Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Туман(шаҳар)ларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш бўйича "Хавфсиз йўл" индексини юритиш Методологияси (ЎзР ВМ 30.07.2022 й. 415-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 30 июлдаги

415-сон қарорига

4-ИЛОВА



Туман(шаҳар)ларда йўл ҳаракатини

самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш

бўйича "Хавфсиз йўл" индексини юритиш

МЕТОДОЛОГИЯСИ

          

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур методология туман (шаҳар)ларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш бўйича "Хавфсиз йўл" индексини (кейинги ўринларда - индекс) юритиш тартибини белгилайди.


2. Ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш ва бу борада маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида республиканинг барча туман (шаҳар)лари бўйича индекс юритилади.


3. Туман (шаҳар)ларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолати индекснинг индикаторлари бўйича ҳар чорак якунида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий махсус комиссиялар (кейинги ўринларда - махсус комиссиялар) томонидан баҳолаб борилади.


4. Қорақалпоғистон Респпубликаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий махсус комиссияларнинг ишчи органи (кейинги ўринларда - ишчи орган) ҳисобланади.



2-БОБ. ИНДЕКСНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


5. Индексни юритиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ҳар чорак якунида кейинги ойнинг 10-кунигача ишчи органлар туман (шаҳар)лар бўйича индекснинг индикаторларига оид материалларни жамлайди ва махсус комиссияларга тақдим этади;

ҳар чорак якунида кейинги ойнинг 15-кунигача туман (шаҳар)ларда индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати махсус комиссиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 4 апрелдаги ПҚ-190-сон қарорида белгиланган 29 та индикатор бўйича баҳоланади ва натижалари йиғилиш баёни шаклида расмийлаштирилади;

туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга ажратилади;

ишчи органлар:

махсус комиссияларнинг туман (шаҳар)ларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш натижалари ҳақидаги йиғилиш баёнларини рўйхатга олади;

йиғилиш баёнларини (зарур ҳолларда ўрганиш натижаларида аниқланган маълумотларни илова қилган ҳолда) кўриб чиқиш учун Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига (кейинги ўринларда - республика махсус комиссияси) юборади;

республика махсус комиссияси:

махсус комиссияларнинг йиғилиш баёнларини таҳлил қилади, зарур ҳолларда тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини жойига чиққан ҳолда ўрганади;

"сариқ" ва "қизил" тоифаларга киритилган туман (шаҳар)ларда йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолатини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этади;

"қизил" тоифага киритилган туман (шаҳар)лар салмоғи юқори бўлган вилоятлар ҳокимларининг (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ҳокими) масъулиятини ошириш чораларини белгилайди, жумладан, зарур ҳолларда уларга нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чораларини қўллайди;

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолатини ҳар чорак якунида индекснинг индикаторлари бўйича баҳолаб боради.

Республика махсус комиссияси ишчи органи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўйича индекснинг индикаторлари бўйича материалларни жамлайди ва республика махсус комиссияларга баҳолаш учун тақдим этади. Баҳолаш натижалари йиғилиш баёни билан тасдиқланади.

Республика махсус комиссияси ишчи органи баҳолаш натижалари бўйича ҳисоботларни юритади.



3-БОБ. ИНДЕКСНИНГ ИНДИКАТОРЛАРИНИ

ҲИСОБЛАШ ҚОИДАЛАРИ


6. Индекс 2 та йўналиш бўйича қуйидаги индикаторлардан иборат:


I. Йўналиш - йўл инфратузилмаси бўйича:


1. Йўл қопламасининг ҳолати.


2. Йўл белгилари билан жиҳозланганлик даражаси.


3. Йўл кўрсаткичлари билан жиҳозланганлик даражаси.


4. Пиёдалар ўтиш жойларининг тартибга солинганлиги.


5. Ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойлари мавжудлиги.


6. Пиёдалар йўлаклари мавжудлиги.


7. Велосипед йўлаклари мавжудлиги.


8. Автотураргоҳлар билан таъминланганлиги.


9. Ётиқ чизиқларнинг аҳволи.


10. Йўлни ажратувчи тўсиқ билан жиҳозланганлиги.


11. Йўлнинг ёритилганлиги.


12. Таълим муассасалари атрофининг жиҳозланганлик даражаси.


13. Таълим муассасаларида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича синфхоналарнинг мавжудлиги.


14. Таълим муассасаларида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича майдончаларнинг мавжудлиги.


15. Светофорларнинг мавжудлиги.


16. Йўл бўйининг кўкаламзорлаштирилганлиги.


17. Йўналтирувчи устунчалар ўрнатилганлиги.


18. Қоидабузарликларни аниқловчи мосламалар билан таъминланганлиги.


19. Видеокузатув камералари билан жиҳозланганлиги.


20. Сунъий нотекисликлар мавжудлиги.


21. Ҳудудда жойлашган корхона ва ташкилотларда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилиш ҳолати.


22. Йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб ва ташвиқ қилувчи кўргазмали воситалар билан жиҳозланганлик даражаси.


23. Йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш бўйича профилактик тадбирларнинг ўтказилиши даражаси.


24. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қонунчилик билан тақиқланмаган ҳомийлик маблағларининг жалб этилиши ҳолати.


II. Йўналиш - йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиниши бўйича:


25. Юз минг аҳолига нисбатан йўл-транспорт ҳодисаларининг сони.


26. Юз минг аҳолига нисбатан йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида вафот этганлар сони.


27. Авария ўчоқлари сони.


28. Юз минг аҳолига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони.


29. Тирбанд жойлар сони.


7. Индекснинг 1 - 24-индикаторлари бўйича баҳолар қуйидагича ҳисобланади:

55 фоиз ва ундан кам бўлса - "0" балл;

56 - 70 фоиз бўлса - "1" балл;

71 - 85 фоиз бўлса - "2" балл;

86 - 100 фоиз бўлса - "3" балл қўйилади.


8. Индекснинг 25 - 27, 29-индикаторлари бўйича баҳолар қуйидагича ҳисобланади:

0 та бўлса - "3" балл;

1 та бўлса - "2" балл;

2 та бўлса - "1" балл;

3 та ва ундан ортиқ бўлса - "0" балл қўйилади.


9. Индекснинг 28-индикатори бўйича баҳолар қуйидагича ҳисобланади:

200 тагача бўлса - "3" балл;

400 тагача бўлса - "2" балл;

600 тагача бўлса - "1" балл;

600 та ва ундан ортиқ бўлса - "0" балл қўйилади.


10. Индекснинг индикаторлари бўйича тўпланган жами баллдан келиб чиқиб туманлар (шаҳарлар) қуйидагича тоифаларга ажратилади:

0 - 29 балл бўлса - "қизил" тоифа;

30 - 58 балл бўлса - "сариқ" тоифа;

59 - 87 балл бўлса - "яшил" тоифа.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


11. Республика махсус комиссиясининг ишчи органи туман (шаҳар)ларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини индекснинг индикаторлари бўйича баҳолаш тадбирларига қонунчиликда белгиланган тартибда илмий ташкилотларнинг мутахассисларини ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси асосида жалб этиши мумкин.


12. Ушбу методологияда белгиланган қоидаларга риоя қилмаслик хизмат (меҳнат) интизомини бузиш деб баҳоланади ҳамда масъул раҳбарлар ва ходимларга нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилади.

           

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 1 август