Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси" кўкрак нишони тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.09.2022 й. 526-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 27 сентябрдаги

526-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси"

кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси" кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан мамлакатимиз ветеринария соҳасини ривожлантириш, ветеринария назоратини кучайтириш ва ветеринария хизматлари сифатини ошириш, ҳайвонларнинг соғлиғини ҳимоя қилишни самарали ташкил этиш, эпизоотик осойишталик, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, соҳага оид илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш ҳамда замонавий технологиялардан самарали фойдаланишга муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.


3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ

УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ

ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


4. Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига (кейинги ўринларда - Қўмита) ҳар йили 1 июлга қадар тақдим этади.

Номзод бўйича тақдим этилган таклифга номзод ҳақида маълумотнома, унинг сўнгги уч йил давомида ветеринария соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома илова қилинади.


5. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Қўмита раиси томонидан беш нафардан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) ташкил этилади.


6. Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси кадрлар бўлими Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.


8. Комиссия томонидан номзодларни кўриб чиқишда қуйидагилар инобатга олинади:

номзодларнинг мамлакатимизда ветеринария назоратини кучайтириш ва ветеринария хизматлари сифатини ошириш, ҳайвонларнинг соғлиғини ҳимоя қилишни самарали ташкил этиш муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширган фаолияти;

хорижий мамлакатлар билан ветеринария ва чорвачилик соҳаси бўйича ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти;

эпизоотик осойишталик, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга, соҳага оид илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этишга, замонавий технологиялардан самарали фойдаланишга муносиб ҳисса қўшганлиги.


9. Комиссия томонидан номзодларнинг ҳужжатлари ҳар томонлама ўрганилиб, ҳар йили 1 августга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.



3-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ ТАРТИБИ


10. Комиссия хулосаси асосида Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 20 августга қадар чиқарилади.


11. Кўкрак нишони ҳар йили 1 сентябрь - Мустақиллик байрами арафасида Қўмита раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.


12. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари берилади.

Бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари Қўмитанинг Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


13. Кўкрак нишони билан тақдирлаш, истисно тариқасида, Қўмита раиси буйруғига асосан алоҳида ҳолатларда ҳам амалга оширилиши мумкин.


14. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Қўмитанинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


15. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.


16. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Қўмита ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.


18. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси"

кўкрак нишони билан тақдирлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари


"Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси" кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан тақдирлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига (кейинги ўринларда - Қўмита) тақдим этади.


Ҳар йили 1 июлга қадар









2-босқич

Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия


Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулосани қабул қилади.


Ҳар йили 1 августга қадар









3-босқич

Қўмита


Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида Қўмита раисининг буйруғини чиқаради.


Ҳар йили 20 августга қадар









4-босқич

Қўмита


Кўкрак нишони билан тақдирлайди.


Ҳар йили 1 сентябрь - Мустақиллик байрами арафасида



            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 28 сентябрь