умумлашган даромадда тан олинган ушбу суммаларга нисбатан хусусий капитал таркибида ўтказмани амалга ошириши мумкин.



Жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати


122А. Ташкилот жорий даврда кўрсатилган хизматлар қийматини йиллик ҳисобот даврининг бошида аниқланадиган актуар фаразлардан фойдаланиб аниқлаши лозим. Лекин, агар ташкилот белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни 99-бандга мувофиқ қайта баҳоласа, у дастурдаги ўзгартириш, қисқартириш ёки ҳисоб-китобдан кейинги йиллик ҳисобот даврининг қолган даври бўйича жорий даврда кўрсатилган хизматлар қийматини 99(б)-бандга мувофиқ белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни қайта баҳолашда фойдаланилган актуар фаразлардан фойдаланган ҳолда аниқлаши лозим.



Белгиланган тўловлар бўйича соф

мажбурият (актив)га оид соф фоиз


123. Ташкилот белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизни белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни 83-бандда келтирилган дисконт ставкасига кўпайтирган ҳолда аниқланиши лозим.


123А. 123-бандга мувофиқ соф фоизни аниқлаш учун, ташкилот белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив) ва йиллик ҳисобот даврининг бошида белгиланган дисконт ставкадан фойдаланиши лозим. Лекин, агар ташкилот белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни 99-бандга мувофиқ қайта баҳоласа, у дастурдаги ўзгартириш, қисқартириш ёки ҳисоб-китобдан кейинги йиллик ҳисобот даврининг қолган даври бўйича соф фоизни қуйидагилардан фойдаланиб аниқлаши лозим:

(a) 99(б)-бандга мувофиқ аниқланадиган белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив); ва

(б) 99(б)-бандга мувофиқ белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни қайта баҳолашда фойдаланиладиган дисконт ставка.

123А-бандни қўллашда, ташкилот давр мобайнида бадаллар ёки тўловлар натижасида юзага келган белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)даги ҳар қандай ўзгаришни ҳам инобатга олиши лозим.


124. Белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоиз дастур активлари бўйича фоизли даромад, белгиланган тўловлар бўйича жавобгарлик бўйича фоизли харажат ва 64-бандда қайд қилинган активнинг юқори чегарасининг таъсири бўйича фоизни қамраб олади деб инобатга олиниши мумкин.


125. Дастур активлари бўйича фоизли даромад пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромаднинг компоненти ҳисобланади ва у дастур активларининг ҳаққоний қийматини 123А-бандда келтирилган дисконт ставкасига кўпайтирган ҳолда аниқланади. Ташкилот йиллик ҳисобот даври бошидаги дастур активларининг ҳаққоний қийматини аниқлаши лозим. Лекин, агар ташкилот белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни 99-бандга мувофиқ қайта баҳоласа, у дастурдаги ўзгартириш, қисқартириш ёки ҳисоб-китобдан кейинги йиллик ҳисобот даврининг қолган даври бўйича фоиз даромадини 99(б)-бандга мувофиқ белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни қайта баҳолаш учун фойдаланган дастур активларидан фойдаланган ҳолда аниқлаши лозим. 125-бандни қўллашда, ташкилот бадаллар ва тўловлар натижасида юзага келган давр мобайнида эгалик қилинган дастур активларидаги ҳар қандай ўзгаришларни ҳам инобатга олиши лозим. Дастур активлари бўйича фоизли даромад билан пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромад ўртасидаги фарқ белгиланган тўловлар бўйича соф мажбуриятни (активни) қайта баҳоланишига киритилади.


126. Активнинг юқори чегарасининг таъсири бўйича фоиз активнинг юқори чегарасининг таъсиридаги жами ўзгаришнинг қисми ҳисобланади ва у активнинг юқори чегарасининг таъсирини 123А-бандда келтирилган дисконт ставкасига кўпайтирган ҳолда аниқланади. Ташкилот йиллик ҳисобот даврининг бошида актив юқори чегарасининг таъсирини аниқлаши лозим. Лекин, агар ташкилот белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни 99-бандга мувофиқ қайта баҳоласа, у дастурдаги ўзгартириш, қисқартириш ёки ҳисоб-китобдан кейинги йиллик ҳисобот даврининг қолган даври бўйича активнинг юқори чегарасининг таъсири бўйича фоизни 101А-бандга мувофиқ актив юқори чегарасининг таъсиридаги ҳар қандай ўзгаришни инобатга олган ҳолда аниқлаши лозим. Актив юқори чегарасининг таъсири бўйича фоиз билан актив юқори чегарасининг таъсиридаги жами ўзгариш ўртасидаги фарқ белгиланган тўловлар бўйича соф мажбуриятни (активни) қайта баҳоланишига киритилади.



Белгиланган тўловлар бўйича соф

мажбурият (актив)ни қайта баҳолашлар


127. Белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни қайта баҳолашлар қуйидагиларни қамраб олади:

(a) актуар фойда ва зарарлар (128 ва 129-бандларга қаранг);

(б) пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромад (130-бандга қаранг), бунда белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизга киритилган суммалардан ташқари (125-бандга қаранг); ва

(в) актив юқори чегарасининг таъсиридаги ҳар қандай ўзгариш, бунда белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизга киритилган суммалардан ташқари (126-бандга қаранг).


