Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Республиканинг сейсмик фаол зоналарида қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган бино ва иншоотларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.10.2022 й. 603-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 15 октябрдаги

603-сон қарорига

ИЛОВА



Республиканинг сейсмик фаол зоналарида

қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили

IV тоифага мансуб бўлган бино ва иншоотларга

зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом республиканинг сейсмик фаол зоналарида (кейинги ўринларда - сейсмик фаол зоналар) қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган бино ва иншоотлар ҳамда уларнинг конструкцияларини, шунингдек, янги конструктив ечимларни зилзилабардошлик бўйича синовдан ўтказиш ва уларга илмий хулосалар бериш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


зилзила - ер қобиғининг ёки ер устки қатламининг тўсатдан рўй берган силжиши, емирилиши ёки ўпирилиши оқибатида вужудга келган, узоқ масофаларга тарқаладиган тўлқинсимон тебранишлар тарзидаги ер ости силкинишлари ва тебранишлари;


зилзила акселерограммаси - зилзила натижасида ер юзасининг маълум нуқтасида юзага келадиган абсолют тебраниш тезланишининг вақт бирлигида ўзгариши;


зилзиланинг синтезланган акселерограммаси - маҳаллий сейсмикликни ва грунт шароитини инобатга олган ҳолда содир бўлган кучли зилзилалар тебраниш спектрларини ҳамда реал акселерограммаларини статистик усуллар билан қайта ишлаш асосида тузиладиган электрон маълумотлар бирлиги;


кучли зилзила - магнитудаси (зилзила қуввати) Рихтер ўлчови бўйича 5,0 ва ундан юқори бўлган зилзила;


зилзилабардошлик - аҳоли ҳаёти ҳамда мол-мулкининг хавфсизлигини таъминлайдиган, бинолар ва иншоотларнинг зилзила таъсирига бўлган мустаҳкамлик кўрсаткичлари;


сейсмик жадаллик - қабул қилинган шкала бўйича тавсифланган ер юзасининг зилзила натижасида тебраниш жадаллиги баллда ифодаланиши;


сейсмик хавф - муайян ҳудудда муайян вақт оралиғида аҳолининг ҳаётига таҳдид солувчи ҳамда бинолар ва иншоотларга зарар етказувчи зилзилалар юз бериши эҳтимоли;


сейсмик фаол зона - сейсмик жиҳатдан ҳудудлаштириш харитасида белгиланган, кучли зилзилалар юз бериши эҳтимоли доимо юқори бўлган ҳудуд;


сейсмик хавфсизлик - сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳоли ҳаётини ва инфратузилма объектларини зилзилалар натижасида келиб чиқадиган хавфлардан ҳимояланганлик ҳолати;


зилзилабардошлик бўйича илмий хулоса - объектнинг назарий ва илмий тажриба-синов натижалари асосида зилзилабардошлик талабларига мувофиқлиги (номувофиқлиги) тўғрисида асосли хулосаларни ўз ичига олган илмий ҳисобот.


3. Сейсмик фаол зоналарда лойиҳалаштирилаётган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш, содир бўлиши кутилаётган зилзилага тайёргарлик кўриш ва унинг оқибатларини бартараф этиш, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни белгилаш сейсмик фаол зоналарда қурилиши режалаштирилаётган бино ва иншоотларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар беришнинг асосий мақсади ҳисобланади.


4. Сейсмик фаол зоналарда қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган бино ва иншоотларга (кейинги ўринларда - бино ва иншоотлар) зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар беришда қуйидагилар назарда тутилади:

бино ва иншоотлар қурилиши режалаштирилаётган ҳудудларни сейсмик хавфни, сейсмотектоник ва муҳандис-геологик шароитларни ҳисобга олган ҳолда халқаро стандартлар даражасида баҳолаш;

бино ва иншоотларга кучли зилзилаларнинг сейсмик таъсирини "грунт-иншоот" тизимининг тебраниш параметрлари бўйича аниқлаш ва уни муҳандислик кўрсаткичларида баҳолаш;

бино ва иншоотларни эксплуатация даврида ҳудуд грунти шароитининг ўзгаришига мувофиқ унинг салбий оқибатларини прогноз қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

қурилиш майдонларини танлашда сейсмик хавфни ва сейсмик таъсирни баҳолаш бўйича илмий ва норматив тавсияларни ишлаб чиқиш ва ҳисоблаш моделларини яратиш;

бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш учун қурилиш майдонининг сейсмик хавфини ва сейсмик таъсирини ҳудуд учун олинган реал ёки синтезланган акселерограммалардан фойдаланиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш;

бинолар ва иншоотларни лойиҳалаш ва қуриш амалиётида замонавий сейсмик ҳимоя усулларини татбиқ этиш;

қурилиш конструкциялари ва материалларининг мустаҳкамлик ҳамда механик хоссаларини ўрганиш;

хорижий қурилиш нормалари ва қоидалари талаблари бўйича лойиҳаланган бино ва иншоотлар конструкцияларининг зилзилабардошлигини назарий, амалий ҳамда экспериментал усуллар ёрдамида текшириш.


