Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.11.2022 й. ПҚ-413-сон "Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.11.2022 й.

N ПҚ-413



ИССИҚХОНА ХЎЖАЛИКЛАРИ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЮЗАСИДАН

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Мамлакат аҳолисига сифатли ва кафолатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналарнинг иқтисодий жиҳатдан самарали ишлаши учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мазкур соҳада банд бўлган аҳоли даромадларини оширишни қўшимча рағбатлантириш мақсадида:


1. Иссиқхона хўжаликларида маҳсулот етиштириш ва тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорга йўналтиришнинг шундай янги механизми жорий этилсинки, унга мувофиқ Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги:

иссиқхона хўжаликларига уруғ, кўчат, минерал ўғит ва бошқа моддий ресурсларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотни улардан харид қилиш чораларини кўради;

республикада фаолият юритаётган тажрибали ва малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини иссиқхона хўжаликларига шартнома асосида тавсия қилади;

сертификатланган ва кафолатланган уруғ ва кўчатларни етиштириш бўйича махсус кўчатхоналарни ташкил этишга кўмаклашади;

иссиқхона хўжаликлари билан ўзаро ҳамкорлик асосида кооперация фаолиятини йўлга қўйиш, етиштирилган маҳсулотни саралаш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга кўмаклашади;

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан биргаликда келишув асосида ҳудудий инспекторларни бириктиради ва ўсимликлар ҳимоясини ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.


2. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун ажратилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддатларини умумий ҳисобда 14 йил этиб белгилаш ва имтиёзли даврини 3 йилдан 5 йилгача узайтириш (муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорликларини кредит даврига мутаносиб равишда узайтириш). Бунда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан аввал тақдим қилинган кафиллик ва кредит фоизлари компенсациялари сақланиб қолади.

Мазкур имтиёзлар Иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича республика ишчи гуруҳининг ўрганиш натижаларига кўра шакллантирилган рўйхат асосида тақдим этилади;

б) иссиқхона хўжаликларини айланма маблағ (уруғлик, кўчат, ўғит, кимёвий воситалар, иссиқхона материалларини сотиб олиш ва иситиш харажатлари учун) билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан бир йил муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратиш. Бунда:

мазкур кредитлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 октябрдаги ПҚ-387-сон қарорида назарда тутилган тартибда ва шартларда Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига ажратилган бюджет ссудаси ҳисобидан молиялаштирилади;

иссиқхона хўжаликларида экспортбоп маҳсулот етиштиришга талаб этиладиган айланма маблағлар учун хорижий валютадаги банк кредитлари Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан йиллик 4 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 2 фоиз) ажратилади. Бунда, кредит таъминоти сифатида "Ўзбекинвест" суғурта компанияси суғурта полиси қабул қилинади ва суғурта мукофоти харажатларининг 75 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

ажратилган кредитларни қайтариш муддатлари иссиқхоналарда ҳосилни йиғиб олиш ва сотиш муддатларига мослаштирилади ҳамда кредитларни қайтариш графиклари шу асосида тасдиқланади;

в) иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача, истисно тариқасида, ҳисобланмайди.


3. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Марказий банк ва тижорат банклари билан биргаликда 15 кун муддатда мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларнинг белгиланган тартибда қайта расмийлаштирилишини таъминласин.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

а) иссиқхона хўжаликлари учун тижорат банкларига кредит ва уларнинг фоизини қайтариш муддати қатъий равишда маҳсулотнинг пишиб-етилиши даврига мослаштирилади;

б) саноат типидаги замонавий иссиқхона ва логистика марказларини ташкил этиш учун яхлит майдонлар ягона (ҳудудда) "лот" билан очиқ аукцион савдоларига чиқарилади. Бунда, ажратиладиган майдонлар ҳажми ҳудуд шароитидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан белгиланади.


5. 2022-2023 йилларда иссиқхона хўжаликларини муҳандислик-коммуникация тармоқлари (ичимлик ва оқова сув, электр энергияси ва ирригация тармоқлари) билан таъминлаш бўйича манзилли рўйхат 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 2022-2023 йилларда республика бўйича фаолият кўрсатаётган ва янгидан ташкил этиладиган иссиқхоналар учун электр узатиш линияларини қуриш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тортиш дастурини ҳамда ажратиладиган бюджет маблағлари параметрларини тасдиқласин. Бунда, ажратиладиган маблағлар кичик саноат зоналари учун назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида кўриб чиқилади.


6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари билан биргаликда:

бир ой муддатда хусусий сектор иштирокида анъанавий йирик экспорт бозорлари ҳудудида мева-сабзавотларни сақлаш, саралаш ва қадоқлаш каби комплекс логистика имкониятларига эга бўлган савдо мажмуаларини ташкил этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

ташқи бозорларда "олдиндан кутилмаган" ва носоғлом рақобат оқибатида юзага келадиган молиявий йўқотишларни, аввало экспортга юкланадиган маҳсулотлар бўйича хорижий ҳамкорлар билан тузиладиган узоқ муддатли савдо шартномалари орқали олдини олиш чораларини кўрсин;

2022 йил якунига қадар Япония, Корея Республикаси, Европа мамлакатларида янги экспорт бозорларини очиш юзасидан ҳукуматлараро келишувлар имзоланишини таъминласин.


7. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Энергетика вазирлиги бир ой муддатда ҳудудлардаги иссиқлик электр станциялари ва марказларидан иссиқлик энергияси олиб фаолият юритадиган иссиқхоналарга энергия етказиб беришда "сунъий" воситачилар пайдо бўлиши ва нархларнинг асоссиз ўсишининг олдини олиш чораларини кўрсин.


8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотларни бозорларга етказишни кенгайтириш мақсадида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан агрологистика лойиҳаларини амалга оширишда юк автомобилларини (совиткичли) харид қилишни молиялаштириш чораларини кўрсин.


9. Иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича республика ишчи гуруҳининг таркиби (кейинги ўринларда - Республика ишчи гуруҳи) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика ишчи гуруҳи (А.Воитов):

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, тижорат банклари билан биргаликда ҳудудлардаги самарасиз иссиқхона хўжаликларини аниқлаб, эгалари билан келишган ҳолда уларнинг янги ташаббускорларга ўтказиб берилишини (олди-сотди, кредит бўйича банк олдидаги мажбуриятларни сотиб олиш ёки бошқа келишилган шартларда) ташкил этсин;

икки ой муддатда ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқини расмийлаштиришда муаммоси бўлган иссиқхона хўжаликларини хатловдан ўтказиб, уларнинг ечими бўйича Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига таклиф киритсин;

иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича доимий равишда таклифлар киритиб борсин.


10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида иссиқхона хўжаликларида интенсив усулда маҳсулот етиштириш, уларни ички ва ташқи бозорларга йўналтириш бўйича ижобий тажрибаларни атрофлича ёритиб борсин.


11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири А.Б. Воитов ва молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, унинг ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ш.М. Ғаниев ва Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 2 ноябрдаги

ПҚ-413-сон қарорига

1-ИЛОВА



2022-2023 йилларда иссиқхона хўжаликларини

муҳандислик-коммуникация тармоқлари (ичимлик

ва оқова сув, электр энергияси ва ирригация

тармоқлари) билан таъминлаш бўйича

МАНЗИЛЛИ РЎЙХАТ

Т/р

Ҳудуд номи


Лойиҳа номи


Ажратиладиган

маблағ, млн сўм


Иссиқхона

майдони, гектар


1.

Андижон вилояти

Балиқчи тумани "Қумтепа" ва "Ифтихор" МФЙларда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуаларида 1 дона сув қудуғини қуриш ва сув тармоғини тортиш


700,0

36

2.

Балиқчи тумани "Қумтепа" ва "Ифтихор" МФЙларда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуаларида 1х400 кВа ТП ўрнатиш ва 2,1 км ҳаво тармоғини тортиш


243,2

3.

Балиқчи тумани "Қумтепа" ва "Ифтихор" МФЙларда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуаларини ирригация тизими билан таъминлаш учун лоток ўрнатиш


635,0

4.

Навоий вилояти

Навбаҳор тумани "Қушқочди" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасида трансформатор ўрнатиш


1 050,0

20

5.

Навбаҳор тумани "Қушқочди" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасида 4 дона сув иншоотини ва 4 дона сув қудуғини қуриш


2 000,0

6.

Навбаҳор тумани "Қушқочди" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасини ирригация тизими билан таъминлаш учун лоток ўрнатиш


2 000,0

7.

Наманган вилояти

Поп тумани "Ором" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасини ирригация тизими билан таъминлаш учун лоток ўрнатиш


2 560,0

48

8.

Самарқанд вилояти

Каттақўрғон тумани "Ойижон" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасига 10 км ҳаво тармоғини тортиш ҳамда 50 та иссиқхонани электр тармоғи билан таъминлаш


500,0

50

9.

Сирдарё вилояти

Мирзаобод тумани "Мирзо Улугбек" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасида 50 дона бетон устун, яъни 10 дона СV-110 ва 40 дона CV-95 маркадаги бетон устун ўрнатиш ва 2,5 км ҳаво тармоғини тортиш


420,3

14

10.

Сурхондарё вилояти

Жарқўрғон тумани "Исмоилтепа" МФЙ ҳудудида ташкил этилган иссиқхоналар мажмуасининг 4,5 км ички йўлларини таъмирлаш


2 800,0

17,5

11.

Жарқўрғон тумани "Исмоилтепа" МФЙ ҳудудида ташкил этилган иссиқхоналар мажмуасида сув таъминоти учун лоток қуриш (5 км)


1 800,0

12.

Жарқўрғон тумани "Исмоилтепа" МФЙ ҳудудида ташкил этилган иссиқхоналар мажмуасини электр таъминотини билан таъминлаш, бунда 10 км ҳаво тармоғини тортиш ва 50 дона бетон устун ўрнатиш


475,0

13.

Қумқўрғон тумани "С.Бойматов" МФЙ ҳудудида ташкил этилган иссиқхоналар мажмуасининг 7,4 км ички йўлларини таъмирлаш


2 886,0

33

14.

