Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.08.2022 й. 426-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 2 августдаги

426-сон қарорига

3-ИЛОВА



Оилавий нодавлат мактабгача таълим

ташкилотлари тўғрисида

НИЗОМ

         

     

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

   

1. Мазкур Низом оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг (кейинги ўринларда - оилавий МТТ) мақсади ва вазифаларини, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, моддий-техник ва методик жиҳатдан таъминлаш, молиялаштириш, шунингдек, уларни бошқариш тартибини белгилайди.


2. Оилавий МТТ фаолиятини ташкил этиш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


3. Оилавий МТТ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Мактабгача таълим вазирлиги билан тузилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


4. Оилавий МТТ фақат давлат-хусусий шерикликнинг оилавий МТТни моддий-техник ва методик жиҳатдан таъминлаш шакли асосида ташкил этилади.


5. Оилавий МТТ шаклида таълим хизматлари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар томонидан кўрсатилади.

Оилавий МТТ банк ҳисобварағига эга бўлади.


6. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


давлат-хусусий шериклик - хусусий инвестицияларни жалб қилиш, ресурсларни бирлаштириш ва хавф-хатарларни тақсимлаш мақсадида давлат шериги ва хусусий шерикнинг аниқ муддатга юридик расмийлаштирилган мактабгача таълим соҳасидаги ўзаро самарали ҳамкорлиги;


давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим томонлари (кейинги ўринларда - томонлар) - давлат шериги ва хусусий шерик;


давлат шериги - Мактабгача таълим вазирлиги;


хусусий шерик - оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини юритиш учун давлат шериги билан битим имзолаган якка тартибдаги тадбиркор;


давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда - битим) - томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ижро этишнинг бошқа шартларини белгилаб берадиган давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган шартнома;


ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар - "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар, аъзолари ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар, боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган оилалар, тўрт ёки ундан кўп болалари бўлган оилалар;


боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган оилалар - тиббиёт, маданият, фан, таълим ва спорт соҳалари вакилларининг иш жойидан махсус квота асосида бошқа ҳудудга тақсимланган оилалар;

махсус контингент - ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг болалари, мактабгача таълим тизими ходимлари ва давлат умумтаълим мактаблари педагог ходимларининг болалари;


мактабгача таълим тизими ходимлари - Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармаси, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ходимлари, шунингдек, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг директор ва педагог ходимлари;


Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими (кейинги ўринларда - НМТТБАТ) мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳақида маълумотларни ўзида акс эттирувчи, бошқарувчи, мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи ахборот тизими.



2-БОБ. ОИЛАВИЙ НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Қуйидагилар оилавий МТТнинг мақсади ҳисобланади:

мактабгача ёшдаги болаларни (кейинги ўринларда - болалар) ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш;

таълим-тарбия бериш орқали болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш;

болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш.


8. Қуйидагилар оилавий МТТнинг вазифалари ҳисобланади:

таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш;

болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлаш;

бола шахсини соғлом ва етук, мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириш;

болаларнинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланишини таъминлаш;

болаларда халқимизнинг юксак маънавияти ва инсонпарварлик анъаналарига садоқат туйғуларини шакллантириш.


9. Оилавий МТТ:

ота-оналар билан келишув бўйича қўшимча хизматлар кўрсатиш (шу жумладан, ўқитувчилар, мураббийлар, тиббиёт ходимларини таклиф қилиш);

белгиланган тартибда тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб субсидия маблағлари ҳисобидан 2,5 та штат бирлигигача тарбиячи ва 2 та штат бирлигигача тарбиячи-ёрдамчисини ёллаш;

давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган тартибда ўз маблағлари ҳисобидан ташкилот ходимларининг малакасини ошириш;

хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобига ўз ходимлари ишини қўшимча равишда рағбатлантириш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия олиш ҳуқуқига эга.