128. Актуар фойда ва зарарлар актуар фаразлардаги ўзгаришлар ва тажрибага асосланган тузатишлар ҳисобига белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматидаги кўпайишлар ёки камайишлардан юзага келади. Актуар фойда ва зарарларнинг сабаблари, масалан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) ходимлар қўнимсизлигининг, эрта пенсияга чиқишнинг ёки ўлим даражасининг ёки маошлардаги, даромадлардаги (агар дастурнинг расмий ёки конструктив шартлари инфляцияга оид даромад ошишларини таъминласа) ёки тиббий харажатлардаги кўпайишларнинг кутилмаган юқори ёки паст даражалари;

(б) даромад тўлови опционларига тегишли ўзгаришларни фаразларга таъсири;

(в) келгуси ходимлар қўнимсизлигининг, эрта пенсияга чиқишнинг ёки ўлим даражасининг ёки маошлардаги, даромадлардаги (агар дастурнинг расмий ёки конструктив шартлари инфляцияга оид даромад ошишларини таъминласа) ёки тиббий сарфлардаги кўпайишларнинг баҳоларидаги ўзгаришлар таъсири; ва

(г) дисконт ставкасидаги ўзгаришлар таъсири.


129. Актуар фойда ва зарарлар белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурини киритиш, ўзгартириш, қисқартириш ёки ҳисоб-китоб қилиш ҳисобига ёки белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури асосида тўланадиган даромадларга ўзгартиришлар ҳисобидан юзага келадиган белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматидаги ўзгаришларни ўз ичига олмайди. Бундай ўзгаришлар олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қийматига ёки ҳисоб-китоб бўйича фойдалар ёки зарарларга олиб келади.


130. Пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромадни аниқлашда, ташкилот дастур активларини бошқариш сарфларини ва дастурнинг ўзи томонидан тўланадиган солиқни чегиради, бундан белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликни ҳисоблашда фойдаланилган актуар фаразларда ҳмсобга олинган солиқ мустасно (76-банд). Бошқа маъмурий сарфлар пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромаддан чегирилмайди.



Ўзаро ҳисоб-китоб


(Оффсеттинг)


131. Ташкилот бир дастурга тегишли активни бошқа дастурга тегишли мажбуриятга нисбатан ўзаро ҳисоб-китоб қилиши лозим, фақат ва фақат ташкилот:

(a) бир дастурдаги профицитдан бошқа дастурдаги мажбуриятларни ҳисоб-китоб қилишда фойдаланиш бўйича юридик кучга эга ҳуқуққа эга бўлса; ва

(б) мажбуриятларни соф асосда ҳисоб-китоб қилишни ёки бир вақтни ўзида бир дастурдаги профицитни ўзлаштириш ва бошқа дастурдаги ўз мажбуриятини ҳисоб-китоб қилишни назарда тутса.


132. Ўзаро ҳисоб-китоб қилиш мезонлари 32-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тақдим этиш"да молиявий инструментлар учун белгиланган мезонларга ўхшаш. Тақдим этиш.



Активлар ва мажбуриятларни жорий

ва узоқ муддатлига бўлиниши


133. Баъзи ташкилотлар жорий активлар ва мажбуриятларни узоқ муддатли активлар ва мажбуриятлардан фарқлайди. Мазкур стандарт меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлардан келиб чиқадиган активлар ва мажбуриятларнинг жорий ва узоқ муддатли қисмларини фарқлаши лозимлигини белгиламайди.



Белгиланган даромад қийматининг компонентлари


134. 120-банд ташкилотдан хизмат қийматини ва белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизни фойда ёки зарарда тан олишни талаб этади. Мазкур стандарт ташкилот хизмат қийматини ва белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоизни қандай тақдим этиши лозимлигини белгиламайди. Ташкилот ушбу компонентларни 1-сон БҲХСга мувофиқ тақдим этади.



Маълумотларни ёритиб бериш


135. Ташкилот қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) унинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурларининг хусусиятларини ва улар билан боғлиқ рискларни тушунтиради (139-бандга қаранг);

(б) молиявий ҳисоботда унинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурларидан юзага келадиган суммаларни аниқлайди ва тушунтиради (140 - 144 бандларга қаранг); ва

(в) унинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари ташкилотнинг келгуси пул оқимларининг суммасига, муддатига ва ноаниқлигига қандай таъсир этиши мумкинлигини изоҳлайди (145 - 147 бандларга қаранг).


136. 135-банддаги мақсадларга эришиш учун, ташкилот қуйидагиларни барчасини инобатга олиши лозим:

(a) ёритиб бериш талабларини қаноатлантириш учун зарур тафсилотлар даражаси;

(б) турли талабларнинг ҳар бирига қанчалик эътибор ажратилиши;

(в) қанчалик жамлаш ёки ажратишни амалга ошириш; ва

(г) молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар ёритиб берилган миқдорий маълумотларни баҳолаш учун қўшимча маълумотларга эхтиёжи мавжудлиги.


137. Агар мазкур стандарт ва бошқа МҲХСлардаги талабларга мувофиқ таъминланган ёритиб бериладиган маълумотлар 135-банддаги мақсадларга эришиш учун етарли бўлмаса, ташкилот ушбу мақсадларга эришиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни ёритиб бериши лозим. Масалан, ташкилот мажбуриятнинг хусусиятини, жиҳатларини ва рискларини фарқлайдиган белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг дисконтланган қийматининг таҳлилини тақдим этиши мумкин. Бундай ёритиб бериш қуйидагиларни фарқлаши лозим:

(a) фаол аъзоларга, кечиктирилган аъзоларга ва нафақахўрларга тегишли суммаларни.

(б) қопланадиган даромадлар билан ҳисобланган аммо қопланмайдиган даромадларни.

(в) шартли даромадлар, келгуси маош ошишларига ва бошқа даромадларга тегишли суммаларни.


138. Ташкилот муҳим турли рискларга эга дастурларни ёки дастурлар гуруҳларини фарқлаш учун барча ёки айрим ёритиб беришларни ажратиб кўрсатиши лозимлигини баҳолаши лозим. Масалан, ташкилот қуйидаги бир ёки ундан ортиқ жиҳатларни акс эттирадиган дастурлар тўғрисида маълумотларни ёритиб беришни ажратиб тақдим этиши мумкин:

(a) турли географик жойлар.

