Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.08.2022 й. ПҚ-366-сон "Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.08.2022 й.

N ПҚ-366



НОРАСМИЙ БАНДЛИК УЛУШИНИ

ҚИСҚАРТИРИШ ҲАМДА МЕҲНАТ РЕСУРСЛАРИ

БАЛАНСИНИ ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВЛАР

АСОСИДА ШАКЛЛАНТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

        

        

Меҳнат ресурслари балансини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ишсиз фуқароларни, айниқса, хотин-қизлар ва меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш, шунингдек, норасмий бандликни камайтириш бўйича таъсирчан янги механизмларни жорий этиш мақсадида:


1. Маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандлик улушини қисқартириш учун шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб 1-иловада кўрсатилган 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади;

б) 2023 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилади (бундан савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно);

в) 2023 йил 1 январдан бошлаб ўзининг шахсий томорқа ер участкасида 2-иловада кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади. Бунда:

2-иловада кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкасининг майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилади;

2-иловада кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларнинг ҳисобини юритиш маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчилари) томонидан амалга оширилади;

г) 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан:

парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка), паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари;

узум кўчати ва ток сўриси;

асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми;

қуён, қуён катаги ва озуқа еми;

балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа емини харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун субсидия ажратилади.

Бунда, мазкур субсидия бир нафар томорқа ер участкаси эгаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда ҳоким ёрдамчиларининг тавсиясига асосан ажратилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (М.Убайдуллаев) билан биргаликда уч ой муддатда Солиқ кодексига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


2. 2023 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларга рухсат этилсин:

якка тартибдаги тадбиркорларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари)ни (кейинги ўринларда - умумий қурилиш ишлари), шу жумладан юридик шахслар учун ҳам бажаришга;

қурилиш-пудрат ташкилотларига умумий қурилиш ишларини бажариш учун шартнома асосида якка тартибдаги тадбиркорларни жалб қилишга.

Белгилаб қўйилсинки:

якка тартибдаги тадбиркорларга умумий қурилиш ишларини бажариш учун беш нафаргача ходимларни ёллашга рухсат этилади;

умумий қурилиш ишларини бажариш фаолияти билан шуғулланаётган ҳамда камида уч нафар ходимни ёллаган якка тартибдаги тадбиркорга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналарни сотиб олишга субсидия ажратилади. Бунда, субсидия миқдори битта ходим учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаслиги лозим.


3. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда:

маҳаллаларда умумий қурилиш ишлари билан норасмий шуғулланаётган жисмоний шахслар, шунингдек, хорижий давлатларда қурилиш соҳасида ишлаб, Ўзбекистон Республикасига қайтган фуқароларга якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган субсидияларни олишда кўмаклашсин;

2024 йил 1 мартга қадар бир марталик ишларни бажарувчи шахслар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида улар кўп йиғиладиган жойларда кунлик меҳнат марказларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш ҳамда ушбу марказларда банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш билан боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатиш чораларини кўрсин.


4. Қурилиш вазирлиги (Б. Закиров):

қурилиш-пудрат ташкилотлари ўртасида умумий қурилиш ишларига якка тартибдаги тадбиркорларни кенг жалб қилиш бўйича тарғибот ишларини олиб борсин;

якка тартибдаги тадбиркорларни Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасида бажариладиган умумий қурилиш ишларига кенг жалб қилсин.


5. Қуйидагилар:

2022-2024 йилларда норасмий бандлик улушини қисқартириш бўйича "йўл харитаси" 3-иловага мувофиқ;

2023-2026 йилларда норасмий бандлик улушини қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л. Кудратов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов) ҳамда Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) билан биргаликда:

ҳар чоракда маҳаллаларда норасмий банд бўлган фуқаролар ўртасида сўровнома ўтказиб борсин;

сўровномалар натижасида норасмий бандликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқласин ҳамда уларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўрсин;

ҳар чоракда ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари кесимида аниқланган норасмий бандликни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

ҳар йили камида 500 минг нафар норасмий банд бўлган шахсларнинг фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштириш бўйича зарур амалий чора-тадбирларни амалга оширсин.


