Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси" кўкрак нишони тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.10.2022 й. 616-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 24 октябрдаги

616-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси"

кўкрак нишони тўғрисида

НИЗОМ

         

         

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

       

1. Ушбу Низом "Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси" кўкрак нишони (кейинги ўринларда - кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.


2. Кўкрак нишони билан ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган, ўзининг юқори касб-маҳорати, ёрқин истеъдоди ва ижоди, ватанпарварлик фазилатлари билан эл-юрт ўртасида ҳурмат қозонган, фаол ва ташаббускор, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида алоҳида намуна кўрсатиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мазкур Низом талаблари асосида тақдирланиши мумкин.


3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАШ

УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ

ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


4. Ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни тегишлича олий таълим ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаларига ҳар йили 10 июлга қадар тақдим этади.

Номзод бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, сўнгги уч йил давомида у томонидан ўрта махсус ва профессионал таълим тизимида самарали фаолияти акс эттирилган тавсифнома ҳамда номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси тақдим этилади.


5. Олий таълим ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига (кейинги ўринларда - Вазирлик) ҳар йили 20 июлга қадар тақдим этади.

Кўкрак нишони билан бошқа вазирликлар ва идоралар тизимидаги ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг педагог ва ходимлари ҳам ёшларга таълим-тарбия беришда эришган муваффақиятлари учун ушбу вазирликлар ва идоралар раҳбарлари таклифларига асосан тақдирланиши мумкин.


6. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири (кейинги ўринларда - Вазир) томонидан ҳар йили 1 августга қадар кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) тузилади.


7. Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.


8. Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда қуйидагилар инобатга олинади:

ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг педагог ходимлари фаолиятини ўрганиш мезонларида қайд этилган кўрсаткичлар бўйича олинган юқори баҳолар;

ўқувчилар орасида илм-фанга бўлган қизиқишни ошириш, "устоз-шогирд" анъаналарини тарғиб қилишдаги фаол иштироки;

олиб бораётган илмий тадқиқотлари, ижодий фаолияти ва яратаётган ўқув-методик қўлланмаларида янгиликларнинг кўплиги тан олинганлиги;

ўз педагогик фаолиятида турли инновацион самарали усулларнинг ишлаб чиққанлиги;

ўзи фаолият олиб бораётган ўрта махсус ва профессионал таълим муассасасида амалга оширган ишлари туфайли ҳамкасблари томонидан чуқур ҳурматга сазоворлиги.



3-БОБ. КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН

ТАҚДИРЛАШ ТАРТИБИ


9. Комиссия хулосаси асосида Вазирнинг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 25 сентябрга қадар чиқарилади.


10. Кўкрак нишони мукофотланган шахсларга ҳар йили 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Вазир (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.


11. Кўкрак нишони билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

Бирйўла тўланадиган пул мукофотлари Вазирликнинг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.


12. Кўкрак нишони билан тақдирлаш, истисно тариқасида, Вазирнинг буйруғига асосан алоҳида ҳолатларда (юбилейи муносабати билан, хорижий ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатгани учун, яратган саноат мулки намуналари амалиётга кенг жорий этилганлиги учун ва бошқа муҳим сабабларга кўра) ҳам амалга оширилиши мумкин.


13. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида, ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


14. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.


15. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Вазирлик ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.


17. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

      

          




Низомга

ИЛОВА



"Ўрта махсус ва профессионал

таълим аълочиси" кўкрак нишони билан

тақдирлаш бўйича ҳужжатларни тақдим

этиш ва кўриб чиқиш

СХЕМАСИ

          

     

Босқичлар

     


     

Масъуллар

      


      

Тадбирлар

     


      

Муддати

      











1-босқич


Ўрта махсус ва профессионал

таълим муассасалари


           

Олий таълим ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаларига тақдим этади

        


Ҳар йили

10 июлга қадар











2-босқич


        

1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари.


2. Тизимида ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари бўлган олий таълим ташкилотлари.

      


Кўкрак нишони билан тақдирлашга номзодларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади


Ҳар йили

20 июлга қадар











3-босқич


       

Ўзбекистон Республикаси Олий

ва ўрта махсус таълим вазирлиги

       


Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун комиссия тузади


Ҳар йили

1 августга қадар











4-босқич


Комиссия


         

Номзодларнинг тегишли ҳужжатларини ўрганиб, энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилади

       


Ҳар йили

15 сентябрга қадар











5-босқич


Ўзбекистон Республикаси Олий

ва ўрга махсус таълим вазирлиги


          

1. Кўкрак нишонини билан тақдирлаш тўғрисида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғини чиқаради.


1. Ҳар йили

25 сентябрга қадар



2. Кўкрак нишонини билан тақдирлайди.


2. Ҳар йили 1 октябрь -

Ўқитувчи ва мураббийлар

куни арафасида

      

           

                  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 25 октябрь