(б) бир текис маошга боғлиқ пенсия дастурлари, якуний маошга боғлиқ пенсия дастурлари ёки меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий дастурлар каби турли жиҳатлар.

(в) турли тартибга солиш муҳитлари.

(г) турли ҳисобот сегментлари.

(д) турли молиялаштириш келишувлари (масалан, тўлиқ молиялаштирилмаган, тўлиқ ёки қисман молиялаштирилган).



Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурларининг

жиҳатлари ва улар билан боғлиқ рисклар


139. Ташкилот қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) ўзининг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурларининг жиҳатлари тўғрисидаги маълумотларни, жумладан:

(i) дастур томонидан таъминланадиган даромадларнинг хусусияти (масалан якуний маошга боғлиқ белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури ёки кафолатли бадалга асосланган дастур).

(ii) дастур фаолият юритаётган тартибга солиш бўйича концептуал асоснинг, масалан минимум молиялаштириш талаблари даражасининг ҳамда тартибга солиш бўйича концептуал асосни дастурга таъсирининг, масалан актив юқори чегарасининг изоҳи (64-бандга қаранг).

(iii) дастурни бошқариш бўйича бошқа бирор ташкилот жавобгарликларининг, масалан ваколатли бошқарувчиларнинг ёки дастур кенгаш аъзоларининг жавобгарликлари изоҳи.

(б) ҳар қандай ғайриоддий, ташкилотга хос ёки дастурга хос рискларга эътиборни қаратган ҳолда, дастур ташкилотни дучор қиладиган рискларнинг ҳамда рискнинг ҳар қандай аҳамиятли концентрациясининг изоҳи. Масалан, агар дастур активлари асосан инвестицияларнинг бир синфига, масалан мол-мулкка инвестиция қилинганда, дастур ташкилотни кўчмас мол-мулк бозори рискининг концентрациясига дучор қилиши мумкин.

(в) ҳар қандай дастурга нисбатан ўзгартиришлар, қисқартиришлар ва ҳисоб-китобларнинг изоҳи.



Молиявий ҳисоботдаги суммаларни тушунтириш


140. Ташкилот, агар қўллаш мумкин бўлса, қуйидагиларнинг ҳар бири бўйича бошланғич қолдиқ билан охирги қолдиқ ўртасидаги солиштирмани таъминлаши лозим:

(a) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (активи), бунда қуйидагилар учун алоҳида солиштирмаларни акс эттирган ҳолда:

(i) дастур активлари.

(ii) белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг дисконтланган қиймати.

(iii) актив юқори чегарасининг таъсири.

(б) ҳар қандай қоплаш ҳуқуқлари. Ташкилот ҳар қандай қоплаш ҳуқуқи билан тегишли жавобгарлик ўртасидаги боғлиқликни ҳам акс эттириши лозим.


141. 140-бандда келтирилган ҳар бир солиштирма қуйидагиларнинг ҳар бирини акс эттириши лозим, агар қўллаш мумкин бўлса:

(a) жорий даврда кўрсатилган хизматлар қиймати.

(б) фоизли даромад ёки харажат.

(в) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни қайта баҳолашлар, бунда қуйидагиларни алоҳида акс эттирган ҳолда:

(i) пенсия дастурига оид активлардан олинадиган даромад, бунда (б) кичик банддаги фоизга киритилган суммалардан ташқари.

(ii) демографик фаразлардаги ўзгаришлардан юзага келадиган актуар фойда ва зарарлар (76(а)-бандга қаранг).

(iii) молиявий фаразлардаги ўзгаришлардан юзага келадиган актуар фойда ва зарарлар (76(б)-бандга қаранг).

(iv) белгиланган тўловлар бўйича соф активни активнинг юқори чегарасигача чеклаш таъсиридаги ўзгаришлар, бунда (б) кичик банддаги фоизга киритилган суммалардан ташқари. Ташкилот мавжуд максимум иқтисодий нафни қандай аниқлаганлигини, яъни ушбу манфаатлар маблағларни қайтариш ёки келгуси бадаллардаги камайтиришлар ёки иккаласининг биргаликдаги шаклида бўлиши мумкинлигини ҳам ёритиб бериши лозим.

(г) ҳисоб-китоблардан юзага келадиган олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати ва фойда ва зарарлар. 100-бандда рухсат этилганидек, ҳисоб-китоблардан юзага келадиган олдинги даврларда кўрсатилган хизматлар қиймати ва фойда ва зарарлар, агар улар биргаликда содир бўлса, фарқланиши талаб этилмайди.

(д) валюта курсларидаги ўзгаришлар таъсири.

(е) дастурга бадаллар, бунда иш берувчилар ва дастур иштирокчилари томонидан амалга ошириладиган бадалларни алоҳида акс эттирган ҳолда.

(ё) дастурдан тўловлар, бунда ҳар қандай ҳисоб-китобларга нисбатан тўланган суммани алоҳида акс эттирган ҳолда.

(ж) бизнес бирлашувлари ва ҳисобдан чиқаришлар таъсирлари.


