Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Оилавий болалар уйлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.08.2022 й. 451-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 16 августдаги

451-сон қарорига

1-ИЛОВА



Оилавий болалар уйлари тўғрисида

НИЗОМ

      

            

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

      

1. Ушбу Низом оилавий болалар уйларини ташкил этиш ва унга болаларни тарбияга бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


болалар - оилавий болалар уйига тарбияга олинаётган вояга етмаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;


тарбияланувчи болалар - оилавий болалар уйига тарбияга олинган вояга етмаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;


ваколатли орган - туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари;


номзодлар - болаларни оилавий болалар уйига тарбияга олиш истагини билдирган фуқаролар (эр-хотин);


тутинган ота-она - болаларни оилавий болалар уйига тарбияга олган ва оилавий болалар уйини ташкил этган фуқаролар (эр-хотин).


3. Оилавий болалар уйи болаларни оила муҳитида тарбиялашга мўлжалланган юридик шахс мақомига эга бўлмаган тузилма ҳисобланади.


4. Болаларни оилавий болалар уйига беришга фақат уларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда йўл қўйилади.

Ака-укалар ва опа-сингилларни оилавий болалар уйига беришда уларни ажратишга йўл қўйилмайди, оилага тарбияга олиш болаларнинг манфаатларига мувофиқ келган ҳоллар бундан мустасно.


5. Номзодлар болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ота-она мажбуриятларини ихтиёрий равишда ўз зиммасига оладиган шахслар ҳисобланади.


6. Қуйидагилар оилавий болалар уйларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

тарбияланувчи болаларни ўқитиш, соғломлаштириш, ақлий, психологик жисмоний ривожлантириш ва тарбиялаш;

тарбияланувчи болаларни ижтимоий мослаштириш ва муҳофаза қилиш;

тарбияланувчи болаларни умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш;

тарбияланувчи болаларда меҳнат қилиш, маиший-хўжалик, рўзғор юритиш билан боғлиқ иқтисодий кўникмаларни шакллантириш, уларни касб танлаши учун шарт-шароитлар яратиш орқали мустақил ҳаётга тайёрлаш.


7. Ваколатли орган Миллий гвардия билан ҳамкорликда оилавий болалар уйларини ташкил этишга кўмаклашади, тутинган ота-оналарга зарур ташкилий ёрдамлар кўрсатади ҳамда ҳар ойда камида бир марта болаларнинг турмуши ва тарбияланиши шароитларини кузатиб боради.



2-БОБ. ОИЛАВИЙ БОЛАЛАР УЙИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


8. Оилавий болалар уйини ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


9. Оилавий болалар уйи туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан ташкил этилади ва тугатилади.

Номзодларнинг тегишли аризаси ҳамда ваколатли органнинг номзодлар тутинган ота-она бўла олиши ва болаларни тарбия қилиш имконияти, шароитлари ва боланинг манфаатларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси туман (шаҳар) ҳокимининг қарори қабул қилиниши учун асос ҳисобланади.


10. Номзодлар ўзининг яшаш жойидаги ваколатли органга оилавий болалар уйини ташкил этиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Аризада номзодларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, болалари (ўзиники, фарзандликка олганлари) мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг сони ва ёши кўрсатилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

тиббиёт муассасасининг врачлик-маслаҳат комиссиясининг номзодлар соғлиғи тўғрисидаги хулосаси;

номзодларнинг тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсидан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат нусхаси.

Аризани топшириш вақтида номзодларнинг ўзи ва фарзандларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларининг асли кўрсатилади.

Ушбу бандда кўрсатилган ҳужжатларнинг барчаси тақдим этилганда ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинади.


11. Аризани ўрганиш давомида номзодга тегишли қуйидаги ҳужжатлар ваколатли орган томонидан ягона электрон маълумотлар базасидан олинади:

никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома;

иш жойи, эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи кўрсатилган (агар мавжуд бўлса) ёки бошқа даромад манбалари тўғрисидаги маълумот;

руҳий-асаб, тери-таносил касалликлари, наркологик ва силга қарши курашиш диспансерларининг хулосалари;

судланганлик (судланмаганлик) ҳолати ҳақида маълумот;

турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.