7. 2022 йил 1 ноябрдан меҳнатга лаёқатли аҳолини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича шундай тартиб жорий қилинсинки, унга мувофиқ қуйидагиларнинг ҳисоби:

юридик шахсларда фаолият юритаётган шахсларнинг - "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоб-китоби ҳамда давлат статистика ҳисоботларида;

якка тартибдаги тадбиркорлар ва улар ёллаган ходимлар, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда деҳқон хўжаликларида банд бўлганлар - Давлат солиқ қўмитасининг ахборот базасида;

ҳунармандлар - "Ҳунарманд" уюшмасининг ахборот базасида;

ҳақ тўланадиган жамоат ишларида банд бўлганлар ва касб-ҳунарга ўқиётганлар - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Бандлик хизмати" ахборот тизимида;

хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини юритиш учун кетган шахслар - Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг "Labour migration" ахборот тизимида ҳамда Ички ишлар вазирлигининг ахборот базасида;

шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган фуқаролар - Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ахборот базасида;

ўзларига ажратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида банд бўлганлар - Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ахборот базасида;

ишлаб чиқариш кооперативларида ҳамда касаначилик (уй меҳнати) билан банд бўлганлар - Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ахборот базаси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Бандлик хизмати" ахборот тизимида;

уй шароитида пилла етиштириш, ипак мато, қўлда ипак гилам тўқиш билан шуғулланувчи ҳамда шахсий томорқа ер участкасида тут меваси ва кўчати етиштирувчи шахслар - "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ахборот базасида;

бир марталик ва мавсумий ишларни бажарувчилар, тадбиркорлик субъектларига ёрдам берувчи оила аъзолари ҳамда оилавий корхоналарда банд бўлганлар - Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ахборот базаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Mening ishim" буюртмалар биржаси онлайн-майдони ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг ахборот базасида;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан рўйхатга олинган ишсиз фуқаролар - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Бандлик хизмати" ахборот тизимида юритилади.


8. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уч ой муддатда:

Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексининг мазкур қарорнинг 7-бандида кўрсатилган ахборот манбалари билан интеграция қилинишини;

"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида жамланган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси меҳнат ресурслари балансини шаҳар ва туманлар кесимида ишлаб чиқилишини таъминласин.


9. Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг "Ёшлар дафтари" платформасида "Битирувчилар бандлиги" функционалини жорий қилиш ва бу орқали умумий ўрта, профессионал ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларининг уч йил давомидаги бандлик ҳолатини мониторинг қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда "Ёшлар дафтари" платформасининг тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари ва ресурслари билан интеграция қилинишини таъминласин.


10. "Ўз келажагимга ўзим инвестор" лойиҳаси доирасида 2023-2024 йилларда меҳнат органлари томонидан хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига кўрсатиладиган хизматларнинг прогноз кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов) ҳамда Молия вазирлиги (Т. Ишметов) меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар бандлигини таъминлаш, шу жумладан уларни доимий ва вақтинчалик ишларга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган субсидияларни ажратиш бўйича зарур чораларни кўрсин.


11. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда:

норасмий меҳнатнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи, ижтимоий хавфсизлиги, иш қобилияти сақланишига салбий таъсири, уларда давлат пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқни берувчи иш стажи шаклланмаслиги юзасидан;

"Ўз келажагимга ўзим инвестор" лойиҳаси доирасида хориждан қайтиб келган ва ўз бизнесини йўлга қўйиб, самарали меҳнат қилаётган тадбиркорлар фаолияти тўғрисида видеороликлар ишлаб чиқилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларида, расмий веб-сайтларда, ижтимоий тармоқларда намойиш қилиб борилишини ташкил этсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


13. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Хусанов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 30 августдаги

ПҚ-366-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзини ўзи банд қилган шахслар

шуғулланиши мумкин бўлган қўшимча

фаолият (ишлар, хизматлар) турлари

РЎЙХАТИ

              

Т/р

        

Йўналиш номи

        

1.

Уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати


2.

Автомобиль бозорларида воситачилик хизмати


3.

Риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш)


4.

Уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати


5.

Маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар)


6.

Гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш)


7.

Тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш


8.

Ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш


9.

Уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш


10.

Кулолчилик


          

          




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 30 августдаги

ПҚ-366-сон қарорига

2-ИЛОВА



Шахсий томорқа ер участкаларида

юритиладиган қўшимча фаолият турлари

РЎЙХАТИ

               

Т/р

        

Йўналиш номи

           

1.

Чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар)


2.

Иссиқхона


3.

Паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак)


4.

Қуёнчилик


5.

Асаларичилик


6.

Балиқчилик


7.

Боғдорчилик


8.

Лимончилик


9.

Гулчилик


           

           




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 30 августдаги

ПҚ-366-сон қарорига

3-ИЛОВА



2022-2024 йилларда норасмий бандлик

улушини қисқартириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

         

         

Т/р

     

Тадбирлар номи

       

Амалга ошириш механизми

       

Ижро муддати

        

Масъул ижрочилар

        

       

I. НОРАСМИЙ БАНДЛИКНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ

          

1.

Норасмий бандликни ўрганиш ва таҳлил қилиш воситаларини такомиллаштириш.


1. Ҳудудларда доимий равишда норасмий бандлик диагностикасини ўтказиш. Бунда:

маҳаллаларда норасмий банд бўлган фуқаролар ўртасида сўровнома ўтказиш;

сўровномалар натижасида норасмий бандликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш;

ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари бўйича норасмий бандлик харитасини яратиш;

аниқланган норасмий бандликни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш.


2. Ҳар чоракда ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари кесимида норасмий бандликни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

       

2022-2024

йилларда ҳар чоракда

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов), Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

2.

Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда норасмий бандликни таҳлил қилиш ва камайтириш бўйича тадқиқотлар ўтказиш.


Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда норасмий бандлик масалалари бўйича тадқиқотлар ўтказиш. Бунда:

соҳада илғор бўлган халқаро экспертларни тадқиқотлар жараёнига жалб этиш;

норасмий бандликни камайтиришда муваффақиятга эришган давлатларнинг тажрибаларини ўрганиш;

илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

       

2023-2024

йилларда,

ҳар йили

II чоракда

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

       

3.

Иқтисодий ислоҳотларнинг расмий бандликни оширишга таъсирини таҳлил қилиш.


Мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг расмий бандликни оширишга таъсирини таҳлил қилиш, шу жумладан:

давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага бериш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва энергоресурслар нархларини эркинлаштириш;

пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳамда бўшаган ер участкаларини аҳолига очиқ танлов асосида ижарага бериш;

тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитлар ажратиш жараёнларини ўрганиш.


2023-2024

йилларда,

ҳар йили

III чоракда

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А. Воитов), Энергетика вазирлиги (Ш. Ходжаев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Марказий банк (М. Нурмуратов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Давлат мулкини бошқариш агентлиги (А. Ортиқов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

      

        

II. НОРАСМИЙ БАНДЛИКНИ

ҚИСҚАРТИРИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

        

4.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатини кенгайтириш орқали норасмий бандлик улушини қисқартириш.


1. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида амалга ошириш мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларини таҳлил қилиш.


2023 йил

август


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов)


2. Таҳлил натижаларидан келиб чиқиб, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатини кенгайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2023 йил

ноябрь


5.

Норасмий бандлик улушини қисқартириш мақсадида шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш.


1. Шахсий томорқа ер участкаларда юритиладиган фаолият турларини кенгайтириш, шунингдек, томорқа ер участкасида расмий банд бўлган шахс сифатида фаолият юритиш учун қонунчиликда мавжуд бўлган талабларни соддалаштириш.


2022 йил

ноябрь


Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А. Хаитов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов)


2. Ўзининг шахсий томорқа ер участкасида қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, уларни расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритиш ва ушбу давр учун уларга меҳнат стажини ҳисоблаш.


2023 йил

январь


6.

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёллаган ходимлар учун тўланадиган ижтимоий солиқ суммасини камайтириш.


1. Якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари ёллаган ходимлар учун тўлайдиган ижтимоий солиқ суммасини ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоригача камайтириш.