142. Ташкилот дастур активларининг ҳаққоний қийматини ушбу активларнинг хусусиятини ва рискларини фарқлайдиган, бунда дастур активининг ҳар бир синфини фаол бозорда (13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"да таърифлангандек) белгиланган бозор нархига эга бўлган ва эга бўлмаган синфларга тақсимлаган ҳолда, синфларга ажратиши лозим. Масалан, 136-бандда қайд қилинган маълумотларни ёритиб бериш даражасини ҳам инобатга олган ҳолда, ташкилот қуйидагиларни фарқлай олиши мумкин:

(a) пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари;

(б) улушли инструментлар (соҳа тури, компания ҳажми, география ва б. бўйича бўлинган);

(в) қарз инструментлари (эмитент тури, кредит сифати, география ва б. бўйича бўлинган);

(г) кўчмас мулк (география ва б. бўйича бўлинган);

(д) деривативлар (шартнома асосида бўлган риск тури, масалан фоиз ставкаси шартномалари, валюта шартномалари, капитал шартномалари, кредит шартномалари, узоқ муддатлилик своплари ва б. бўйича бўлинган);

(е) инвестиция фондлари (фонднинг тури бўйича бўлинган);

(ё) актив билан кафолатланган қимматли қоғозлар; ва

(ж) тузилмавий қарз.


143. Ташкилот дастур активлари сифатида эгалик қилинаётган ташкилотнинг ўтказиладиган молиявий инструментларининг ҳаққоний қийматини ҳамда ташкилот эгаллаган мол-мулк бўлган, ёки фойдаланадиган бошқа активлар бўлган, дастур активларининг ҳаққоний қийматини ёритиб бериши лозим.


144. Ташкилот белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг жорий қийматини аниқлашда фойдаланилган аҳамиятли актуар фаразларни ёритиб бериши лозим (76-бандга қаранг). Бундай ёритиб бериш мутлақ кўрсаткичларда (масалан турли улушлар ва бошқа кўрсаткичлар ўртасидаги маржа сифатида эмас, балки мутлақ улуш сифатида) бўлиши лозим. Ташкилот дастурлар гуруҳи учун ёритиб беришларни жами кўринишида таъминласа, у бундай ёритиб беришларни тортилган ўртача қийматлар ёки нисбатан тор диапазонларда таъминлаши лозим.



Келгуси пул оқимларининг суммаси, муддати ва ноаниқлиги


145. Ташкилот қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) ҳисобот даври охирига ҳар бир аҳамиятли актуар фараз (144-бандга асосан ёритиб берилган) бўйича таъсирчанлик таҳлилини, бунда белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликка ўша даврда асосли мумкин бўлган ўринли актуар фараздаги ўзгаришлар қандай таъсир қилиши мумкинлигини акс эттирган ҳолда.

(б) (а) кичик бандда талаб этилган таъсирчанлик таҳлилини тайёрлашда фойдаланилган усуллар ва фаразлар ва ушбу усулларнинг камчиликлари.

(в) олдинги йилга нисбатан таъсирчанлик таҳлилини тайёрлашда фойдаланилган усуллар ва фаразлардаги ўзгаришлар ва бундай ўзгартиришлар сабаби.


146. Ташкилот рискни бошқаришда дастур ёки ташкилот томонидан фойдаланилган ҳар қандай активни мажбурият билан солиштириш стратегияларининг, жумладан аннуитетлардан ва узоқ муддатлилик своплари каби бошқа усуллардан фойдаланишнинг изоҳини ёритиб бериши лозим.


147. Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурининг ташкилотнинг келгуси пул оқимларига таъсирининг белгисини таъминлашда, ташкилот қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) келгуси бадалларга таъсир этадиган ҳар қандай молиялаштириш келишувларининг ва молиялаштириш сиёсатининг изоҳи.

(б) дастурга кейинги йиллик ҳисобот даври учун тўланиши кутилган бадаллар.

(в) белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг сўндирилиши кўрсаткичи тўғрисидаги маълумотлар. Бу белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг тортилган ўртача давомийлигини ўз ичига олади ҳамда даромад тўловларининг муддати бўйича тақсимланиши, масалан даромад тўловларининг сўндирилиши, тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўз ичига олиши мумкин.



Бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастурлари


148. Агар ташкилот бир нечта иш берувчиларнинг белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида иштирок этса, у қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) молиялаштириш келишувларининг, жумладан ташкилотнинг бадаллар даражасини аниқлашда фойдаланилган усуллар ва ҳар қандай минимал молиялаштириш талабларнинг изоҳи.

(б) ташкилот бир нечта иш берувчилар умумий дастурининг шартлари асосида дастур учун бошқа ташкилотларнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлиши мумкинлиги даражасининг изоҳи.

(в) дефицитнинг ёки профицитнинг қуйидагиларга ҳар қандай келишилган тақсимланиши:

(i) дастурни тугаллаш; ёки

(ii) ташкилотнинг дастурдан чиқиши.

(г) агар ташкилот 34-бандга мувофиқ ушбу дастурни худди у белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастури сифатида ҳисобга олса, у (а) - (в) кичик бандларда талаб этилган маълумотлар билан бирга ва 139 - 147 бандларда талаб этилган маълумотлар ўрнига қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(i) дастур белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури эканлиги тўғрисидаги факт.

(ii) ташкилот учун дастурни белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастури сифатида ҳисобга олишда етарли маълумотлар мавжуд эмаслигининг сабаби.

(iii) кейинги йиллик ҳисобот даври учун дастурга тўланиши кутилаётган бадаллар.

(iv) келгуси бадалларнинг суммасига таъсир этиши мумкин бўлган дастурдаги ҳар қандай дефицит ёки профицит тўғрисидаги маълумот, жумладан ушбу дефицитни ёки профицитни аниқлашда фойдаланилган асос ва, агар мавжуд бўлса, ташкилот учун унинг оқибатлари.

(v) бошқа иштирокчи ташкилотлар билан солиштирганда, ташкилотнинг дастурдаги иштироки даражасининг белгиси. Бундай белгини таъминлаши мумкин бўлган кўрсаткичларга мисоллар ташкилотнинг дастурдаги жами бадаллардаги улуши ёки даромадларга нисбатан ҳуқуққа эга бўлган фаол аъзоларнинг, даромадга чиққан аъзоларнинг ва собиқ аъзоларнинг жами сонидаги ташкилотнинг улушидан иборат (агар бундай маълумотлар мавжуд бўлса).