5. Илмий тажриба-синовдан ўтказиб, илмий хулосалар бериш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (кейинги ўринларда - ижрочи) томонидан мазкур Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.


6. Сифатли илмий тажриба-синовни ўтказиш ва улар натижаларининг ҳаққонийлиги, шунингдек, тажриба-синов натижаларини сақлаш учун жавобгарлик Фанлар академияси зиммасига юклатилади.


7. Илмий тажриба-синов илм-фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан фойдаланган ҳолда мустақиллик, холислик, пухталик ва зилзилабардошлик мезонларини таъминлашга асосланади.


8. Илмий тажриба-синов ўтказиш ҳамда илмий хулоса бериш бўйича Фанлар академияси ва буюртмачи ташкилот ўртасида шартнома тузилади.

Шартнома қиймати Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 579-сон қарори билан тасдиқланган Объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларининг лойиҳавий ечимларини шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 6-илованинг 5-бандига мувофиқ белгиланади.



2-БОБ. СЕЙСМИК ФАОЛ ЗОНАЛАРДА ҚУРИЛИШИ

РЕЖАЛАШТИРИЛАЁТГАН ХАВФЛИЛИК ОМИЛИ

IV ТОИФАГА МАНСУБ БЎЛГАН БИНО ВА

ИНШООТЛАРГА ЗИЛЗИЛАБАРДОШЛИК

БЎЙИЧА ИЛМИЙ ХУЛОСАЛАР

БЕРИШ ТАРТИБИ


9. Сейсмик фаол зоналарда қурилиши режалаштирилаётган бино ва иншоотларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар бериш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


10. Буюртмачи ташкилотлар лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлангандан кейин уларни тегишли бино ва иншоотларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар олиш ҳамда экспертизадан ўтказиш учун Қурилиш вазирлигига тақдим этади.


11. Қурилиш вазирлиги лойиҳа-смета ҳужжатлари тушган кундан бошлаб уч кун муддатда тегишли бино ва иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар олиш учун Фанлар академиясига йўналтиради.


12. Буюртмачи ташкилотлар лойиҳа-смета ҳужжатлари илмий хулосалар олиш учун йўналтирилган кундан бошлаб бир кун муддатда объектларнинг зилзилабардошлик бўйича илмий тажриба-синовни амалга ошириш учун Фанлар академиясига қоғоз ёки электрон шаклда буюртманома тақдим этади ҳамда буюртманомага лойиҳалар, ишчи чизмалар ва бошқа зарур ҳужжатларни илова қилади.


13. Фанлар академияси ўн иш куни давомида буюртмачи ташкилотлар билан лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида объектларни илмий тажриба-синовдан ўтказиш учун шартнома расмийлаштиради ва уларни зилзилабардошлик бўйича назарий ва амалий тажриба синовидан ўтказиш ишларини ташкил этади.


14. Фанлар академияси иш ҳажмидан келиб чиқиб бир ойдан уч ойгача бўлган муддатда илмий тажриба-синов натижалари асосида илмий хулоса қабул қилади.


15. Фанлар академияси уч иш куни давомида зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг нусхасини буюртмачи ташкилотга етказади.


16. Фанлар академияси шартнома шартлари тўлиқ бажарилганда зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг асли ва тақдим этилган ҳужжатларни буюртмачи ташкилотга юборади.


17. Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг нусхаси Фанлар академиясида доимий сақланади.



3-БОБ. СЕЙСМИК ФАОЛ ЗОНАЛАРДА ҚУРИЛИШИ

РЕЖАЛАШТИРИЛАЁТГАН БИНО ВА ИНШООТЛАРНИ

ЗИЛЗИЛАБАРДОШЛИК БЎЙИЧА ИЛМИЙ

ТАЖРИБА-СИНОВДАН ЎТКАЗИШ

ТАРТИБИ


18. Сейсмик фаол зоналарда лойиҳалаштирилаётган бино ва иншоотларни зилзилабардошлик бўйича илмий (назарий ва амалий) тажриба-синовдан ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

буюртмачи томонидан тақдим этилган қурилиш режалаштирилаётган ҳудуд учун архитектура-режа топшириғи, қурилиш майдони ва синов объектининг ҳажмидан келиб чиқиб, лойиҳа техник ҳужжатлари асосида ўз вақтида объектни илмий тажриба-синовдан ўтказиш ва иш турига қараб иштирок этадиган илмий ходимлар сонини белгилаш;