2023 йил

январь


Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


2. Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан яратилган иш ўринларнинг умумий сонини 2 баробарга ошириш чораларини кўриш.


2024 йил

декабрь


7.

Мавсумий ишларда банд бўлган шахслар учун қулай шарт-шароитларни яратиш.


Мавсумий ишларда банд бўлган шахслар учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш ва уларда:

мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида банд бўлганлар учун бригадалар ташкил қилиш ва улар аъзоларини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш;

бригада етакчисига ҳар бир ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган фуқаро учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марталик рағбатлантирувчи тўловлар тўлашни назарда тутиш.


2022 йил

ноябрь


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А. Воитов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


8.

Хизмат кўрсатиш соҳасида норасмий банд бўлган ва кейинчалик ўз фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштирган фуқароларни рағбатлантириш бўйича таклиф тайёрлаш.


Хизмат кўрсатиш соҳасида норасмий банд бўлган, кейинчалик ўз фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштирган фуқарога қуйидаги имтиёзларни жорий этиш бўйича таклиф тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

ўз фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштирганидан сўнг 6 ой давомида ишлаган шахсларга - касб-ҳунарга ўрганиш ва хорижий тилларга ўқиш ёки малакани тасдиқловчи сертификатни олиш харажатларини тўлаб бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдорида;

ўз фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштирганидан сўнг 3 ой давомида ишлаган шахсларга - махсус кийим ва ҳимояланиш воситаларини сотиб олиш харажатларини қоплаб бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ажратиш.


2022 йил

ноябрь


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов)


9.

Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорини оширган кичик тадбиркорлик субъектларига тўланган ижтимоий солиқ суммасининг бир қисмини қайтариш бўйича таклиф тайёрлаш.


Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорини оширган кичик тадбиркорлик субъектларига тўланган ижтимоий солиқ суммасини қайтариб беришни назарда тутувчи қуйидаги имтиёзларни жорий этиш юзасидан таклиф тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорини ўтган йилга нисбатан 1 фоизга оширганда - ўтган йил давомида тўланган ижтимоий солиқ суммасининг 0,5 фоизини;

йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорини ўтган йилга нисбатан 3 фоизга оширганда - ўтган йил давомида тўланган ижтимоий солиқ суммасининг 2 фоизини;

йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорини ўтган йилга нисбатан 5 фоизга оширганда - ўтган йил давомида тўланган ижтимоий солиқ суммасининг 3,5 фоизини;

йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорини ўтган йилга нисбатан 10 фоизга оширганда - ўтган йил давомида тўланган ижтимоий солиқ суммасининг 8 фоизини қайтариш.

             

2023 йил

март


Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов)


10.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида норасмий банд бўлган шахслар фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштириш бўйича таклиф тайёрлаш.


Қишлоқ хўжалиги соҳасида норасмий банд бўлган шахслар фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштириш бўйича қуйидаги таклифларни тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган шахслар билан 7 кундан 11 ойгача бўлган муддатда мавсумий меҳнат шартномасини тузиш;

мавсумий меҳнат шартномасини расмийлаштирган ишловчиларнинг ижтимоий солиқ тўловини 2025 йил 1 январга қадар 1 фоиз миқдорида белгилаш.


2023 йил

январь


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов)


11.

Масофавий ишлаётган ходимлар (фрилансер) учун қулай шароитлар яратиш.


Масофавий ишлаётган ходимлар учун "freelancer.uz" электрон платформасини яратиш.

Бунда, электрон платформада буюртмалар топиш, келишувлар тузиш, касбий малакасини ошириш хизматлари кўрсатиш имкониятларини яратиб бериш.


2023 йил

апрель


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев)


12.

Олис ҳудудлардаги маҳаллаларда кунлик меҳнат марказларини ташкил этиш.