12. Ўзбекистон Республикасининг никоҳдан ўтган, 35 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролари тутинган ота-оналар бўлиши мумкин, қуйидаги шахслар бундан мустасно:

а) оилавий болалар уйига қабул қилинаётган етим бўлмаган болалар билан яқин (бобо, буви, туғишган ёки ўгай ака, опа) қариндошлиги бўлганлар;

б) суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;

в) ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилганлар ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

г) ўзларига юкланган мажбуриятларни зарур даражада бажармаганлик учун васийлик (ҳомийлик) мажбуриятидан четлаштирилганлар ёки шу сабаб билан оилага тарбия (патронат)га бериш бўйича шартномаси бир томонлама бекор қилинган шахслар;

д) агар фарзандликка олиш уларнинг айби билан суд томонидан бекор қилинган бўлса, собиқ фарзандликка олганлар;

е) қуйидаги касалликлардан бири мавжуд бўлган шахслар:

I, II, V гуруҳ диспансер ҳисобидаги барча жойлашинув шаклидаги сил касалликлари (фаол ва сурункали);

барча жойлашинувли ёмон сифатли онкологик касалликлар;

наркологик касалликлар (алкоголизм, наркомания, токсикомания);

ақли заифликнинг барча турлари;

таносил касалликларининг маиший йўл билан юқувчи турлари (захм, сўзак);

меҳнатга яроқлиликни инкор этувчи I ва II гуруҳ ногиронлигига олиб келувчи барча касалликлар ва жароҳатлар;

ж) "Темир дафтар", "Аёллар дафтари"га киритилган, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган оилаларнинг аъзолари;

з) ҳаётга, соғлиққа қарши жиноятлар, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган жиноятлар, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши, шахснинг озодлигига, шаъни ва қадр-қимматига қарши (бундан туҳмат, ҳақорат қилиш мустасно), фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши (бундан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш мустасно), тинчликка ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши, Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар, ўзгаларнинг мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятлар, жиноий йўл билан топилган мол-мулкни олиш ёки ўтказиш, тижоратда пора эвазига оғдириб олиш ёхуд нодавлат тижорат ташкилотнинг ёки бошқа нодавлат ташкилотнинг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, бошқарув тартибига, шунингдек, одил судловга қарши жиноятлар, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар (бундан учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш, тадқиқот фаолиятини амалга оширишда хавфсизлик қоидаларини бузиш, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш мустасно), гиёҳвандлик воситаларининг ёки психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласидан иборат жиноятлар, жамоат тартибига қарши жиноятлар ва ҳарбий мансабдорлик жиноятлари содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар;

и) турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқи ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар.


13. Ваколатли орган номзодлардан ариза ҳамда тегишли ҳужжатларни қабул қилган кундан бошлаб етти иш кун ичида уларнинг турмуш ва яшаш шароитларини ўрганиб чиқади ҳамда бу ҳақида ушбу Низомга 2-иловада белгиланган намунада далолатнома тузади.

Бунда турар жойнинг маиший-ҳўжалик шароитлари, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги (санитария-эпидемиология хизмати ходимлари билан бирга), эр-хотиннинг шахсий фазилатлари ва болани оилага олишга ундаган сабаблар, уларнинг болани тарбиялаш бўйича лаёқати, оиланинг биргаликда яшайдиган барча аъзоларининг, ўзи ёки фарзандликка олган болаларининг ҳоҳиши ўрганилади ҳамда оиланинг ўн ёшга тўлган ва ундан юқори ёшдаги аъзоларининг розилик хатлари олинади.

Ногиронлиги бўлган болалар оилавий болалар уйига қабул қилинаётганда далолатномада боланинг яшаши учун зарур шарт-шароитлар мавжудлиги акс эттирилиши лозим.


14. Ваколатли орган ўрганиш якунлари бўйича уч иш кунида номзодларнинг тутинган ота-она бўла олиши мумкинлиги (мумкин эмаслиги) тўғрисида ушбу Низомга 3-иловада белгиланган намунада хулоса тайёрлайди.

Хулосани тайёрлашда қуйидагилар инобатга олинади:

номзодларнинг болани тарбиялашда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларини бажара олиш имкониятлари;

номзодларнинг психологик ҳолати ва болани тарбиялаш лаёқати;

номзодларнинг болага ҳуқуқий, ижтимоий, психологик-педагогик ва тиббий ёрдам кўрсатиш борасида билим ва кўникмага эгалиги.


15. Ваколатли орган номзодларни ўрганиш жараёнида, заруратга кўра, қуйидаги шахсларни жалб этиши мумкин:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари;

болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси аъзолари;

болалар учун мўлжалланган давлат тарбия муассасаси мутахассислари;

боланинг қариндошлари.


16. Ижобий хулоса берилган номзодлар яшаш жойидаги ваколатли органлар томонидан хулоса тайёрланган куннинг ўзида ҳисобга (навбатга) қўйилади.


17. Номзодларнинг тутинган ота-она бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги хулоса асосланган сабаблари кўрсатилган ҳолда уч иш кунида уларга етказилади ва барча ҳужжатлар қайтариб берилади.

Қуйидаги ҳолатлар ваколатли органнинг салбий хулосасига асос бўлади:

турар жой санитария нормалари, қоидалари ва гигиена норматив талабларига жавоб бермаслиги;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги;

мазкур Низомнинг 12-банди "а" - "и" кичик бандларида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги;

болаларни тарбияга олишга оила аъзоларидан бирининг қарши эканлиги.