10. Оилавий МТТ раҳбарлари:

оилавий МТТ, унинг ходимлари ва тарбияланувчилари тўғрисидаги маълумотлар тегишлигича НМТТБАТга ва "Болалар боғчаси" мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимига (кейинги ўринларда - "Болалар боғчаси" АТ) киритилишини таъминлашга мажбур;

болалар саломатлиги, хавфсизлиги, таълим-тарбия сифати, НМТТБАТ ва "Болалар боғчаси" АТга киритиладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгардир.



3-БОБ. ОИЛАВИЙ МТТ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Оилавий МТТ таълим фаолиятини:

оилавий МТТни ташкил қилган якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномасида кўрсатилган манзилда;

оилавий МТТни ташкил қилган якка тартибдаги тадбиркорнинг ўзига ёки турмуш ўртоғига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар ёки нотурар жойда;

агар турар ёки нотурар жой бошқа жисмоний ёки юридик шахсга тегишли бўлса, битим муддати давомида амал қилиш шарти билан нотариал тасдиқланган ишончнома ёки давлат органларидан рўйхатдан ўтган ижара шартномаси асосида ёхуд қонунчиликда белгиланган бошқа асосларга кўра фойдаланиш мумкин бўлган турар ва нотурар жойларда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Бунда турар ёки нотурар жой якка тартибдаги тадбиркорнинг ўзига ёхуд турмуш ўртоғига тегишлилиги, шунингдек, нотариал тасдиқланган ишончнома ёки солиқ органларидан рўйхатдан ўтган ижара шартномаси асосида фойдаланилаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар идоралараро электрон маълумот алмашинуви орқали тегишли давлат органларнинг ахборот тизимларидан олинади.

Оилавий МТТ фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талаб этилмайди.


12. Оилавий МТТга кириш жойида фуқароларни оилавий МТТ ҳақида маълумотлардан хабардор қилиш мақсадида ахборот пешлавҳаси ўрнатилади.

Бунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "Лицензия" ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда берилган хабарнома ва унинг қабул қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқнома нусхалари, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим нусхаси, оилавий МТТнинг иш тартиби ва бошқа ҳужжатларнинг нусхалари жойлаштирилади.


13. Оилавий МТТда 50 нафаргача болаларга тарбия берилишига йўл қўйилади. Бунда:

оилавий МТТда ҳар битта гуруҳ 12 - 25 нафаргача турли ёшдаги болалардан иборат бўлади. Биринчи гуруҳда 25 нафар бола тўлиқ шакллантирилганидан кейин иккинчи гуруҳнинг очилишига йўл қўйилади. Иккинчи гуруҳ учун субсидиялар ушбу гуруҳга камида 12 нафар бола қабул қилинганидан сўнг белгиланган тартибда тўлаб берилади.

Аввал ташкил этилган оилавий МТТ гуруҳларидаги тарбияланувчилар сони мазкур Низом талабларига мувофиқлаштирилади.


14. Ушбу Низомнинг 13-бандида белгиланган миқдордаги болалар тўғрисидаги маълумотлар НМТТБАТга киритилганидан сўнг оилавий МТТга тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиси штат бирликлари ажратилади.

Бунда:

оилавий МТТ томонидан ёлланган тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчисига тегишли тоифа бўйича 9 соатлик иш режимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида ва ҳажмларда иш ҳақини тўлаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади;

субсидиялар оилавий МТТдаги гуруҳлар сонидан келиб чиқиб кўпи билан 4,5 та штат бирлигида (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида - 2,25 штат бирлигигача), шу жумладан, бир гуруҳда - 1,25 штат бирлигида тарбиячи ва 1 штат бирлигида тарбиячи ёрдамчиси лавозимида банд бўлган ходимларнинг иш ҳақини тўлаш учун ажратилади.


15. Оилавий МТТ ташкил этилиши режалаштирилаётган турар ёки нотурар жойда болаларнинг соғлом ўсиши ва тарбия олишлари учун зарур шарт-шароитлар бўлиши, бино ва иншоотлар ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария қоидалари ва гигиеник нормативларга жавоб бериши лозим.