Олис ҳудудлардаги маҳаллаларда кунлик меҳнат марказларини ташкил этиш. Бунда:

Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан марказлар учун мини ускуна ва инвентарларни (мотокультиватор, хашак майдалаш машинаси, автоуловларни ювадиган карчер, кўрпа қавиш ускунаси, қандолатчилик печлари, бетон қоргич, пайвандлаш ва металл кесиш аппарати ва бошқа) сотиб олиш;

ускуна ва инвентарларни ишсиз фуқароларга имтиёзли ижарага бериш;

ускуна ва инвентарлар қиймати тўлиқ тўланганда, уларни фуқароларнинг ихтиёрида қолдириш;

марказлар томонидан берилган ускуна ва инвентарларни ишлатувчи шахсларни вақтинчалик банд бўлган шахс сифатида рўйхатга олиш.


2023-2024

йиллар давомида,

ҳар йили 5 тадан марказ ташкил этиш


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


13.

Ташкиллаштирилган ҳолда хорижий давлатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилаётган фуқароларни расмий банд аҳоли тоифасига киритиш.


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий давлатлар, айниқса, Россия, Қозоғистон, Туркия, Корея Республикаси билан:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг хорижий давлатларда ишлаган давридаги меҳнат стажини ҳисобга олиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан хорижий давлатларда тўланган ижтимоий солиқ тўловларини кейинчалик уларга Ўзбекистонда пенсия тайинлашда ҳисобга олиш мақсадида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига кўчириш борасида икки томонлама музокаралар олиб бориш.


2022-2023

йиллар

давомида

Ташқи ишлар вазирлиги (В. Норов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (А. Хайдаров)


14.

Кунлик меҳнат марказлари фаолиятини такомиллаштириш, бир марталик ишларни бажарувчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун нодавлат нотижорат ташкилотларни кенг жалб қилиш.


1. Хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини кунлик ишларга жалб қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан музокаралар олиб бориш.


2022 йил

ноябрь


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги


2. Нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда кунлик ишлар бозорини такомиллаштириш соҳасида семинарлар ташкил этиш.


2023 йил

февраль


3. Кунлик ишлар бозорини такомиллаштириш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотларга нодавлат нотижорат ташкилотларни жалб қилиш.


2023 йил ҳар

чоракда


15.

Кунлик меҳнат марказларининг фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида тажрибага эга бўлган хорижий экспертларни жалб қилиш.


1. Кунлик меҳнат марказлари фаолияти самарали йўлга қўйилган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш.


2023 йил

декабрь


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги


2. Илғор хорижий давлатлар билан ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш ва экспертларни жалб қилиш бўйича меморандумлар имзолаш.


2024 йил

март


3. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва ҳокимликларнинг маблағлари ҳисобидан хорижий экспертларни жалб қилиш.


2024 йил

май


4. Кунлик меҳнат марказлари орқали бир марталик ишларни бажарувчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш бўйича замонавий механизмларни жорий этиш.


2024 йил

сентябрь


16.

Кунлик меҳнат марказлари фаолиятини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш.


1. Кунлик меҳнат марказлари фаолиятини Тошкент шаҳрининг барча туманларида, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш.


2024 йил

март


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги


2. Давлат-хусусий шериклик битимида белгиланган самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқ Кунлик меҳнат маркази фаолиятини баҳолаш ва таҳлил қилиш.


2024 йил

сентябрь


3. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиб, кутилган натижаларга эришилган тақдирда, мазкур лойиҳани республиканинг бошқа ҳудудларида амалга ошириш чораларини кўриш.


2024 йил

декабрь


           

III. ҲУҚУҚИЙ МЕХАНИЗМЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ОРҚАЛИ НОРАСМИЙ БАНДЛИКНИ КАМАЙТИРИШ

      

17.

Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг бандлик масалаларига оид конвенцияларини ратификация қилиш масаласини ўрганиш.


1. Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг қуйидаги конвенцияларини ратификация қилиш масаласини ўрганиб чиқиш:



Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев), Қурилиш вазирлиги (Б. Закиров), Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), Ташқи ишлар вазирлиги (В. Норов), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Б. Гулямов), Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси (К.Рафиков), манфаатдор вазирлик ва идоралар


"Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари туфайли таъминот тўғрисида"ги 121-сонли Конвенция (Женева, 1964 йил 8 июль);


2022 йил

декабрь


"Меҳнат хавфсизлиги, гигиенаси ва ишлаб чиқариш муҳити тўғрисида"ги 155-сонли Конвенция (Женева, 1981 йил 22 июнь);


2023 йил

апрель


"Бандликка кўмаклашиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги 168-сонли Конвенция (Женева, 1988 йил 21 июнь).