Қумқўрғон тумани "С.Бойматов" МФЙ ҳудудида ташкил этилган иссиқхоналар мажмуасида сув таъминоти учун лоток ўрнатиш (1,5 км)


300,0

15.

Қумқўрғон тумани "С.Бойматов" МФЙ ҳудудида ташкил этилган иссиқхоналар мажмуасида 1 дона сув насосини ўрнатиш ва 700 метр масофадан сув қувурини тортиш


85,9

16.

Қашқадарё вилояти

Нишон тумани "Пахтазор" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасида 4х600 кВа ТП ўрнатиш, 5,5 км ҳаво тармоғини тортиш, кечки ёритиш чироқларини ўрнатиш


850,0

15

17.

Нишон тумани "Пахтазор" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасига сув таъминоти учун 1,9 км лоток қуриш


800,0

18.

Нишон тумани "Пахтазор" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасининг кириш ва ички йўлларини таъмирлаш


1 100,0

19.

Миришкор тумани Янги Миришкор массивида жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасига сув таъминоти учун 7 км лоток қуриш, 1х150 кВа ТП ўрнатиш, 3 км ҳаво тармоғини тортиш ҳамда 1 дона сув чиқариш насосини ўрнатиш


3 800,0

30

20.

Хоразм вилояти ҳокимлиги

Қўшкўпир тумани "Довуд" МФЙда жойлашган лимонарий иссиқхона мажмуасида 1х650 кВа ТП ўрнатиш ва 6,8 км ҳаво тармоғини тортиш


1 100,0

16

21.

Фарғона вилояти

Бағдод тумани "Мурувват" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуасида 2 дона артезиан қудуғини қуриш


700,0

34,2

22.

Фарғона тумани "Ямбароқ" МФЙда жойлашган иссиқхона мажмуасида 1 дона артезиан қудуғини қуриш ва 2 км ҳаво тармоғини тортиш


450,0

1,08

23.

Тошкент вилояти

Чиноз тумани "Тилла топган" МФЙда жойлашган лимонарий иссиқхоналари мажмуасида ирригация тармоғи учун оқова сув тармоғини (лоток) қуриш


2 000,0

31

24.

Чиноз тумани "Тилла топган" МФЙда жойлашган лимонарий иссиқхоналар мажмуасида 2х400 кВа ТП ўрнатиш ва ҳаво тармоғини тортиш


300,0

25.

Чиноз тумани "Тилла топган" МФЙда жойлашган лимонарий иссиқхоналар мажмуаси учун 3 дона сув чиқариш иншоотини қуриш


1 353,6

26.

Янгийўл тумани "Обод" МФЙ, Дўстлик массиви ҳудудида жойлашган лимонарий иссиқхона мажмуаси учун 4 дона сув чиқариш иншоотини қуриш


2 160,0

21,5

27.

Янгийўл тумани "Обод" МФЙ, Дўстлик массиви ҳудудида жойлашган иссиқхона мажмуасидаги 4000 кВа кучланишга эга (ПС) трансформаторни 6300 кВа қувватли куч трансформаторига алмаштириш


1 200,0

28.

Янгийўл тумани "Обод" МФЙ, Дўстлик массиви ҳудудида жойлашган иссиқхона мажмуаси учун 3х400 кВт ТП ўрнатиш ва ҳаво тармоғини тортиш


600,0

29.

Бўка тумани "Чавлисой" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуаси учун 3 дона артезиан қудуғини қуриш


2 900,0

13,5

30.

Бўка тумани "Чавлисой" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуаси учун 3 дона сув минораси ва ирригация тармоғини (лоток) қуриш ва сув қувурларини тортиш


1 200,0

31.

Бўка тумани "Чавлисой" МФЙда жойлашган замонавий иссиқхона мажмуаси учун 2х400 кВа ТП ўрнатиш ва ҳаво тармоғини тортиш


330,0

Жами


39 299

381

     

Изоҳ: вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимларига маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳудуддаги мазкур иловада назарда тутилмаган иссиқхона хўжаликларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари (ичимлик ва оқова сув, электр энергияси ва ирригация тармоқлари ва автомобиль йўли) билан таъминлаш харажатларини молиялаштириш ваколати берилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 2 ноябрдаги

ПҚ-413-сон қарорига

2-ИЛОВА



Иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини

соғломлаштириш ва ривожлантириш

бўйича республика ишчи гуруҳи

ТАРКИБИ

1. А.Б. Воитов

-

қишлоқ хўжалиги вазири, Ишчи гуруҳ раҳбари


2. А.А. Камалов

-

Марказий банк раисининг ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари


3. Х.М. Каримов

-

Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари

4. Ш.Ш. Мирзаев

-

қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари


5. Ш.Х. Ходжаев

-

энергетика вазирининг ўринбосари


6. Ж.И. Абдиев

-

Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари


7. Б.Б. Эшмуратов

-

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ бошқаруви раиси


8. И.К. Эргашев

-

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори


9. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари


10. А. Мирзаев

-

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари - Ишчи гуруҳ котиби


Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 3 ноябрь


"Халқ сўзи", 2022 йил 3 ноябрь