Номзод хулосадан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда ёки суд тартибида шикоят қилиши мумкин.


18. Болалар номзодлар томонидан ушбу Низомнинг 3-бобида белгиланган тартибда танлангандан сўнг оилавий болалар уйини ташкил этиш ва унга болаларни тарбиялаш учун бериш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳаси ваколатли орган томонидан номзодлар тўғрисидаги ижобий хулоса ва мазкур Низомнинг 10, 11-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар билан биргаликда бир иш кунида туман (шаҳар) ҳокимига тасдиқлаш учун киритилади.


19. Туман (шаҳар) ҳокими оилавий болалар уйини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни икки иш куни ичида қабул қилади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг оилавий болалар уйини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунида номзодларга етказилади.

Ҳокимнинг қарорида оилавий болалар уйини молиялаштириш, болага турар жой майдони бириктирилганлиги, турар жой майдони мавжудлиги тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар, шунингдек, болаларни хонадонга доимий рўйхатга олиш масалаларини ҳал этувчи тегишли идораларга кўрсатмалар бўлиши керак.


20. Оилавий болалар уйи фаолияти юзасидан барча масъулият ва жавобгарлик тутинган ота-она зиммасига юкланади.



3-БОБ. БОЛАЛАРНИ ОИЛАВИЙ БОЛАЛАР

УЙИГА БЕРИШ ШАРТЛАРИ


21. Болаларни оилавий болалар уйига бериш учун танлаб олиш номзодлар томонидан ваколатли органлар билан биргаликда амалга оширилади.


22. Оилавий болалар уйига тарбияга олинган етим болаларга (йигирма беш ёшга тўлмаган) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчи ва ходимлари бириктирилади.

Бириктирилган ҳарбий хизматчи ва ходимлар ваколатли орган билан ҳамкорликда бир ойда камида бир маротаба болалар билан суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг таълим-тарбия олиш аҳволини ва маиший шарт-шароитларини ўрганади, шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриб боради.


23. Ихтисослаштирилган тарбия, даволаш муассасалари, ижтимоий ҳимоя муассасаларидан ёки уларнинг идоравий мансублигидан ва ташкилий шаклидан қатъи назар, бошқа шунга ўхшаш муассасалардан (кейинги ўринларда - тарбия муассасалари) болани танлаб олишда ушбу муассасаларнинг раҳбарияти номзодларни боланинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди ва унинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса билан таништиради.

Тарбия муассасаларининг раҳбарияти тарбияланувчи бола тўғрисида тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб беради.


24. Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун туғилганидан бошлаб ўн саккиз ёшгача бўлган болалар берилади. Болаларни оилага беришда ваколатли орган боланинг манфаатларини инобатга олади.

Болаларни оилага бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда бола яшаётган тарбия муассасаси маъмурияти розилиги билан амалга оширилади.

Ўн ёшга тўлган ва ундан юқори ёшдаги болаларни оилавий болалар уйига фақат уларнинг розилиги билан бериш мумкин.


25. Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун 3 ёшдан бошлаб камида 3 нафар, лекин кўпи билан 5 нафар бола берилади. Бунда янгидан ташкил этилган оилага бир йўла камида 3 нафар бола берилади. Қолган болалар уларнинг танлаб олинишига қараб берилади.

Оилавий болалар уйидаги болаларнинг, шу жумладан, номзодларнинг қарамоғида бўлган ўзининг ва фарзандликка олган болаларининг умумий сони 8 нафардан ошмаслиги керак.

Оилавий болалар уйидан тарбияланувчи болаларнинг 18 ёшга тўлиши ёхуд бошқа сабаблар билан чиқиб кетишига қараб унга янги болалар олиниши мумкин.

Агар тутинган ота-оналар ёхуд улардан бири 60 ёшга тўлса, шунингдек, бу бола манфаатига зид бўлса, у ҳолда оилага янги болалар олишга йўл қўйилмайди.

Тутинган ота-оналар ёхуд улардан бири 60 ёшга тўлса, оилавий болалар уйи ўз фаолиятини тарбияланувчи болалар 18 ёшга тўлгунгача ёхуд улар бошқа сабабларга кўра кетгунгача амалга оширади.


26. Ўзаро қариндош бўлган болалар, қоидага кўра, битта оилавий болалар уйига берилади, улар тиббий кўрсаткичлар бўйича ёки бошқа сабабларга кўра бирга тарбияланиши мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.


27. Етим болалар ота-оналарининг яқин қариндошларига ушбу болаларни навбатсиз, ваколатли орган томонидан номзод сифатида ҳисобга қўйилмаган ҳолда оилага олиш ҳуқуқи берилади.

Болаларни тарбиялашда педагогик маълумотга эга бўлган номзодларга устунлик ҳуқуқи берилади.


