Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.09.2022 й. 498-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 6 сентябрдаги

498-сон қарорига

ИЛОВА



Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом қадимий ёзма манбалар давлат реестрини (кейинги ўринларда - Давлат реестри) шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.


2. Давлат реестри музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларда (кейинги ўринларда - қадимий ёзма манбаларнинг эгалари) сақланаётган қадимий ёзма манбаларни ҳисобга олиш, тизимлаштириш ва уларнинг сақланишини назоратга олувчи ҳужжатдир.


3. Давлат реестри ва унинг мониторинги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (кейинги ўринларда - Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази) томонидан юритилади.


4. Давлат реестри электрон ва босма маълумотлар базаси кўринишида шакллантирилади.


5. Давлат реестрини юритиш бўйича ягона ахборот тизими яратилади ва ушбу тизим давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архивлар фондлари фаолиятига интеграция қилинади.


6. Давлат реестрига киритилган қадимий ёзма манбалар тўғрисидаги маълумотлар жамоатчилик учун очиқ ҳисобланади.


7. Қадимий ёзма манбаларни Давлат реестрига киритиш учун тақдим этилган ҳужжатларда қайд этилган маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва талаб даражасида тайёрланиши учун музейлар, кутубхоналар ва архивларнинг биринчи раҳбарлари масъул ҳисобланади.


8. Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини шакллантириш ва юритиш иловага мувофиқ схемага асосан амалга оширилади.



2-БОБ. ҚАДИМИЙ ЁЗМА МАНБАЛАРНИ ДАВЛАТ

РЕЕСТРИГА КИРИТИШ ВА ЮРИТИШ ТАРТИБИ


9. Давлат реестри қадимий ёзма манбаларга эгалик қилаётган ва улардан фойдаланаётган музейлар, кутубхоналар, архивлар ва бошқа ташкилотларнинг асосий ҳисоб ҳужжатларидан олинган ҳамда қадимий ёзма манбаларнинг эгалари тақдим этган маълумотлар асосида шакллантирилади.


10. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қадимий ёзма манбалар - ўтмишда одамзод қўли билан бунёд этилган, тарихий жараён изларини ўзида акс эттирувчи ва кишилик жамияти тарихини ўрганишга оид ҳозирги кунгача сақланиб келаётган тарихий, илмий, адабий-бадиий ва маданий-маънавий қимматга эга бўлган ёзма манбалар;


қадимий ёзма манбалар туркуми - қўлёзма ва тошбосма китоблар, архив, қўлёзма ва чизма ҳужжатлар, нодир ва ноёб нашрлар, ашёвий, лингвистик, этнография материаллари, тарихий ҳужжатлар ва бошқа ёзма ёдгорликлар;


Миллий музей фонди - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий сақланаётган музей ашёлари ва коллекциялари мажмуи.


11. Давлат реестрига 1950 йилга қадар яратилган қадимий ёзма манбалар туркумига кирувчи ёзма ёдгорликлар, тарихий ҳужжатлар ва чоп этилган тошбосма нашрлар киритилади.


12. Давлат реестрига қадимий ёзма манбалар тўғрисида қуйидаги маълумотлар (электрон ва босма шаклда) киритилади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбалар рўйхати ва улар тўғрисидаги асосий маълумотлар;

қадимий ёзма манбанинг тартиб рақами, номи, муаллифи, тили, санаси, ҳолати, ўлчами, ҳажми, шакли, инвентарь рақами, сақланиш жойи, шунингдек, манбага оид бошқа қўшимча маълумотлар.


13. Қадимий ёзма манбаларнинг эгалари қадимий ёзма манбалар тўғрисидаги маълумотларни Давлат реестрига киритилиш учун ёзма ва электрон шаклда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тақдим этадилар.

Бунда музейлар, кутубхоналар ва барча давлат ташкилотлари ўзларида сақланаётган қадимий ёзма манбалар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига мажбурий тартибда, бошқа юридик ва жисмоний шахслар эса - ихтиёрий тартибда тақдим этадилар.


14. Давлат реестрига киритиладиган қадимий ёзма манбаларнинг турлари ва тоифаларини белгилаш, уларни илмий-техник тавсифлаш ишлари соҳа олимлари ва мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Эксперт гуруҳи томонидан амалга оширилади.

