Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Kinematografiya fidokori" кўкрак нишони тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.08.2022 й. 480-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 31 августдаги

480-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Kinematografiya fidokori"

кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Kinematografiya fidokori" кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан миллий кинематография соҳасини ривожлантириш, бадиий ва ғоявий жиҳатдан етук фильмлар яратиш, миллий фильмларни маҳаллий ва хорижий кинобозорларда кенг тарғиб қилиш, соҳада замонавий ва жаҳон тажрибасига асосланган ишлаб чиқариш ва бошқарув тизимларини жорий этиш ишларига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.


3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ

УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ

ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


4. Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифларни ҳар йили 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлигига (кейинги ўринларда - Агентлик) тақдим этади.

Номзодлар бўйича тақдим этилган таклифларга номзод ҳақида маълумотнома ва унинг сўнгги уч йил давомида кинематография соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома илова қилинади.


5. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Агентлик бош директори томонидан 5 нафардан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) тузилади.

Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади.


6. Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили 20 декабрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.



3-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТАРТИБИ


7. Комиссия хулосаси асосида Агентлик бош директорининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 25 декабрга қадар чиқарилади.


8. Кўкрак нишони ҳар йили 28 декабрь - Халқаро кино куни арафасида Агентлик бош директори (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади ("Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита қарори билан бошқа муддатлар белгиланиши мумкин).


9. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва эсдалик совғалари берилади.

Бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва эсдалик совғалари Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлигининг Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.


10. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Агентликнинг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.


11. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.


12. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


13. Агентлик ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.


14. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Kinematografiya fidokori" кўкрак

нишони билан тақдирлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар


Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Кинематография агентлигига тақдим этади


Ҳар йили

1 декабрга қадар









2-босқич

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия


Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва хулоса қабул қилади


Ҳар йили

20 декабрга қадар









3-босқич

Кинематография агентлиги бош директори


Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида Кинематография агентлигининг буйруғини чиқаради


Ҳар йили

25 декабрга қадар









4-босқич

Кинематография агентлиги бош директори (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар)


"Кинематография фидокори" кўкрак нишони билан тақдирлайди


Ҳар йили

28 декабрь - Халқаро кино куни арафасида



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 31 август