28. Ваколатли орган ёки тарбия муассасаси томонидан оилавий болалар уйига берилаётган ҳар бир боланинг қуйидаги ҳужжатлари икки иш куни ичида тутинган ота-оналарга тақдим этилади:

туман (шаҳар) ҳокимининг қарори нусхаси;

туғилганлик тўғрисида гувоҳнома, туғилганлик ҳақида далолатнома ёзувидан кўчирма;

боланинг ривожланиши тарихидан (янги туғилган чақалоқ тарихидан) соғлиғи тўғрисида кўчирма ва психоневрологнинг хулосаси;

маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжат (мактаб ёшидаги болалар учун);

боланинг яшаш шароитларини текшириш далолатномаси;

ота-оналари тўғрисидаги маълумотлар (ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, суднинг ҳукми ёки қарори, касаллик, ота-оналар қидируви тўғрисида маълумотнома ва ота-оналарнинг йўқлигини ёки улар ўз болаларини тарбиялай олмаслигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар);

ака-укалар ва опа-сингиллар, бошқа яқин қариндошлар борлиги ва уларнинг яшаш жойлари тўғрисида маълумотнома;

болага тегишли мол-мулк рўйхати ва ушбу мол-мулк сақланиши учун жавоб берадиган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

балоғатга етмаган бола илгари эгаллаб турган турар жойнинг унга бириктирилиши, уй-жойга ва (ёки) бошқа мол-мулкка мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш тўғрисида ҳужжатлар;

алимент ундириш тўғрисида суд қарорининг нусхаси, пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар, пенсия оладиган болага пенсия гувоҳномаси, боланинг номига очилган қимматли қоғозлар, банк ҳисоб рақами мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатлар.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар бола оилавий болалар уйига қабул қилинган кундан икки кун муддат ичида тутинган ота-оналарга берилади.


29. Оилавий болалар уйига берилган болани фарзандликка олиш ёки уни ўз ота-онасига ёхуд қариндошларига қайтариш туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан амалга оширилади.


30. Болаларни оилавий болалар уйига бериш тутинган ота-оналар билан тарбияланувчи болалар ўртасида алимент билан боғлиқ ва оила тўғрисидаги қонунларда назарда тутилган мерос билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар келиб чиқишига олиб келмайди.



4-БОБ. ТУТИНГАН ОТА-ОНАЛАР

ВА ТАРБИЯЛАНУВЧИ БОЛАЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31. Тутинган ота-оналар тарбияланувчи болаларнинг қонуний вакиллари ҳисобланади, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади.

Тутинган ота-оналар тарбияланувчи болаларга нисбатан васийлар (ҳомийлар) сифатида ҳуқуқларга эга бўладилар ва жавоб берадилар.


32. Тутинган ота-оналар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

болаларнинг руҳий ва жисмоний ривожланиши ҳамда соғлиғи тўғрисида батафсил маълумотларни олиш;

бола оилага тарбияга олингунга қадар у билан танишиш ва алоқа ўрнатиш;

боланинг яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотларни олиш ва тегишли ҳужжатлар билан танишиш;

болани оилага қабул қилишда мазкур Низомнинг 28-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилишини талаб қилиш;

тарбияланувчи болаларнинг эҳтиёжини қондириш, унга ғамхўрлик қилиш, эркинлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш (соғлиғи, таълим олиши ва жисмоний ривожланиши, моддий ва ҳуқуқий таъминоти) масалаларида ваколатли давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш;

тарбияланувчи болалар номидан ҳамда унинг манфаатларини кўзлаб қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид бўлмаган барча зарур битим ва шартномаларни тузиш;

тарбияланувчи болалар учун ажратилган маблағлар, шу жумладан, ҳадя сифатида олинган пул маблағлари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ берилган бошқа молк-мулкни тарбияланувчи болаларнинг манфаатлари учун сарфлаш;

тарбияланувчи болаларнинг мол-мулкини бошқаришдан тушган даромадлардан ва бошқа маблағларидан унинг таъминоти учун фойдаланиш;

оилани қўллаб-қувватлашга доир давлат ижтимоий дастурлари имтиёзларидан фойдаланиш;

йилига бир маротаба қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзга мувофиқ бепул йўлланмалар асосида республика санаторийларида даволаниш.

Тутинган ота-оналар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Тутинган ота-оналарнинг ҳуқуқлари тарбияланувчи болаларнинг ҳуқуқларига зид равишда амалга оширилиши мумкин эмас.


33. Тутинган ота-оналар қонунчиликда назарда тутилган болалар таъминоти маблағлари, уларни моддий рағбатлантириш ҳамда бошқа тўлов ва имтиёзлардан қисман ёки бутунлай воз кечиш (фойдаланмаслик) ҳуқуқига эга.

Болалар учун қонун билан кафолатланган ижтимоий нафақалар, алимент ва шу каби тўловлар бундан мустасно.