Умумий назорат остидаги ташкилотлар

ўртасида рискларни тақсимлайдиган белгиланган

тўловлар бўйича пенсия дастурлари


149. Агар ташкилот умумий назорат остида бўлган ташкилотлар ўртасида рискларни тақсимлайдиган белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида иштирок этса, у қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) соф белгиланган даромад қийматини тўлашни юклайдиган шартномавий келишув ёки белгиланган сиёсат ёки бундай сиёсат мавжуд эмаслиги тўғрисидаги факт.

(б) ташкилот томонидан тўланадиган бадални аниқлаш сиёсати.

(в) агар ташкилот соф белгиланган даромад қийматининг тақсимланишини 41-бандда белгилангандек ҳисобга олса, 135 - 147 бандларда талаб этилган бутун дастур тўғрисидаги барча маълумотлар.

(г) агар ташкилот давр учун тўланадиган бадални 41-бандда белгилангандек ҳисобга олса, 135 - 137, 139, 142 - 144 ва 147(а) ва (б) кичик бандларда талаб этилган бутун дастур тўғрисидаги маълумотлар.


150. 149(в) ва (г) кичик бандларда талаб этилган маълумотлар гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг молиявий ҳисоботидаги ёритиб бериладиган маълумотларга ҳавола сифатида ёритиб берилиши мумкин, агар:

(a) гуруҳдаги ушбу ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари дастур тўғрисида талаб этилган маълумотларни алоҳида аниқласа ва ёритиб берса; ва

(б) гуруҳдаги ушбу ташкилотнинг молиявий ҳисоботи ташкилотнинг молиявий ҳисоботи каби бир шартларда ва ташкилотнинг молиявий ҳисоботи каби бир вақтда ёки эртароқ, молиявий ҳисобот фойдаланувчилари учун мавжуд бўлса.



Бошқа МҲҲСлардаги маълумотларни ёритиб бериш талаблари


151. 24-сон БҲХС орқали талаб этилганда, ташкилот қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб беради:

(a) ўзаро боғлиқ томонларнинг меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари бўйича операцияси; ва

(б) муҳим бошқарув ходимлари учун меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар.


152. 37-сон БҲХС орқали талаб этилганда, ташкилот меҳнат фаолиятидан кейинги даромад жавобгарликларидан юзага келадиган шартли мажбурият тўғрисидаги маълумотларни ёритиб беради.



Ходимларнинг узоқ муддатли даромадлари


153. Ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари қуйидагилар каби моддаларни ўз ичига олади, агар уларнинг тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши ходимлар тегишли хизматларни кўрсатадиган йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин кутилмаса:

(a) узоқ муддатли тўланадиган таътиллар , масалан кўп йил ишлаганлик учун пул мукофоти ва тўловлар ёки ижодий таътил;

(б) юбилейга мукофотлар ёки бошқа узоқ муддатли хизмат ҳақлари;

(в) меҳнат лаёқатини вақтинча йўқотган ходимларга қўшимча узоқ муддатли ҳақ тўлаш;

(г) фойдани бўлишиш ва мукофотлар; ва

(д) ходимларнинг кечиктирилган даромадлари.


154. Ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадларининг баҳоланиши одатда меҳнат фаолиятидан кейинги даромадларнинг баҳоланиши каби бир хил ноаниқлик даражасига эга бўлмайди. Шунинг учун, мазкур стандарт ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадларини ҳисобга олишнинг оддий усулини талаб этади. Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар учун талаб этилган бухгалтерия ҳисоби фарқли тарзда, мазкур усул бошқа умумлашган даромадда қайта баҳолашларни тан олмайди.



Тан олиш ва баҳолаш


155. Ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари дастуридаги профицит ёки дефицитни тан олиш ва баҳолашда, ташкилот 56 - 98 ва 113 - 115 бандларни қўллаши лозим. Ташкилот 116 - 119 бандларни ҳар қандай қоплаш ҳуқуқини тан олишда ва баҳолашда қўллаши лозим.


156. Ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари бўйича, ташкилот, бошқа МҲХС уларни активнинг қийматига киритишни талаб этган ёки киритишга рухсат берган ҳолатларни истисно қилган ҳолда, фойда ёки зарарда қуйидаги суммаларнинг соф жамини тан олиши лозим:

(a) кўрсатилган хизматлар қиймати (66 - 112 бандлар ва 122А-бандга қаранг);

(б) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)га оид соф фоиз (123 - 126 бандларга қаранг); ва

(в) белгиланган тўловлар бўйича соф мажбурият (актив)ни қайта баҳолашлар (127 - 130 бандларга қаранг).


157. Ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадларнинг бир шакли - бу меҳнат лаёқатини вақтинча йўқотган ходимларга қўшимча узоқ муддатли ҳақ тўлашдир. Агар ҳақ даражаси хизмат муддатига боғлиқ бўлса, мажбурият хизмат кўрсатилганда юзага келади. Ушбу мажбуриятни баҳолаш тўлов талаб этилиши бўйича эҳтимолни ва тўловни амалга оширилиши кутилаётган вақтнинг муддатини акс эттиради. Агар ҳақ даражаси хизмат йилларидан қатъий назар ҳар қандай меҳнатга яроқсиз ходим учун бир хил бўлса, ушбу ҳақларнинг кутилаётган қиймати узоқ муддатли меҳнатга яроқсизликка сабаб бўладиган ҳодиса содир бўлган пайтда тан олинади.