иш турига қараб техник топшириқ тузиш ва ишларнинг календарь режасини тасдиқлаш;

буюртмачи томонидан тақдим этилган техник ҳужжатлар мажмуини ўрганиш;

қурилиш майдони жойлашган ҳудудда кенг қамровли сейсмологик, сейсмотектоник, муҳандис-сейсмологик ва муҳандис-геологик тадқиқотларни олиб бориш;

ер ости сувлари динамикасининг шу ҳудуд сейсмиклигининг ўзгаришига таъсирини баҳолаш;

қурилиш майдонлари учун эҳтимоли юқори бўлган кучли зилзилаларда ер юзасининг тебраниш параметрларини миқдорий баҳолаш ва уч компонентли синтезланган акселерограммаларни тайёрлаш ва грунтларнинг жавоб спектрларини моделлар асосида ҳисоблаш;

бино ва иншоотларни қуриш ва эксплуатация қилиш даврида грунт шароитининг ўзгаришини прогноз қилиш, шу жумладан, техник мелиорация натижасида қурилиш майдонининг сейсмик жадаллигини ва сейсмик таъсир параметрларини аниқлаш;

бино ва иншоотларнинг динамик ва мустаҳкамлик ҳолатини таъминлаш учун реал акселерограммалар базасини регионал миқёсда ишлаб чиқиш;

бинонинг лойиҳа ҳужжатлари ва чизмаларини ўрганиш;

бинони сонли усуллар асосида ишловчи дастурий таъминотлар ёрдамида сейсмик таъсирларга ҳисоблаш ва оптимал кўрсаткичларини аниқлаш;

бинонинг динамик кўрсаткичларини аниқлаш учун синов-тадқиқот ишларини ўтказиш;

экспериментал тадқиқотлар натижасида аниқланган динамик ва мустаҳкамлик кўрсаткичлари асосида бино ва иншоотларни зилзилабардошликка ҳисоблаш;

якуний синов ва ҳисоб натижалари асосида бинонинг зилзилабардошлигини ошириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш;

зилзилабардошлик бўйича норматив талабларга мувофиқлаштириш ҳамда конструкцияларда аниқланган камчиликларни техник жиҳатдан қайта ишлаш юзасидан зарур тавсияларни расмийлаштириш;

якуний синов ва ҳисоб натижаларини зилзилабардошлик бўйича илмий хулоса кўринишда расмийлаштириш.

Зилзилабардошлик бўйича ўтказиладиган илмий тажриба-синов белгиланган тартибда илмий лабораторияларда амалга оширилади.


19. Илмий тажриба-синов ўтказиш шартномасида назарда тутилмаган, аммо зилзилабардошлик талабларига мувофиқ бажарилиши шарт бўлган ишлар ҳажми аниқланган ҳолатларда бу ишлар шартномага қўшимча битим асосида бажарилади.


20. Фанлар академияси буюртмачи ташкилот шартномада белгиланган миқдордаги дастлабки тўловни амалга оширгандан сўнг тажриба-синов объектининг зилзилабардошлигини баҳолашга киришади.


21. Илмий ходимлар илмий тажриба-синов объектининг ҳақиқий ҳолати ва унга қўйиладиган зилзилабардошлик талабларига мувофиқлигини баҳолайди, илмий тажриба-синов объектига тааллуқли ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини аниқлайди.


22. Ҳисоблаш ишлари ва унга асосан экспериментал синов тадқиқотлари ўтказилгандан сўнг илмий тажриба-синов натижалари юзасидан зилзилабардошлик бўйича илмий хулоса расмийлаштирилади.



4-БОБ. СЕЙСМИК ФАОЛ ЗОНАЛАРДА ҚУРИЛИШИ

РЕЖАЛАШТИРИЛАЁТГАН БИНО ВА ИНШООТЛАРГА

ЗИЛЗИЛАБАРДОШЛИК БЎЙИЧА ИЛМИЙ ХУЛОСАНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


23. Зилзилабардошлик бўйича илмий хулоса қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:

кириш;

объект ҳақида умумий маълумотлар;

асосий қисм;

хулосалар ва тавсиялар;

иловалар.


24. Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг кириш қисмида тажриба-синов мақсадлари, тажриба-синовни ўтказиш асослари (тажриба-синовни ўтказиш шартномаси), ижрочи тўғрисида маълумотлар, тажриба-синовни ўтказган илмий ходимлар ва мутахассислар ҳақида маълумотлар, буюртмачи ташкилот ҳақида маълумотлар, қўлланиладиган қисқартма сўзлар кўрсатилади.


25. Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг объект ҳақидаги умумий маълумотлар қисмида тажриба-синов объектининг рўйхати, тажриба-синовни ўтказиш жараёнида кўриб чиқилган ҳужжатлар ҳақида маълумотлар ҳамда тажриба-синов объекти тўғрисида маълумотлар келтирилади.


26. Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг асосий қисмида қурилиши лойиҳалаштирилаётган майдонларда олиб борилган дала тадқиқотлари ва улар асосида қурилиш майдонининг баҳоланган сейсмиклик даражаси ва параметрлари, ўтказилган синов ёки ҳисоблаш методикаси, экспериментал тадқиқотлар натижасида аниқланган динамик ва мустаҳкамлик кўрсаткичлари, улар асосида бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ҳисоблаш натижалари келтирилади.


27. Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг хулосалар ва тавсиялар қисмида тажриба-синов ўтказилган қурилиш майдонининг сейсмиклик даражаси ва муҳандислик кўрсаткичлари (реал ёки синтезланган акселерограммалари, тезланиш спектрлари, жавоб спектрлари) ҳамда объектнинг зилзилабардошлик талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар ёки зилзилабардошлигини ошириш бўйича кўрсатмалар келтирилади.


28. Якуний синов ва ҳисоб натижалари бино ва иншоотлар, уларнинг конструкцияларининг мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган ҳамда зилзилабардошлигини ошириш бўйича амалий тавсияларни ўз ичига олади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Зилзилабардошлик бўйича илмий хулоса берилган объектларни қуриш жараёнида қурувчи ёки объектдан фойдаланувчилар томонидан йўл қўйилган камчиликлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳодисалар юзасидан жавобгарлик ҳодисанинг юзага келишига сабабчи бўлган масъул ходимлар зиммасига юклатилади.


30. Буюртмачи ташкилот ва Фанлар академияси ўртасида объектнинг илмий тажриба-синови бўйича келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, у ўзаро келишув ёки қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш орқали ҳал қилинади.


31. Сейсмик фаол зоналарда қурилиши режалаштирилаётган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги бўйича илмий хулосаларни вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга уларнинг сўровлари асосида Фанлар академияси томонидан тақдим этиш тақиқланмайди, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган маълумотлар бундан мустасно.

Давлат сирларига оид маълумотларни умумлаштириш ва бериш тартиби ҳамда шартлари қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


32. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.




Низомга

ИЛОВА



Сейсмик фаол зоналарда қурилиши

Режалаштирилаётган хавфлилик омили

IV тоифага мансуб бўлган бино ва иншоотларга

зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Масъуллар


Амалга ошириш механизми


Муддатлар




1-босқич


Буюртмачи ташкилотлар


Хавфлилик омили IV тоифага мансуб объектларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар олиш ҳамда экспертизадан ўтказиш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини Қурилиш вазирлигига тақдим этади.


Лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлангандан кейин





2-босқич


Қурилиш вазирлиги


Хавфлилик омили IV тоифага мансуб объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар олиш учун Фанлар академиясига йўналтиради.


Лойиҳа-смета ҳужжатлари тушган кундан бошлаб уч кун муддатда




3-босқич


Буюртмачи ташкилотлар


Объектларнинг зилзилабардошлик бўйича илмий тажриба-синовини амалга ошириш учун Фанлар академиясига қоғоз ёки электрон шаклда буюртманома тақдим этади. Буюртманомага лойиҳалар, ишчи чизмалар ва бошқа зарур ҳужжатларни илова қилади.


Лойиҳа-смета ҳужжатларини илмий хулосалар олиш учун йўналтирилган кундан бошлаб бир кун муддатда






4-босқич


Фанлар академияси, буюртмачи ташкилотлар


Буюртмачи ташкилотлар билан лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида объектларни илмий тажриба-синовдан ўтказиш учун шартномани расмийлаштиради ва уларни зилзилабардошлик бўйича назарий ва амалий тажриба синовидан ўтказиш ишларини ташкил этади.


Ўн иш куни давомида




5-босқич


Фанлар академияси


Илмий тажриба-синов натижалари асосида илмий хулоса қабул қилади.


Иш ҳажмидан келиб чиқиб, бир ойдан уч ойгача




6-босқич


Фанлар академияси


Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг нусхаси буюртмачига етказилади.


Хулоса қабул қилгандан кейин уч иш куни давомида



Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг асли ва тақдим этилган ҳужжатлар буюртмачига берилади.


Шартнома шартлари тўлиқ бажарилганда*

  

Изоҳ.

*) Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосанинг асли шартнома шартлари тўлиқ бажарилмаган тақдирда берилмайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 15 октябрь