16. Оилавий МТТ шаклидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун якка тартибдаги тадбиркор давлат шеригига НМТТБАТ орқали электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади.

Аризада якка тартибдаги тадбиркор томонидан қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

якка тартибдаги тадбиркорнинг фуқаролик паспорти серияси ва рақами;

оилавий МТТ жойлашадиган турар ёки нотурар жой якка тартибдаги тадбиркорнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлса, унинг паспорти серияси ва рақами, турмуш ўртоғи вафот этган тақдирда, унинг ўлими ҳақидаги гувоҳнома серияси ва рақами киритилади;

турар ёки нотурар жойдан ёки унинг хоналаридан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат маълумотлари, шу жумладан, битим муддати давомида амал қилиш шарти билан нотариал тасдиқланган ишончнома санаси ва рақами ёки солиқ органларидан рўйхатдан ўтган ижара шартномаси санаси ва рақами (агар турар ёки нотурар жой бошқа жисмоний ёки юридик шахсга тегишли бўлса);

оилавий МТТда ташкил этилиши режалаштирилган гуруҳлар сони;

турар ёки нотурар жойнинг манзили, унинг жойлашуви (геолокацияси) ва оилавий МТТ учун ажратиладиган майдон (кв. м);

алоқа учун электрон почта манзили ва (ёки) мобил телефон рақами.

Якка тартибдаги тадбиркор НМТТБАТга киритиладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгар бўлади.


17. Ариза НМТТБАТ орқали шакллантирилганидан сўнг:

якка тартибдаги тадбиркорга аризада кўрсатилган электрон почта ёки мобил телефон рақамига аризанинг ID-рақами, ариза қабул қилинган сана ва вақти кўрсатилган ҳолда хабар жўнатилади;

оилавий МТТнинг жойлашуви бўйича тегишли туман (шаҳар) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органига электрон сўровлар жўнатилади.


18. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органи электрон сўровни олганидан сўнг уч иш куни мобайнида белгиланган тартибда ўрганишларни ўтказиб, оилавий МТТни жойлаштириш учун танланган манзилда фаолиятни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги ҳақидаги хулосаларни электрон кўринишда НМТТБАТга киритади.


19. Сўровларга асосан жойига чиққан ҳолда ўтказиладиган ўрганишлар жараёнида:

а) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати:

оилавий МТТ учун ажратилган хоналар белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативларга мослигини;

турар ёки нотурар жойнинг манзили ва оилавий МТТ учун ажратиладиган майдоннинг (квадрат метрда акс эттирилади) аризада тўғри кўрсатилганлигини;

белгиланган меъёрларга мувофиқ оилавий МТТда ажратилган майдонда таълим ва тарбия олиши имконияти мавжуд бўлган болаларнинг максимал сонини;

оилавий МТТни ташкил этиш учун ажратилган бинолар санитария-ҳимоя зонасига эга бўлган объектлардан зарур даражада узоқликда жойлашувини ўрганиб чиқади ва тегишли хулоса беради.

Бунда оилавий МТТда санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативлар талабларига риоя этилмаган тақдирда, ушбу манзилда оилавий МТТни ташкил этиш рад этилади;

б) давлат ёнғин хавфсизилиги назорати органлари оилавий МТТ ташкил этилиши режалаштирилган турар ёки нотурар жой шароитлари ва унинг ён атрофи ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши ёки бермаслигини белгиланган тартибда ўрганиб чиқади ва тегишли хулоса беради.

Бунда оилавий МТТда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмаган тақдирда, ушбу манзилда оилавий МТТни ташкил этиш рад этилади.


20. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органидан хулосалар олинганидан сўнг барча маълумотлар оилавий МТТ ташкил этиш тўғрисидаги ариза билан бирга бир иш кунида НМТТБАТ орқали Мактабгача таълим вазирлигига тақдим этилади.