Маълумотларни ёритиб бериш


158. Мазкур стандарт ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари бўйича муайян маълумотлар ёритиб берилишини талаб этмасада, бошқа МҲХСлар бундай маълумотлар ёритиб берилишини талаб этиши мумкин. Масалан, 24-сон БҲХС муҳим бошқарув ходимларига тўланадиган даромадлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб беришни талаб этади. 1-сон БҲХС ходимларнинг даромадлари бўйича харажатларни ёритиб беришни талаб этади.



Ишдан бўшатиш нафақалари


159. Мазкур стандарт ходимларнинг ишдан бўшатиш нафақалари ходимларнинг бошқа даромадларидан алоҳида тарзда инобатга олади, чунки мажбуриятни юзага келтирадиган ҳодиса бўлиб ходим томонидан хизмат кўрсатилиши эмас, балки бандликнинг тўхтатилиши ҳисобланади. Ишдан бўшатиш нафақалари ташкилотнинг бандликни тўхтатиш қарори ёки бандликни тўхтатиш эвазига даромад олиш таклифини қабул қилиш бўйича ходимнинг қарори натижасида юзага келади.


160. Ишдан бўшатиш нафақалари ташкилотнинг таклифисиз ходим талабига асосан бандликни тўхтатишдан ёки мажбурий пенсияга чиқиш талабларидан, юзага келадиган ходимларнинг даромадларини ўз ичига олмайди, чунки ушбу ҳақлар меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлардир. Баъзи ташкилотлар ташкилотнинг талабига асосан бандликни тўхтатишга нисбатан ходим талабига асосан ишдан бўшатиш даромадининг камроқ даражасини (моҳиятан, меҳнат фаолиятидан кейинги даромадни) таъминлайди. Ходим талабига асосан бандликни тўхтатиш учун таъминланган даромад билан ташкилот талабига асосан таъминланган кўпроқ даромад ўртасидаги фарқ ишдан бўшатиш нафақасидир.


161. Ходимлар даромадларининг шакли улар хизмат эвазига ёки ходимнинг бандлилигининг тўхтатилиши эвазига таъминланганлигини аниқламайди. Ишдан бўшатиш нафақаси одатда бир марталик тўлов ҳисобланади, аммо баъзида қуйидагиларни ҳам ўз ичига олади:

(a) бевосита ёки даромад дастури орқали билвосита меҳнат фаолиятидан кейинги даромаднинг кўпайиши.

(б) белгиланган билдириш даврининг охирига қадар бўлган маош, агар ходим ташкилотга иқтисодий нафларни таъминлайдиган бошқа кейинги хизматни кўрсатмаса.


162. Ходимларнинг даромадлари улар томонидан хизмат кўрсатилиши эвазига таъминланишининг кўрсаткичлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) бундай даромад келгусида хизмат кўрсатилишига боғлиқ (жумладан кейинчалик  хизмат кўрсатилганида кўпаядиган ҳақлар).

(б) даромад дастури шартларига мувофиқ даромад тўланиши.


163. Баъзи ишдан бўшатиш нафақалари мавжуд даромад дастурининг шартларига мувофиқ таъминланади. Масалан, улар қонунчиликка, меҳнат шартномасига ёки уюшма келишувига асосан белгиланиши мумкин ёки иш берувчининг бундай даромадларни таъминлаш бўйича олдинги тажрибасининг натижасида назарда тутилиши мумкин. Бошқа мисол сифатида, агар ташкилот қисқа муддатдан узоқроқ муддат учун мавжуд бўлган даромадларни таклиф этса, ёки таклиф билан ҳақиқий ишдан бўшатишнинг кутилган санаси ўртасидаги қисқа муддатдан узоқроқ муддат мавжуд бўлса, ташкилот у янги даромад дастурини ташкил этганлигини ва дастур асосида таклиф этилган даромадлар ишдан бўшатиш нафақалари эканлиги ёки меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар эканлигини кўриб чиқади. Даромад дастурининг шартларига мувофиқ таъминланган даромадлар, агар уларнинг иккаласи ҳам ташкилотнинг ходим бандлигини тўхтатиш қароридан юзага келса ва келгусида таъминланадиган хизматга боғлиқ бўлмаса, ишдан бўшатиш нафақалари бўлиб ҳисобланади.


164. Баъзи даромадлар ходимнинг ишдан бўшаши сабабидан қатъий назар таъминланади. Бундай даромадларнинг тўлови аниқ бўлади (бирор қоплаш ёки минимум хизмат талабларига боғлиқ), аммо улар тўловининг муддати ноаниқ бўлади. Бундай даромадлар баъзи ҳудудларда ишдан бўшатиш компенсациялари ёки ишдан бўшатиш сабабли кўрилган зарарларни қоплаш сифатида тавсифланишига қарамасдан, улар ишдан бўшатиш нафақалари эмас, балки меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлардир ва ташкилот уларни меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар сифатида ҳисобга олади.



Тан олиш


165. Ташкилот ишдан бўшатиш нафақалари бўйича мажбурият ва харажатни қуйидаги саналарнинг эртароғида тан олиши лозим:

(a) ташкилот ушбу даромадлар таклифини бундан буён бекор қила олмаса; ва

(б) ташкилот 37-сон БҲХСнинг қўллаш доирасида бўлган ва ишдан бўшатиш нафақаларининг тўловини ўз ичига олган реструктуризация сарфларини тан олса.


166. Бандликни тўхтатиш эвазига даромад олиш таклифини қабул қилиш бўйича ходимнинг қарори натижасида тўланадиган ишдан бўшатиш нафақалари учун, ташкилот ишдан бўшатиш нафақалари таклифини бундан буён бекор қила олмаслик вақти қуйидагиларнинг эртароғи ҳисобланади:

(a) ходим таклифни қабул қилганда; ва

(б) ташкилотнинг таклифни бекор қилиш имконияти бўйича чеклов (масалан, юридик, меъёрий ёки шартномавий талаб ёки бошқа чеклов) кучга кирганда. Ушбу ҳолат, агар чеклов таклиф вақтида мавжуд бўлса, таклиф амалга оширилганда бўлиши мумкин.


