Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Қоракўл" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасининг Устави (ЎзР ВМ 04.07.2022 й. 357-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 4 июлдаги

357-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Қоракўл" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси"

давлат унитар корхонасининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Қоракўл" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" (кейинги ўринларда - Дирекция) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади. Дирекция ўзига бириктирилган мулкка нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган доирада ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғи биноан масъул этиб тайинланган давлат органи - муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.


2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисобварақларга, шу жумладан, валюта ҳисобварақларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.


4. Дирекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - "Qorako`l" erkin iqtisodiy zonasi direktsiyasi" davlat unitar korxonasi;

қисқартирилган номи - "Qorako`l" EIZ direktsiyasi" DUK;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственное унитарное предприятие "Дирекция свободной экономической зоны "Коракул";

қисқартирилган номи - ГУП "Дирекция СЭЗ "Коракул";

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - "Directorate of free economic zone "Korakul" State Unitary Company;

қисқартирилган номи - "Directorate of FEZ "Korakul" SUC.


5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Улуғбек кўчаси 35-уй.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда - Муассис) ҳисобланади.


7. Дирекция ўз номидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.


8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда иштирокчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.


9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.



2-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


10. "Қоракўл" эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда - "Қоракўл" ЭИЗ) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини, шунингдек "Қоракўл" ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш орқали оператив бошқариш, "Қоракўл" ЭИЗ иштирокчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишлар (хизматларни) бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.


11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

"Қоракўл" ЭИЗ ҳудудида махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилишини таъминлаш;

салоҳиятли инвесторлар ва "Қоракўл" ЭИЗ иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, шу жумладан инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш ва танлаб олиш учун қабул қилиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур рухсатномалар беришни "ягона дарча" тамойили асосида ташкил этиш;

"Қоракўл" ЭИЗ ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш, шунингдек, "Қоракўл" ЭИЗ иштирокчилари томонидан инвестиция битимига киритилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш;

"Қоракўл" ЭИЗни ривожлантириш дастури амалга оширилишини таъминлаш;

"Қоракўл" ЭИЗ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш;

"Қоракўл" ЭИЗга инвесторларни жалб этиш тадбирларини амалга ошириш;

"Қоракўл" ЭИЗ ҳудудига қизиқиш билдирган инвесторларни, эркин иқтисодий зона иштирокчиларини ахборот билан таъминлаш, шу жумладан уларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувларини ташкил этиш;

"Қоракўл" ЭИЗ ҳудудидаги ер участкаларини, шунингдек, бинолар ва иншоотларни эркин иқтисодий зона иштирокчиларига эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш;

"Қоракўл" ЭИЗ ўз фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни ҳам амалга оширишга ҳақлидир.


12. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ

БОШҚАРИШ


13. Дирекция Муассисга ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳисобот беради.


14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;

Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёки белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;

Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;

Дирекция мулки билан амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;

Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;

меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш ёки бекор қилиш.


15. "Қоракўл" ЭИЗ мустақил бюджети ва "Қоракўл" ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан назорат қилинади.


16. "Қоракўл" ЭИЗ дирекциясига Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг келишилган таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор раҳбарлик қилади.


17. Дирекция "Қоракўл" ЭИЗ иштирокчиларининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.


18. Дирекция ижро этувчи орган ҳисобланади.


19. Директорга қуйидаги вазифалар юклатилади:

қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажариш, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

"Қоракўл" ЭИЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;

Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифода этади;

ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;

Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

Дирекция томонидан қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

Муассисга Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;

Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.


20. Директор:

ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларни бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг таъминланиши ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг тўланишини, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун, шу жумладан Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;

"Қоракўл" ЭИЗнинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджет маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига "Қоракўл" ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.


21. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИ


22. Дирекциянинг устав фонди "Қоракўл" ЭИЗ фаолиятини оператив бошқариш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.


23. Дирекция устав фондининг миқдори 300,0 млн сўмни ташкил қилади.



5-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИНИ

КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ


24. Дирекциянинг устав фонди қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассис қарорига биноан кўпайтирилади ёки камайтирилади.



6-БОБ. ДИРЕКЦИЯ МУЛКИНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ


25. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.


26. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.


27. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.


28. Директор Муассис билан келишган ҳолда, Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:

асосий воситаларни сотиш, ижарага ёки гаровга бериш;

мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятларининг устав фондига улуш сифатида киритиш;

бошқа хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш ва сотиш;

мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқача тарзда тасарруф этиш.



7-БОБ. ДИРЕКЦИЯ БЮДЖЕТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


29. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат мулки бўлган ва "Қоракўл" ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

"Қоракўл" ЭИЗ иштирокчиларининг ажратмалари ва "Қоракўл" ЭИЗ иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.



8-БОБ. ЗАХИРА ФОНДИНИ ВА БОШҚА ФОНДЛАРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


30. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.



9-БОБ. ДАРОМАДНИ (ФОЙДАНИ) ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


31. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.


32. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ҳомийлик хайрияси сифатида йўналтириладиган маблағларнинг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.


33. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарлари ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.



10-БОБ. ҲИСОБОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ

ТАРТИБИ


34. Дирекция ҳисобот даври тугагач ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.


35. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолияти Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.


36. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолияти натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.



11-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


37. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда, унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.


38. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



12-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИ ТУГАТИШ ВА

ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


39. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.


40. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.

Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 5 июль