21. Мактабгача таълим вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органидан хулосалар олинганидан сўнг 10 иш куни мобайнида режалаштирилаётган ҳудудда 3-7 ёшдаги болалар сони, ўша ҳудудда мавжуд давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, мактабгача таълим хизмати билан қамраб олинган болалар сони бўйича маълумотлардан келиб чиқиб оилавий МТТга субсидиялар ажратиш учун тегишли молия йилида Давлат бюджетида назарда тутилган маблағлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда оилавий МТТ ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги бўйича хулоса тайёрлайди ва НМТТБАТга киритади.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан оилавий МТТ ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги бўйича ижобий хулоса НМТТБАТга киритилгандан сўнг НМТТБАТда автоматик равишда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шакллантирилади ва имзолаш учун хусусий шерикка электрон шаклда жўнатилади.


22. Хусусий шерик НМТТБАТ орқали тақдим этилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни кўриб чиқади ва унда белгиланган шартларга рози бўлганида, битимга электрон имзо қўяди. Шундан сўнг ушбу битим электрон имзо қўйиш учун автоматик тарзда давлат шеригига юборилади. Бунда:

давлат шериги ушбу битимга 3 иш куни мобайнида имзо қўяди;

Ушбу муддат давомида давлат шериги томонидан битим имзоланмаганда, битим келишилган деб ҳисобланади ҳамда янги оилавий МТТни "Болалар боғчаси" АТ рўйхатига киритиш бўйича НМТТБАТ орқали электрон буюртма берилади.

Хусусий шерик 15 иш куни ичида битимни имзоламаса, унинг аризаси ўз кучини йўқотади, бунда битимни имзолаш зарурати мавжуд бўлганида, ариза хусусий шерик томонидан янгидан НМТТБАТга киритилиши талаб этилади.


23. Қуйидаги ҳолатларда оилавий МТТ шаклидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ариза бўйича рад жавоби берилади:

а) оилавий МТТни ташкил этиш учун ажратилиши режалаштирилган (аризада кўрсатилган) турар ёки нотурар жой майдони:

қурилиш фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаси норматив - ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган минимал талабларидан кам бўлганида;

кадастр органларидан олинган маълумотларга кўра ушбу турар ёки нотурар жойнинг майдонига нисбатан ошириб кўрсатилганда;

б) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва (ёки) давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органлари томонидан салбий хулоса берилганида;

в) идоралараро электрон алмашинув орқали олинган маълумотларга асосан ариза берувчи турар ёки нотурар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаганида;

г) оилавий МТТ ташкил этилиши режалаштирилаётган ҳудудда (МФЙ, ОФЙ, ҚФЙ, ШФЙ) мактабгача таълим билан қамраб олинмаган 3-7 ёшдаги болалар мавжуд бўлмаганида ёки уларнинг сони ушбу ташкилотнинг қувватини тўлдириш учун етарли бўлмаганида;

д) оилавий МТТ ташкил этилиши режалаштирилаётган ҳудудда (МФЙ, ОФЙ, ҚФЙ, ШФЙ) мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичлари юқори бўлганида;

е) оилавий МТТни ташкил этмоқчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор бир вақтнинг ўзида мактабгача таълим тизимининг бошқарув органи ходими ёки давлат мактабгача таълим ташкилотида раҳбарлик лавозимда ишлаганида;

ж) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хулосасида оилавий МТТ учун ажратилган майдонда таълим ва тарбия олишга тавсия этилган болаларнинг максимал сони ушбу Низомнинг 13-бандида белгиланган меъёрдан кам бўлганда.

Мазкур бандда назарда тутилмаган бошқа асосларга кўра оилавий МТТ шаклидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ариза бўйича рад жавоби бериш тақиқланади.


24. Оилавий МТТни ташкил этиш тўғрисидаги ариза рад этилганида, рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда, аризада кўрсатилган электрон почта орқали ёки мобил телефон рақамига СМС-хабар орқали хусусий шерикка юборилади.


25. Давлат-хусусий шериклик тўғрисида тузилган битимларнинг ягона реестри НМТТБАТда электрон шаклда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан юритилади.


26. Оилавий МТТ ўз фаолиятини бошлаш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "Лицензия" ахборот тизими орқали белгиланган тартибда хабарнома жўнатади.