2023 йил

июль


2. Ўрганиш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.


2023 йил

сентябрь


18.

Иш берувчилар томонидан фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинганлиги юзасидан назорат механизмларини такомиллаштириш, хусусан, суғурта компанияларини "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексига интеграция қилиш.


1. Суғурта компаниялари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида Меморандум имзолаш.


2023 йил

январь


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (А. Хайдаров), Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги (К. Талипов)


2. Интеграциянинг техник йўриқномасини ишлаб чиқиш.


2023 йил

март


3. Суғурта компанияларининг ахборот тизимларини "Ягона миллий меҳнат тизими" ИДАКга интеграция қилиш.


2023 йил

сентябрь


          

IV. НОРАСМИЙ БАНДЛИКНИ КАМАЙТИРИШ

БЎЙИЧА ТАРҒИБОТ ИШЛАРИНИ КУЧАЙТИРИШ

         

19.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида оммавий тренинглар ўтказиш ишларини ташкил этиш.


Ҳудудлар, туман (шаҳар)ларда профессионал тренерларни жалб қилган ҳолда қуйидаги мавзуларда тренинглар ташкил этиш:

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда солиқ ва меҳнат қонунчилигига, меҳнат ҳуқуқи ва меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш;

расмий меҳнат муносабатларининг иш берувчилар ва ходимлар учун афзалликлари ва имкониятлари;

норасмий бандликнинг мамлакат иқтисодиётига, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимояланганлик даражасига салбий таъсири ва оқибатлари.


2022-2024

йиллар

давомида

Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Савдо саноат палатаси (Д. Ваҳобов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Хаджаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


20.

Норасмий бандликни камайтириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғиб қилиш ишларини кучайтириш.


1. Норасмий меҳнатнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи, ижтимоий хавфсизлиги, иш қобилияти сақланишига салбий таъсири, уларда давлат пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқни берувчи иш стажи шаклланмаслиги юзасидан видеороликлар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида, расмий веб-сайтларда, ижтимоий тармоқларда намойиш этиш.


2. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва норасмий бандлик улуши юқори бўлган бошқа соҳаларда норасмий меҳнат фаолиятини қонунийлаштирган ташкилотларнинг ижобий тажрибасини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш.


2022-2024

йиллар

давомида

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Қурилиш вазирлиги (Б. Закиров), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Воитов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Хаджаев)


          

            




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 30 августдаги

ПҚ-366-сон қарорига

4-ИЛОВА



2023-2026 йилларда норасмий

бандлик улушини қисқартириш бўйича

МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАР

          

Т/р

        

Кўрсаткичлар номи

     

2022 йил

     

2023 йил

     

2024 йил

    

2025 йил

    

2026 йил

   

1.

Ишга жойлаштиришга муҳтож шахсларни бандликни таъминлаш дастурлари билан қамраб олиш кўламини кенгайтириш, ишга жойлаштиришга муҳтож шахсларнинг дастурлар билан қамраб олинган улуши, фоизда


30

40

45

53

60

2.

Меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган рақамли хизмат турларини кўпайтириш, жами кўрсатилган хизматлар сонидаги улуши, фоизда


30

39

40

45

камида 50

3.

Меҳнат органларининг айрим вазифаларини хусусий секторга ўтказиш, жами хизматлар сонидаги улуши, фоизда


5

7

10

13

камида 15

4.

Банд бўлмаган аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, минг киши


37

70

80

90

100

5.

Норасмий секторда банд бўлганлар улушини қисқартириш, жами банд аҳоли (ташқи миграцияга кетганлар бундан мустасно) сонидаги улуши, фоизда


41

39

36

33

30

6.