34. Тутинган ота-оналар қуйидаги мажбуриятларга эга:

тарбияланувчи боланинг ёши, тили, жинси ва эътиқодидан қатьи назар, унга меҳрибон ва эътиборли бўлиш, ҳис-туйғуларини ҳурмат қилиш;

тарбияланувчи болани оилавий, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш;

ҳар бир тарбияланувчи болага инсонпарварлик тўйғуларини сингдириш;

жамиятда юриш-туришни, одоб-ахлоқ қоидаларини, шунингдек, атрофдагилар билан самимий муносабатларни ўрнатиши учун муомала маданиятини ўргатиб бориш;

тарбияланувчи болаларни тарбиялашда қонунчиликка ва халқаро нормаларга қатъий амал қилиш;

тарбияланувчи болаларнинг фикри, эътирози ва таклифини эшитиш ҳамда муносабат билдириш;

тарбияланувчи болаларнинг орзуси, иқтидори, ижодий қобилияти ва қизиқишларини руёбга чиқаришда кўмаклашиш;

тарбияланувчи болаларнинг таълим олиши, шу жумладан, касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уни мустақил ҳаётга тайёрлаш;

тарбияланувчи болаларни белгиланган меъёрлар бўйича ўз вақтида овқатлантириш, кийим-кечак ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўриш;

тарбияланувчи болаларнинг маданий ҳордиқ олиши ва спорт билан шуғулланишини ташкил этиш;

суд ва бошқа идораларда тарбияланувчи болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

тарбияланувчи болаларнинг мол-мулки сақланишини таъминлаш;

тарбияланувчи болалар номига очилган банк ҳисобварағига алимент, ижтимоий нафақа ва бошқа маблағларнинг тушишини назорат қилиш.

Тутинган ота-оналар зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар юкланиши мумкин.

Тутинган ота-оналарнинг тарбияланувчи болаларга тегишли бўлган алимент, ижтимоий нафақа, пенсиядан тарбияланувчи болалар таъминотидан бошқа мақсадларда фойдаланиши тақиқланади.


35. Тарбияланувчи болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, уларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.


36. Тарбияланувчи болалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оилада яшаш ва тарбияланиш, тутинган ота-оналар билан бирга яшаш ва уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш;

боланинг нормал камол топиши, тарбияланишига зид бўлмаса, ўз ота-онаси, қариндошлари билан шахсий алоқада бўлиш;

оилада фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлигидан фойдаланиш;

ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш;

турар жойдан фойдаланиш ва турар жойли бўлиш;

бепул таълим олиш;

бепул тиббий ёрдам олиш;

қизиқиш ва қобилиятлари доирасида қўшимча таълим олиш;

санаторийлар, дам олиш уйлари ва соғломлаштириш оромгоҳларига бепул йўлланмалар олиш;

ўзига берилиши керак бўлган алимент, ижтимоий нафақа, пенсия (боқувчисини йўқотганлик бўйича) олиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа имтиёз ва кафолатларга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш.


37. Тарбияланувчи болалар қуйидаги мажбуриятларга эга:

тутинган ота-она ва оиланинг бошқа аъзолари билан ўзаро ҳурмат ва оилавий муносабатда, аҳил бўлиш;

жамият ва оиладаги юриш-туриш ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, тартибли ва интизомли бўлиш;

оилавий, миллий ва умуминсоний қадриятларни ардоқлаш;

теварак атрофни асраш ва экологик муҳитни сақлаш;

касб танлаш ва меҳнат кўникмаларини ошириб бориш;

оила биноси, жиҳозлари ва фойдаланаётган мол-мулкига нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;

оилавий, маиший-хўжалик ва рўзғор ишларида тутинган ота-онага ёрдам бериш.



5-БОБ. БОЛАЛАРНИНГ ТАЪЛИМ ОЛИШИ ВА

УЛАРНИНГ СОҒЛОМЛАШТИРИЛИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


38. Тарбияланувчи болалар таълим муассасаларида умумий асосда ўқийдилар.


39. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган тарбияланувчи болаларнинг таълим-тарбия жараёни ривожланишидаги нуқсонларга мувофиқ таълим ва тарбиянинг махсус дастурлари бўйича инклюзив таълим олиш шаклида ташкил этилади.


40. Тарбияланувчи болалар ҳудудда жойлашган турли шаклдаги спорт мажмуалари, маънавий-маърифий масканлар, мономарказлар, тўгараклар, от спорти секциялари ва бошқа шу каби ўқув марказларига бепул жалб этилади.

Тарбияланувчи болалар нодавлат таълим ташкилотларининг хорижий тиллар, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириладиган фанлар бўйича ўқув курсларига қатнашишлари мумкин. Ўқув курси харажатлари боланинг ойлик яшаш ҳаражатларига киритилади.


41. Тарбияланувчи болаларга тиббий хизмат кўрсатиш оилавий болалар уйи жойлашган ҳудуддаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан амалга оширилади.