Эксперт гуруҳи таркиби ва унинг вазифалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан белгиланади.


15. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архивлар томонидан қадимий ёзма манбаларнинг сақланиш ҳолатини соҳа мутахассисларидан иборат таркибда ишчи гуруҳини тузган ҳолда ўрганиш ва мониторинг қилиш ваколатига эга.


16. Давлат реестрига киритиш учун қадимий ёзма манбаларнинг эгалари томонидан қадимий ёзма манбалар тўғрисидаги маълумотлар рўйхати (уларнинг ҳар бири ҳақидаги зарур маълумотлар акс эттирилган ҳолда) электрон ва босма шаклларда уч нусхада тайёрланади:

биринчи нусха - Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида;

иккинчи нусха - қадимий ёзма манбаларнинг эгаларида;

учинчи нусха - қадимий ёзма манбаларнинг эгаларининг юқори турувчи органида (мавжуд бўлса) сақланади.

Тақдим этилган рўйхат босма шаклининг ҳар бир саҳифасида музейнинг бош муҳофизи, кутубхона ва архив фонди мудири, бошқа сақловчилар учун - қадимий ёзма манбаларнинг эгалари имзоси, шунингдек рўйхатнинг охирида музей директори, бош муҳофизи, кутубхона ва архив директори, кутубхона ва архив фонди мудири имзоси, рўйхат расмийлаштирилган сана ва музей ёки кутубхонанинг муҳри қўйилади,


17. Рўйхатларнинг босма шакли музейлар, кутубхоналар, архивлар ва бошқа давлат ташкилотларнинг юқори бошқарув органи раҳбарлари томонидан тасдиқланиб, шу орган томонидан қадимий ёзма манбаларни Давлат реестрига киритиш тўғрисидаги ариза билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига мурожаат этилади.

Бошқа юридик ва жисмоний шахслар эса рўйхатларнинг босма шакли ўзлари тасдиқлайдилар ва қадимий ёзма манбаларни Давлат реестрига киритиш тўғрисидаги ариза билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига мурожаат этадилар.


18. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдим этилган ҳужжатлар асосида қадимий ёзма манбалар тўғрисидаги маълумотларни Давлат реестри рўйхатига киритади.


19. Қадимий ёзма манбалар Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан Давлат реестри таркибига киритилган ҳисобланади.


20. Давлат реестри таркибига киритилган қадимий ёзма манбалар эгаларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан қадимий ёзма манбани рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида тегишли гувоҳнома берилади.

Гувоҳнома шакли Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти томонидан тасдиқланади.


21. Давлат реестрига киритилган қадимий ёзма манбаларнинг эгалари тақдим этилган маълумотларга киритилган ҳар қандай ўзгартириш тўғрисида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бир ой муддатда хабар беришлари шарт.


22. Қадимий ёзма манбалар эгалари қадимий ёзма манбаларнинг ўғирланиш, йўқотилиш ҳолатлари аниқланганда, бир иш куни мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органларига ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига хабар беради.


23. Музей, кутубхона ва архив фонди таркибига киритилган қадимий ёзма манбаларга бўлган фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қадимий ёзма манбаларнинг мулкдорлари ўзгарган ҳолларда, ушбу ўзгаришлар Давлат реестрига киритиб борилади.


24. Давлат реестрига оид ҳужжатларни сақлаш ва юритиш тартиби, улар билан ишловчи ходимларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан белгиланади.



3-БОБ. ҚАДИМИЙ ЁЗМА МАНБАЛАРНИ ДАВЛАТ

РЕЕСТРИДАН ЧИҚАРИШ ЁКИ УЛАРНИ ДАВЛАТ

РЕЕСТРИГА КИРИТИШНИ РАД ЭТИШ ТАРТИБИ


25. Қадимий ёзма манбаларни Давлат реестридан чиқариш ҳақида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тегишли буйруғи қабул қилинган вақтдан бошлаб қадимий ёзма манбалар Давлат реестридан чиқарилган ҳисобланади.

Қадимий ёзма манбаларнинг чиқарилишига асос бўлган тегишли асосномалар Давлат реестрида рўйхатга олинади.