Бунда "Лицензия" ахборот тизими хабарномада кўрсатилган маълумотларни:

а) идоралараро электрон маълумот алмашинуви орқали НМТТБАТга тақдим этади;

б) НМТТБАТ ва тегишли давлат органларининг ахборот тизимлари орқали олинадиган маълумотлар билан текширади.

Оилавий МТТ хабарнома қабул қилинганлиги ҳақидаги тасдиқномани олган кундан бошлаб таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.


27. Оилавий МТТ хабарнома қабул қилинганлиги ҳақидаги тасдиқномани олган кундан бошлаб бир ой муддатда тегишли мактабгача таълим органи жойига чиққан ҳолда ташкил этилган янги оилавий МТТ фаолияти учун мўлжалланган мебель, жиҳоз ва бошқа анжомлар билан жиҳозланганлик ҳолати бўйича ўрганишлар ўтказади ва оилавий МТТ фаолиятни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги ҳақидаги хулосаларни электрон шаклда НМТТБАТга киритади.

Мактабгача таълим органи томонидан салбий хулоса берилганида, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар оилавий МТТ фаолияти вақтинча тўхтатилади.


28. Оилавий МТТнинг ўз ташаббуси билан фаолиятини тўхтатиши Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "Лицензия" ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда хабарнома бериш тартибида амалга оширилади.


29. Оилавий МТТнинг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятини тўхтатиш, қайта тиклаш ва тугатиш хақидаги маълумотлар идоралараро электрон маълумот алмашинуви орқали НМТТБАТга тақдим этилади ва НМТТБАТда ушбу оилавий МТТнинг маълумотлари қайд қилиб борилади.


30. Оилавий МТТда таълим мазмуни мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига асосан ишлаб чиқилиб, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ёки тавсия қилинган дастурлар билан белгиланади.

Оилавий МТТ ўз (муаллифлик) дастурларидан фойдаланишга ҳақлидир. Ушбу дастурларни тасдиқлаш тартиби давлат шериги томонидан белгиланади.

Оилавий МТТнинг ўз (муаллифлик) дастурларида миллий, этник ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик ғояларини акс эттирилишига йўл қўйилмайди.


31. Оилавий МТТнинг иш тартиби ва болаларнинг ташкилотда бўлиш вақти ота-оналарнинг истак ва талабларидан келиб чиқиб муассис томонидан белгиланади.

Оилавий МТТда 5 кунлик иш ҳафтаси учун, қоида тариқасида, 9 соатли кунлик иш тартиби жорий этилади.

Оилавий МТТ жойлашган ҳудудда яшайдиган аҳоли талабларидан келиб чиқиб 6 кунлик иш ҳафтаси ҳам жорий этилиши мумкин.


32. Оилавий МТТда болаларнинг овқатланиши Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативлар асосида амалга оширилади.



4-БОБ. ОИЛАВИЙ МТТГА БОЛАЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


33. Оилавий МТТга болаларни қабул қилиш тегишли тиббий хулоса асосида амалга оширилади.

Оилавий МТТга болаларни қабул қилиш ва ташкилотдан чиқариш тартиби ушбу МТТнинг буйруғи билан амалга оширилади.


34. Оилавий МТТда ўқув йили жорий йилнинг 2 сентябридан бошланади ва кейинги йилнинг 1 июнига қадар давом этади. 1 июндан 1 сентябргача бўлган давр соғломлаштириш даври ҳисобланади.



5-БОБ. ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ

ҚАТНАШЧИЛАРИ


35. Оилавий МТТда болалар, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда - ота-оналар) ва педагог ходимлар таълим-тарбия жараёнининг қатнашчилари ҳисобланади.


36. Оилавий МТТ болаларни қабул қилишда ота-оналарни ташкилот устави, кун тартиби, таълим-тарбия дастурлари ва бошқа ҳужжатлар билан таништириши шарт.


