Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Молия вазирининг 04.06.2022 й. 13-сон "Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф мезонларни тасдиқлаш тўғрисида"ги Буйруғи (АВ томонидан 13.07.2022 й. 3375-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

13.07.2022 й.

N 3375




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

04.06.2022 й.

N 13


БУЙРУҒИ



Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия

олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг

фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет

эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона

ва шаффоф мезонларни тасдиқлаш тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 январдаги ПҚ-90-сон "Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф мезонлар иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.


3. Мазкур буйруқ 2023 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади.



Молия вазири                                                                   Т. Ишметов






Буйруққа

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия

олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг

фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл

банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф

МЕЗОНЛАР


Мазкур Мезонлар Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф талабларни белгилайди.


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида алоҳида лицензия олмасдан қимматли қоғозлар бозорида андеррайтинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган чет эл банклари ва инвестиция воситачилари учун ягона ва шаффоф мезонлари ҳисобланади:

имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) охирги бенефициар мулкдорнинг шахсини ошкор этишни ҳамда молиявий операцияларни ўтказиш чоғида ахборот тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатда ёки ҳудудда (оффшор ҳудудда) рўйхатдан ўтмаган бўлиши;

Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилотига (IOSCO) аъзо бўлган ҳамда андеррайтерлик фаолиятини амалга ошириш учун Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилотининг (IOSCO) маслаҳатлашув, ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви бўйича кўп томонлама Англашув меморандумини тўлиқ имзолаган давлатнинг капитал бозорини тартибга солувчи ваколатли органи томонидан лицензияланган бўлиши;

Ўзбекистон Республикасида эмиссия қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш истагини билдирган ўз мижозларини "Ўз мижозингни бил" (KYC) ва "Даромадни легаллаштиришга қарши курашиш" (AML) тизимларига мувофиқ текшириш мажбуриятини ўз зиммасига олиши;

"Euroclear" ва "Clearstream" халқаро қимматли қоғозлар депозитарийларига интеграция қилинган бўлиши;

ўз маблағларининг минимал миқдори чет эл банки учун 100 000 000 АҚШ доллари ва инвестиция воситачилари учун 1 000 000 АҚШ долларини ташкил этиши;

охирги уч йилда амалга оширилган акцияларни бирламчи оммавий таклиф (IPO) ёки бошқа усуллар орқали жойлаштиришга оид битимларининг умумий ҳажми 100 000 000 АҚШ долларидан кам бўлмаслиги;

чет эл банки ва инвестиция воситачилари энг камида "S&P Global Ratings" ёки "Fitch Ratings" рейтинг агентликлари томонидан мос равишда "BBB-" ва "BB-" ёки "Moody`s" рейтинг агентлигидан мос равишда "Baa3" ва "Ba3" даражасидаги кредит рейтинги билан баҳоланган бўлиши.


2. Мазкур мезонлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 июль