Норасмий секторда банд бўлганларни иш жойини йўқотишдан ижтимоий суғурталаш қамровини кенгайтириш, норасмий банд бўлган ходимлар умумий сонидаги улуши, фоизда


-

1

4

7

камида 10

          

          




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 30 августдаги

ПҚ-366-сон қарорига

5-ИЛОВА



"Ўз келажагимга ўзим инвестор"

лойиҳаси доирасида 2023-2024 йилларда меҳнат

органлари томонидан хориждан қайтиб келган меҳнат

мигрантларига кўрсатиладиган хизматларнинг

ПРОГНОЗ КЎРСАТКИЧЛАРИ*

        

нафар

Т/р

    

Ҳудуд номи

     

Жами кўрсатиладиган

хизматлар

     

Шундан, қуйидагилар ҳисобига:

       

Доимий ишга жойлаштириш ёки ўзини ўзи банд қилишда кўмаклашиш

     

Тадбиркорликка жалб қилиш ва кредит ажратилишида кўмаклашиш

         

Субсидия

ажратиш

       

Касбга ўқитиш,

қайта тайёрлаш

       

2023 йил

     

2024 йил

    

2023 йил

   

2024 йил

       

2023 йил

     

2024 йил

      

2023 йил

    

2024 йил

     

2023 йил

    

2024 йил

     


Жами


165 000

170 000

127 000

130 000

19 900

21 000

7 600

8 080

10 500

10 920

1.

Қорақалпоғистон Республикаси


19 422

19 760

14 744

15 050

2 482

2 500

977

980

1 218

1 230

2.

Андижон вилояти


19 422

19 945

14 925

15 283

2 390

2 462

882

900

1 225

1 300

3.

Бухоро вилояти


12 685

12 995

9 593

9 823

1 623

1 672

489

500

980

1 000

4.

Жиззах вилояти


3 117

3 918

2 302

2 358

375

945

271

300

168

315

5.

Қашқадарё вилояти


8 880

9 100

6 494

6 650

1 000

1 030

882

900

504

520

6.

Навоий вилояти


2 594

2 722

1 874

1 920

342

352

204

250

175

200

7.

Наманган вилояти


15 067

15 466

11 203

11 472

1 790

1 844

814

850

1 260

1 300

8.

Самарқанд вилояти


21 100

21 649

16 561

16 960

2 465

2 539

828

850

1 246

1 300

9.

Сирдарё вилояти


3 639

3 748

2 777

2 845

382

393

326

350

154

160

10.

Сурхондарё вилояти


12 408

12 713

9 396

9 620

1 498

1 543

814

850

700

700

11.

Тошкент вилояти


10 460

10 803

8 394

8 595

1 207

1 243

299

400

560

565

12.

Фарғона вилояти


5 068

5 318

3 913

4 007

583

601

68

200

504

510

13.

Хоразм вилояти


16 601

16 975

13 237

13 554

1 991

2 051

407

400

966

970

14.

Тошкент шаҳри


14 537

14 889

11 585

11 863

1 773

1 826

339

350

840

850

          

Изоҳ.*) Ушбу прогноз кўрсаткичлари қонунчиликда белгиланган барча манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Меҳнат бозоридаги вазиятдан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси прогноз кўрсаткичлари йўналишлари ва миқдор кўрсаткичларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга.

       

        




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 30 августдаги

ПҚ-366-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар

               

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3680-сон қарорининг 15-банди "а" кичик банди бешинчи хатбошисидаги "10" рақами "15" рақами билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги "Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4716-сон қарорининг 2-банди "б" кичик бандида:

биринчи хатбошидаги "10" рақами "15" рақами билан алмаштирилсин;

иккинчи хатбоши "соҳаларда" сўзидан кейин ", шу жумладан қурилиш-таъмирлаш соҳаларида" сўзлари билан тўлдирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги "Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4742-сон қарорига илова қуйидаги мазмундаги 69-78-бандлар билан тўлдирилсин:

"69. Уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати

70. Автомобиль бозорларида воситачилик хизмати

71. Риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш)

72. Уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати

73. Маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар)

74. Гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш)

75. Тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш

76. Ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш

77. Уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш

78. Кулолчилик".


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги "Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5140-сон қарорининг 14-банди бешинчи хатбошисидаги "ҳар бир иш билан банд бўлмаган фуқаро" сўзлари "ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 30 август


"Халқ сўзи", 2022 йил 3 сентябрь