37. Оилавий МТТ билан ота-оналар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ушбу ташкилот устави ҳамда ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан тузилган шартнома билан тартибга солинади. Шартнома болаларнинг ташкилотда бўлиш вақтини, таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда томонларнинг ҳуқуқларини, мажбуриятларини ҳамда жавобгарлигини ўз ичига олади.


38. Оилавий МТТ Мактабгача таълим вазирлиги билан тузилган битимга асосан ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини ва махсус контингентларни ташкилотга қабул қилиши лозим.

Бунда:

ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандлари ва махсус контингентларни оилавий МТТга қабул қилиш Адлия вазирлигининг ҳудудий бўлимлари орқали берилган йўлланма асосида амалга оширилади;

ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандлари ва махсус контингентлар оилавий МТТ тарбияланувчилари умумий сонининг камида 70 фоизини ташкил қилиши лозим (мазкур банднинг еттинчи хатбошисидаги ҳолатлар бундан мустасно);

ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандлари ва махсус контингентлар учун ота-оналар тўлови шу жойдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган миқдорларда ўрнатилади;

боқувчисини йўқотган аёллар фарзандлари бепул ўқитилади.

Агар оилавий МТТга қатнаётган ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандлари ва махсус контингентлар сони жами тарбияланувчиларнинг 70 фоизидан кам бўлган тақдирда, оилавий МТТ етмаган қисмига ота-оналар тўловини шу жойдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган миқдорларда ўрнатган ҳолда бошқа болаларни ҳам қабул қилиши мумкин.

Бунда оилавий МТТга тарбияланувчиларни қабул қилиш белгиланган тартибда берилган йўлланма асосида амалга оширилади.


39. Ота-оналар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз болалари учун таълим-тарбия шаклларини, оилавий МТТда таълим бериш тилини танлаш;

оилавий МТТда болаларга таълим-тарбия бериш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини ҳамда боланинг шахсига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

оилавий МТТ билан тузилган шартнома шартларида белгиланган тартибда кун давомида ўзига қулай бўлган вақтда болаларни мактабгача таълим ташкилотидан олиб кетиш.

Ота-оналар қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


40. Ота-оналар:

оилавий МТТ билан тузилган шартномага мувофиқ ота-оналар тўловини ўз вақтида тўлаши;

оилавий МТТда болага берилган таълим-тарбияни мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиши шарт.

Ота-оналар қонунчилик ҳужжатларига ва оилавий МТТ билан тузилган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам зиммасига олишлари мумкин.


41. Оилавий МТТ тарбияланувчиси ва ходимлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳамкорлик, боланинг шахсини ҳурмат қилиш ва унга шахсий хусусиятларига мувофиқ ривожланиши учун эркинлик бериш асосида олиб борилади.


42. Оилавий МТТда тегишли олий ёки ўрта махсус педагогик маълумотли шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Олий ёки ўрта махсус педагогик маълумотга эга бўлмаган (тегишли ҳудудларда олий ёки ўрта махсус педагогик маълумотли талабгорлар мавжуд бўлмаган) ҳолатларда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан оилавий нодавлат мактабгача таълим йўналиши бўйича қайта тайёрловдан ўтказилган шахслар ҳам педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Суд томонидан ёки тиббий хулосага мувофиқ бундай фаолият билан шуғулланиши тақиқланган шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.


43. Оилавий МТТнинг педагоглари ва бошқа ходимлари билан меҳнат шартномалари тузиш ва уларни бекор қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


44. Оилавий МТТ раҳбари белгиланган тартибда педагог кадрлар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилади, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, муаллифлик дастурлари, методик қўлланмалар ва дидактик материаллар жорий этилиши учун шарт-шароитлар яратади.


45. Оилавий МТТ ходимларининг ҳуқуқ ва имтиёзлари қонунчилик ҳужжатларида, ушбу ташкилотнинг уставида, шунингдек, меҳнат шартномасида белгиланади.


46. Оилавий МТТнинг педагог ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оилавий МТТни бошқаришда ушбу ташкилот уставида белгиланган тартибда қатнашиш;

ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш;

касбий фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;

ўз касбий фаолиятига аралашувдан ҳимояланиш;

таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан педагог касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш.