Тарбияланувчи болалар бир йилда икки маротаба даволаш-профилактика муассасаси томонидан тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилади.


42. Тарбияланувчи болаларга кўрсатиладиган барча тиббий хизматлар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган оилавий болалар уйига маслаҳат ёрдами ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш давлат томонидан бепул амалга оширилади.


43. Тарбияланувчи болалар ҳамда тутинган ота-оналарнинг ўз фарзандларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ:

соғломлаштириш оромгоҳларида соғломлаштириш ҳамда дам олишлари учун йилига бир маротаба Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бепул йўлланмалар ажратилади;

бир йилда икки маротаба туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан республикамизнинг тарихий шаҳарларига бепул сайёҳатлар ҳамда театр томошалари ва концерт дастурлари ташкил этиб борилади.


44. Тарбияланувчи болалар давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларига жойлаштиришда, ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим муассасаларига ўқишга киришда ва ўқиш даврида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.

Тарбияланувчи болалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа имтиёзлардан ҳам фойдаланади.



6-БОБ. ОИЛАВИЙ БОЛАЛАР УЙИ ФАОЛИЯТИГА

ДОИР АЛОҲИДА ҲОЛАТЛАР


45. Тутинган ота-оналар узоқ вақт касал бўлганда ёки улар вафот этганда ваколатли орган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан биргаликда болаларга бошқа тутинган ота-оналарни тайинлаш ёхуд болаларни жойлаштиришнинг бошқа шаклларини белгилаш ҳуқуқига эгадир.

Бунда болаларга тааллуқли ҳужжатларнинг тўлиқ йиғма жилди, уларни кейинги қабул қилган тутинган ота-онага тақдим этилади.


46. Тарбияланувчи болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмайдиган ҳолларда тутинган ота-оналарнинг розилиги билан тарбияланувчи боланинг ўз ота-оналари ва яқин қариндошлари билан шахсий алоқада бўлиш имконияти яратиб берилади.


47. Болаларни ўз ота-оналарига ёки яқин қариндошларига қайтариш, жойлаштиришнинг бошқа шаклларига бериш белгиланган тартибда туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига асосан амалга оширилади.


48. Тутинган ота-оналар тарбияланувчи болалар 18 ёшга тўлгандан сўнг улар билан оилавий муносабатларни сақлаб қолишлари ва давом эттиришлари мумкин.


49. Тутинган ота-оналар мажбуриятларининг бажарилишини мониторинг қилиш ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Мониторинг режали ва режадан ташқари шаклда амалга оширилади.


50. Тарбияланувчи болаларнинг мол-мулки ва турар жойи сақланишини назорат қилиш тутинган ота-она билан биргаликда ушбу мол-мулк ва турар жой жойлашган ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ва ваколатли орган ҳамкорлигида амалга оширилади.

Тарбияланувчи болаларнинг мол-мулки ва турар жойидан фойдаланиш, уларнинг ўз ота-оналари ва яқин қариндошлари билан шахсий алоқада бўлиши ваколатли орган рухсати билан амалга оширилади.


51. Тутинган ота-оналар учун малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Тутинган ота-оналар ҳудудлардаги давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан бепул малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларидан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университети мазкур жараённи мувофиқлаштириб боради.



7-БОБ. ОИЛАВИЙ БОЛАЛАР УЙИ ТАЪМИНОТИ

ВА УНГА МАБЛАҒ АЖРАТИШ ТАРТИБИ


52. Тарбияланувчи болаларнинг барча яшаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Оилавий болалар уйи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.


53. Тутинган ота-оналарга оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчи боланинг яшаш харажатлари учун ҳар ойда 7 ёшгача бўлган болаларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида пул ажратилади.

Оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчи болани тарбиялагани (парваришлаш) учун тутинган ота-оналарга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари (ногиронлиги бўлган болалар учун 1,5 баравари) миқдорида пул тўланади.

Оиладаги ҳар бир тарбияланувчи боланинг яшаш харажатлари учун ажратилган маблағлар оиладаги тарбияланувчи болаларга озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал ва юмшоқ жиҳозлар, шахсий гигиена буюмлари сотиб олишга, уларни ўқув курсларида ўқиш, шунингдек, бошқа яшаш билан боғлиқ ва оиланинг коммунал харажатларини қоплашга сарфланади.

Оилавий болалар уйига тарбияга олинган ҳар бир ногиронлиги бўлган боланинг даволаш-соғломлаштириш харажатларига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида конпенсация тўланади.


54. Ушбу маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларида (кейинги ўринларда - халқ таълими бошқармалари) очилган алоҳида ғазна ҳисобварағи ёрдамида иқтисодий таснифлашнинг бир сатри орқали молиялаштирилади.