Қадимий ёзма манбалар турли сабабларга (табиий офат, ёнғин ва бошқалар) кўра нобуд бўлса, жисман тўлиқ йўқотилса ёки моддий маданий мерос объекти сифатида ўз қимматини йўқотса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган Эксперт гуруҳининг тарихий-маданий экспертиза хулосаси асосида Давлат реестридан чиқарилиши мумкин.


26. Қадимий ёзма манбаларни Давлат реестри таркибидан чиқариш учун қадимий ёзма манбаларнинг эгалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ёзма шаклда мурожаат этади.

Мурожаатга қадимий ёзма манбаларни музей, кутубхона ва архив фондидан чиқариш сабаблари (уларни топиш ёки тиклаш бўйича амалга оширилган чоралар) тўғрисида тўлиқ маълумот ва мазкур манбаларнинг фотосуратлари илова қилинади.

Марказ зарур ҳолда бошқа қўшимча маълумотларни ҳам талаб қилиши мумкин.


27. Қадимий ёзма манбалар Давлат реестридан чиқарилганда, улар бир вақтнинг ўзида музей, кутубхона ва архив фонди ҳужжатлари таркибидан ҳам чиқарилган ҳисобланади.


28. Қадимий ёзма манбаларнинг қалбакилиги ёки ўғирланганлиги аниқланган ҳолатларда, уларни Давлат реестрига киритиш рад этилиши мумкин.



4-БОБ. ДАВЛАТ РЕЕСТРИГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАРНИНГ

ТЎҒРИЛИГИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


29. Қадимий ёзма манбалар тўғрисидаги маълумотларни Давлат реестрига киритувчи ходим киритилган маълумотларнинг асллиги, тўғрилиги ва тўлиқлигига жавобгардир.


30. Қадимий ёзма манбаларнинг асл ёки қалбаки эканлигини белгиловчи барча аломатлар мутахассислар томонидан аниқланади.


31. Давлат реестрига киритилаётган дастлабки маълумотларни тасдиқламасдан аввал ошкор қилиш тақиқланади.


32. Давлат реестрига киритилган қадимий ёзма манбалар ўзгартирилиши, қалбакилаштирилиши, ноқонуний савдога қўйилиши ёки унга зарар етказилиши қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликка тортишга асос бўлади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


34. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.




Низомга

ИЛОВА



Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини

шакллантириш ва юритиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддати

1-босқич


Қадимий ёзма манбаларнинг эгалари

(музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар)


Қадимий ёзма манбалар эгалари Давлат реестрига киритиш учун қадимий ёзма манбалар рўйхати ва улар тўғрисидаги электрон ва босма маълумотларни тайёрлайди ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тақдим этади.

Бунда музейлар, кутубхоналар ва барча давлат ташкилотлари ўзларида сақланаётган қадимий ёзма манбалар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига мажбурий тартибда, бошқа юридик ва жисмоний шахслар эса - ихтиёрий тартибда тақдим этадилар.


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сўровномасида кўрсатилган муддатларда


2-босқич


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази


Қадимий ёзма манбалар давлат реестри электрон ва босма маълумотлар базаси кўринишида шакллантиради.


Маълумотлар киритилган вақтдан бошлаб





Электрон маълумотлар қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўйича ягона ахборот тизимига жойлаштирилади.


Маълумотлар тайёр бўлгандан кейин уч кун муддатда


3-босқич


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази


Давлат реестрига киритилган қадимий ёзма манбалар эгаларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.


Маълумотлар ахборот тизимига киритилгандан кейин бир ой муддатда

4-босқич


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази


Давлат реестри юритилишини самарали ташкил этиш, унинг илмий асосларни ўрганиш ҳамда тарғиб этиш тадбирларини амалга оширади.


Доимий

5-босқич


Қадимий ёзма манбаларнинг эгалари


Давлат реестрига киритилган қадимий ёзма манбалар бўйича тақдим этилган маълумотларга киритилган ҳар қандай ўзгартириш тўғрисида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига хабар беради.

Музей, кутубхона ва архив фондида қадимий ёзма манбалар ўғирланиши, йўқотилиши ҳолатлари аниқланганда бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига хабар беради.


1 иш кунида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 сентябрь