167. Ходимни ишдан бўшатиш бўйича ташкилотнинг қарори натижасида тўланадиган ишдан бўшатиш нафақалари учун, ташкилот таклифни, агар ташкилот таъсир этилган ходимларни қуйидаги барча мезонларни қаноатлантирадиган бандликни тўхтатиш дастури тўғрисида хабардор қилганда, ортиқ бекор қила олмаслиги мумкин:

(a) дастурни тугаллаш учун талаб этилган хатти-ҳаракатлар шуни кўрсатадики, дастурда аҳамиятли ўзгаришлар амалга оширилмаслиги эҳтимоли мавжуд.

(б) дастур бандлиги тўхтатиладиган ходимлар сонини, уларнинг лавозими таснифларини ёки вазифаларини ва уларнинг жойларини (аммо дастур ҳар бир ходим учун аниқлаши талаб этилмайди) ва кутилаётган тугаллаш санасини аниқлайди.

(в) дастур ходимлар етарли тафсилотлар билан оладиган шундай ишдан бўшатиш нафақаларини белгилайдики, бунда ходимлар уларнинг бандлиги тўхтатилганда оладиган даромадларининг тури ва суммасини аниқлай олади.


168. Ташкилот ишдан бўшатиш нафақаларини тан олганда, ходимларнинг бошқа даромадлари бўйича дастур ўзгартиришларини ёки қисқартиришларини ҳисобга олиши зарур бўлиши мумкин (103-бандга қаранг).



Баҳолаш


169. Ташкилот ишдан бўшатиш нафақаларини дастлабки тан олишда баҳолаши лозим ҳамда агар ишдан бўшатиш нафақалари меҳнат фаолиятидан кейинги даромадларнинг кўпайишига олиб келадиган бўлса, ташкилот меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар бўйича талабларни қўллаши лозимлиги шарти билан даромаднинг хусусиятига мувофиқ кейинги ўзгаришларни баҳолаши ва тан олиши лозим. Акс ҳолда:

(a) агар ишдан бўшатиш нафақаларининг тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши ишдан бўшатиш нафақалари тан олинадиган йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин кутилса, ташкилот ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари бўйича талабларни қўллаши лозим.

(б) агар ишдан бўшатиш нафақаларининг тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин кутилмаса, ташкилот ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари бўйича талабларни қўллаши лозим.


170. Ишдан бўшатиш нафақалари хизмат эвазига таъминланмаслиги туфайли, даромадни даврларга тақсимлашга тегишли 70 - 74 бандлар ўринли бўлмайди.

           


        

159 - 170-бандларга оид мисол


Дастлабки маълумотлар


Яқин орадаги бизнесни харид қилиш натижасида, ташкилот корхонани ўн ойдан кейин ёпишни ва айни пайтда корхонада қолган барча ходимларнинг бандлигини тугатишни режалаштирмоқда. Ташкилот учун айрим шартномаларни тугаллашда корхонадаги ходимларнинг иш тажрибаси зарур бўлганлиги туфайли, у қуйидагича бандликни тугатиш дастурини эълон қилади.


Корхона ёпилишига қадар қоладиган ва хизмат кўрсатадиган ҳар бир ходим тугатиш санасида 30,000 п.б.га тенг суммада пул маблағлари олади. Корхона ёпилишидан олдин ишдан бўшайдиган ходимлар 10,000 п.б.га тенг суммада пул маблағлари олади.

Корхонада 120 нафар ходим мавжуд. Дастур эълон қилинган пайтда, ташкилотда улардан 20 нафари ёпилишдан олдин ишдан бўшаши кутилмоқда. Шу туфайли, дастурдаги жами кутилаётган пул маблағлари чиқимлари 3,200,000 п.б.га (яъни 20 х 10,000 п.б. + 100 х 30,000 п.б) тенг бўлади. 160-бандда талаб этилганидек, ташкилот бандликни тугатиш эвазига таъминланган даромадларни ишдан бўшатиш нафақалари сифатида ҳисобга олади ва хизматлар эвазига таъминланган ҳақларни ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари сифатида ҳисобга олади.


Ишдан бўшатиш нафақалари


Бандликни тугатиш эвазига таъминланган даромад 10,000 п.б.га тенг бўлади. Бу ташкилот уни ходимлар корхона ёпилишига қадар қолиши ва хизмат кўрсатишидан ёки ёпилишдан олдин ишдан бўшашидан қатъий назар бандликни тўхтатиш учун тўлаши лозим бўлган сумма ҳисобланади. Ходимлар ёпилишдан олдин ишдан бўшаши мумкинлигига қарамасдан, барча ходимларнинг бандлигини тугатиш ташкилотнинг корхонани ёпиш ва уларнинг бандлигини тугатиш қарори натижаси бўлади (яъни барча ходимлар корхона ёпилганда ишдан бўшайди). Шу туфайли, ташкилот ишдан бўшатиш нафақалари учун 1,200,000 п.б. (яъни 120 х 10,000 п.б.) га тенг мажбуриятни тан олади, бунда даромад дастурига мувофиқ тугатиш дастури эълон қилинган пайт билан ташкилот корхона ёпилишига боғлиқ бўлган қайта ташкил этиш бўйича сарфларни тан оладиган пайтнинг эртароғида тан олинади.