Бунда ҳар бир тарбияланувчи бола учун белгиланган маблағлар уларнинг ёши ва сонига мутаносиб равишда халқ таълими бошқармаларининг бухгалтерлари томонидан тутинган ота-оналарнинг номига очилган банк пластик карталарига ҳар ойнинг 5 кунига қадар тўғридан-тўғри ўтказиб берилади.


55. Оилавий болалар уйига пул маблағларини ажратиш унга болалар қабул қилингандан сўнг амалга оширилади.

Янги қабул қилинган болалар учун улар қабул қилинган ой учун ажратиладиган маблағлар миқдори бир нафар бола учун белгиланган суммани бола қабул қилинган ой кунларига пропорционал бўлиш орқали ҳисобланади.


56. Тарбияланувчи бола оилавий болалар уйидан чиқарилганда тутинган ота-оналар бир кун муддат ичида тарбияланувчи боланинг оиладан чиқарилганлиги ҳақида тегишли халқ таълими бошқармасини (туман (шаҳар) ҳокимининг қарорини илова қилган ҳолда) огоҳлантириши лозим.

Бунда оилавий болалар уйидан чиқарилган болалар учун ажратилган маблағлар қолган тарбияланувчи болалар учун келгуси ойда ажратиладиган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.


57. Маҳсулотлар чакана савдо ташкилотларидан харид қилганда тўлов чеклари сақлаб қўйилади, озиқ-овқат бозоридан нақд пулга харид қилинган маҳсулотлар учун эса далолатнома тузилади.


58. Ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича жавобгарлик тутинган ота-она зиммасига юклатилади.


59. Ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат тегишли халқ таълими бошқармалари томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


60. Оилавий болалар уйининг мақоми охирги тарбияланувчи бола балоғатга етгунга ва ишга жойлашгунга қадар сақланади.

Оилавий болалар уйи тугатилганда тарбияланувчи болалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа оилаларга ёки тегишли давлат муассасаларига жойлаштирилади.


61. Низоларни ҳал қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


62. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Оилавий болалар уйини ташкил этиш

СХЕМАСИ

         

      

Босқичлар

       


   

Субъектлар

      


     

Тадбирлар

     


       

Бажариш муддатлари

       








1-босқич


Оилавий болалар уйини ташкил этишни хоҳловчи эр-хотин (номзодлар)


     

Оилавий болалар уйини ташкил этишни хоҳловчи эр-хотин (номзодлар) ўзининг яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбасига ариза билан мурожаат қилади.

      


Хоҳишига кўра











2-босқич


      

Туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси

      


Эр-хотиннинг (номзодлар) турмуш ва таъминот шароитларини ўрганади ҳамда бу ҳақида далолатнома тузади.


Етти иш

куни мобайнида








3-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси


      

Ўрганиш якунлари бўйича эр-хотиннинг (номзодлар) тутинган ота-она бўла олиши мумкинлиги (мумкин эмаслиги) тўғрисида хулоса тайёрлайди.

        


Уч иш

куни мобайнида








4-босқич


     

Туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси

        


Ижобий хулоса тайёрланган эр-хотин (номзодлар) оилавий болалар уйини ташкил этиш учун ҳисобга (навбатга) қўйилади.


Ижобий хулоса тайёрланган куннинг ўзида








5-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси


       

Салбий хулоса тайёрланганда, асосланган сабаблари кўрсатилган ҳолда эр-хотинга (номзодлар) етказилади ва барча ҳужжатлар қайтариб берилади.

         


Уч иш куни

мобайнида








6-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси


          

Эр-хотин (номзодлар) томонидан оилавий болалар уйига тарбияга олинадиган болалар танлангандан сўнг оилавий болалар уйини ташкил этиш ва болаларни тарбиялаш учун бериш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳаси тегишли ҳужжатлар билан баргаликда туман (шаҳар) ҳокимига тасдиқлаш учун киритилади.

         


Бир иш куни

мобайнида














7-босқич


Туман (шаҳар) ҳокими


     

Оилавий болалар уйини ташкил этиш  ва унга болаларни тарбиялаш учун бериш  тўғрисида қарор қабул қилиш.

        


Икки иш куни

мобайнида








8-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси


     

Туман (шаҳар) ҳокимининг оилавий болалар уйини ташкил этиш ва унга болаларни тарбиялаш учун бериш  тўғрисида қабул қилган қарори  эр-хотинга (номзодлар) етказилади.

          


Бир иш куни

мобайнида








9-босқич


      

Туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси ёки ихтисослаштирилган тарбия, даволаш муассасалари, ижтимоий ҳимоя муассасалари

         


Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун берилаётган ҳар бир боланинг тегишли ҳужжатлари эр-хотинга (номзодлар) тақдим этилади.


Бола оилавий болалар уйига қабул қилинган кундан икки иш куни мобайнида

        

          




Низомга

2-ИЛОВА



Оилавий болалар уйи ташкил этишни

хоҳловчи эр-хотиннинг (номзод) турмуш ва яшаш

шароитларини ўрганиш бўйича _____- сон

ДАЛОЛАТНОМА

         

20__ йил "___" ________



_________________________________________




(далолатнома тузилган жой)

         

Номзоднинг Ф.И.О.