Оилавий МТТнинг педагог ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


47. Оилавий МТТнинг педагог ходимлари:

таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиши;

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш бўйича ўзига юкланган вазифалар доирасида шарт-шароитлар яратиши;

болаларга юқори профессионал даражада таълим-тарбия бериш орқали мактабгача таълим сифатини ошириши;

педагог ахлоқ-одобига риоя қилиши, боланинг қадр-қимматини ҳурмат қилиши, болаларни тазйиқдан ҳимоя қилиши, уларни меҳнатга, ота-онага ҳурмат, атроф муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаши;

ўзининг касбий кўникмаларини ва педагогик маҳоратини доимий равишда такомиллаштириши шарт.

Педагог ходимлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.



6-БОБ. ОИЛАВИЙ МТТНИ БОШҚАРИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


48. Оилавий МТТни бошқариш уни ташкил этган якка тартибдаги тадбиркор томонидан амалга оширилади.


49. Оилавий МТТ фаолиятини назорат қилиш уни ташкил этган якка тартибдаги тадбиркор, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.


50. Оилавий МТТ томонидан мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларининг ва таълим-тарбия дастурларининг бажарилишини назорат қилиш Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.


51. Оилавий МТТни аттестациядан ўтказиш, уларнинг фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



7-БОБ. ОИЛАВИЙ МТТЛАРНИ МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНЛАШ ВА МОЛИЯЛАШТИРИШ


52. Оилавий МТТга мол-мулк қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бириктирилади.

Оилавий МТТ ўзига бириктирилган мол-мулкни ва ўзига ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.


53. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳар йилги маҳаллий бюджет маблағларидан иқтисод қилиб қолинган маблағлар доирасида ташкил этиладиган янги оилавий МТТни улар фаолияти учун мўлжалланган мебель, жиҳоз ва бошқа анжомлар билан жиҳозлашга кўмаклашадилар.

Мактабгача таълим вазирлиги оилавий МТТ фаолияти учун зарур бўлган ўқув материаллари билан Давлат бюджетидан ушбу харажатлар учун ажратилган мақсадли маблағлар доирасида бепул таъминлайди. Мазкур жиҳозлар ва ўқув материалларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланилиши ва уларнинг сақланишига оилавий МТТ жавоб беради.


54. Оилавий МТТ фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ уни ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорнинг маблағлари ҳамда Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобидан молиялаштирилади.


55. Оилавий МТТга қуйидаги мақсадлар учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади:

ёлланган тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиларига иш ҳақини тўлаш учун - тегишли тоифа бўйича 9 соатлик иш режимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида ушбу ходимлар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорларида (тегишлилиги бўйича туман коэффициенти қўлланган ҳолда);

таълим-тарбия олаётган ҳар бир болани овқатлантириш, юмшоқ жиҳозлар (матрас, ёстиқ, кўрпа, чойшаб, кўрпа ва ёстиқ жилдлари, ёпинғич) ҳамда дори-дармонлар билан таъминлашга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун - давлат мактабгача таълим ташкилотларида белгиланган нормативлар бўйича;

боқувчисини йўқотган аёллар фарзандларининг ота-оналар тўловини қоплаш учун - тегишли ҳудуддаги 9 соатлик иш режимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган миқдорларда.


56. Оилавий МТТ қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ҳам молиялаштирилиши мумкин.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


57. Оилавий МТТда мактабгача таълим ташкилотининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотларнинг, шу жумладан, сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг ташкил этилишига ва фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Оилавий МТТдаги таълим ва тарбия дунёвий хусусиятга эга бўлиши лозим.


58. Оилавий МТТнинг халқаро ҳамкорлиги, педагог кадрларнинг амалиёт ўташи ва уларнинг малакасини ошириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


59. Оилавий МТТ томонидан Мактабгача таълим вазирлиги билан тузилган давлат-хусусий шериклик битимига ўзгартириш киритиш ва уни бекор қилиш юзасидан ариза НМТТБАТга электрон шаклда юборилади.

Битим муддатини узайтириш, фаолият манзилини ўзгартириш, оилавий МТТ қувватини камайтириш ёки ошириш мазкур Низомнинг 3-бобида кўрсатилган босқичларда амалга оширилади.

Битимни бекор қилиш бўйича ариза электрон шаклда НМТТБАТга киритилади. Бунда аризага электрон рақамли имзо қўйилган битимни бекор қилиш бўйича қўшимча келишув илова қилинади.

Агар хусусий шерикка давлат шериги томонидан мебель жиҳозлари ва дидактик материаллар берилмаган бўлса ёки улар хусусий шерик томонидан қайтарилган бўлса, битимни бекор қилиш бўйича ариза НМТТБАТга тушган кундан бошлаб уч иш кунида қўшимча келишув имзоланиб, рўйхатдан ўтказилади.

Агар давлат шериги томонидан хусусий шерикка мебель жиҳозлари ва дидактик материаллар берилган бўлса, битимни бекор қилиш бўйича ариза тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида давлат шериги томонидан НМТТБАТга мебель жиҳозлари ва дидактик материаллар бут ҳолда қайтарилганлиги ҳақида топшириш-қабул қилиш далолатномаси ёки эскириш ҳисоблангандан кейинги қолдиқ қиймати қайтарилганлиги ҳақида ҳужжат юкланиши лозим.

Қўшимча келишув имзоланганлиги ёки имзоланмаганлиги сабаблари ҳақида хабар хусусий шерикка унинг аризада кўрсатилган электрон манзилига ёки СМС-хабарлар орқали мобил телефон рақамига юборилади.

          

        




Низомга

ИЛОВА



Оилавий нодавлат мактабгача таълим

ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш

СХЕМАСИ

           

     

Босқичлар

    


        

Субъектлар

      


       

Тадбирлар

       


     

Бажариш муддатлари

     











1-босқич


Талабгор


      

Оилавий МТТ шаклидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун якка тартибдаги тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими орқали электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади.

        


Заруратдан келиб

чиқиб











2-босқич


Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими


      

1. Якка тартибдаги тадбиркорга аризада кўрсатилган электрон почта ёки мобил телефон рақамига, аризанинг ID-рақами ва ариза қабул қилинган сана ва вақти кўрсатилган ҳолда маълумот жўнатилади.


2. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органига электрон сўровлар жўнатилади.

         


Ариза тушган

куннинг ўзида











3-босқич


Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органи


      

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органи оилавий МТТни жойлаштириш учун танланган манзилда фаолиятни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги ҳақидаги хулосаларни электрон шаклда Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизимига киритади.

       


Уч иш куни

мобайнида











4-босқич


Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими


        

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органи хулосалари олинганидан сўнг ариза Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига тақдим этилади.

        


Бир иш кунида











5-босқич


Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги


       

Мактабгача таълим вазирлиги режалаштирилаётган ҳудудда 3-7 ёшдаги болалар сони, ўша ҳудудда мавжуд давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, қамралган ва қамралмаган болалар сони бўйича маълумотлардан келиб чиқиб оилавий МТТга субсидиялар ажратиш учун тегишли молия йилида Давлат бюджетида назарда тутилган маблағлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича хулоса тайёрлайди ва Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими га киритади.

         


10 иш кунида











6-босқич


Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими


        

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан оилавий МТТ ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги бўйича ижобий хулоса Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизимига киритилгандан сўнг автоматик равишда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шакллантирилади ва имзолаш учун хусусий шерикка электрон хабар жўнатади.

        


1 иш кунида











7-босқич


НМТТБАТ


              

Хусусий шерик Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими орқали тақдим этилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга электрон имзо қўйганидан сўнг ушбу битим электрон имзо қўйиш учун Давлат шеригига автоматик тарзда юборилади.

           


Хусусий шерик томонидан имзоланган кунда




        

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 3 август