Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.07.2022 й. 380-сон "Хива реставрация мактабини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

12.07.2022 й.

N 380




ХИВА РЕСТАВРАЦИЯ МАКТАБИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, ЮНЕСКО кўмагида моддий маданий мерос объектларида асрашга доир ишларни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга оид давлат дастурининг 183.4-бандига мувофиқ Хива шаҳрида ЮНЕСКО кўмагида реставрация мактабини ташкил этиш ҳамда ушбу мактабда малакали мутахассислар тайёрлаш учун хориждан ҳам етакчи экспертларни жалб қилиш белгиланганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2021 йил 6 апрелдаги ПҚ-5054-сон қарорининг 15-бандига мувофиқ "Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси" давлат муассасаси (кейинги ўринларда - Дирекция) ва босқичма-босқич унинг давлат муассасаси шаклида Хива, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳар минтақавий марказлари ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Дирекциянинг Хива шаҳар минтақавий марказида (кейинги ўринларда - Марказ) юридик шахс бўлмаган Хива реставрация мактаби (кейинги ўринларда - Мактаб) ташкил этилсин.

Мактаб фаолияти белгиланган тартибда ЮНЕСКО ва унинг маслаҳатлашув органлари ҳисобланган Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши (ИКОМОС) ҳамда Маданий бойликларни асраш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ) билан ҳамкорликда йўлга қўйилиши маълумот учун қабул қилинсин.


3. Қуйидагилар Мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари соҳасидаги реставратор-усталар ва бошқа мутахассислар учун малака ошириш курсларини ташкил қилиш, малака ошириш курсларига маҳаллий ва чет эллик мутахассислар, шу жумладан, Дирекциянинг малакали мутахассис ва экспертларини жалб этиш бўйича Марказга таклифлар киритиш;

асрашга доир ишларда "устоз-шогирд" анъаналарини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек, соҳага янги усул, материал ва технологиялар, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш бўйича илмий-амалий асосланган таклифлар тайёрлаш;

малака ошириш курсларининг тингловчиларида амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда улар иштирокида моддий маданий мерос объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишни ташкил қилишда кўмаклашиш;

асрашга доир ишлар соҳасида маҳаллий ва чет эллик экспертлар иштирокида илмий-амалий семинарлар, анжуман ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва энг яхши тажрибаларни оммалаштиришда иштирок этиш.


4. Белгилансинки:

а) Марказ директори бир вақтнинг ўзида Мактаб раҳбари ҳисобланади ҳамда белгиланган тартибда Дирекция директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

б) Мактаб моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари соҳасида реставратор-усталар малакасини оширади ҳамда ушбу Мактабда малака ошириш ишларини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 апрелдаги 166-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари соҳасида реставратор-усталар малакасини ошириш ва уларга малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.

Бунда, Мактабнинг реставратор-усталарни малакасини оширишидан Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик)га (ваколатли органга) тушадиган маблағлар тўлиқлигича Марказнинг ҳисобварағига йўналтирилади;

в) Мактаб тингловчилари учун ўқув машғулотлари, шу жумладан, малака амалиёти, қоида тариқасида, соҳадаги етакчи лойиҳалаш ташкилотлари, реставрация-тиклаш устахоналари ҳамда асрашга доир ишлар амалга оширилаётган объектларда бевосита ташкил этилади;

г) Мактаб ўз фаолиятини белгиланган тартибда:

ЮНЕСКО;

Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши (ИКОМОС);

Маданий бойликларни асраш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ);

Ўзбекистонда маданий мерос масалалари бўйича ташкил қилинган Халқаро маслаҳат қўмитаси;

Агентлик, шу жумладан унинг Илмий-эксперт кенгаши;

"Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университети;

Тошкент архитектура-қурилиш институти;

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти;

Самарқанд архитектура-қурилиш институти ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан ҳамкорликда ташкил этади.

Агентлик, Ўзбекистонда маданий мерос масалалари бўйича ташкил қилинган Халқаро маслаҳат қўмитаси ва Агентликнинг Илмий-эксперт кенгашига Мактабнинг соҳага оид таклифларини кўриб чиқиш ва уларни инобатга олиб бориш тавсия этилсин.


5. Қуйидагилар Мактаб фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Агентликнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси маблағлари;

реставратор-усталарни малакасини оширишидан Агентликга тушадиган маблағлар;

фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг давлат илмий-техникавий дастурларида назарда тутилган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Марказ бир ой муддатда Мактабнинг тузилмаси ва низомини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.


7. Агентлик Марказнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ЮНЕСКО ва унинг тузилмалари, Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши (ИКОМОС), Маданий бойликларни асраш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ) томонидан тавсия этилган чет эллик етакчи экспертларни жалб этиш ва улар томонидан машғулотлар ўтказиш, шунингдек, маҳаллий реставратор-усталар ва мутахассисларни илғор хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотларга малака ошириш ва стажировка ўташга юбориш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда маблағ ажратиб борилишини ташкил қилсин.


8. Агентлик:

а) бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси маблағлари доирасида ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Мактаб фаолиятини самарали ташкил этиш учун замонавий жиҳозлар асосида унинг моддий-техник базасини шакллантирсин ҳамда ўқув-услубий адабиётлар, лаборатория жиҳозлари, компьютер тўпламлари ва ўқув машғулотларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда зарур бўладиган воситалар билан таъминласин;

б) Марказга Хоразм вилояти, Хива шаҳри, Ичан қалъа, Заргарлар кўчаси Амир Тўра мадрасаси биноси текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилсин ҳамда унда намунали асрашга доир ишларни намойиш қилиш, амалий кўргазмалар ўтказиш, янги экспозициялар яратиш ҳамда туристлар томонидан асрашга доир ишларни тўғридан-тўғри кузатиш учун шарт-шароитлар яратсин;

в) Хоразм вилояти ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Фанлар академияси, Хоразм Маъмун академияси билан биргаликда:

Мактабнинг республика ва хориждаги реставрация марказлари, илмий лабораториялар билан яқин ҳамкорлик қилишини ҳамда унинг фаолиятини самарали ташкил этишини таъминласин;

Мактабга маҳаллий ва чет эллик малакали мутахассислар, реставратор-усталарни машғулотлар ўтиш, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб машғулотлар ўтиш ишларига белгиланган тартибда жалб этиб борсин;

г) 2023 йил 1 майга қадар Дирекциянинг Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳар минтақавий марказларида реставрация мактабларини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


9. Мактаб Хоразм вилояти, Хива шаҳри, Охунбобоев кўчаси 48-уй манзилидаги Хива туризм техникуми биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 июль