         

Туғилган йили ва санаси


         

Касбий фаолият тури


         

Яшаш манзили


         

Биз қуйида имзо чекувчилар,



(туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси вакили лавозими, Ф.И.О.,)

         

ва

,


(туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакили, лавозими, Ф.И.О.)

          


          


         

Номзод иштирокида унинг яшаш хонадонида турмуш ва яшаш шароитлари ўрганиш вақтидаги ҳолат қуйидагилардан иборат:

        

1. Фуқаролиги


        

2. Оилавий аҳволи


        

3. Қачондан буён никоҳда туради


        

4. Фарзандларининг мавжудлиги, сони


        

5. Нафақа олиши ҳақида маълумот


        

6. Моддий таъминланганлиги


           

7. Яшаш хонадони санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги

       


         

8. Хонадондаги хоналар сони, ҳолати ва жиҳозланганлиги


         

9. Болалар учун ажратилган хоналар сони


         

10. Ҳар бир хонада яратилган шароитлар ҳолати


        

Номзод билан бирга яшаётган ҳар бир оила аъзосининг Ф.И.О, ёши ва уларнинг розилиги.

          

1.


          

2.



Юқоридагилардан келиб чиқиб туман ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими номзодлар (эр-хотин) ____________________________________ нинг турмуш ва яшаш шароитларининг ҳолати ва оила аъзоларининг розилигидан келиб чиқиб ушбу хонадонда оилавий болалар уйини ташкил этиш ҳамда унда болаларни тарбиялаш учун барча зарур шароитлар етарли/етарли эмас деб ҳисоблайди.

            

Туман ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси ходими:

_______________


__________________


(имзо)

(Ф.И.О.)

Туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ходими:


____________


_________________


(имзо)


(Ф.И. О.)


      

Номзодга амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйини ташкил этиш ҳамда оилага болани тарбиялашга олиш тартиблари тушунтирилди.


Номзод:




_______


_____________________________





(имзо)

(Ф.И. О.)



        

        




Низомга

3-ИЛОВА



____________ тумани (шаҳар) ҳокими

__________________________________ га

           

          

19___ йил __________ да ___________ Республикаси, _________________________,

                                                                                              (сана)                         (давлат)                                                                  (вилоят, шаҳар)

_________________ да туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси ___________га

                                                            (туман, шаҳар)                                                                                                                                                   (Ф.И.О.)

оилавий болалар уйини очиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимлигининг

болаларни ҳимоя қилиш шуъбасининг

ХУЛОСАСИ

   

           

_____________________ туман (шаҳар) ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан ______________________ туман (шаҳар), ________________________ маҳалласи, __________________________ кўчаси ____ -уй, ___ -хонадонда истиқомат қилувчи _________________________________________________ нинг оилавий болалар уйини очиш тўғрисидаги аризаси, тегишли ҳужжатлари

                                         (Ф.И.О.)

кўриб чиқилди ва қуйидагилар аниқланди:


______________________________________________ нинг моддий аҳволи ва яшаш шароити қониқарли/қониқарсиз (тагига чизилади).

                                       (Ф.И.О.)


Иш ва турар жойидан ижобий/салбий (тагига чизилади) тавсифланади, муқаддам судланмаган/судланган (тагига чизилади). Уни қораловчи ҳужжатлар бор/йўқ (тагига чизилади). Оилада ўзаро муносабатлар яхши/ноқобил (тагига чизилади).

Ўзи ва ўзининг оила аъзоларидан ташқари _____ нафар бола яшаши учун етарли шароит мавжуд/мавжуд эмас (тагига чизилади).

Юқорида қайд этилганларни инобатга олган ҳолда вояга етмаган болаларнинг манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 194, 195, 196, 197, 198, 199 ва 200-моддаларига асосан туман ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси ______________________________________га _____ нафар болани тарбиялаш учун оилавий болалар уйи очиш юзасидан

                                      (Ф.И.О)                                         (сони)

   

ижобий/салбий (тагига чизилади) хулосага келди.


Изоҳ. Бошқа туман (шаҳар)лардан бўлган мурожаатлар бўйича қарор чиқариш учун туман (шаҳар) ҳокимлигига тавсия қилади сўзлари қўшилади.

        

Туман ҳокимлигининг болаларни


(имзо)



ҳимоя қилиш шуъбаси мудири




(Ф.И.О.)

         

Туман ҳокимлигининг болаларни


(имзо)



ҳимоя қилиш шуъбаси бош мутахассис




(Ф.И.О.)

    

Ҳудуддий Миллий гвардия


(имзо)



масъул ходими




(Ф.И.О.)

         

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 17 август