Хизмат эвазига тўланадиган даромадлар


Агар ходимлар тўлиқ ўн ойлик даврда хизмат кўрсатганда улар оладиган қўшимча ҳақлар ушбу давр мобайнида кўрсатилган хизматлар эвазига бўлади. Ташкилот уларни ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари сифатида ҳисобга олади, чунки ташкилот уларни йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин ҳисоб-китоб қилишни назарда тутади. Ушбу мисолда дисконтлаш талаб этилмайди, шунинг учун ҳар ойда 200,000 п.б. (яъни 2,000,000 п.б. ? 10) га тенг харажат ўн ойлик хизмат даври мобайнида тан олинади, бунда мажбуриятнинг баланс қиймати мувофиқ тарзда ошиб боради.

     


            

        

Маълумотларни ёритиб бериш


171. Мазкур стандарт ишдан бўшатиш нафақалари бўйича муайян маълумотлар ёритиб берилишини талаб этмасада, бошқа МҲХСлар бундай маълумотлар ёритиб берилишини талаб этиши мумкин. Масалан, 24-сон БҲХС муҳим бошқарув ходимларининг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни ёритиб беришни талаб этади. 1-сон БҲХС ходимларнинг даромадлари бўйича харажатларини ёритиб беришни талаб этади.



Ўтиш қоидалари ва кучга кириш санаси


172. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 2013 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот мазкур шарҳни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


173. Ташкилот мазкур стандартни 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳолардаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ ретроспектив тарзда қўллаши лозим, бундан қуйидагилар мустасно:

(a) ташкилот мазкур стандартнинг қўллаш доирасидан ташқарида бўлган активларнинг баланс қийматини дастлабки қўллаш санасидан олдин баланс қийматга киритилган ходимларнинг даромадлари бўйича харажатлардаги ўзгаришларга нисбатан тузатиши талаб этилмайди. Дастлабки қўллаш санаси ташкилот мазкур стандартни қабул қиладиган биринчи молиявий ҳисоботда тақдим этилган энг олдинги даврнинг бошидир

(б) 2014 йилнинг 1 январидан олдин бошланадиган даврлар учун молиявий ҳисоботда, ташкилот 145-бандда талаб этилган белгиланган тўловлар бўйича жавобгарликнинг таъсирчанлиги тўғрисида маълумотларни ёритиб бериши учун қиёсий маълумотларни тақдим этиши талаб этилмайди.


174. 2011 йилнинг май ойида эълон қилинган 13-сон МҲХСга асосан 8-банддаги ҳаққоний қиймат таърифи ўзгартирилган ва 113-банд ҳам ўзгартирилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


175. 2013 йил ноябр ойида эълон қилинган "Белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурлари: ходимларнинг бадаллари" (19-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 93 - 94 бандларга ўзгартиришлар киритилган. 2013 йил ноябрда эълон қилинган "Маълумотларни ёритиб бериш ташаббуси" (19-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 93 - 94 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилотлар ушбу ўзгартиришларни 2014 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ ретроспектив қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


176. 2014 йил сентябрь ойида эълон қилинган "2010-2012 йилларда МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 83 бандга ўзгартириш киритилган ва 177 банд киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2016 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


177. Ташкилот 176-банддаги ўзгаришларни ташкилот ушбу ўзгаришни биринчи молиявий ҳисоботда тақдим этилган энг олдинги қиёсий даврнинг бошидан бошлаб қўллаши лозим. Ўзгартиришларни қўллаш натижасида юзага келадиган ҳар қандай дастлабки тузатиш ушбу давр бошида тақсимланмаган фойдада тан олиниши лозим.


178. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]


179. 2018 йил феврал ойида эълон қилинган "Пенсия дастурига ўзгартиришлар киритиш, дастурни қисқартириш ёки дастур буйича мажбуриятларни сўндириш" (19-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 101A, 122A ва 123A бандлар киритилган ва 57, 99, 120, 123, 125, 126 ва 156 бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2019 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган биринчи йиллик ҳисобот даврининг бошида ёки ундан кейин содир бўлган дастурдаги ўзгаришлар, қисқартиришлар ёки ҳисоб-китобларга қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агарда ташкилот мазкур стандартни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.



А ИЛОВА



ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА КЎРСАТМА


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир. Ушбу илова 92 - 93-бандларнинг қўлланишини ифодалайди ва МҲХСнинг бошқа қисмлари билан тенг кучлидир.


А1. Ходимлар ёки учинчи томонлардан бадаллар бўйича ҳисобга олиш талаблари қуйидаги диаграммада келтирилган.

            

      

Ходимлар ёки учинчи томонлардан бадаллар

         




























































V











V



            

Дастурнинг расмий шартларида белгиланган (ёки ушбу шартлардан

ташқарида бўлган конструктив жавобгарлик натижасида юзага келадиган)

        

Ихтиёрий
























































V









V









       

Хизматга боғланган

        

Хизматга боғланмаган (мисол учун,

дефицитни камайтириш учун)



















































V





V















       

Хизмат кўрсатган йиллар

сонига боғлиқ

        

Хизмат кўрсатган йиллар

сонига боғлиқ бўлмаган






































































(1)









































V

V



V





V





V



      

Хизмат даврларига

тақсимлаш орқали хизмат

қийматини камайтириш

(93(a)-банд)

       

Тегишли хизмат

кўрсатилган даврда хизмат

қийматини камайтириш

(93(б)-банд)

Қайта баҳолашларга

таъсир кўрсатиш

(93-банди)

Дастурга тўлов қилиш орқали

хизмат қийматини камайтириш

(92-банд)


        

(1) Ушбу кўрсаткич ташкилотга иккита ҳисобга олишнинг исталганини танлашга рухсат берилганлигини англатади.



--------------------------------------------------------

*) Квалификацияланадиган суғурта полиси 4-сон МҲХС "Суғурта шартномалари"да таърифланган суғурта шартномаси бўлиши талаб этилмайди.

            

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь